Мен ўқишнинг қатъий алгоритми асосида мутолаа қиламан ва у менга китобларни шунчаки жамлаш эмас, уларнинг контексти ва муаллифлар яшаган даврни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Унга кўра, асарларни, айниқса, ўзбек адабиётини йўналиш ва даврлар кетма-кетлиги бўйича ўқийман. Чунки ўзбек адабиёти фақат икки ё уч китобдангина иборат эмас — ҳар бир муаллиф ва у ижод қилган давр ўзига хос.
Мутолаани жадид адабиётидан бошлаб, уни деярли бутунлай — матнларнинг тахминан 70 фоизи, жумладан, мақолаларни ҳам ўқиб чиққанман. Уларни «
Ziyo.uz» порталидан топиш мумкин. Кейин изчилликни кузатиш мақсадида, хронологик тартиб бўйича жадидларнинг шогирди ва маълум маънода издоши бўлган
Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор каби ёзувчиларнинг асарлари билан танишдим. Cўнгра
Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Асқад Мухтор ва Тоғай Мурод каби адибларнинг ижодини ўргандим.
Ҳозир мустақиллик даврининг Ўткир Ҳошимов, Улуғбек Ҳамдам, Мурод Муҳаммад Дўст каби ёзувчилари ва бошқа замонавий муаллифларнинг ижодини аста-секинлик билан ўрганиб чиқяпман. Айни вақтнинг ўзида, мамлакат контекстини чуқурроқ англаш учун Ўзбекистон тарихига оид илмий адабиётларни ҳам ўқияпман. Уларнинг орасидан
Адиб Ҳолид, Марианна Кемп, Клер Рузин, Вики Девис, Мая Питерсон ва Крис Форт сингари ёзувчиларнинг асарлари ҳам ўрин олган.