Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
2025 йил ўзбекистонлик фотографлар нигоҳида
15 ижодкорнинг «йил фотолари» — Gazeta жамланмаси
Халқаро спорт мусобақалари, маҳаллий тадбирлар, санъат ва маданият олами, экологик муаммолар, қишлоқлардаги сувсиз ва газсиз ҳаёт тарзи ҳамда бошқа манзаралар — бу 2025 йилнинг ўзбекистонлик фотографлар ижодида акс этган умумий образи. 15 нафар фотографнинг 70 га яқин сурати Gazeta жамланмасида.
Халқаро спорт мусобақалари, маҳаллий тадбирлар, санъат ва маданият олами, экологик муаммолар, қишлоқлардаги сувсиз ва газсиз ҳаёт тарзи ҳамда бошқа манзаралар — бу 2025 йилнинг ўзбекистонлик фотографлар ижодида акс этган умумий образи. 15 нафар фотографнинг 70 га яқин сурати Gazeta жамланмасида.
Ҳар бир йил якунланар экан, унинг қандай ўтгани ҳақида анъанавий тарзда турли материаллар тақдим этилади. Gazeta нашри бу галги материаллари орасида ўзбекистонлик фотосуратчиларнинг йил давомида олган энг сара суратларини ҳам тақдим этишга қарор қилди.

Биз Gazeta ва бошқа нашрларда фаолият юритадиган, шунингдек, мустақил ижод қилаётган ўнлаб фотографлардан йил давомидаги ишлари орасидан ўз назаридаги «йил суратлари»ни тақдим этишларини сўрадик. Марҳамат, 15 нафар фотографнинг 70 га яқин сурати билан танишинг.

Рўйхат фотографларнинг исм-фамилияси асосида алифбо тартибида берилган.

Суратлар қачон ва қаерда олинганини кўриш учун уларнинг устига босинг.

Анзор Бухарский
Бухоролик бўлганим учун ижодимнинг катта қисми айнан шу шаҳар билан боғлиқ. Кўҳна тарих ва бугунги жонли ҳаётни бир кадрда уйғунлаштириб акс эттириш энг севимли йўналишларимдан бири. Шу сабабли йил давомида олган суратларим орасида айнан шу манзаралар алоҳида ўрин тутади.
Беҳзод Болтаев
Ушбу суратларни 2025 йилги энг яхши ижодий намуналарим деб ҳисоблайман. Уларда композиция ва ранглар уйғунлиги ҳам бор. Биринчи суратимни она шаҳрим Бухоронинг гўзаллигини яна бир бор кўрсатиш мақсадида олганман. Кўҳна тарих қўйнида болаларнинг қувноқ ўйнаши инсонга ўзига хос завқ бағишлайди.

Иккинчи сурат эса оқ-қора рангларда ифодаланган. Ҳаёт доимо ёруғ бўлавермайди. Шунга қарамай, мен оптимистман — инсон бошига кулфат тушганидан сўнг ҳам яхши кунлар келишига ишонаман. Инсон доимо гўзалликка интилар экан, бахтли бўлишни хоҳлайди. Шу маънода учинчи сурат мен учун бахтли оила ва гўзал ҳаёт тимсолидир.
Бобур Алимхўжаев
Биринчи суратим тасодифий икки марталик экспозицияга айланди: кадрларнинг бир қисми 2024 йил ёзида Истанбулда, қолган қисми эса 2025 йил Берлинда тасвирга олинган. Битта тасвирда икки шаҳар ва икки маданият уйғунлашди. Айниқса, катта турк диаспораси яшайдиган Берлин учун бу кадр рамзий аҳамият касб этади — у чегаралар фақат шартли экани, инсоний ҳикоялар эса доимо бир-бири билан туташиб боришини эслатади.

Балет ва рақс ижодимдаги асосий мавзулардан бири ҳисобланади. Мени тананинг пластикаси, ритм ва такрорлаб бўлмайдиган ҳаракат лаҳзалари ўзига тортади. Кейинги суратларда балетга бағишланган кадрлар орқали аниқ бир ҳаракатни эмас, балки фақат бир зум яшаб, дарҳол йўқолиб кетадиган ҳаракат ҳиссини тасвирлашга интилганман.
2025 йилда Франциянинг Бурж шаҳрида менинг биринчи халқаро даражадаги шахсий кўргазмам — «L'art du mouvement» бўлиб ўтди. Тўртинчи суратдаги Эйфел минораси кадри мен учун муҳим босқич рамзига айланди. Бу сурат янги аудитория билан бошланган мулоқотни ифодалаш билан бирга, фотография тилида чегаралар йўқлиги ва унинг мамлакатлардан ташқарида ҳам тушунарли эканини тасдиқлайди.

Охирги суратим ҳам Францияда олинган. Лувр — вақтни бошқача ҳис қилиш имкони. Бу ерда турли даврлар, услублар ва тақдирлар бир-бири билан туташади. Санъат асарлари орасида ҳаракатланаётган одамларни кузатар эканман, санъат лаҳзалар ва ҳис-туйғуларни асраб, уларга инсон умридан ҳам узоқроқ яшаш имконини бериши ҳақида ўйладим.
Эъзоза Умрзоқова
Ушбу фотосуратларим билан чекка қишлоқларда яшовчи оддий одамларнинг ҳаёти, уларнинг қадриятлари ва кундалик курашини кўрсатишни истадим. Улар орқали «газ йўқлигига қарамай, бу ерларда ҳаёт тўхтаб қолмаган — имкониятни кутиб эмас, уни яратиб яшаётган Ватан болалари бор», дегим келган...
Элёр Неъмат
Фарғонанинг Аввал шаҳарчасида маҳаллий деҳқон ўз уйи ёнида янги териб олинган наъматак меваларини сараламоқда. У 40 йилдан зиёд вақт давомида 10 гектарлик хўжалигида наъматак етиштириш билан шуғулланиб келади. Мевалар аввал қўлда эҳтиёткорлик билан терилади, сўнг тахминан бир ҳафта давомида қуритилиб, кейин қадоқланади.

Етиштирилган маҳаллий маҳсулотнинг аксари ҳудудий экспортчилар орқали Россия ва Ўзбекистон дорихоналарига етказиб берилади. Наъматак табиий шифобахш восита ҳисобланиб, айниқса, юқори қон босимида фойдали эканлиги айтилади.
Эрнест Куртвелиев
Бу йил мен учун Ғарбий Қозоғистон, аниқроғи, Манғистау вилояти ҳақиқий кашфиёт бўлди. Қозоғистонлик дўстларимнинг айнан шундай ноёб масканларда туризмни йўлга қўйгани менга жуда маъқул бўлди. Ўзбекистон ва Қозоғистонни деярли бир хил табиий ҳудудлар ажратиб туради — масалан, Орол денгизи ёки Устюрт платоси. Манғистау ҳудуди Устюрт платосининг ғарбий қисми ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш қизиқарли жойлар кам эмас ва бу бизда ҳам экологик туризмни ривожлантириш учун айни муддао, деб ўйлайман.
Ҳусниддин Ато
Мен пара спортчиларни суратга олиш жараёнида уларга мухлислик ҳам қилиб келаман. Лекин мухлислик фотожурналист учун халал бериши, мухлислик қила туриб ҳаяжонли лаҳзаларни суратга ололмай қолиши мумкин. Биринчи суратдаги Моҳигул эса менинг бу йилги қаҳрамонларимдан бири. Унда келажакдаги Паралимпиада чемпионлигини ҳис қиляпман. Аслида улар кўпчилик.

Токиодаги Сурдлимпиада мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоасидаги барча медалларни айнан таэквондо йўналишидаги спортчилар олиб келишди. Бу эса мураббий Даврон Хидиров ва унинг сафдошлари меҳнати жуда катталигини англатади. Иккинчи сурат Даврон Хидировнинг финал баҳслари жараёнидаги ҳолатидан олинган. Бу ерда мураббий барча финалга чиққан шогирдларининг баҳсларида ёнида бўлишга ва бир вақтнинг ўзида навбатдаги спортчини ҳам баҳсга тайёрлашга шошилмоқда.

Учинчи суратда 2017 — 2025 йилларда UNESCOʼнинг ўнинчи бош директори сифатида фаолият юритган Аудрей Азоулайни кўрасиз. Унинг хайрлашув маросими айнан Самарқандда ўтган UNESCO бош конференцияси кунларига тўғри келди. Ушбу конференция жараёнида Аудрей Азоулай хонимнинг расмий фотосуратчиси сифатида фаолият олиб бориш мен учун катта масъулият эди. Жараёнда жуда кўп суратлар олдим. Сизларга эса ўзимга энг ёққанини тақдим этдим.
Кейинги икки суратда эса мақомчи хонанда Гулзода Худойназарова. Унинг хориждаги яккахон концертлари, асосан, мақомлар, Шашмақом асарлари ва катта ашулалардан иборат. Бу ижроларни шунчаки суратга олиб бўлмайди.
Мария Малиновская
Биринчи суратда ўзбек маданиятининг бойлиги ва ранг-баранглиги жонли акс этган. Унда раққосаларнинг ҳар бир ишораси, ҳар бир нигоҳида қандайдир ҳикоя бор. Уларнинг барчаси биргаликда маданиятнинг қудратли, тирик манзарасини кўрсатади.

Иккинчи сурат эса от спортини суратга олишдаги илк тажрибам ҳисобланади. Жараёнга шу даражада берилиб кетганимдан кўплаб кадрлар олдим ва уларнинг орасидан айнан шунисини танладим. Сурат менга спорт фотографиясида лаҳзани ҳис қилиш ҳамда ритм сезгисининг нақадар муҳимлигини кўрсатди.

Сўнгги кадрда шамол осмон узра чизиқлар чизади, қушлар эса бу чизғиларни давом эттириб, ҳаракат ва эркинлик ҳиссини яратади. Бу сурат йил давомида фотография билан шуғулланишни давом эттириш учун менга уч марта кучли мотивация берди. Uzbekistan Airways журналида чоп этилди, «Global ability photograohy challenge» халқаро танловида йилнинг энг яхши 25 та иши қаторига кирди ва Японияда ўтказилган кўргазмада намойиш этилди. Айнан шунинг учун ҳам уни 2025 йилимдаги энг яхши ижодий ишларим сафига қўшишни хоҳлайман.
Марварида Исроил
2025 йилги ижодим спорт мусобақалари, маҳаллий фестиваллар ва қишлоқ ҳаётини ёритишдан иборат бўлибди. 2025 йил аёллар футболи мусобақалари ҳам муваффаққиятли давом этди. Қизлар жамоаси кўплаб давомий ғалабаларга эришди. Биринчи суратимни қарши дарвозага гол киритилган лаҳзада суратга олганман. Бу суратда Ватан, ғалаба, жамоавий хурсандчилик туйғуларини ҳис қиламан.

Иккинчи суратдаги аёлнинг миллий кийим ва миллий ижросида ўзбек аёли образини кўргандек бўлганман. Шунинг учун ҳам бу сурат менга қадрли. Қишлоқдан олинган суратларимнинг эса ҳеч бири қадрли эмас, ундаги одамлар қадрли. Уларнинг ҳаммаси ўз ҳаёти, яшаш шароитларида ҳам қадр топишини ич-ичимдан хоҳлайман.
Муҳаммаджон Ғаниев
Тошкентдаги ўзгаришларни, шаҳардаги эътибор қаратиш лозим ҳолатларни ҳужжатлаштириш — севимли машғулотим. Махсус автобус йўлагига эга бўлган Шота Руставели кўчаси, шаҳарни қоплаган чанг шулар жумласидан. Шунингдек, хорижга сафарлар давомида ҳам ижод қилишга ҳаракат қиламан. Германиядаги ой тасвирлари ана шундай ижод маҳсулимдир.

Бешинчи сурат эса 2025 йилда ўзимга энг кўп ёққан ишим ҳисобланади. Бу астрофография йўналишидаги илк синовим. Бу каби суратлар реал кўз билан кўринадиган рангларни акс эттирмайди, балки илмий маълумотларни визуал тушунарли қилиш мақсадида яратилади. Шунинг учун унда контраст ва ранглар сунъий кучайтирилган.
Мумтозбегим
Биринчи сурат йил давомида жамиятда кўзга ташланган қарама-қаршиликларни ўзида мужассам этади. Тарихий ва муқаддас иншоот фонида кундалик ҳаётнинг бепарво манзараси акс этиб, бугунги шаҳар маданиятининг реал ҳолатини кўрсатади.

Иккинчи суратимда болалик, беғуборлик ҳамда шаҳардаги оддий ҳаёт акс этгани учун ҳам уни яхши кўраман. Охирги суратда ерда ҳаракатланаётган чумоли орқали йил давомида юз берган катта воқеалар фонида кичик ҳаётларнинг борлиги ва тўхтамаслигини ифодалаганман.
Мурод Юсуф
Ҳайвонлар ва футбол мусобақаларини суратга олишни яхши кўраман. Аммо ҳар доим ҳам улар билан боғлиқ ноодатий лаҳзаларни кадрга муҳрлаш имконсиз. Тақдим этган суратларимда айнан шу хусусиятлар борлиги учун ҳам менга қадрлироқ.
Холида Мусулмон
Бу йил фотографиянинг турли жанр ва услубларда ўзимни синаб кўришга ҳаракат қилдим. Кўпроқ кузатдим ва доимий изланишим кераклигини англадим. Нега айнан шу суратларимни «йил фотоларим» сифатида тақдим этаётганим ҳақида рости менда жавоб йўқ. Улар ўзим учун қизиқ суратлар. Умуман, катта фотографларнинг ишлари олдида ўз ишимни баҳолаш қийин, шу боис бу борада ортиқча изоҳ беришни истамайман.
Шоҳруҳ Ҳайдаров
Болалигимизда деярли ҳаммамиз осмонда кўринган самолётларга қўл силкитган бўлсак керак. Биринчи суратим ўша дамларни эслатиб юборади. Одамлар тепаликка чиқиб, худди қадрдон инсонини кузатаётгандек самолёт ортидан қўл силкитишмоқда. Суратнинг энг кучли томони ундаги «тириклик» ҳиссида, яъни совуқ темир техника ва иссиқ инсоний меҳр бир кадрда учрашган.

Иккинчи суратимда боғдаги кўча созандасининг куйига берилиб рақс тушаётган жажжи қизалоқ тимсолида ҳаётнинг ҳеч қандай бўёқларсиз қисмини кўриш муммин. Айнан мана шундай кичик ва беғубор қувончлар бизнинг кундалик тиғиз ҳаётимизни мазмунли қилади. Учинчи суратда эса Тошкентнинг икки хил қиёфаси — тарих ва келажак тўқнашуви кўрсатиб берилган.
Тўртинчи суратда эса энг катта экологик муаммодан вақтинча қутулган Тошкент осмони акс этган. Биласиз, узоқ вақт давом этган чанг-тўзонлардан кейин тиниқлашган осмон нафақат шаҳарнинг, балки одамларнинг ҳам нафаси енгиллашишига сабаб бўлди. Ғубор тарқалган лаҳзада шаҳарнинг энг чекка нуқталари ҳам кафтдек намоён бўлиб қолганди.
Охирги суратимда ижтимоий контрастни акс эттирмоқчи бўлганман ва бу кутилмаганда юз берганди. Тадбирдан бироз зерикиб кўчага чиқсам, ойна қаршисида ота ва боланинг ичкаридаги автомобилни мириқиб томоша қилиб турганига гувоҳи бўлгандим. Ялтираб турган қимматбаҳо Таҳоэ автомобили ва уни шиша ортидан, ташқаридан кузатиб турган ота-бола образи жамиятдаги катта бир манзарани битта кадрга жамлаган, деб ҳисоблайман.

Бу ерда шиша тўсиқ нафақат жисмоний чегара, балки икки хил дунё — ҳашамат ва кундалик ҳаёт ўртасидаги нозик пардани англатади. Самимий ва бироз маҳзун туюлган бу лаҳза инсоннинг ҳамиша яхшироқ ҳаётга интилишини, отанинг эса фарзандига энг яхшисини кўрсатиш истагини муҳрлаган. Айнан мана шундай ҳаётий ҳақиқатлар акс этгани учун ҳам бу кадр ўзимга жуда ёқади.
Евгений Сорочин
Бу йилим иш ва саёҳатлар билан сермазмун ўтди. Кўплаб воқеалар ичидан энг муҳимини ажратиб кўрсатиш осон эмас. Аммо экологик муаммолар, хусусан, тартибсиз қурилишлар, сув танқислиги, ҳаво ифлосланиши ва, айниқса, бу масалаларга йил давомида масъулларнинг бепарволиги мени ҳам, жамиятни ҳам бирдек ташвишга солди.

Йил воқеаларининг алоҳида бир қисми эса футбол бўйича терма жамоамизнинг 2026 йилги Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани бўлди. Бу — узоқ йиллардан буён илк бор қайд этилган тарихий ютуқ! Менга жамоанинг бутун йўлини — саралаш босқичидаги дастлабки ўйинлардан тортиб, якуний қуръа ташлаш маросимигача бўлган жараёнларни кузатиб бориш насиб этди.
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda