Орада ўзбек шеъриятининг — ўзим учун руҳият жиҳатидан кўпроқ яқин бўлган ўтган асрнинг 80-йиллар авлодларига мурожаат қилдим. Ҳалима Худойбердиева, Фахриёр, Баҳром Рўзимуҳаммад, Улуғбек Ҳамдамнинг шеърларидан илҳомландим.
25−26 ёшдан кейин эса фалсафий, жамиятни таҳлил қилишга ундайдиган китоблар билан танишдим. Бу жараён таъкидлаганимдек, ўз-ўзидан содир бўлгани учун дастлаб фалсафий адабиётлар, мавжудликка таъсир қилишга қизиқиш уйғонаётганидан бехабар бўлганман.
Ницшенинг
«Зардўшт таваллоси» («Also sprach Zarathustra»),
«Дажжол» («Der Antichrist. Fluch auf das Christenthum»)и,
Зигмун Фрейд, Жеймс Фрезерларнинг китоблари ва
Карл Густав Юнгнинг архетиплар ҳақидаги асаридан ҳаётимни илмга солинган ҳолда кўришни, ўзим, жамият ва сиёсий вазиятни таҳлил қилишни ўргандим.
Ҳаётимнинг ҳозирги босқичидаги мутолаа эса кўпроқ — ноширлик фаолиятим, ўзим таржима қилаётган асарлар билан боғлиқ. Уларнинг орасидан Нобель совриндори Октавио Пазнинг «Бланко» поэмасини алоҳида таъкидлашни хоҳлардим. Сабаби, у шунчаки шеърият ёки фалсафа эмас — Ҳиндистон ва Мексика маданиятлари, вақт-фазо идроки, ранглар, сезги ҳамда англаш жараёнининг босқичларини ўзида жамлаган ажойиб асар.
Умуман, адабиётда, шеъриятда янгиланиш бўлиши учун дунёдан таъсирланиш керак,
шакл ўзгарсагина — мазмун ўзгаради, деб ҳисоблайман.