Ўзбекистон ёшларига мурожаат
30 июнь куни Ўзбекистонда Ёшлар куни нишонланади. Миллионлаб ёшлар бугун ҳаётларининг бошланғич босқичида туришибди.«Газета.uz» 35 ёшгача бўлган муваффақиятли ватандошлардан таълимга бўлган муносабатлари, ҳаётдаги мақсадлари, қийинчиликлар ва орзудаги
Ўзбекистон ҳақида фикрларини ўрганди.
Ўзбекистон ёшлари куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил тасдиқланган эди.

Бугун Ўзбекистон ёшлари кейинги йиллар учун улкан кадрлар захирасини ҳисобланади. Миллионлаб болалар ва ўсмирлар жамиятга фойда келтирадиган юқори малакали мутахассис бўлиш учун барча имкониятларга эгалар.

«Газета.uz» 35 ёшгача бўлган ёшлардан муваффақият нима эканлиги ва 10 йилдан кейин улар Ўзбекистонни қандай кўрмоқчи эканликлари ҳақидаги фикрларини сўради.
Алишер Саъдуллаев
26 ёш
Ёшлар иттифоқи раиси, ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари
Мен Жиззах вилоятида туғилиб ўсганман. Оилада 6 киши эдик. Отам ўқитувчи, онам уй бекаси. Мен бадавлат оиладан эмасман.
Сингапур университетига ўқишга кирганимда, бизга жуда қийин бўлди. Ота-онам ўқишим учун уйимизни ва еримизни сотишди. Бу мени тиришқоқлик билан ўқишга, ишлаш ва оиламга ёрдам беришга илҳомлантирди. Мен диплом учун эмас, ўз орзуимни рўйобга чиқариш учун ўқирдим.
Ўйлайманки, ОТМлардаги ўринларнинг камлиги ҳақиқий орзу қиладиган инсонни тўхтатиб қолмайди. Лекин агар сиз университетга ўқишга кира олмасангиз, ҳафсалангиз пир бўлиши керак дегани эмас. Умуман олганда, буни кейинроққа қолдириш ёки умуман ўқишга кирмаслик мумкин, агар сиз орзуингиздаги касбни топсангиз ва ушбу соҳада ривожланмоқчи бўлсангиз. Мен фақат астойдил ҳаракат қилишни ва доимо ўзингизга ишонишингизни маслаҳат берган бўлар эдим.
Мен ҳеч қачон юртимиздаги ёшлар ташкилотларини жиддий қабул қилмас эдим.
Мен ҳеч қачон юртимиздаги ёшлар ташкилотларини жиддий қабул қилмас эдим. Европа ва АҚШда улар қандай ишлашини кўрганман. Булар амалий кейслар эди, мисол учун, волонтёрлик фаолияти сабабли ёшлар БМТда стажировка ўташлари, карьера қилишлари ва дунё миқёсидаги кенг кўламли лойиҳаларни амага оширишлари мумкин эди. Буларнинг ҳаммаси ҳақиқий одамларнинг ҳаққоний ҳикоялари.
Бизда ҳам ёшлар учун қандайдир амалий фойда келтирадиган ишларни амалга оширишни орзу қиламан. Агар Ёшлар иттифоқи, ҳеч бўлмаганда, 10 та иқтидорли ва фаол кишиларга ёрдам берса, мен бу ерда бекорга ўтирмаган бўламан.

Ёшлар иттифоқида ишлаш - бу ажойиб одамлар билан мулоқотда бўлиш имконияти. Мени интервьюга чақиришганида, мен саволга бериламан: "Ақлдан оздингизми? Нега мен? Қаранг, ана у бола робот ясайди. Балким, у билан гаплашарсиз?"

реклама
Мен классик амалдорга айланиб қолишни умуман хоҳламасдим. Бу жараён ўз гирдобига тортиб кетади ва мен нима учун бу ерга келганлигимни унутиб қолишдан жуда қўрқаман. Шунинг учун қарор қилдим, атрофимдагилардан ўрганишни ҳеч қачон тўхтатмайман. Уларнинг ҳар бири мени илҳомлантириши мумкин.

Атрофимдагиларга очиқ фикрлашни сингдирар эдим. Инсоннинг ички дунёсини ўзгартириш учун шунинг ўзи кифоя.

Иш фаолиятимда мен учун зерикарли ва шуҳратпараст амалдор шаблонини бузиш ва амалий ёрдам мен учун жуда муҳим. Мисол учун, раҳбар лавозимларидаги ёш кадрларнинг сонини камида 30 фоизга оширмоқчиман.
Биз кабинетларда ўтирмаслигимиз керак. Келинг, майдонда ишлаймиз, жойларда нима кераклигини билиб оламиз. Мен президентимизга ўхшашни хоҳлардим. Унинг қанчалик кўп ва самарали ишлашини кўраман. Менимча, у киши бутун бошли жамоани илҳомлантиради.
Мен жуда кўп ўқийман. Бу фақат таълим эмас, балки фикрлашни кенгайтириш имконияти ҳам. Мамлакат бўйлаб саёҳат қилишни яхши кўраман. Ҳар битта сафар доимо ўзимни ростлаб олишга ёрдам беради. Орзуйим шуки, ота-онам Илон Маск билан биргаликда фазони забт этиш учун учишсин, 10 йилдан кейин Ўзбекистон янги Сингапур бўлсин.

Ўзимизга ўтмишдаги амбициялар буюклигини қайтариш, улкан орзулар қилиш, ўзимизга ишониш, Apple ёки Google муваффақиятлари даражасига чиқишимизни хоҳлайман. Бу содда туюлиши мумкин, лекин бу менинг ёшларга нисбатан ишончим.
Суна Парк
30 ёш
Hashar Week лойиҳаси муаллифи, сиёсат бўйича халқаро консультант
Мен Тошкентда тадбиркорлар оиласида туғилганман. 6 ёшга тўлганимда, Олмаота шаҳрига кўчиб ўтганман, у ерда 10 йил яшаганман. Кейинги 11 йил эса Лондонда истиқомат қилдим.

Тошкентда қолишни режалаштирмаган эдим, лекин сафарларимдан бирида қайтиб кетмаслик ҳақида қарор қилдим, гарчи барча нарсаларим Лондонда қолган бўлса ҳам.
Менда иккита бакалавр даражаси бор - халқаро муносабатлар ва санъат, дизайн ва медиа бўйича. Иккинчисини Лондоннинг Ричмонд университетида олганман. Шунингдек, Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактабида глобал сиёсат бўйича магистрлик даражасига эга бўлдим.
Таълим ҳақидаги қарашларим жуда консерватив. Мен олий таълим олиш жуда муҳим деб ўйлайман. Аммо таълим ва диплом бир нарса эмас. Айниқса бизнинг давримизда - университетларни тижоратлаштириш вақтида.

Ўйлайманки, таълим биринчи навбатда дунёқараш, китоблар, шахсиятни шакллантиришдир. Университетда кундузги ўқиш бу мулоқотда бўлиш ва ҳаётий кўникмаларни ривожлантиришда ноёб ҳаётий тажриба орттириш демак. Бу ҳеч нарса ўрнини боса олмайдиган билимлар давридир.
Таълим - бу жараён, у билан шошилишнинг ҳожати йўқ.
Аммо агар бирор киши ўқишга кира олмаса, у умидсизликка тушмаслиги керак, чунки таълим - бу жараён, профессорим айтганидек, у билан шошилишнинг ҳожати йўқ.

Агар сиз ҳали ҳам олий маълумотга эга бўлмасангиз ва университетга кира олмаган бўлсангиз, китоб ўқинг. Нумеролог ва мураббийларнинг тавсияларидан эмас, балки ҳақиқийларини - фалсафа, мумтоз бадиий адабиёт, таниқли шахсларнинг тарихи ва таржимаи ҳоллари - бу таълимнинг 50 фоизи.

Юқори интеллектуал қобилиятга эга ва маънавий ривожланган одамлар билан мулоқот қилинг - бу таълимнинг 45 фоизи.

3 фоиз - обуна бўлган манбаларни тозаланг. Ижтимоий тармоқларда сиз кузатадиган манбалар дунёқарашингизни шакллантиради.

2 фоиз - фикр етакчиларига танқидий муносабатда бўлинг. Фикр доимий равишда шакллантирилиши, кенгайтирилиши, сўроқ қилиниши керак. Шундай қилиб, университетсиз таълим олсангиз бўлади. Буларнинг барчаси ҳаётда ҳаракатланишда ёрдам беради.
Ҳозир ОТБ лойиҳасида халқаро эксперт сифатида Ўзбекистоннинг учта шаҳрини ривожлантириш бўйича ишламоқдаман. Бундан ташқари, мен The K'orôbe London компаниясининг бошқарувчисиман, барқарор ривожланиш бўйича Британия-Ўзбекистон консалтинг компанияси "SVB Advisory" бошқарувчи ҳамкори ва асосчиси, ҳамда Hashar Week ижтимоий лойиҳаси муаллифиман. Умуман олганда, мен давлат бошқарувининг баъзи жиҳатларини таҳлил қиламан ва ҳукуматлар учун стратегия ва тавсиялар ишлаб чиқаман.

Ўз ишимни умуман иш деб қабул қилмайман. Ўзим ёқтирган нарсани қиламан, бу эса менга ижодий эркинлик ва яратиш имкониятини беради.
Мен Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлини шакллантириб, бошқа мамлакатлар моделларидан нусха кўчириш билан шуғулланмаслигини истайман. Маърифат ва маънавий инсонпарварлик тамойиллари устун бўлишини хоҳлардим.

Мамлакат ақлсиз истеъмол жамиятига айланмаслигини истардим. Ўзбекистон чет элга ўхшамаслигини хоҳлардим - савдо марказлари, фастфуд ва осмонўпар бинолар билан тўлган мамлакатга айланмасин.

Бир неча ой олдин мен таксида кетаётган эдим. Жуда оч эдим. Ҳайдовчи машинада янги узилган нонларни олиб кетаётган экан. Мен шунчаки янги ноннинг ҳиди қандай ажойиб эканлигини айтдим ва ҳайдовчи дарҳол машинани тўхтатди ва дарҳол битта нонни - ҳаётимдаги энг мазали овқатни ейишни буюрди. Мен ушбу саҳоватли одамдан ўрнак олмоқчиман.
Шунингдек, ўзбек тилини мукаммал ўрганишни ва Қодирийнинг "Ўтган кунлар"ини, Навоий ва Бобурнинг девонларини ва Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини ўзбек тилиди ўқишни истайман.
Мен ўзимни муваффақиятли деб ҳисобламайман, айниқса муваффақиятга эришишнинг тан олинган кўрсаткичлари бўйича. Аммо бугунги натижаларимдан мамнунман.

Муваффақият - бу хаёл. Бугунги кунда бир хил параметрлар билан уни ҳар томондан сотишга ва сингдиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бундай ҳолатларда, ички мувозанатга эришишни ўрганиш жуда муҳимдир. Одамларга, мамлакатга ва жамиятга ижобий таъсир даражаси муваффақиятдан кўра муҳимроқдир.
Бугунги кунда фикрни қисқартириш одатга айланган.
Бугунги кунда фикрни қисқартириш одатга айланган. Менимча, қисқартириш керакмас, балки ҳамма нарсага жиддий ёндашиш яхшироқ.

Агар сиз хатолардан қочсангиз - ажойиб. Аммо агар улар аллақачон қилинган бўлса, вазиятга тўғри баҳо бера олишингиз, бутун вазиятга қарашингиз ва олдинга силжишингиз керак.
Камолиддин Ўринбоев
34 ёш
Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, Ўзбекистон ёшлар симфоник оркестрининг бош дирижери ва бадиий раҳбари
Мен Тошкентдаги консерваторияда магистратура ва бакалаврда ўқидим, кейин эса Москва консерваториясидаги специалитетни тугатдим.

Албатта, олий маълумот жуда катта аҳамиятга эга ва ҳар доим университетга киришга интилиш керак. Университетда ҳар бир киши чуқур касбий билимларни олади. Улар бизга дунёқарашимизни кенгайтиришга, ўзимизга бўлган ишончни мустаҳкамлашга ва баркамол мутахассис бўлишга ёрдам беради.

Аммо ўз устида ишлаш дипломдан кўра муҳимроқдир. Ҳозир интернет туфайли кўп молиявий маблағларсиз тилларни, янги кўникмаларни ўрганишингиз ва ҳатто касбга эга бўлишингиз ҳам мумкин.
Шунинг учун, ўқишга кира олмаётганларнинг барчасига, мен таслим бўлмасликни ва ўз ҳаётларини шунчаки ташлаб қўймасликларини тилайман. Қандай вазиятда бўлмайлик, ундан муносиб чиқиш ва ривожланиш учун йўл доимо топилади.
Бошиданоқ Ўзбекистоннинг мумтоз маданиятини халқаро даражага кўтаришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Мамлакатимизда иқтидорли ёшлар кўп, аммо ҳали ҳануз халқаро майдондаги ўрнимизни эгаллай олмаяпмиз. Бунинг учун биз санъатга яхлит ёндашишимиз керак: болаларнинг мактаб давридан бошлаб, давлат томонидан қўллаб-қувватлашгача. Ҳозир қилинаётганларнинг барчаси ҳанузгача умумий тушунча билан бирлаштирилмаган - катта муваффақиятга эришишимиз даргумон.

Менинг ўқитувчим Геннадий Николаевич Рождественский ҳар доим шундай деган: "Машғулотлар мусиқани ўлдиради". Бироқ, у шунингдек, мусиқа бу меҳнат эканлигини таъкидларди. Парадокс! Мен ўзимни ва мен билан ишлайдиганларни мусиқачини ақлдан оздирадиган меҳнати ва мусиқанинг "жонли" бўлиши ўртасидаги мутаносибликни топишни ўргатишга ҳаракат қиламан.

Дирижерлик қилаётганимда мен мутлақо бошқачаман. Мен мусиқачилар, томошабинлар билан бирга мусиқадан баҳра оламан. Агар бу туйғу бўлса, унда концерт муваффақиятли бўлди. Буни тарифлашга тил ожиз.
Биринчи марта мен бир неча минг кишидан иборат улкан организмнинг ҳаётини бошқариши керак бўлган раҳбар ролидаман. Бу жуда катта масъулият, жуда ҳаяжонли. Истиқболда натижалар бутун мамлакат учун жуда муҳим бўлиши мумкин.
Мен консерваторияни ҳақиқий санъат ибодатхонасига айлантирмоқчиман.
Мен консерваторияни ҳақиқий санъат ибодатхонасига айлантириб, оркестрни энг йирик халқаро майдонларга муносиб оркестрга айлантирмоқчиман ва фарзандларим фахрланадиган одамга айланмоқчиман. Менинг орзуим - мусиқа ёшлар орасида бизнес, ҳуқуқ ва чет тиллари каби машҳур бўлсин.

Фаол ривожланишнинг муҳимлигини англаган Ўзбекистон ёшларини кўришни истардим. Уларни жонли ва ёрқин янги ғоялар билан қизиқишини кўришни истардим. Пул ва молиявий фаровонликка интиладиган эмас, балки ўзларига қизиқарли бўлган машғулот билан шуғулланадиган ёшларни кўришни истардим.
Мен ёшларга куч тилайман, чунки уларга осон бўлмайди, аммо жуда қизиқарли бўлиши аниқ. Ҳеч қандай қийинчиликларга қарамасдан таслим бўлманг, гарчи ҳамма нарса беҳуда бўлиб кўринса ва ҳамма нарса тугагандек туюлса ҳам. Уларг озгина ўжар бўлишни тилайман - усиз ҳар доим ҳам бирор нарсага эриша олмайсиз. Ва уларнинг қалбларидаги оловни ҳеч нарса ўчирмасин, чунки фақат у билан ҳаёт муҳимдир.

Кўп одамларнинг принциплари бўлишини хоҳлардим. Кўпинча одамлар сабр қилиб бўлмайдиган нарсаларга дош беришларини кўраман. Қандай қилиб номақбул муросага бориш мумкин. Алдовга, айниқса ўзини алдашга йўл қўйиб бўлмайди.

Мен деярли адашмаган кишиларни кўрдим. Улар ҳозир ҳам кўп йиллар олдин қаерда бўлишган бўлса, ўша-ўша бенуқсон кишилар.
Дильфуза Куролова
30 ёш
Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунос, Global Shapers Tashkent Hub куратори-асосчиси
Мен молиячи ва филолог оиласида туғилганман. Ота-онам мустақил равишда карьера поғонасидан кўтарилишган ва ҳар доим таълим ва кўникмалар ҳаётдаги энг муҳим нарсалар эканлигини уқтиришган.

Болалигим осон кечмаган, тезда улғайишимга тўғри келди. Аммо бу давр менга кучлироқ, инсонпарвар ва бағрикенг бўлишга имкон берди. Эҳтимол, ўша вақтда адолат учун курашиш кучли истаги пайдо бўлгандир.
Мен ҳеч қачон адолат ва тенглик тушунчаларидан воз кечмайман.
Мен ҳеч қачон адолат ва тенглик тушунчаларидан воз кечмайман. Зўравонлик ва ваколатни суистеъмол қилишга нисбатан умуман тоқатим йўқ. Одамгарчиликни сақлаб қолиш жуда муҳим.

Тошкент давлат юридик университетининг халқаро ҳуқуқ ва ЕХҲТ академиясида хавфсизлик ва сиёсат бўйича магистр даражасига эга бўлганман.

Мен жамият учун фойдали бўлишни, инсон ҳуқуқларининг кафолати масалаларини кўтаришни, мамлакатда суд тизимини такомиллаштириш ва гендер тенглиги учун курашиш бўйича конструктив таклифларни киритишни яхши кўраман. Мен учун буларнинг барчаси жуда муҳим.
Порлоқ келажакка ишониш керак. Қўрқиш ва нолишдан кўра, биз яшашни хоҳлаган жамият учун курашиш ва уни яратиш маъқулроқ. Хатолар қилиш яхшироқ, лекин хулосалар чиқариш, тажриба орттириш, қўрқувларга қарши туриш ва янги шароитларга мослашиш керак.
Ишонаманки, бу ҳамманинг қўлидан келади. Осон йўллардан юришни орзу қилманг. Коррупция ва непотизмга қарши курашиш, эзгу қадриятлар ва тамойилларни илгари суриш керак.

Мен кўпинча одамлар билан ишлайман ва уларнинг тушкунликка тушиб, умидсизланиб, ишончни йўқотишларини кўраман. Уларни ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақираман. Одамлар яқинларига ёрдам бериш учун ўзларида куч топишини истайман, чунки бефарқлик биз дуч келишимиз мумкин бўлган энг ёмон иллатдир.

Мен стереотиплар, босим ва зулм бўлмайдиган жамиятда яшашни орзу қиламан. Айниқса, аёлларга нисбатан. Ҳар бир инсоннинг ўзига хослиги бор. Одамлар ўзларининг кучли ва заиф томонларини билишлари керак. Улар ўз камчиликларини устунликка айлантиришга ҳаракат қилишларини истардим.

Акмал Раимов
26 ёш
Chase Group маркетинг агентлиги раҳбари
Мен Навоийда муҳандис ва шифокор оиласида туғилганман. Мен инглиз тилини ўрганишни жуда хоҳлардим, ҳозир эса бу одатий ҳолга айланган. Аммо 10 йил олдин реклама соҳасида ишлаш ва инглиз тилида гапиришни истаган навоийлик болани тасаввур қилиш қийин эди.

Мен Тошкент ахборот технологиялари университетида иқтисодиёт ва ИТ соҳасидаги менежмент факултетида таҳсил олдим. Мен олий маълумот олиш қанчалик қийинлигини биламан, шунинг учун диплом олган одамларни ҳурмат қиламан.
Агентлигимизда 32 нафар мутахассис ишлайди ва уларнинг қайси бири дипломга эга эканлигини ҳам билмайман.
Аммо дунё ўзгармоқда, долзарб касблар пайдо бўлмоқда ва даромад келтирадиган фойдали бизнес билан шуғулланиш учун университетни тугатиш шарт эмас. Агентлигимизда 32 нафар мутахассис ишлайди ва уларнинг қайси бири дипломга эга эканлигини ҳам билмайман. Бизнинг бизнесимизда зарур бўлган кўникмалар университетларда ўқитилмайди.

Менимча, муваффақиятга эришиш учун фойдали ишларни бажариш керак. Муваффақиятли компанияларнинг аксарияти жамиятга фойда келтиради: улар осонликча такси чақиришда, керакли маълумотларни қидиришда ёки вақтни тежашда ёрдам бериши мумкин.

Муваффақиятли одамнинг асл намунаси - Илон Маск. Уни танқид қилишлари мумкин, у эса ўзи севадиган ва жамиятга фойда келтирадиган нарсаларни қилишни давом эттиради.
Бугунги кунда Ўзбекистон замонавий пойтахт ва бошқа бир бирига ўхшаш ҳудудлардан иборат. 10 йил ичида мен шаҳарларнинг ўзгача хусусиятлари билан машҳур бўлишини истардим.

Менимча, Ўзбекистонда ажойиб лойиҳаларни амалга оширадиган қобилиятли одамлар кўп. Силикон водийси корпорациялари ходимларининг ақлий қобилиятлари ўзбекистонлик мутахассисларнинг қобилиятларидан юқори бўлиши даргумон. Ягона муаммо шундаки, биз ишлашга одатланган тизимлар етарли даражада тўғри қурилмаган. Бизга шунчаки вақт керак.

Ёшлар бепул ишлашдан қўрқмасликлари керак. Портфолионгизни ёшликдан тайёрланг. Ота-онангиз, иш берувчингиз ва ўзингизга ҳар доим профессионаллигингизни исботланг, муаммолар ва эҳтиёжларга ечим топинг. Шунда улар сизга ишонишади ва сизнинг шахсий ривожланишингизга кўпроқ сармоя киритадилар.

Агар ота-онангиз сиз танлаган ишни қўллаб-қувватламаса, уларга биринчи иш ҳақидан янги телефон сотиб олинг. Сиз ўзингиз қарор қабул қилишингиз мумкинлигини тушунганларида, улар сизга кўпроқ эркинлик беришади.

Иш ҳақида гап кетганда, хатоларга йўл қилинг. Улар керак. Агар сиз бошқаларга дарс бериш ёки уларни даволаш мажбуриятини олган бўлсангиз, хато қилишга ҳақингиз йўқ.
Самира Латипова (Асланова)
24 ёш
Тадбиркор, 8bit агентлигининг бошқарувчи ҳамкори
Мен Тошкент шаҳрида ўртамиёна оилада туғилганман. Ота-онам Андижондан. Оиламизда яна тўртта қиз бор.

Жаҳон тиллари университетида ўқийман, лекин ўйлашимча, Ўзбекистонда олий таълимга ортиқча баҳо беришади. Кўплаб ОТМлар жаҳон стандартларига жавоб бермайди, ўқув дастурларини аллақачон замон талабига кўра янгилаш керак.

Ўқишга кира олмаган ёшлар эса "бир йил вақтни бекор кетказдим" деб ўйлайди. Шунинг учун, мен уларга ўз устларида ишлашни маслаҳат берардим. IT соҳасидаги замонавий ва долзарб касбларни мустақил ўрганса ҳам бўлади.
Биринчи йил ўқишга кира олмаганимдан кейин ишлашни бошладим. Ҳозир мен 8bit коммуникация агентлигининг бошқарувчи ҳамкориман ва Tehnikum долзарб касблар мактабида дарс бераман.
Агентлигимизга кўпинча олий маълумотга эга, лекин керакли кўникмалари бўлмаган номзодлар ишлаш учун келишади. Ишга олиш жараёнида мен фақатгина шахсий ва профессионал кўникмаларга эътибор бераман. Лекин ҳамма иш берувчилар ҳам бунақа қилишмайди.

Мен лойиҳалар устида жамоа билан ишлаганимда завқ оламан. Мени жараённинг ўзи ва биргаликдаги ҳаракатлар илҳомлантиради. Ишим бўйича ҳар куни қизиқарли одамларни учратаман. Ишим менга дунёнинг интернет бор ҳар қандай жойида ижтимоий лойиҳалар қилишга ва яхши томонга ўзгартиришга ёрдам беради.
Муваффақият - мен учун ўзим билан уйғунликда бўлишдир. Бу учун одам ўзи хоҳлаган иши билан шуғулланиши, жамиятга фойда олиб келиши ва етарлича пул ишлаб топиши керак. Саёҳатлар ва таассурот - пул сарфлаш мумкин бўлган энг маъқул нарсалар, улар яшашга илҳомлантиради. Дунё харитасида яхши кўрган инсонлар билан бўлишни хоҳлайдиган мамлакатлар кўп.

Виждонли ва инсофли бўлиш муҳим. Ушбу ва бошқа умумбашарий тамойиллардан ҳеч қачон воз кечмайман.

Зўравонлик ва дискриминация бўлмаган дунёда яшашни орзу қиламан. БМТда ишлаб, мамлакатимиздаги ҳимояланмаган аёлларнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқчиман. Космосга учмоқчиман.

10 йилдан кейин Ўзбекистонда коррупция бўлмаслигини, мукаммал суд тизими бўлишини ва юртимизда гендер стереотиплари бўлмаган бахтли ва бадавлат халқ яшашини хоҳлардим.

Ёшларга эса ўз мақсадлари томон интилишларини, кўпроқ ўқишни, ўз орзуларига ишонишларини, бошқаларнинг фикрини қабул қила олишни ва муомала одобини ўрганишларини тилардим. Хато қилиш қўрқинчли эмас, лекин уларни таҳлил қилиб туриш керак. Хатолардан ўрганиш, олдиндан кейинги қадамларни режалаштириш ва улар пайдо бўлган вақтда ечим қидиришдан кўра, хатоларнинг профилактикаси билан шуғулланиш керак.
Аҳрор Шерматов
31 ёш
Пластик жарроҳ, EstiMed пластик жарроҳлик ва эстетик тиббиёт клиникасининг етакчи хирургларидан бири
"Mуваффақиятли отанинг ўғли" ҳикоясидан узоқлашишим керак эди.
Мен шифокорлар оиласида ўсганман ва узоқ вақт бошқа касблар умуман борлигини билмас эдим. Дадам касб танлашда менга тўлиқ эркинлик берди ва профессионалликда энг яхши намуна бўлган. У менинг энг қаттиқ танқидчим ва менинг илҳомим. Бунинг учун унга раҳмат айтаман.

Муваффақиятли жарроҳнинг ўғли бўлиш катта масъулиятдир, айниқса сиз ҳам шу касбни танлаганингизда. Бирор нарсага эришиш учун мен "муваффақиятли отанинг ўғли" ҳикоясидан узоқлашишим керак эди. Узоқ вақт давомида отам операция қилиши, мен эса суратга туширишим ҳақида фантастик воқеалар тарқаларди.
Мен академик Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт институтида таҳсил олдим. Отамнинг муваффақиятидан мустақил бўлиш мақсадида, амалиёт учун жарроҳлик столига эрта турдим, 26 ёшимда. Муваффақиятли бўлишим мумкин бўлган нарсани топиш учун кўп куч сарфлашим керак эди. Шунинг учун мен тана жарроҳлиги ихтисослигини танладим.
Беморни клиникадаги ҳаражатларни ошириб ташлаш учун, уларнинг хоҳишини рўёбга чиқаргандек қилиб кўрсатмайман.
Агар улар истаган натижани кўрсата олмасам, ростини айтаман. Қаттиқ ҳақиқатни тарқатиш мен учун жуда муҳимдир. Пластик жарроҳликда енгиллик ва сеҳр йўқ. Ушбу операцияларда оғриқ, қон ва реабилитация бўлади.

Мен, шунингдек, пластик жарроҳлик "уят" деган стереотипни енгишни хоҳлайман. Афсуски, бизда шармандалик маданияти қуйидагича қурилган: пластик жарроҳлик ёрдамида ўзингизни бахтли қилишдан кўра, бахтсиз бўлиш яхшироқ туялади: "қўшнилар нима дейди?"

Шифокорнинг хатолари - беморнинг соғлиғи, баъзида ҳаёт ва ўлим масаласи. Менинг вазиятимда хатони тузатиш қийин бўлиши мумкин. Ва энг ёмони, мен зарар этказишим мумкин. Аммо мен аниқ биламан, агар хатоларим бўлмаса, 31 ёшимда кўп киши йоқлайдиган шифокор бўлолмас эдим.

Дилдора Отажонова
27 ёш
Teodora Goods экспорт компанияси асосчиси
Тугалланмаган олий маълумотим бор. Мен бир йил Малайзияда муҳандисликка ўқидим. Агар оилада болани ўқитиш учун имконият ва барча ресурслар мавжуд бўлса, менимча, албатта буни амалга ошириш керак. Бу бошдан кечириш керак бўлган муайян ҳаёт даври. Агар оилада молиявий имконият бўлмаса, қарзга ботиш керак эмас. Таълим бунга лойиқ эмас.
Имконият ва манбалар қанча кам бўлса, одамда шунча кўп эркинлик бўлади. Айтишадику, сен энг пастда бўлганингда, ягона йўл юқорига кўтарилишдир.
Менинг бобом 1900 йилда туғилган. Мен уни ҳеч кўрмаганман. У ҳақида гапириб беришганда, мен бу одам бизнессиз яшай олмаслигини тушундим. У сандиқларни ишлаб чиқариш устахонасини қурган, кейин ҳаво шарлари ясаган, гарчи ўша пайтда тадбиркорлик жиноятчиликка тенглаштирилган бўлсади. Уни ҳар бир қилган иши учун қамоққа ташлашган. У эса ташқарига чиққан заҳоти йўқ жойдан муваффақиятли бизнесни яратарди.

Ўзбекистоннинг жуда катта кредитлари бор ва 10 йил ичида ушбу маблағларнинг оқланишини истардим.
Жахонгир Азимов
28 ёш
Журналист
Ҳар бир кишидан нимадир ўрганиш мумкин.
Мен Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг битирувчисиман. Ҳозир журналист сифатида ишлайман. Ўз фаолиятимда қизиқишларим, билимларим ва кўникмаларимни бирлаштираман ва шу билан журналистика ривожига ҳисса қўшаман. Севимли машғулотларимни касбга айлантиришга муваффақ бўлдим - одамларнинг ҳикоялари ва фикрларини бошқаларга улашишни яхши кўраман.

Олий маълумот бўлиш ёки бўлмаслигидан қатъий назар, муваффақиятга эришиш мумкинлигини ва кераклигини кўраяпман. Ўқишга кириш - забт этилган энг юқори чўққи бўлмаслиги керак.

Сўнгги пайтларда ҳаётимдаги ҳар бир одамдан нимадир ўрганиш мумкинлигини тушуниб боряпман, лекин ҳар бир кишини ҳам намуна қилиб қўймаслик керак. Мукаммал одамлар йўқ. Бировга тақлид қилиш, уни идеаллаштиришга олиб келади ва инсон ўз кумирига ўхшаб кетиши эҳтимоли ошади, дунёга эса ўзига хос хусусиятлар тўпламига эга бўлган индивидуаллик зарур.
Келажакнинг қадрини билиш керак. Кўплаб ёшлар дангасалик, ҳаддан ташқари ўзига ишонч туфайли ўз салоҳияти ва билимларини бекорга кетқизаётганларини кўраман. Вақт ортга қайтмайди. Улғайганингиз сайин, масъулият кучаяди: иш, фарзандлар тарбияси, ота-оналарга ғамхўрлик қилиш каби масъулиятлар елкангизга тушади.
Ўз устингизда ишламасдан, билим, кўникма ва тажрибага инвестиция қилмасдан, керакли кадрга айланиш мумкин эмас. Ишингиз ва, эҳтимол, даромадингиз бўлади, аммо мутахассис сифатида қадрли бўласизми? Бу ҳақда ҳозирданоқ ўйлашимиз керак.

Муваффақият ҳар доим "қора иш" га, уйқусиз тунларга, ўз устида ишлашга ва маълум даражада ўзини танқид қилишга боғлиқ бўлади. Ушбу ҳаракатнинг натижаси - киши учун ўзига маъқул ишни топиш имкониятини беради.

Анастасия Ли
33 ёш
Продюсер, DBLA студиясида видео продакшн
Мен Нукусданман. Онам бизни ёлғиз тарбиялаган. Осон даврлар бўлмаган, аммо биз бахтли эдик. Мен учинчи гуруҳ ногирониман - туғилганимадан бери оптик асаб атрофияси бор. Онам ташхис, жарроҳлик амалиётлари ва текширувларга кетадиган пулни тўлаш учун ғилдиракдаги олмахон сингари югурарди.

Олий маълумотим тугалланмаган: институтдан дипломимни олмадим. Ўйлашимча, таълим янги нарсаларни ўрганиш истаги, тинглаш ва эшитиш қобилияти каби муҳим эмас.
Мен бир неча марта нолдан иш бошлаганман. Лондонда ўз карьерамни бошладим, лекин Ўзбекистонга қайтиб келдим. Нимадир очиларди, лекин кейинчалик ёпиларди. Масалан, "ТЧК" коворкинги. Агар ушбу катта муваффақиятсизликка дуч келмасам, мен ўз жамоаси билан чет эл фестиваллари учун лойиҳалар тайёрлайдиган Анастасия Ли бўлмасдим.
Энг қимматли нарса - бу амалиёт. Биз тез-тез стажёрларни қабул қиламиз, бозор учун мутахассисларни тайёрлаймиз. Улар биз билан қолмаса ҳам, профессионал муҳитни яхшилашади. Сизга маслаҳат бераман: кўнглингизни чўктирманг, стажёрлик қилинг ёки кимгадир ёрдамчи бўлинг ва савол беришдан қўрқманг.
Мендан олдин ҳеч ким қилишга журъат этмаган нарсани қилишни яхши кўраман. Ҳозир ҳамма катта муваффақиятлар тарихини такрорлашга ҳаракат қилаётгани эса менга ёқмайди. Бу пластик муваффақият тенденцияси. Менимча, биз муваффақиятнинг ўзига жуда катта эътибор берамиз, аслида эса унга эришиш йўли ва унинг ортида турган хатолар муваффақиятдан муҳимроқ эканлигини тушунмаймиз.

Мен юқори сифатли кинематограф сифатида ривожланиб, муваффақиятли тижорий фильм яратишни орзу қиламан. Бунинг учун бизда барча жараёнлар йўлга қўйилган ва биз, эҳтимол, бу борада Ўзбекистон бозорида ноёбмиз.
Мақолани тайёрлашди:
Сабина Бакаева
Давлат Умаров
Made on
Tilda