| «Раҳматли бувим кичкиналигида ака-укалари билан кураш тушиб, уларни йиқитиб юрар экан. Аммо ўша давр менталитети, жамият стеротиплари туфайли спорт билан жиддий шуғулланмаган. Ўзининг орзуларини бизда кўришни истаб, беш неварасини спорт мактабига олиб борган. Бошида самбога қатнаганмиз, кейинчалик дзюдога ўтганмиз. Бувим бозорда мева-сабзавот сотарди. Шундай бўлса-да, биз учун вақт ажратиб, ҳар куни дўконини ёпиб, икки соатлик машғулотларимизга ўзи олиб бориб, ўзи олиб келарди. Ўзбекистоннинг турли жойларида бўладиган мусобақаларга ҳам биз билан бирга борарди. Йўлкира, еб-ичиш, кимоно учун харажатларимиз қопларди. Аниқ эсимда, бувимнинг кичкина фотоаппарати бўларди, мусобақалар ва машғулотлар вақтида бизни суратга туширарди. Ўқишимизни ҳам қаттиқ назорат қиларди. Инглиз ва рус тилларини ўрганишимда ҳам бувимнинг ҳиссаси катта. «Невараларимга ишонаман, шу спортнинг орқасидан кетади охиригача. Чемпион бўлиш буларнинг қўлидан келади», деган гапни кўп такрорларди. Ҳозирга келиб беш неварасидан фақат мен профессионал спорт билан шуғулланяпман. Ҳар гал бирор ютуққа эришсам биринчи бўлиб кўз олдимда бувим гавдаланади. Айни вақтда, катта-катта муваффақиятларимни кўра олмаганликларидан афсусланаман. Бироқ, мени спорт оламига олиб кирганликлари учун бувимдан ўла-ўлгунча миннатдорман». |
| «Мен энг бахтли аёллардан бириман» Диёра Келдиёрованинг таъкидлашича, спортдаги муваффақиятларида турмуш ўртоғи Азамат Матёқубов ва унинг оиласи, яъни қайнота-қайнонасининг ҳам ҳиссаси катта бор. Азамат дзюдо бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида мураббийлик қилади. Диёра эр-хотиннинг бир соҳада бўлишига ижобий қарайди — шунда улар ҳамиша бир-бирини тўғри тушуниб, ўзаро қўллаб-қувватлаб яшайди, деб ҳисоблайди. «Профессионал спортчи бўлганим учун ҳам оиламизда турмушга узатиш масаласи кўп муҳокама қилинмаган. Яқинларимдан «Ёшинг ўтиб кетяпти, оила қуришинг керак, спортни йиғиштир», деган турли фикрларни деярли эшитмаганман. Дадам ҳар доим олдин магистратурада ўқишинг, спортда катта натижаларга эришишинг керак, дерди. Турмуш ўртоғим билан 2015 йили Термиздаги мусобақада танишганмиз: ўшанда мен 17 ёш, у эса 19 ёшда эди. Орадан етти йил ўтиб, оила қурдик, бу масалада иккимиз қарор қабул қилганмиз. Бу вақт оралиғида Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бакалавр ҳамда магистратура босқичларида таҳсил олдим. |
Матнни Миролим Исажонов тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.
Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.