Фото: Евгений Cорочин / Gazeta
Нима ўқиймиз?
Ирина Матвиенко тавсия қилади
Gazeta ва Yandex Books биргаликда жамоат арбоблари ва адибларнинг китоб жавонларига назар ташлайди. Бу сафар «Nemolchi.uz» лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко мутолаа маданияти, мактаб дастури, муаллифлик ҳуқуқи ва адабиётларнинг ўзбек тилида мавжудлиги масаласида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Gazeta ва Yandex Books биргаликда жамоат арбоблари ва адибларнинг китоб жавонларига назар ташлайди. Бу сафар «Nemolchi.uz» лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко мутолаа маданияти, мактаб дастури, муаллифлик ҳуқуқи ва адабиётларнинг ўзбек тилида мавжудлиги масаласида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Нима ўқиймиз?» лойиҳаси китобхонлик маданиятини янада оммавийлаштириш мақсадида бошланган. Биз бу лойиҳада китоб жавонлари олдида олимлар, ёзувчилар, шоирлар, таржимонлар, журналистлар ва жамоат фаоллари билан уларнинг назарида ўқиш шарт бўлган китоблар ва умуман адабиёт ҳақида суҳбатлашамиз.
Онгли мутолаа
Ўқишни янги маълумот олиш, нейрон алоқаларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, мияни тизимли фикрлашга ўргатишнинг асосий усулларидан бири, деб ҳисоблайман. Ҳозирги кунда китоблар жуда кўп ва уларнинг бир қисми аллақачондан бери сунъий идрок ёрдамида ёзилаётгани таъкидланяпти. Шунинг учун ҳам у ёки бу китобни нима учун олаётганимни ва у менга нима беришини тушунишга интиламан.

Мутолаа рўйхатимнинг катта қисмини фактлар, маълумотлар ва тадқиқотлар мавжуд бўлган адабиётлар ташкил этади. Мавҳум мулоҳазалар билан тўла фалсафий матнларни унча хуш кўрмайман. Мен мантиқ, рақамлар, далиллар — текширса бўладиган нарсаларни кўришни истайман.

Сўнгги йиллардаги ишим доирасида энг кўп ўқиган «китоблар»им Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс бўлди. Шунчалик кўп ўқидимки, менимча, баъзи бобларни аллақачон ёддан биламан. Шундай бўлса-да, таърифларни аниқлаштириш учун доимо уларга қайтаман. Ҳозир Тошкент давлат юридик университетида магистратура ўқиётганим сабабли уларни янада кўпроқ кўздан кечиряпман. Бундай мутолаа мен учун нафақат касбий зарурат, балки ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб бўлган.

Баъзида иш жуда тиғиз бўлганда, ҳужжатлар ва тадқиқотлардан бошқа ҳеч нарсани ўқишга улгуролмайман. Шу боис «Nemolchi.uz» лойиҳаси қошидаги феминистик китоб клубимиз мен учун нажот бўлди. У китоб ўқиш одатини ташламасликка ёрдам беради — мутолаа мажбуриятдан эмас, балки иштиёқ билан бўлиши керак. Клубда дунёқарашимни кенгайтирадиган ва шунчаки завқ берадиган китобларни ўқийман.
«Кўринмас аёллар»
Кэролайн Криадо Перес
Сўнгги йилларда ўқиганларим орасида мен учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган бир неча китоб бор. Биринчиси — Керолайн Криадо Переснинг «Кўринмас аёллар: Нима учун биз фақат эркаклар учун қулай дунёда яшаяпмиз? Маълумотларга асосланган тенгсизлик» асари. Менимча, тенгсизлик қандай ўрнатилгани ва нима учун сақланиб қолаётганини тушунмоқчи бўлсангиз, ишни айнан шу китобни ўқишдан бошлаш керак. Айниқса, ҳеч қандай тенгсизлик йўқ ва «бу гапларнинг ҳаммаси уйдирма» деб ҳисоблайдиганлар ўқиши керак бу китобни.
«Кўринмас аёллар» жамиятда аёлларга нисбатан зулм қанчалик чуқур илдиз отганини, тенгсизлик барча соҳаларни: архитектура, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқшунослик ва спортни қамраб олганини кўрсатади. Ҳар бир боб ҳақиқий тадқиқотлар ва рақамларга асосланган. Масалан, тиббиёт ҳақида гап кетганда, муаллиф даволаш ва машқ қилиш бўйича тавсиялар кўпинча эркаклардан олинган маълумотларга асосланишини, аёл организмига эса ҳар доим ҳам тўғри келмаслигини таъкидлайди.

Мен китобни рус тилида ўқидим. Кейинчалик билдимки, уни аёл раҳбарлик қилаётган маҳаллий нашриётлардан бири — Factor Books ҳам ўзбек тилига таржима қилиб, нашр этган экан. Таржиманинг ўзи ҳам аёл киши томонидан амалга оширилган ва шу фактларнинг ўзи ҳам рамзий маънога эга, деб ўйлайман.
Муаллифлик ҳуқуқи бўйича нуқтаи назар
Китоблар муаллифлик ҳуқуқига риоя қилинган ҳолда нашр этилиши мен учун принципиал аҳамиятга эга. Ноқонуний нусхалар шунчаки қонунбузарлик эмас, балки муаллифнинг меҳнатига нисбатан ҳурматсизликдир. Айниқса, аёл ёзувчилар ҳақида гап кетганда — аёл киши ёзган китобни ўғирлаб, шу билан бирга аёллар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ҳақида гапириш, менимча, жуда ахлоқсизлик.

Ноқонуний нашрларни сотиб олмайман ва кўпинча китоб расталарида ёки интернет дўконларида уч баравар арзон сотиладиган нусхаларни ҳам ўқимайман. Кимдир буни арзонлиги билан оқлайди, лекин, менимча, агар инсон бирор маҳсулотни яратиб, унга куч, ресурс ва вақт сарфлаган бўлса, бунга ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозим.

Ўқигим келган китобнинг асл нусхасини Тошкентдан топа олмасам, хорижий интернет дўконлар орқали буюртма бераман. Китоб танлаш ва сотиб олишга онгли равишда ёндашаман. Офисимизда ўзимизнинг кичик кутубхонамиз бор ва унда жой чекланган. Шунинг учун жавонда жой олишга арзийдиган, яъни узоқ вақт ўзимда сақлайдиган китобларнигина сотиб оламан.
«Кўринмас юрак»
Нэнси Фолбре
Иқтисодчи Нэнси Фолбренинг «Кўринмас юрак» китоби нашр этилганига 20 йилдан ошган бўлса-да, ҳали ҳануз долзарблигини йўқотмаган. У одатда кўзга ташланмайдиган нарсани: аёлларнинг кўзга кўринмас меҳнатини кўришга ёрдам беради, чунки бу меҳнат туфайли бутун дунё ҳаракатга келади. Гап болалар, кексалар, беморларга ғамхўрлик қилиш, оила ва уйни сақлаб туриш ҳақида кетмоқда. Бу асосан аёллар томонидан бажариладиган ва иқтисодий жиҳатдан баҳоланмайдиган иш, чунки у «севги туфайли» қилинади, деб ҳисобланади.

Менимча, гўёки «ғамхўрлик мукофот талаб қилмайди, чунки у ҳис-туйғуларга асосланган», деган фикр энг чуқур илдиз отган янглиш қарашлардан биридир. Ғамхўрлик нафақат ҳис-туйғулар, балки улкан жисмоний ва руҳий меҳнатдир. Ҳамдардлик ва инсоний эътиборсиз бошқа одамга сифатли ғамхўрлик кўрсатиб бўлмайди.

Бундан ташқари, бу сунъий идрок ўрнини боса олмайдиган меҳнат тури ҳамдир, чунки у алгоритмларга эмас, балки инсоний илиқлик ва ҳиссий алоқага асосланади. Муаллиф жуда ўринли савол қўяди: агар касб нафақат кўникмаларни, балки ҳиссий ресурсларни ҳам талаб қилса, у юқорироқ баҳоланиши керак эмасми?
Фолбре америкалик иқтисодчи бўлгани учун китобда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими бизникидан анча заифроқ бўлган АҚШга алоҳида эътибор қаратилган. Постсовет мамлакатларида социалистик даврнинг мероси — ҳомиладорлик таътили, икки ёшгача болани парваришлаш таътили сақланиб қолган. Капиталистик мамлакатларда эса бундай ечимлар одатда мавжуд эмас. Аёл туғруқдан сўнг тезда ишга қайтишга мажбур бўлади ва ҳеч ким чақалоққа ким ғамхўрлик қилади, деб ўйламайди. Бу ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам ғамхўрлик иқтисодиёти қанчалик паст баҳоланишини яққол кўрсатади.

Иқтисодиёт ва гендер тенгсизлиги ўртасидаги боғлиқликни ҳамда нима учун ғамхўрлик, ҳамдардлик ва севги ҳам иқтисодиётнинг бир қисми сифатида тан олиниши кераклигини тушунишни истаган ҳар бир кишига «Кўринмас юрак»ни ўқишни тавсия этаман.
Ўзбек тилидаги адабиётларнинг мавжудлиги ҳақида
Давлат тилида билим ва илмий материалларга кириш имкониятини кенгайтириш ғоят муҳим, деб ҳисоблайман. Бизда ўзбек тилида кўплаб илмий мақолалар мавжуд, бироқ сифатли, яъни таҳлил даражаси юқори, академик стандартларга жавоб берадиганлари жуда кам.

Ўзбекистон ҳақида хорижий муаллифлар томонидан ёзилган ажойиб тадқиқотлар бор, лекин, афсуски, улар тил тўсиғи туфайли кўпчиликка етиб бормайди. Бу эпистемик адолатсизликка мисол бўлади — мамлакат ҳақидаги билимлар унинг фуқаролари учун тушунарсиз бўлиб қолади, чунки у уларнинг тилида баён этилмаган.

Бу ҳолат «Nemolchi.uz» сайтида илмий мақолаларни ўзбек тилига таржима қилиб, сайтимизда эълон қилиш лойиҳасининг туғилишига туртки бўлди. Ташаббус Швейцария элчихонаси томонидан қўллаб-қувватланди. Ҳозирча бешта матн билан танишиш мумкин. Улар орасида келиб чиқиши турк бўлган машҳур тадқиқотчи Дениз Кандиотининг 1980 йилларда ёзилган «Патриархал битим» мақоласи ҳам бор. Феминистик назариянинг классикаси ҳисобланган ушбу материалда муаллиф аёлларнинг патриархал тузилмаларга қандай мослашишини, уларда ўз таъсирини ўтказиш ва тан олиниш йўлларини қандай топишини кўрсатади.
Бир куни мен Лондонда Дениз билан учрашдим ва кейинчалик таржимага рухсат олиш учун унга хат ёздим. Биз учун ишдаги бу босқич принципиал жиҳатдан муҳим, чунки таржима ҳар доим матнни ўзгартиришдир. Бунинг учун расман муаллифнинг ёки мақолани чоп этган журналнинг рухсати талаб қилинади. Кўпинча таҳририятлардан жавоб ололмайсиз, шунинг учун муаллифларга тўғридан-тўғри мурожаат қилишга тўғри келади ва улар деярли ҳар доим катта иштиёқ билан жавоб беради, чунки олимлар учун мақоладан пул ишлаш эмас, балки уларнинг ғоялари тингланиши ва жамиятга фойда келтириши муҳимдир.

Масалан, Марианна Кампнинг инглиз тилидаги «Ўзбекистоннинг янги аёли» номли ажойиб китоби бор — бу XX аср ўзбек аёллари ҳаёти ҳақидаги фундаментал тадқиқот. Бу жуда чуқур таҳлил бўлиб, ҳикоя 1917 йилги инқилоблар давридан бошланади. Бундай асарлар ҳақиқатан ҳам унчалик кўп эмас.
Марианнага хат ёзиб, бир бобни таржима қилишга рухсат сўрадим. У жаҳон гуманитар тафаккурининг асосий асарларини қамраб олаётган кенг кўламли «1000 китоб» лойиҳаси доирасида китоби аллақачон ўзбек тилига таржима қилинаётганини айтди. Ушбу муҳим тадқиқот кенг аудиторияга тақдим этилишидан хурсандман. Зеро, сифатли матнлар янги тафаккур маданиятини шакллантиради ва ўз тажрибасини она тилида англаш имконини беради.
Ева
Кэт Боҳэннон
Учинчи китоб — Кэт Боҳэннон қаламига мансуб «Ева. Аёл танаси эволюцияси тарихи. Инсоният тарихи». Бу эволюциянинг аёл танаси нуқтаи назаридан кенг қамровли тарихидир. Унда аёл танасининг тарихий ва биологик жиҳатдан қандай шаклланиши ва бунинг аёлларнинг бугунги жамиятдаги ўрни билан қандай боғлиқлиги ҳақидаги фактлар ва тушунтиришлар жамланган.

Китобнинг ҳар бир боби муҳим бир жиҳатни қамраб олади. Биринчиси, масалан, «Сут» деб номланади ва унда эмизиш эволюцияси ҳақида сўз боради. Репродуктив аъзолар, мия тузилишининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ҳам боблар бор.
Ҳис-туйғу ва идрок ҳақидаги боб жуда қизиқарли. Дунёда узоқ вақт давомида гендер устунлиги назарияси ҳукмрон бўлиб, унда эркакларнинг хулқ-атвор модели ва жисмоний кучи меъёр сифатида қабул қилинган, бошқача тана тузилишига эга бўлган аёллар эса ҳимоя ва итоатга муҳтож «заиф жинс» деб ҳисобланган. Бироқ, куч ҳеч қачон турнинг омон қолишининг асосий омили бўлмаган. Аёлларда шаклланган фазилатлар кўпинча жисмоний қаршилик билан эмас, балки хавфнинг олдини олиш, зийраклик ва сезгирлик билан боғлиқ эди. Эркаклар ов қилганда, аёллар ўчоқни асраган, болаларга ғамхўрлик қилган ва айнан шу сабабли уларда ўткирроқ эшитиш қобилияти, ҳид билиш, интуиция — хавф-хатарни олдиндан сезиш ва ҳаётни асрашга қаратилган кўникмалар ривожланган.
Мутолаа маданияти
Атрофимдагилар кўпроқ китоб ўқишини жуда истардим. Бир йил Буюк Британияда яшаганимдан сўнг, у ерда мутолаа маданиятнинг ажралмас бир қисми эканлигини ҳис қилдим. Барча ва ҳамма жойда — метрода, боғларда, қаҳвахоналарда ўқийди. Метро бекатлари ёнида бепул газеталар тахланган. Одамлар уларни эрталаб олиб, йўл-йўлакай ўқийди, кейин эса ўриндиқда қолдиради — бошқа одам ўтириб, охиригача ўқиб чиқади. Бу майда нарса, лекин унда ахборотга ҳурмат, ўқишга одатланиш сезилиб туради. Ҳар қадамда кутубхона — шаҳар бўйлаб сайр қилиб юрганингизда тасодифан бирортасига кириб қолишингиз ҳам мумкин.
Менимча, маданиятларимиз ўртасидаги фарқ шундаки, Британияда бутун таълим тизими «ўқимасанг, ўргана олмайсан» деган ғояга асосланган. Семинарларда ўқитувчилар шундай саволлар берадики, уларга олдиндан ўнлаб илмий мақолаларни ўқимай туриб жавоб бериб бўлмайди. Бу интизомга ундайди. Бизда эса умуман зўриқмаса ҳам бўлади — дарсда ChatGPT’дан сўрайсиз ва тезда жавоб берасиз. У ерда эса бундай эмас, бундай қилинмайди.
Совет Иттифоқида мутолаа маданияти мавжуд эди, лекин, менимча, у кўпроқ юзаки эди. Масалан, уйлардаги кутубхоналар кўпроқ мавқе белгиси сифатида ташкил этиларди. Болалигимдан эсимда, уйда Пушкин, Лермонтов асарлари тўпламлари, бувим «Академкнига»дан олиб келган қандайдир хатлар тўпламлари билан тўла жавонлар турарди. Ноёб нашрлар, ҳамма нарса чиройли — қора муқовалар, олтин, силлиқ қоғозлар. Бироқ оддий китобхонлардан кўра кўпроқ адабиётшуносларга мўлжалланган оғир академик матнларни ўқишнинг иложи йўқ эди. Уларни ўқиш учун эмас, кўпроқ зиёлиликни намойиш қилиш учун сақлашарди.
Жанрлар ва форматлар
Менимча, одамни бадиий ёки нобадиий адабиётни ўқиганига қараб баҳолаб бўлмайди. Одамларни кўп нарсалар: муҳит, оила, касб, атрофдагилар шакллантиради. Юзлаб китоблар ўқиш, профессор бўлиш мумкин, лекин ахлоқи ўта шубҳали инсон бўлиб қолавериш мумкин. Ва аксинча.

Маълумотни турли йўллар билан олиш мумкин — китоблардан, подкастлардан, видеолардан. Подкастлар шахсан менга тўғри келмайди. Менинг фотографик хотирам бор: матнни, сўзларнинг саҳифада жойлашувини яхши эслаб қоламан. Аммо аудио маълумотлар онгимда қолмайди — осонгина чалғийман. Аудио китоблар билан ҳам худди шундай: мен юриб, тинглаб кетаётганимда бирдан фикрларим бутунлай бошқа жойда эканлигини англайман. Кейин қайта ўраб, янгитдан бошлашга тўғри келади. Мен учун бу шунчаки самарасиз. Кўп вазифалиликни ёмон деб ҳисоблайман. Илгари бир вақтнинг ўзида бир нечта ишни бажара олсам, бу ажойиб бўлиб туюларди, аммо тажриба орттиргач тушундимки, агар сифатли бўлишни истасанг, диққатни жамлашинг керак.
Биз маълумотни қандай қабул қилмайлик, шунчаки ўқиш эмас, балки айнан нимани ўқиётганимизни ва ундан нимани олаётганимизни тушуниш муҳим. Бу овқатга ўхшайди: ҳамма очликни қондириши керак, лекин кимдир тез тайёрланадиган овқат истеъмол қилади, кимдир эса фойда ва мувозанатни ўйлайди. Тез тайёрланадиган овқат тўйдиради, лекин соғломлаштирмайди. Китоблар билан ҳам шундай: баъзи китоблар шунчаки «ахлат» бўлиши мумкин. Улар «ривожланиш учун» нимадир қилаётганингни ҳис қилишдан бошқа ҳеч нарса бермайди. Айниқса, ҳозир «муваффақиятли муваффақият» ҳақидаги китобларни ўқиш оммалашган. Уларнинг ярми бошқаларнинг ғояларини янги муқова остида қайта ёзишдир. Бу адабиёт эмас, бу бизнес. Шунинг учун мен «шунчаки ўқинг» дейдиганлардан эмасман. Ўқилган китоблар сони камроқ бўлса ҳам, мутолаа сифатли бўлсин.
Бадиий адабиёт
Бадиий адабиёт ҳақида гапирадиган бўлсак, қачонлардир менда алоҳида таассурот қолдирган китоб, бу — Ричард Бахнинг «Ягона» асари. Уни ўсмирлигимда ўқиганман ва у ҳаётга бўлган қарашларимга катта таъсир кўрсатган бўлса керак. Сюжет оддий кўринади: эр-хотин самолётда саёҳатга чиқади ва ўз ҳаётларининг турли талқинларига, гўё параллел оламларга тушиб қолади. Аслида бу китоб танлов ҳақида. Ҳар бир қароримиз, ҳатто энг аҳамиятсизи ҳам, келажак йўналишини ўзгартиришини тасвирлайди. Ўшанда бу фикр менга ғоят муҳим туюлган эди. Ўшандан бери қилаётган ишларимга жуда онгли ёндашаман.

Мактаб даврида ўқиганим Чингиз Айтматовнинг «Қиёмат» асари ҳам менда кучли таассурот қолдирган. Бутун синфда уни охиригача ўқиган ягона ўқувчи мен эдим, шекилли. Ўқитувчи у ҳақда ҳатто муҳокама ҳам ўтказмаган — эҳтимол, китобнинг ўзи оғир, фалсафий бўлгани ва уни тушуниш ҳаммага ҳам осон бўлмагани учундир. Уни ҳозир қайта ўқий олишимга ишончим комил эмас.
Ака-ука Стругацкийларни жуда яхши кўраман. Уларнинг асарларини нафақат совет, балки жаҳон адабиётининг мумтоз намуналари деб биламан. Менга айниқса иккита асари жуда ёқади — «Маҳкум шаҳар» ва «Душанба шанбадан бошланади». Улар кайфият жиҳатидан мутлақо бошқача. Биринчиси — мураккаб, мажозий, чуқур ўйлашни талаб қилса, иккинчиси — гўё енгил, аммо ҳазил ортида жуда жиддий фалсафий ва ижтимоий мавзулар яширинган. Ҳайратланарлиси, улар қанчалик хилма-хил услубда ёза олишлари ва фантастика орқали нарсаларни тўғридан-тўғри айтмай, тизимга қарши эътироз билдиришлари, уни тасвирлашларида. Ахир бу ҳам ўзига хос қаршилик кўрсатиш усули, шундай эмасми?
Мактаб дастури
Менимча, мактаб дастури кўпинча болаларнинг ўқишга бўлган иштиёқини сўндиради. Биз шу мавзуда баҳслашдик: мактабда «Уруш ва тинчлик»ни ўқитиш керакми? Менимча, йўқ. Бу асар ўсмирлар учун эмас. Агар бу адабиётлар мактаб дастурида бўлмаса, уларни ҳеч ким ўқимайди, деган машҳур қарши фикр бор. Бунда жон бор. Эҳтимол, мумтоз асарларнинг аксариятини фақат мактаб дастурига киритилгани учун ўқигандирмиз. Масалан, мен 8-синфда Чернишевскийнинг «Нима қилмоқ керак?» асарини ўқиганман, лекин унинг мазмуни эсимда йўқ.

Ишончим комилки, мактаб адабиётлари рўйхатини қайта кўриб чиқиш ва унга замонавий болалар ва ўсмирлар китобларини — ёрқин, жонли, бугунги авлод тилида ёзилган асарларни қўшиш керак. Масалан, «Гарри Поттер» ҳақидаги китобларда ҳам меҳр, адолат, дўстлик каби қадриятлар ҳақида сўз юритилади, фақат болалар тушунадиган тилда. Менимча, мактаб ўқувчилари Толстой, Радишчев ва Чернишевскийдан кўра Гарри Поттерни кўпроқ қизиқиш билан ўқиган бўларди.

Мактаб дастури, фикримча, ортиқча юк бўлмаслиги, аксинча мутолаага бўлган қизиқишни уйғотиши керак. Чунки китоб ўқиш одати инсонда кейинчалик бир умрга қоладиган кўникмага айланади.

Матнни Сабина Давлетмурадова тайёрлади.

Суратлар муаллифи: Евгений Сорочин.


Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли. Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ҳавола орқали танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda