Депутат бўлиш орзуси ва бу орзунинг рўёбига халал бераётган инфратузилма

Мурод Эгамов ҳикояси
У «Шароит Плюс»да аъзолар бўйича координатор бўлиб ишлайди. Ижтимоий тармоқларда инклюзивликни тарғиб қилувчи блог юритади. «Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони Мурод Эгамов билан болалар уйидаги аҳвол, инфратузилмадаги муаммолар ва у нега ўқишни ташлашга мажбур бўлаётгани ҳақида гаплашдик.

У «Шароит Плюс»да аъзолар бўйича координатор бўлиб ишлайди. Ижтимоий тармоқларда инклюзивликни тарғиб қилувчи блог юритади. «Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони Мурод Эгамов билан болалар уйидаги аҳвол, инфратузилмадаги муаммолар ва у нега ўқишни ташлашга мажбур бўлаётгани ҳақида гаплашдик.

«Ирода» — синовларга бой ҳаёти ҳақида ҳикояси бор, аммо ўзи ҳақида гап кетганида биринчи галда бошқалардан фарқли жиҳатларига эмас, балки унинг ҳам инсон эканлигига, қобилияту салоҳиятига эътибор қаратилишини истовчи ватандошларнинг кечмишлари бериб бориладиган лойиҳадир. Унда ўз ҳаёт ҳикояси билан бўлишмоқчи бўлганлар Телеграм’да @Iroda_loyihaBot орқали боғланиши мумкин.
Мурод Эгамов бундан аввал ҳам «Ирода» лойиҳасида қатнашган — «Шароит Плюс» ҳақидаги материалда унинг ҳам фикрлари берилган эди. Бу сафарги ҳикоя эса фақат Мурод Эгамовнинг ўз ҳаёти ва «минус шароитлар» ҳақидаги мулоҳазаларидан иборат.
Ёнма-ён
«Болалар уйидаги ўғил-қизлар меҳр билан кеч, нафрат билан эса жуда эрта танишади», — деркан, Муроднинг томоғига нимадир тиқилгандек бўлади. Кўп ўтмай ўзини қўлга олади ва уч кунлик чақалоқлигидан бошлаб то 12 ёшигача ўзи яшаган Қибрайдаги маскан билан боғлиқ яхши-ёмон хотиралари билан бўлишади.
Атрофи дарахтлар билан ўралган икки қаватли бинони тасвирлаганда, у ўша пайтда болалар уйининг иккита — бири қадрдон, бошқаси эса бегонадек ҳис қилдирган дарвозаси бўлганига алоҳида тўхталади.
реклама
реклама
Дўстлари билан бирга асосий дарвозадан келиб-кетаётганларни кузатгани, қўшни маҳалладагилар шу дарвоза олдига келиб, уларга ширинликлар улашганини эслаб юзи ёришади. Иккинчи дарвозани эса фақат текширувчилар келгандагина очилгани билан эслайди.
Биз комиссия келишини ва байрамларни кутиб яшардик. Фақат шунда гўштли ва тўйимли овқат ейиш насиб қиларди. Ҳомийлар келтирган совғалар улар кетгач олиб қўйиларди. Нега бу ҳақда текширувчиларга айтиб бермаганмиз, биласизми? Чунки улар шундай келиб, шундай кетарди, биз эса бу ерда доимий қолардик, яшардик. Кимдир гуллаб қўйса, калтак ерди.
Унинг ўзи ҳам бир сафар таъзирини еган. Ухлаш ўрнига дўстлари билан гаплашиб ётгани учун. Тарбиячи қошиқнинг орқа томони билан унинг бошига бир неча марта урган. «Ай!» деган овоз «жазо» сонининг кўпайишига олиб келишини яхши билган Мурод, жони оғриса ҳам, 10 та калтаккача чурқ этмай чидаб турган.

«Калтаклашдан ташқари овқат бермай жазолаш ҳам бўларди ва бу жазолар кўпинча болалар ниманидир нотўғри қилгани учун тайинланмасди. Улғайганимиз сари, табиийки, уйқумиз камайган. Аммо баъзи тарбиячилар учун бола шунчаки жим ётиши, ҳеч нимага аралашмаслиги, шовқин солмаслиги керак эди. Шунга тушлик пайти 13:00 дан 16:00 гача, кечқурун 20:30 дан тонгги 7:00 гача мажбурлаб ухлатишар, баъзан ухлатадиган дори ҳам беришарди. Нон орасига ёки каша ичига дори солаётганини биров кўриб қолгудек бўлса, тарбиячи кўзини қисиб қўярди. Бу ҳолат ўзим билан ҳам бўлган», — дейди у.

Ўша пайт «Чип ва Дейл» мультфильмини ёки «Жумонг» сериалини севиб томоша қилган Мурод телевизорни кун бўйи ёқиб қўйиш ҳам болаларни жим олиб ўтиришнинг бир усули эканини кейинроқ пайқайди.
Лекин тарбиячиларнинг ҳаммасини мақсади ҳам болаларни тинчлантириш бўлмаган, уларнинг орасида болалар билан сидқидилдан шуғулланиб, уларнинг ривожланишига ҳисса қўшганлари ҳам бор эди, албатта. Яхшилик ва ёмонлик ёнма-ён юришини таъкидлаган Мурод салбий деб билганларининг исмини тилга олишни ҳам хоҳламайди. Уйидан қатиқ-сут олиб келиб илинадиган Любани, уларни ўз боласидек яхши кўрадиган Ленани ва Муроднинг оёққа туришига сабабчи бўлган Гулчеҳра опани миннатдорлик билан хотирлайди.
Болалар уйида юрадиган ва юрмайдиган болалар алоҳида гуруҳларга бўлинган эди. Мен беш ёшимгача фақат ётардим, чунки ташхисга кўра суякларим етарлича ривожланмаган, ваҳоланки, ўтириш учун ҳам улар етарлича ўсган бўлиши керак эди. Тўққиз ёшимда ҳомийлар олиб келган германиялик бир шифокор мени кўриб: «Бу бола вақтида муолажа, айниқса массаж олганида, юриб кетарди», деган. Шундан кейин умид борлигини билган Гулчеҳра опа мени ҳаракат қилишга ундай бошлади. Қўлимга қалам тутқазиб машқлар қилдирди, ҳозиргидек тиззалаб юришга ўргатган ҳам айнан Гулчеҳра опам.
Англаш
Муродни 12 ёшида амакиси асраб олган. Унгача у ўз оиласи ҳақида ҳеч нима билмасди. Ҳаммаси жуда тезлашиб кетгани, ўзи бунга олдиндан руҳий тайёр бўлмагани учун жуда кучли ҳаяжонланган. «Мени қандай қабул қилишади?», «Менга яхши муносабатда бўлишармикин?», дея роса ташвишланган.
реклама
реклама
Бу орада уни ўз ота-онаси олиб кетади ва, ўқиш баҳона, бироз чалғигандек бўлади. Ўртачирчиқ туманидаги 11-мактаб уйидан 3 км узоқдалиги, қишлоқ шароитида бунча масофани босиб ўтиш осон эмаслиги боис ўқитувчилар унинг уйига келиб дарс ўтади.
Болалар уйида яшаганимда чет эллик мутахассис очган кичик таълим марказига қатнаганман. Мен боришни, вақт ўтказишни ёқтирадиган у даргоҳда ҳамма фанлар русча ўтиларди. Мени эса уйда ўзбекча ва, дабдурустдан, 6-синф дастури бўйича ўқита бошлашган. Бунга мен тенгқур 13 ёшли болалар қайси синфда ўқиётган бўлса, мен ҳам ўша синф дастури бўйича ўқишим кераклиги ҳақидаги қарор сабаб бўлган.
Устозлар масофа узоқлигини баҳона қилиб орада келмай қўйишидан, келса ҳам миннат қилишидан Муроднинг дили хира бўлган, албатта. У билан фикр алмашадиган синфдош дўстлари йўқлиги ҳам кайфиятига таъсир қилган.

8-синфга ўтгач, ўқишдан кўнгли қолиб, вақтини фақат ўйин ўйнаш билан ўтказади. Фақат бир куни «Ўзингдан кичкина болалар билан ўйнайверасанми?» деган гап бошқачароқ таъсир қилиб, ўйинқароқликни бас қилади, ўзини қўлга олади.
Мактабни битиргач, вазиятни таҳлил қилиб, келажагим учун бирор нарса билан машғул бўлишим керак, деб ўйлай бошладим. Лекин тайинли иш билан шуғулланишим учун ҳам шароит бўлиши, ота-онам бошқа фарзандлари сингари мени ҳам йўналтириши, қўллаб-қувватлаши керак эди. Ундай бўлмагач, шу кетишда давом этсам, ҳаётим ўзгармаслиги мумкинлигидан хавотирга тушганман. Ўзимга имкон топиш, ўтириб қолмаслик мақсадида уйдан кетишга аҳд қилганман.
Кетишдан икки-уч ой аввал тайёргарлик кўра бошлайди. Аввал кўп юрмагани ва узоқ масофани босиб ўтаётганда толиқиб қолмаслиги учун оёқларини жисмоний машқ билан чиниқтиради. 16 ёшининг август оқшомларидан бирида жамғарган 500 минг сўм пули билан, Худога таваккал қилиб, уйини тарк этади. Ёстиғининг устида эса хайрлашув мактубини қолдиради.
«Ота, она, мени кечиринг! Мен бу ерда ўз ўрнимни тополмадим. Ҳаммамиз иссиқ жон — сиз ҳам бугун бор, эртага эса йўқсиз. Менинг ҳаётим акамнинг қўлига қараб қоляпти. У менга қарасинми ёки оиласига? Мен ҳам ривожланишим, оёққа туришим керак. Менга имкон беринг, ривожланишимга тўсқинлик қилманг, илтимос. Берган нон-тузингизга рози бўлинг», — деб ёзилганди ўша хатда.
Юракдан чиққани учун мактубнинг ҳар бир сатрини сўзма-сўз эслаб қолган Мурод тахминан 3−4 километр юргач, таксига ўтиради ва қандай боришни биладиган ягона манзили — ўзи ўсиб-улғайган болалар уйига боради. Уни кутиб олган муассаса ходимлари, Муроднинг ялиниб-ёлворишига қарамай, ота-онасига хабар беради.

«Мени уйга олиб кетишди. Аммо ҳаётимда ҳеч нима ўзгармади. Кейин яна қочдим — бу сафар ярим йўлдан топиб келишди. Кейин, ўзимни чалғитиш учун сингилларимнинг ҳуқуққа оид китобларини ўқий бошладим, шу соҳани кўпроқ ўрганишга киришдим. Бу орада васийлик ва ҳомийлик органи ходими менга Redmi А6 смартфонини совға қилди. Унда интернетдан фойдаланиб, „Шароит Плюс“ ҳақида хабар топдим. Улар билан боғланиб, мени жамиятга аъзо қилиб олишларини сўрадим», — эслайди у.
Мурод айнан шу телефони орқали имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган Республика касб-ҳунар коллежига ҳужжат топшириб, компьютер йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинади. Коллеж унинг уйдан кетиши ва мустақил ҳаёт бошлаши учун бир «омад чиптаси» вазифасини бажариб беради.

«Жамият менга, мен жамиятга мослашишим учун фаоллашишга, имкониятлар излашга ҳаракат қилдим. «Шароит Плюс»га аъзо бўлиш билан бирга, 2019 йилдан «Олтин қанот» ёш волонтёрлар маркази ва яна бир ташкилотда волонтёрлик қилдим» , — дейди у.
Мурод охирги ташкилотнинг номини айтишни хоҳламаслигини у ерда кўнгилни хижил қиладиган воқеа содир бўлгани билан изоҳлайди. Айтишича, унга сахий бир инсон электрон аравача совға қилган. Ўша ташкилот раҳбари эса бу аравача нибошқа саратон ташҳисли бошқа бир болага бермоқчи бўлган.
«Яқинда ўлади у, бериб юборавермайсанми?» қабилидаги гапларни эшитиб, эҳсон пуллари ҳисобидан зиёфатлар қилинишидан хабар топгач, кўнглим қолган. Ўша ташкилотдагилар очган оилавий болалар уйида эса болалар хўрланаётгани, ҳақорат қилинаётганига гувоҳ бўлганман. Шуларни кўриб, муаммолар ҳал бўлиши ва одамларга чинакам фойда етиши учун эҳсон ва хайриялардан кўра шарт-шароитларни тўғрилаш ва ҳуқуқларнинг таъминланиши муҳимроқлигини тушуниб етганман.
Муаммо
Уч йил ўқишга топшириб, тўртинчисида омади келган Мурод Эгамов 2025 йил Тошкент давлат транспорт университетининг юриспруденция йўналишига ўқишга кирди. Лекин у ҳозир ўқишни ташлаш арафасида, шунга мажбур бўляпти. Бунга энг асосий сабаб — шаҳарсозлик ва инфратузилма билан боғлиқ муаммолар.

Университетининг асосий биносидаги пандус, Муроднинг айтишича, талабга жавоб бермайди. У ўқийдиган тўрт қаватли бинода эса на пандус ва на лифт бор.
Дарс учун учинчи қаватга чиқишим керак. Лекин ўзим чиқолмайман. Менга ёрдамлашиш учун зинадан кўтариб олиб чиқадиган курсдошимдан бири чурра орттириб олди. Яна бири олиб чиқаётганида эса ўзим йиқилиб тушдим.
«Беруний» метро бекати яқинида яшайдиган Муроднинг дарслари асосан пешиндан кейин бўлади. Масалан 14:30 да бўладиган дарси учун у уйдан қанча эрта чиқса ҳам ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан дарсга кечикади. Бунга — тротуардаги ноқулайликлар, метродаги автоматик пандуснинг бир ишлаб, бир ишламаслиги ва баъзи автобус ҳайдовчиларининг пандусни тушириб беришни хоҳламаслиги сабаб бўлади.

«„Беруний“ метро бекатигача талабга жавоб бермайдиган тротуар ва машина юрадиган асосий йўлни босиб ўтишимга тўғри келади», — дейди у.
Қурилиш объектлари атрофидаги тротуарлар кенглиги 1,5 метрдан кам бўлмаслиги, кексалар аравачада ҳаракатланадиган, ёш болаларнинг аравачаси етаклаб юриладиган серқатнов жойларда эса пиёдалар йўлкасининг кенглиги камида 2,4 метр бўлиши керак. Шаҳар, туман марказларида бўлса камида 3,6 метр бўлиши керак. Шунингдек, турар жой мавзеларидаги пиёдалар йўлкасининг кенглиги 2,0 метрдан, транспорт ҳаракатланадиган кўчаларда эса 2,4 — 3,0 метрдан кам бўлмаслиги керак.
«Метронинг олдига қанча эрта келмай, мени пастга олиб тушиб қўядиган марҳаматли инсонни кутиб туришга мажбурман. Сабаби — барча метро бекатларида ҳам автоматик пандуслар ҳали тўла ишга тушмаган», — дейди у.
Мурод бундай муаммоларга, айрим истисноли ҳолатларни ҳисобга олмаса, деярли ҳар куни дуч келади. «Ирода» лойиҳаси учун суратга тушиш куни ҳам шундай камёб истисноли кунлар қаторига кирди — унинг ёнида суратга олаётган фотограф борлигини кўрган метро ходимлари унга одатдагидан-да илиқроқ муносабатда бўлиб, зинадан тушиб-чиқишида ёрдам кўрсатди. Бундан ҳайратини яширолмаган Мурод: «камера билан юриш керак экан-да», — дейди.
 Расмий маълумотларга кўра, Тошкент метрополитенининг «Буюк Ипак йўли», «Амир Темур хиёбони», «Халқлар дўстлиги», «Новза» «Чилонзор», «Олмазор» ва «Беруний» бекатларига жами 45 та автоматик электрон пандус ўрнатилган ва улардан 21 таси ишга туширилган, қолган 24 тасида эса монтаж ишлари давом этмоқда.
«Шароит Плюс»нинг SMM-курсида ўқигач, Instagram ва Telegramʼда «Инклюзив Ўзбекистон» блогини юрита бошлаган Мурод яқинда метро бекатларида пандуслар қандай ишлаётгани ҳақида бир видео олди. Жараёнга тўсқинлик қилишга уринган метрополитеннинг айрим ходимлари унга «шунча шароит яратиб бергани учун шаҳар ҳокимига раҳмат айтишни, уни мақташни» тавсия қилган.
«Метронинг „Тошкент“ станциясидан чиқиб, 46, 40, 12-автобусларини кутаман. Талабалар кўп бўлгани учун баъзиларида бизга аравача билан жой бўлмаслиги, айримлари тўхтамай ўтиб кетиши ёки пандусни очиб бермаслиги мумкин», — дейди Мурод Эгамов. Шу каби сабабларни деб бир неча бор ўқишга кеч қолган Мурод охири деканатдан танбеҳ ҳам эшитган.

Вазиятни тушунтирганида эса унга ечим сифатида онлайн таълим олиш таклиф қилинган. Бир вақтлар уйда таълим олиб, унинг сифатсиз ва самарасиз бўлишини ўз танида ҳис қилиб кўрган суҳбатдошимиз эса яратилмаган шароитни деб нега инсон ўзини чеклаши, ўзини уйга қамаши керак, деб савол қўяди. Нима, у жамиятга қўшилиш, одамлар билан бирга бўлиш учун бекордан-бекорга шунча тиришиб-тирмашдими?
Парламентда ногиронлиги бор шахсларнинг бўлиши сиёсий вакилликни кенгайтиради, қарорлар ногиронлиги бор фуқароларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади, инклюзив, адолатли сиёсат шаклланади, деб ҳисоблаганим учун ҳам депутат бўлишни орзу қиламан. Лекин бу кетишда орзум қандай амалга ошади? Депутат бўлиш учун ҳам олий таълим керак. Элементар шароитлар йўқлиги сабаб эса ногиронлиги бор шахслар олий таълимга етиб боролмаслиги, борса ҳам мендек ўқишни ташлашга мажбур бўлиши мумкин. Яъни, бу ногиронлиги бор шахсларнинг нафақат депутат бўлиш, балки кунлик яшаши учун ҳам бошқаларга оддийдек туйиладиган тўсиқларга дуч келишига бир мисол.
Шунингдек, у ногиронлиги бор шахсларнинг оила қуриш масаласига ҳам эътибор қаратилиши керак, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, ногиронлиги бор шахсларнинг оилавий ҳаётга лаёқатли эмас деган стереотиплар уларнинг нормал, фаол ва мустақил ҳаёт кечириши йўлидаги яна бир катта ғов.

«Тўрт йил яхши кўриб юрган қизимнинг ҳам ногиронлиги бор эди, лекин ота-онаси оила қуришимизга қарши чиқди. Бундай ҳолатлар кўп ва бу ҳам ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари чекланишига яна бир ёрқин мисол. Шу сабабли бу масала ҳақида жамият кўпроқ гапиришини, оммавий ахборот воситалари эса бу муаммони кўпроқ ёритишини истардим», — дейди Мурод Эгамов.

Материални Гулираъно Мусаева тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Дилруҳ Исомиддинова / Gazeta


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda