«Пойга — вақт давомида шаклланадиган катта ҳужжат»
Gazeta фотомухбири Евгений Сорочин
24H Dubai пойгасидаги иши ҳақида
Gazeta фотомухбири Евгений Сорочин бу йил биринчи марта пойга мусобақасида ишлади — у 24H Dubai 2026 пойгасини суратга олди. Унда Rossa Racing жамоаси таркибида ўзбекистонлик пилот дебют қилди. Таҳририят илтимосига кўра, у трекдаги иш таассуротлари ва экипажлар ҳақидаги кузатувлари билан ўртоқлашди.
Gazeta фотомухбири Евгений Сорочин бу йил биринчи марта пойга мусобақасида ишлади — у 24H Dubai 2026 пойгасини суратга олди. Унда Rossa Racing жамоаси таркибида ўзбекистонлик пилот дебют қилди. Таҳририят илтимосига кўра, у трекдаги иш таассуротлари ва экипажлар ҳақидаги кузатувлари билан ўртоқлашди.

«Орзу қилиш ва визуализация баъзан иш беради»

Ҳаммаси ўтган ёзда чиққан Брэд Питт иштирокидаги «Формула-1» фильми томошасидан бошланди. Уни кўргач, автопойгалар жуда визуал ва кинематографик ҳодиса экани, бир куни шундай мусобақани суратга олиш қанчалик қизиқ бўлишини ўйлаб қолдим. Бу албатта «Формула-1» бўлиши шарт эмас — исталган пойга. Аслида бундай тажриба менда аввал ҳам бўлган: 2019 йилда картинг бўйича ёшлар кубогида ишлаганман. Ўшанда трасса Амир Темур хиёбонида ташкил этилган, лекин масштаб ва ритм жиҳатидан бу мутлақо бошқа мавзу эди.
2025 йил сентябрида Бокуда «Формула-1» босқичи ўтиши керак эди. Масофа яқин бўлгани учун у ерга қандай бориш мумкинлигини ўйлай бошладим, аммо кеч қолганим маълум бўлди — аккредитациядан ўтишга улгурмадим. Озарбайжондаги пойгани ўтказиб юборишга тўғри келди, лекин хоҳиш сақланиб қолди. Декабрь охирида Rossa Racing жамоаси вакиллари таҳририят билан боғланди. Жамоа таркибида ўзбекистонлик пилот Исмоил Аҳмедходжаев ҳам бор эди. Улар Gazetaʼни Дубайга таклиф қилди ва мен барибир пойгага бордим. Қанчалик оддий эшитилмасин, орзу қилиш ва уни тасаввурда жонлантириш (визуализация) баъзан ҳақиқатан ҳам иш беради.
Сафар олдидан пойгани суратга олиш учун махсус тайёргарлик кўрмадим. Dubai Autodrome трассасини алоҳида ўрганмадим, мусобақа фотосуратларидан кўра ҳамкасбим юборган шу форматдаги пойгалар видеоларини кўришни маъқул кўрдим. Мен учун муҳим бўлгани — чиройли кадр эмас, жараённинг ўзи қандай кечишини тушуниш эди: пойга қандай ривожланади, босим қаерда пайдо бўлади, ритм қандай ўзгаради?

«Муҳими — чаққон бўлиш»

Автодромда иш қандай ташкил этилгани кутганимдан анча фарқ қилди. Ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиш қийин, кириш бўйича эса жиддий чекловлар бўлади, деб ўйлагандим. Энг яхши ҳолатда трибуналардан суратга олиш, кўпи билан пойгадан ташқари расмий тадбирларга кириш мумкин, деб тасаввур қилгандим. Аслида эса барчаси бошқача бўлиб чиқди: трек ҳудудида эркин ҳаракатланиш, деярли исталган жамоа боксларига кириш мумкин эди. Мен машина ва двигателдан бир неча сантиметр масофада туриб ишладим.
Бизни олдиндан огоҳлантиришди: пойга пайтида жамоа тўлиқ ўз вазифасига берилади. Ҳеч ким атрофга қарамайди — ҳар ким ўз ишини максимал тез ва аниқ бажаради. Йўлда турсангиз, улар тўхтамайди ва айланиб ўтмайди — шунчаки суриб ўтиб кетиши мумкин. Бу қўполлик эмас, балки вақт ва масъулият масаласи.
Асосий пойгадан олдин квалификация босқичи ўтказилди — у моҳиятан, пойганинг ўзига тайёргарлик, репетиция. Биз, фотографлар учун бу «жанговар» шароитни олдиндан кўриш имкони бўлди: старт, пит-стоплар, шиналар алмашиши, пилотлар алмашиши, эҳтимолий таъмирлар. Айнан шу куни қаерда ва қандай ишлаш кераклигини тушуна бошладим. Қайси жойда халақит бераётганингни ва қаерда олдиндан позицияни эгаллаб, жойингда туриш маъқуллигини англайсан.

Фақат кўз билан эмас, қулоқ билан ҳам мўлжал олишга тўғри келди. Трек бўйлаб узлуксиз шовқин эшитиларди: ҳар бири кучли двигателга эга қарийб 70 та машина доимий ҳаракатда эди. Бу жуда баланд овоз. Машина бир айланани тахминан икки дақиқада босиб ўтади, бир жойда туриб эса бир хил автомобилни қайта-қайта кўраверасиз. Шу ритмга мослашиб ишлайсиз.
Кўпчиликда қулоқчин ёки беруши (қулоқ тиқини) бор эди, бизда эса йўқ. Соғлиқ нуқтаи назаридан бу тўғри қарор эмасдир, аммо барчасини фильтрсиз эшитганимдан хурсандман. Бу жараённи бошқача ҳис қилдирди. Сен фақат моторлар гуриллашини эмас, балки вибрацияни ва бутун овоз муҳитини — трассанинг қаттиқ шовқинидан тортиб, боксларда муҳандисларнинг деярли шивирлаб айтган гапларигача — тўлиқ ҳис қиласан. Менга улар атайлаб паст овозда гапираётгандек туюлди — бу бирор нарсани сир тутиш учун эмас, жамоада хотиржам муҳитни сақлаш учун эди.
Бундай тадбирларда жуда тезкор бўлиш билан бирга эҳтиёткор ва масъулиятли ҳам бўлиш керак — жараёнга халақит бермаслик ва воқеалар ривожига таъсир қилмаслик муҳим. Баъзан бу ҳолат DC комиксларидаги Флэш суперқаҳрамонини эслатарди: у ҳам жуда тез ҳаракат қилади, лекин ҳаракатлари билан воқеалар оқимини ўзгартирмасликка интилади.

Кўп жиҳат жойнинг ўзида маълумот тўплаш қобилиятига боғлиқ эди — фақат визуал эмас, балки суҳбатлар орқали олинган маълумот ҳам. Rossa Racing жамоасининг фотограф ва видеографлари менга катта ёрдам берди: қаерда ва қачон туриш яхшироқ эканини, қайси пайт яқинлашиш мумкинлигини, қаерда эса четда туриш кераклигини айтиб туришди. Мен учун бу биринчи пойга эди, улар учун эса одатий муҳит.

«Пойга — бу фақат тезлик бўйича мусобақа эмас, балки ўзингни енгиш»

Бунгача футбол ўйинларидан кўп фоторепортажлар қилганман ва фарқни дарҳол ҳис қилдим. Мен футбол ёки автоспорт мухлиси эмасман, аммо айнан пойгалар кутилмаган даражада мен учун анча жозибали бўлиб чиқди. Трассага чиққанимнинг илк дақиқалариданоқ бу ҳис йўқолмади.
реклама
реклама
Футбол ўйини тахминан бир ярим соат давом этади — ҳатто қўшимча вақт билан ҳам бу аниқ вақт чегарасига эга воқеа. Пойга эса кундузи бошланиб, 24 соат узлуксиз давом этади. Механиклар, муҳандислар, техник ходимлар — бутун жамоа доим иш жараёнида бўлади. Юклама жуда катта, шу билан бирга ҳар бир инсоннинг умумий натижага қай даражада жалб этилгани аниқ кўриниб туради.

Жамоада беш нафар пилот бор. Улар навбат билан алмашиб туришади, ҳар бирига заездлар орасида дам олиш имконияти берилади — бу зарур, чунки трассада максимал концентрация талаб этилади, чарчоқ эса қимматга тушиши мумкин. Техник жамоа ҳам қисқа вақтга ўтириб, овқатланиб, нафас ростлаб олиши мумкин, аммо тўлиқ ухлаб олиш имконияти йўқ эди. Пойга — узлуксиз жараён, ва бу ерда натижа учун ҳар бир иштирокчининг ўрни қанчалик муҳим экани яққол кўринади: муҳандисдан тортиб, боксда тозаликка жавоб берадиган ходимгача.
Пойгани суратга олаётган фотограф учун энг катта қийинчилик — бир вақтнинг ўзида бир нечта жойда бўлолмаслик. Трассада жуда кўп воқеалар содир бўларди, мен эса ёнимда юз берганларини қайд эта олдим холос. Масалан, пилотни машинадан чиқаришга ёрдам беришганини кўрдим. Балки бундай ҳолатлар кўпроқ бўлгандир, балки бу ягона эпизоддир — аниқ билмайман. Жамоага халақит бермаслик учун масофада турдим. Нима бўлганини ҳам билмадим: эшик қисилиб қолганми ёки пилот шунчалик чарчаганмиди — очиқ ҳавога чиқиши учун ёрдам керак бўлди.
Бундай ҳолатларсиз ҳам пилотлар учун қанчалик оғир экани кўриниб туради. Стартга кузатар экансангиз, пилот тетик, кучга тўла, диққати жамланган, ҳатто ҳали тоза ҳолда бўлади. Икки-уч соатдан кейин трассадан қайтганда эса бутунлай бошқа одамни кўрасиз: юзи қизарган, терга ботган, чарчаган, баъзан гапиришга ҳам қийналади.
Жамоа аъзолари менга кўп бор пойга фақат тезлик бўйича мусобақа эмас, балки инсоннинг ўз-ўзи билан кураши, ўзини енгиши эканини айтди. Бу фикрни жойида янада чуқурроқ ҳис қилдим. Уни визуал тарзда етказишга ҳаракат қилдим — соялар, акслар ва силуэтлар орқали: баъзан кадрда инсон деярли контекстсиз, ўз-ўзи билан якка қолган ҳолда намоён бўлади.

«Жамоа ишини мен бир финжон қаҳва дамлагунча тугатди»

Авариянинг аниқ вақтини эслай олмайман. Ўша пайт фуд-корт ёнида эдим. У ерда пойганинг жонли трансляцияси бериладиган катта экран ўрнатилган, комментарийлар эшиттириладиган аудиотизим ишлаб турарди, ёнгинамда эса фотографлар учун трекка энг яқин кириш жойи бор эди. Шу нуқтадан зигзагсимон бурилишда ҳаракатланаётган машиналар яхши кўринади — суратга олиш учун жуда қулай жой.
Машиналарни вақтга қараб суратга олардим: қайси машина ёки жамоамиз болиди қачон ўтиши кераклигини тахминан билардим ва кадрга олдиндан тайёргарлик кўрардим. Бир пайт ёнимда маршаллар пайдо бўлди. Улар байроқ кўтариб, қизил сигнал чироқларини ёқишди. Бу тезлик чеклангани ва қувиб ўтиш тақиқланганини англатарди. Бундай ҳолатлар пойга давомида олдин ҳам бўлгани учун аввалига бунга жиддий аҳамият бермадим. Кейин Rossa Racing болиди кутилган вақтда трассада кўринмаганини пайқадим. Экранга қарасам, машина йўл четида тўхтаб турган экан.

Бир гап борлигини тушундим. Дарҳол боксларга қайтишга қарор қилдим. Фуд-корт ва кириш зонаси орқали югурганим ёдимда, кейинги тафсилотлар хира — эҳтимол, ўтишни кутиб тургандирман ёки шунчаки ичкарига кириб кетгандирман. Охири жамоага етиб бордим ва машина аварияга учраганини айтишди.

Биринчи бўлиб пилотлар аҳволини сўрадим. Ҳеч ким жабрланмагани, аммо болид пойгани давом эттира олмаслиги айтилди. Жамоа эвакуаторни кута бошлади, одамлар чеҳрасида эса турли ҳис-туйғулар — саросима, чарчоқ, нима бўлаётганини англамаслик акс этарди.
Бунгача ҳам Rossa Racing жамоасида бундай ҳолатлар бўлган. Биринчи ҳодиса хавфсизлик камари билан боғлиқ, иккинчиси эса кузов ёки бампер шикастланиши билан. Ташқаридан кузатувчи сифатида менга бу пойганинг охиридай туюлди: болидни боксга олиб киришди, кўтаришди, ғилдиракларни ечишди, корпусни ажрата бошлашди. Шу пайт у энди трассага қайтмайди, деб ўйлагандим, аммо бир зумда машинани йиғиб, яна трассага чиқаришди — мен ҳали нима бўлаётганини англаб ҳам улгурмадим. Барчаси бир неча дақиқада содир бўлди. Жамоа худди ўз ишини мен бир финжон қаҳва дамлашга кетказадиган вақтдан анча тезроқ тугатди.

Бундай уйғунликни кўришнинг ўзи алоҳида тажриба: одамлар бир-бирини деярли сўзсиз, бир қарашдан тушунади ва фақат ўз ҳаракатини эмас, балки бутун жамоанинг иш кетма-кетлигини ҳам аниқ билади.
Афсуски, учинчи марта Rossa Racing автомобили трассага қайтмади — шикастлар пойгани давом эттириш учун жуда жиддий эди.

«Ҳаммаси шундай якунлангани учун автомобилдан миннатдор эди»

24H Dubai пойгасида ишлаш жараёнида мени энг кўп ҳайратга солган жиҳат — Rossa Racing жамоаси капитани ва энг тажрибали пилоти Роман Русиновнинг характери бўлди. Унинг совуққонлиги ва аниқлиги — мен сурат орқали тўлиқ етказиб бера олмаган жиҳатлардан бири бўлса керак.

Пойга давомида трассада ва болид салонида содир бўлаётган воқеаларни мониторлар орқали кузатиш имкони бор эди. Биринчи носозликкача жамоа ўз синфида узоқ вақт етакчилик қилди. Техник муаммодан кейин позициялар йўқотилди, шундан сўнг рулга яна Роман ўтирди. Унинг рақибларни бирин-кетин ортда қолдириши жуда таъсирли манзара эди.
Мени энг кўп ҳайратга солган ҳолат — унинг амалда жамоани пойгадан чиқариб қўйган авариядан кейинги реакцияси бўлди. Болид эвакуаторда олиб келинганда, жамоа аъзолари кўзларида оғриқ сезиларди — узоқ соатлик оғир меҳнатдан кейин улар деярли темир бўлакларига айланган машинани кўришди. Аммо Романнинг муносабатида тушкунлик ҳам, саросима ҳам йўқ эди. Менда у автомобилга барчаси айнан шундай — оғир оқибатларсиз, жабрланувчиларсиз якунлангани учун чин дилдан миннатдорлик билдираётгандек таассурот қолдирди.
Капитан боксга қайтганида, уни журналистлар ўраб олди. Роман гўё бир зумда ўзини қўлга олди: эмоциялар йўқолди, овози сокинлашди, саволларга аниқ ва босиқ жавоб берди. Инсон бир неча сония ичида турли ҳиссий ҳолатлардан ўтиб, барибир ўзини тута олиши — мени энг кўп ҳайратга солган ҳолат шу бўлди. Энг эсда қолган лаҳза ҳам айнан шу.

«Дунё қанчалик шиддатли бўлиши мумкинлигини ҳис қилиш»

Пойга — узоқ давом этадиган жараён, ўзига хос вақт ҳужжати. Бир ёки бир нечта кадр орқали воқеалар ривожи ва улардаги тарангликни тўлиқ етказиб бериш қийин. Шунинг учун алоҳида бирор суратни ажратиб кўрсата олмайман — мен учун муҳим нарса айнан кетма-кетлик.

Бу пойга мен учун мутлақо янги тажриба бўлди. Илгари бундай масштаб ва даражадаги, халқаро тоифадаги профессионаллар иштирок этган тадбирда ишламаганман. Фотограф ҳамкасбларга камида бир марта шундай мусобақада қатнашишни тавсия қилар эдим — репортаж суратга олиш қанчалик тезкор экани ва атрофдаги дунё қанчалик шиддатли бўлиши мумкинлигини ҳис қилиш учун.
Ўзим учун автопойгаларни суратга олишда қандай техника зарурлигини ҳам тушундим. Идеал ҳолатда юқори тезликда суратга оладиган камера ва ёруғ оптика — камида f/2.8 диафрагмали объективлар керак.

Мен Canon R6 Mark II камерасида ишладим, Canon RF 24−70 f/2.8, Canon RF 70−200 f/2.8 ва ўзгарувчан ёруғликка эга Canon RF 100−500 объективларидан фойдаландим. Техника вазифани бажарди, аммо янада тезкор камера билан натижа янада таъсирли бўлиши мумкин эди. Суратга олишда кенг бурчак — 14 ёки 16 мм объектив жуда асқотган бўларди. Янада кенг қамровли, ҳажмли кадрлар олиш ғояси бор эди — кадрга бутун жамоа сиғади, бироқ марказда битта муҳим қаҳрамон қолади. Бундай ёндашув воқеанинг кўламини ва шу катта, уйғун тизим ичида ҳар бир инсоннинг ўрнини яхшироқ кўрсатишга ёрдам берган бўларди.
Яна бир муҳим хулосага келдим: бундай тадбирларга камида икки марта бориш керак. Биринчи сафар — танишиш учун: жараёнга кириб бориш, пойга ритмини ва унинг ички мантиғини ҳис қилиш. Иккинчи сафар эса — аниқ тасаввур билан, қандай ижодий вазифа тургани ва қандай кадрлар олишни хоҳлашингни билиб борилади. Ҳар бир суратга олиш, қандай бўлишидан қатъи назар, тажриба қўшади ва кейинги сафар нимани яхшироқ қилиш мумкинлигини англатади.

Матнни Орифжон Хошимов тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин.

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли.

Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан

ҳавола орқали танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda