Миллий стандартларнинг зарурати, шунингдек, мониторинг маълумотларини қайта ишлашдаги ёндашувларнинг турличалиги билан изоҳланади. Ўзбекистонда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш индекси ёки
ИЗА, АҚШда эса — Ҳаво сифати индекси (Air Quality Index — AQI) амал қилади.
ИЗА қандай ҳисобланади? ИЗА мониторинг станцияси ўрнатилган ҳудуд учун энг юқори концентрацияга эга бўлган бешта ифлослантирувчи модда бўйича ҳисобланади.
Станциялар қуйидаги моддаларни аниқлайди: олтингугурт диоксиди, углерод оксиди, азот диоксиди, азот оксиди, PM10 ва PM2,5 муаллақ моддалар, аммиак, озон, фенол ва формальдегид.
Индекс моддаларнинг хавфлилик даражасини ҳисобга олади ва
ҳавонинг узоқ вақт ифлосланиш даражасини кўрсатади. Станциялар аниқлайдиган барча моддалар ҳам индексда ҳисобга олинмайди. ИЗА ифлослантирувчи моддани ҳисобга олиши учун у бўйича миллий стандартлар қабул қилиниши ва уларнинг рухсат этилган концентрациялари (РЭК) белгиланиши керак. Шу билан бирга, моддаларнинг суткалик ва бир марталик РЭКлари фарқланади.
PM2,5 бўйича миллий стандартлар ишлаб чиқилмаганлиги ва РЭК белгиланмаганлиги сабабли, мониторинг станцияси ўрнатилган ҳудуд учун унинг концентрацияси энг юқори бўлса ҳам, ИЗА диаметри 2,5 микрометр ва ундан кичик бўлган чанг концентрациясини ҳисобга олмайди. Индекс, шунингдек, PM10 қаттиқ заррачаларини ҳам ҳисобга олмайди, чунки PM10 учун 2011 йилда қабул қилинган РЭК жуда юқори, дейди Баҳриддин Нишонов.