Коронавирус тузоғида
Ўзбекистонга қайта
олмаётганлар ҳикояси
«Газета.uz» коронавирус сабабли бегона юртларда қолиб кетган ва ватанга қайта олмаётган ўзбекистонликларнинг ўй-хаёллари, ўзга мамлакатларда карантиндаги ҳаёти ва бошидан кечирган воқеалар акс этган ҳикояларини тайёрлади.

1
Ҳиндистон
Биз Делига 10 мартда қўндик, Ҳиндистонда карантин эса 12 кундан кейин жорий этилди.
Мен ва онам Нью-Делига март ойининг бошларида келдик. Февраль ойида онамга онкологик касаллик ташхисини қўйишди, шундан сўнг шифохоналарга тинимсиз қатнаш, баҳслар, умидсизлик, кўз ёши бошланди. Охир-оқибат, Ўзбекистонда тиббиёт ҳали унчалик ривожланмаганлигини хўрсиниб қабул қилдик ва Ҳиндистонга учишга қарор қилдик.
Биз Делига 10 мартда қўндик, Ҳиндистонда карантин эса 22 март куни жорий этилди. Аҳоли зичлиги энг юқори бўлган давлатлардан бирида карантинни ўзингизга қандай тасаввур қиласиз?

Қизиқ, кўчалар бўш ва одамларсиз бўлиб қолди. Ташқаридан фақат масжидларда ўқилаётган намозларнинг овози, юзлаб кўча итларининг вовуллаши, қарғаларнинг қағиллаши ва бошқа қушларнинг товуши эшитилар эди, холос.

Карантин бошланганда олдинлари жиғимга тегадиган нарсалар: йўллардаги тирбандликлар, мошиналарнинг тартибсиз ҳаракатланиши ва ҳаттоки, тинимсиз сигнал чаладиган "тук-тук"лар етишмаётгандек туюлди.
Операция кутилганидек ўтмади. Онамнинг аҳволи оғирлашиб, икки ҳафта давомида реанимацияда ётиб, ҳаёти учун курашди ва унинг
аҳволи яхшилана бошлади.
25 март куни онамнинг операцияси куни эди, яъни карантин жорий этилганидан кейин. Шифохонларда барча жарроҳлик операциялари бекор қилинганига қарамасдан, унинг операциясини ўтказишди. Онам кечиктириб бўлмайдиган бемор эди.

Операция кутилганидек ўтмади. Онамнинг аҳволи оғирлашиб, икки ҳафта давомида реанимацияда ётиб, ҳаёти учун курашди ва унинг аҳволи яхшилана бошлади.
Сафаримиз бошида операция ўтказилганидан сўнг Тошкентга қайтиб даволанишни (кимётерапия) давом эттиришимизга ишончим комил эди. Ўзбекистон элчихонасига биринчи марта қўнғироқ қилганимда, менга умид беришгандек бўлди. Бизни Ўзбекистонга аниқ қайтаришларини ва Ҳиндистонда қолдиришмаслигига ваъда беришди.

Операциядан икки ҳафта ўтгач, мен элчихонага иккинчи маротаба қўнғироқ қилдим, лекин қўнғироғимга жавоб беришмади. Фақатгина кичкина хабар жўнатишди: "Ҳозирча рейслар режалаштирилмаяпти".

Кунлар ўтиб борар эди ва бир куни ниҳоят телефон жиринглади. Эртага эрталаб Тошкентга чартер рейс режалаштирилганини маълум қилишди. Биз йўлга чиқишга, албатта, тайёр эмас эдик. Бу ҳақда бизга олдинроқ айтишса яхши бўларди, бизда жўнаб кетишга тайёрланишга, шифокорлар билан маслаҳатлашишга ва барча керакли дориларни сотиб олишга етарлича вақтимиз бўлар эди.

Очиғини айтсам, мен шунчалик ғазабланган эдимки, ва ниҳоят ваколатхонага телефон қилиб, барча шикоятларимни айтдим. Менга бу масала уларнинг жавобгарлик доирасига кирмаслигини ва бундай қарорлар давлат томонидан қабул қилинишини айтишди.
Онам иккита кимётерапия олдилар.Олдинда уларни ҳар уч ҳафтада олиниши керак бўлган яна шундай
4 та муолажа кутмоқда.
Оралиқда улар қон топшириб, кўрикдан ўтмоқдалар. Демак, уйга қайтиб, икки ҳафта давомида (балки ундан кўпроқ) карантинда ўтиришга онам тайёр эмаслар. Чунки бизнинг мамлакатимизда ҳаттоки карантин ҳам қамоққа ўхшайди, у ерда сенинг телефонингни, техника воситаларингни ва Худо билади, яна қандай нарсаларингни олиб қўйишади.

Чуқур ўйлаб кўриб, мен бу вазиятдан қочиб бўлмаслигини тан олдим. Онам уйга қайтмасликлари керак, шу ерда, ўтган ойлар мобайнида унга қадрдон бўлиб қолган бегона ўлкада, даволанишларини давом эттиришлари керак.

Отам ва турмуш ўртоғим бу ердаги ҳаётимиз қулай кечиши учун барча имкониятларини ишга солишмоқда. Биз худди шундай аҳволга тушиб қолган одамлар билан меҳмонхонада яшаяпмиз. Меҳмонхонанинг барча ходимлари унинг ҳудудида яшаб туришибди.
Бу жойни меҳмонхона деб ҳам атаб бўлмайди. У биз учун уйимизга айланиб улгурди. Бу ерда яшаётган кишилар билан эса дўст бўлиб кетдик. Улар турли хил мамлакатлардан: Колумбия, АҚШ, Филиппин ва Ҳиндистоннинг турли бурчакларидан.

Шифохонада бўлмаган кунларим мазмунга бой ўтади: эрталабки югуриш, китоблар ўқиш, сериаллар кўриш, дўстлар билан мулоқот қилиш, шаҳар бўйлаб сайр қилиш. Делида карантин юмшатилди ва ҳаёт деярли олдинги тарзига қайтди.

Бундан олдин мен Ҳиндистонда икки марта бўлганман, лекин бу мамлакатни қанчалик севиб қолганлигимни фақат ҳозир тушундим. Ҳеч шубҳасиз, ҳар бир мамлакатда энг асосийси - бу одамлар. Бу ерда улар самимй, илиқ ва жуда ҳам кўнгилчан.
Бу сафар мен учун нимани ўзгартирди? Мен синмадим, умидсизликка тушмадим, янада кучлироқ, сабрлироқ ва бошқаларга кўпроқ ён берадиган бўлдим.
Турли хил одамлар билан танишдим ва уларни дўстларим дейишдан хурсандман.

Уйга тезроқ қайтиб, фарзандларимни бағримга босишним жуда хоҳлайман. Лекин, яна озгина кутиш кераклигини биламан.

Рано Хасанованинг ҳикояси тугади.

2
Эквадор
Учаётган сўнгги манзилимни айтганимда Тошкент аэропортидаги ҳайрат эсимда.
Кито шаҳри, Эквадорга 6 март куни етиб келдим. Истанбул ва Мадрид шаҳарлари орқали иккита транзит парвозларини амалга оширдим. Учаётган сўнгги манзилимни айтганимда Тошкент аэропортидаги ҳайрат эсимда. Ўшанда Ўзбекистонда Лотин Америкасига сафарлар кам уюштирилишини ва йўналишлар унчалик йўлга қўйилмаганлигини тушунган эдим.
Эквадорга дунёнинг бошқа қисмини ўрганиш, ваниҳоят Галапагос оролларида сайр қилиш, Швецияда ўқиган вақтимда учратган дўстларим билан кўришиш мақсадида келдим. Бундан ташқари, ўз мутахассислигим бўйича ўқув машғулотида қатнашишим ҳам керак эди. У март ойининг ўрталарига режалаштирилган эди.

Эквадорга учиш тўғрисида қарорга келганимда, на бу ерда ва на Ўзбекистонда битта ҳам коронавирус билан зарарланиш ҳолатлари қайд этилмаган эди. Ҳаттоки мен транзит орқали учган Испанияда ҳам касаллик бўйича рақамлар қўрқинчли эмас эди. Жанубий Америкадаги бир ҳафта давомида ҳамма нарса шунчалик кескин ўзгариб кетишини тасаввур ҳам қила олмас эдим.
Агар шундай бўлишини билганимда, мен, эҳтимол, Эквадорга келмас эдим.
17 март куни Эквадорда карантин чоралари жорий қилинди. Карантин чекловлари ҳақида озгина олдинроқ хабар беришди. 14 мартдан бошлаб одамлар ортиқча кўчага чиқмаслик учун барча керакли маҳсулотларни ғамлай бошлашди.

29 март куни қайтишни режалаштирган эдим. Чипталар қўлимда эди, апрель ойида ишга қайтишим керак эди. Карантин сабабли рейслар бекор қилинди, аэропортлар ёпилди. Режаларим барбод бўлди. Тренинг ҳамда режадаги саёҳат бекор қилинди.

Онлайн режимида ишга қайтиш ҳам унчалик қўлимдан келмаяпти — Ўзбекистон билан вақт тафовути 10 соат.
Умуман олганда, одамларнинг карантинга муносабати салбий бўлди. Ҳукуматга қаршиликлар кўп бўлди, чунки одамларнинг уйда ўтиришлари учун пул жамғармалари йўқ эди. Мамлакатдаги энг йирик аэрпортларидан бири жойлашган ва туристлар оқими катта бўлган Гуаякиль шаҳри эпидемиянинг ўчоғи бўлди.

Март ойининг охири ва апрель ойининг бошларида шаҳарда қўрқинчли вазият юзага келди — соғлиқни сақлаш тизими қийин аҳволга тушиб қолди.

Рус тилидаги ва ҳаттоки маҳаллий ОАВ минглаб одамлар коронавирусдан вафот этаётганини ёзишди. Лекин бундай эмас. Ўша пайтда 1500 киши коронавирус қурбони бўлган эди.

Онкологик беморлар, юрак қон-томир етишмовчилиги ва бошқа касалликлар билан оғриганлар ўз уйларида вафот этаётган эди. Шифохоналарда уларга жой етишмаётган, уларга вақтида ёрдам кўрсатилмаётган эди.
Гуаякилда ўртача ўлим сони 3-4 минг атрофида бўлса, ўша ойда 11 минг киши вафот этди.
Аҳолининг камбағал қисми кунлик даромадларидан айрилгани сабабли вафот этганларни дафн қилишга пуллари йўқ эди. Одамлар ўз яқинларининг жасадларини кўчага чиқариб қўйишарди, маҳаллий ҳокимият уларни кўмиши учун. Ҳукумат янги қабристон қурди, бошқаларини ҳам реконструкция қилди.

Ҳозир Гуаякилда зарарланишлар тўлқини тугаган деб ҳисобланмоқда, шифохоналарда 80 фоиз ўринлар бўш, шунинг учун шу ҳафта шаҳар "сариқ" карантин режимига ўтказилган.

Лотин Америкасидаги давлатларда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари йўқ. Онамдан Ташқи ишлар вазирлигига телефон қилиб, бундай ҳолатларда нима қилиш кераклигини сўрашларини илтимос қилдим. Уларга энг яқин элчихона ёки консулликка мурожаат қилиш кераклигини айтишди. Энг яқин дипломатик ваколатхона Вашингтонда, АҚШда. У деярли 4500 километр узоқликда. Мен шу заҳоти тақдирга тан бердим.
Агар
Нью-Йоркдан чартер рейс ташкил этилган тақдирда ҳам, мен барибир унга етиб бора олмасдим, чунки АҚШдан транзит билан учиш учун ҳам менга виза керак. Менда эса виза йўқ.
Мен чипта сотиб олган авиакомпания июлгача қатновлар тикланмаслигини маълум қилди. Май ойининг бошида менинг чиптамни энг яқин санага, июль ойига ўзгартириб беришди.

Ҳозир мен дўстларимникида турибман, чунки кўплаб меҳмонхоналар ишламаяпти. Керакли ҳужжатларсиз қаердадир ижарада ҳам тура олмайман. Яхшиям, Эквадор халқи жуда меҳмондўст. Улар учун ҳам ўзбек маданияти вакили билан яшаш бир янгилик.
Бизнинг сихкабобларсиз

Карантинда мен деярли испан тилини ўрганиб бўлдим. Асосан илгари иш ёки ўқиш сабабли вақт ажрата олмаган машғулотлар билан шуғулланаяпман. Китоб ўқияпман, тил ўрганаяпман, блог олиб боряпман ва эквадорлик оилаларни ўзбек халқининг тарихи, ошхонаси ва маданияти билан таништиряпман.

Баъзида ўзимни ёлғиз ҳис қиламан. Айниқса бизнинг сихкабобларсиз. Лекин, менга бошпана берган дўстларим ва уларнинг оилалари мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлашмоқда, вазиятнинг қанчалик қийинлигини тушунишмоқда. Уларсиз нима қилардим, билмайман.
Эквадорда дунёнинг маркази жойлашган (нол кенглик). Биологик хилма-хил ўлка. Бу ердалигимда шунча кўп қизиқарли нарсалар бўлдики, ҳаммасини санаб ҳам ўта олмайсан.
Карантин пайтида мен рақамли маконда ишлаш қобилиятини ривожлантириш қанчалик муҳим эканлигини тушундим. Янги реалликларга, мисол учун, уйдан туриб ишлашга мослашиш керак. Ижтимоий масофаланишга асосланган ҳаёт биз учун нима муҳимлигини кўрсатади. У биз ўрганиб қолган - эркинликни қадрлашни ўргатади.

Зулфия Гафурованинг ҳикояси тугади.

3
Ньюй-Йорк, АҚШ
Шарқий соҳилни кўрмоқчи эдим. АҚШда фақат 2 ҳафта қолмоқчи эдим
Мен АҚШга март ойининг бошида учиб келдим. Шарқий соҳилни кўрмоқчи эдим. АҚШда фақат 2 ҳафта қолмоқчи эдим. Лекин 3 ойдан бери шу ердаман. Шундай бўлишини билганимда, АҚШга умуман келмаган бўлардим.
Баҳор ойининг бошларида ЖССТ ҳали коронавирусни пандемия деб эълон қилмаган эди. Эпидемия Хитойда маҳаллийлаштирилган эди. Вирус бир неча мамлакатда аниқланган эди. Нью-Йорк ва Флоридада ҳаммаси яхши эди. Фақат "Катта Олма"дан шимолда бир нечта касаллар аниқланган эди.

Ўзбекистон фуқароларига АҚШ визасини олиш осон эмас. Америка уларни ҳаммага ҳам беравермайди. Менга виза беришди, шунинг учун учиб кетдим. Кейинги имкониятни кутгим келмади.

16 март куни мен Флоридадан Нью-Йоркка қайтдим. Ўзбекистонга қайтишимга оз қолган эди.
Лекин 22 мартга белгиланган
рейсим бекор қилинди.
Кейин вирус тарқалиши кескин кўпайди, минглаб касалланганлар. Оилам мен ҳақимда жуда хавотирда, чунки Нью-Йоркда касаллик жуда кенг тарқалиб кетди.

Уйга қайтиш бўйича ҳеч қандай янгилик йўқ. Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги консуллигига мурожаат қилдим, қабулга ёзилдим. Чимкент (Қозоғистон) ёки Москва орқали уйга қайтиш имкониятларини кўриб чиқдим. Лекин бу давлатлар янги карантин чекловларини киритаверишди, шунинг учун мен ҳеч қайси рейсга рўйхатдан ўта олмадим.
Uzbekistan Airways ва уйга қайтишимда қандайдир ёрдам бера оладиган барча танишларим билан боғландим. Koronavirus.Info каналининг Telegram ботига ҳам ёздим. Фойда бермади. Ташқи ишлар вазирлигига икки марта мурожаат қилдим, иккисида ҳам жавоб ололмадим.

Уйга қачон қайтиш мумкинлиги бўйича ҳеч қандай маълумот топа олмадим. Ҳозир ҳам барчаси ноаниқ. «Узайтиришди, кўчиришди, яна бекор қилишди».

Ҳозир мен ҳеч нарса билан шуғулланмаяпман, янгиликларни кутяпман ва шунчаки пул сарфлаяпман - қандайдир қилиб яшаш керакку. Турар жойи билан менга дўстларимнинг дўстлари ёрдам бермоқда. Бу ерда ўзимизнинг одамлар кўпчилик экан.

Бутун бу вазият қизиқарли бўлди. Балки, бир йилдан кейин буларнинг барчаси ҳаммамизга қизиқ туюлар. Балки, ўзимга ўзим "Эҳ, шундай шаҳар/аэропорт/бошқа бирон нарса шунчалик бўш ва одамсиз бўлганини қаерда кўрипсан", - дерман.

Бу вазият оқибатида менда рўй берган ўзгаришларни ҳали таҳлил қилганим йўқ. Бир нарса аниқ: бундай вазиятларда тезкор қарорлар қабул қилинади. Эҳтимол, бу ёмон эмас, чунки вирус ҳақида баъзи тушунчалар бор. Уйда ота-онам кекса ёшдалар. Бу мақсадларни тўғри қўйишга ундайди.

Агар сен узоқда бўлсанг ва сенга ўхшаб уйга қайтмоқчи бўлганлар унчалик ҳам кўп бўлмаса, эпидемия сен ўйлагандан ҳам кескинроқ бўлади - сен билан шунчаки ҳеч кимнинг иши йўқ.

"Газета.uz"нинг АҚШдаги аноним ўқувчисининг ҳикояси тугади.

4
Москва, Россия
Дастур шакли кундузги таълим эди, лекин пандемия сабабли бизни масофавий таълимга ўтказишди
2020 йилнинг қишида мен Россиядаги олийгоҳлардан бирида ўқиш учун Москвага келдим. Дастур шакли кундузги таълим эди, лекин пандемия сабабли бизни масофавий таълимга ўтказишди. Лекин таълим сифати ёмонлашгани йўқ. Аксинча, ўқиш интенсивроқ бўлди, янги билимларни ўрганиш учун кўпроқ вақт пайдо бўлди. Университетга қатнаш учун йўлда кўп вақтим кетар эди.
Ўқишдан бўш вақтимда китоб ўқийман, спорт билан шуғулланаман ва кино кўраман. Ўзимни ёлғиз ҳис қилаётганим йўқ, чунки биз курсда бошқа талабалар билан ўқимоқдамиз, Zoom орқали кўришамиз.

Мен икки талаба-қиз билан яшайман. Биз яқин дўстларга, битта оилага айландик. Бизга доимий равишда яхши стипендия тўлашмоқда. Шунинг учун, биз яхши яшаяпмиз.
Биз Арбатга яқин турамиз ва дераза орқали ташқаридаги гўзалликдан баҳра оламиз.
Пандемия бошланишига қадар мен Сальвадор Дали асарлари кўргазмасига борган эдим. Бу таклиф учун холамдан миннатдорман. Кўргазма жуда қизиқарли эди, янги нарсаларни ўргандим.

Мен билан бўлиши мумкин бўлган энг ажабтовур воқеа - бу пандемия ҳолати ва у билан боғлиқ барча нарсалар.

Ҳаёт тарзимиз шунчалик кескин ўзгариб кетишини, жамиятдан ўзимизни чеклаб қўйишимизни, фақат уйда ўтириб, карантин чораларига риоя қилишимиз керак бўлишини ўйламаган эдим.

Ўзбекистонда қолган яқинларим ҳақида тез-тез эслаб тураман. Биз улар билан доимо видеоалоқа орқали гаплашамиз ва бу менга тушкунликка тушмаслигимга ва ўзимни ёлғиз ҳис қилмаслигимга ёрдам беради.
Ўқиш тугагач, мен Ўзбекистонга қайтишни режалаштираётган эдим. Ҳар ҳолда, пандемиягача режаларим шундай эди. Ҳозир коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланиши билан уйга бехатар етиб боришни истайман.

Бу ерга келганимдан афсусланмайман. Пандемия ҳаётимизни шунчалик кескин ўзгартиришини билганимда ҳам, мен барибир келган бўлардим.
Инсон ҳамма нарсага мослашади,
бу - менинг асосий хулосам.
Бу сафар менга янги билим ўрганиш учун ўзига хос имконият бўлди. У мен учун ниманидир ўзгартирадими? Ҳозирча билмайман. Ўйлашимча, буни озгина кейинроқ, яъни имтиҳонларни топшириб, уйга қайтганимда англаб етсам керак.

«Газета.uz» аноним ўқувчисининг ҳикояси тугади.
Материални тайёрлашди: Сабина Бакаева, Давлат Умаров, Мухаммад Чорикулов.
Made on
Tilda