Аслини олганда, чегачилик фақат бизга — Ўрта Осиё халқларига хос ҳунар эмас. Уни дастлаб кунчиқар мамлакатларда пайдо бўлгани
айтилади. Чегачилик Японияда
кинцуги деб аталса, Хитойда
жу си дейилади. Япон чегачилиги хитойча услубга нисбатан жозибали ва нафисроқ. Чунки унда идишнинг ёриқларига олтин, кумуш каби қимматбаҳо метал кукунлари билан ишлов берилади. Бу эса синган буюмнинг қиймати ва қадрини оширади.
Кинцуги оммалашган даврларда япон зодагонлари ўз уйларидаги қимматбаҳо идишларни атай синдириб, ёрилган жойларини тилла билан безатиб таъмирлатишни сўраган. Натижада идиш аввалгидан кўра қимматли ва чиройли тусга кирган.