«Рўйхатга олишдан кейин
боғча, мактаб қурилади, йўлларимиз равон бўлади»
Форишда рўйхатга олиш қандай ўтяпти?
«Рўйхатга олишдан кейин боғча, мактаб қурилади, йўлларимиз равон бўлади»
Форишда рўйхатга олиш қандай ўтяпти?
4 февралдан Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи бошланди. Рўйхатга олувчилар уйма-уй юриб, маълумотларни планшет орқали киритмоқда. Gazeta мухбири Фориш туманидаги чекка ҳудудлардан бирида бўлиб, аҳолининг рўйхатга олишдан катта умидлари борлигига гувоҳ бўлди.
4 февралдан Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи бошланди. Рўйхатга олувчилар уйма-уй юриб, маълумотларни планшет орқали киритмоқда. Gazeta мухбири Фориш туманидаги чекка ҳудудлардан бирида бўлиб, аҳолининг рўйхатга олишдан катта умидлари борлигига гувоҳ бўлди.
Читать материал на русском языке
Maqolani lotinchada o‘qish
15-31 январь кунлари Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Унда фуқаролар census.stat.uz сайти орқали ўзлари ва оила аъзоларини рўйхатдан ўтказдилар.

Миллий статистика қўмитаси берган маълумотларга кўра, 17 кун давомида мамлакатнинг 30 миллиондан ортиқ аҳолиси саволномани онлайн тўлдириб, рўйхатдан ўтган.

Рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи 4 февральдан 28 февралгача давом этади. Ушбу даврда рўйхатга олувчилар уйма-уй юриб, онлайн рўйхатга олиш вақтида киритилган нотўғри маълумотларни тўғрилашмоқда ва саволномаларни мустақил тўлдиролмаганларни тизимга киритмоқда.
Gazeta мухбири Отабек Турдиев рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи Ўзбекистоннинг чекка ва олис ҳудудларида қандай кетаётганини ўрганиш учун Жиззах вилояти Фориш тумани Учқулоч маҳалласида бўлди.

Учқулоч Форишнинг шимоли-шарқи, Айдаркўлнинг жанубида жойлашган, 2200 нафардан ортиқ аҳолиси бор маҳалла. Учқулоч маҳалла раиси Норбиви Аҳмедованинг сўзларига кўра, аҳоли, асосан, чорвачилик ва балиқчилик билан шуғулланади.

Кўл эса одамларга балиқчиликни касб қилиб берган. Яқинда атом электр станцияси ҳам қўшимча бўлди – қишлоқ аҳлининг тахминан 10 фоизи АЭС қурилиш майдонида ишлайди.
«Қишлоқ номи азалдан шундай атаб келинган. Ерни уч қулоч қазиш билан ер остида тоза сув чиқа бошлаган. Шу-шу – Учқулоч».
Норбиви Аҳмедова
Маҳалла раиси
Форишга соат 09:30 да етиб бордик. Учқулочда  «маҳалла еттилиги»нинг уч нафар аъзоси — ҳоким ёрдамчиси Абдулатиф Абдуқаҳҳоров, ёшлар етакчиси Шоҳзод Улуғов ва ижтимоий ходим Жаҳонгир Аҳмедов рўйхатга олиш учун ҳозирланиб туришган экан.

Уларда махсус планшет бор, шунингдек, Статистика қўмитаси тасдиғидан ўтган бейжик ҳам тақиб олишган.
Шу куни кечдан саҳарга довур Форишда кучли шамоллар эсди. Электр тармоғида узилишлар бўлгани ҳисобига икки соатча қишлоқда свет ёнмади. Кўп ҳолларда чекка қишлоқларда электр ўчиши ҳисобига интернет ҳам ишламайди, худди Учқулоч каби. Рўйхатга олувчилар бундай ҳолатлар иш суръатига таъсир қилмай қолмаслигини таъкидлайди.
Жаҳонгир Аҳмедовнинг сўзларига кўра, сўровнома ҳар куни соат 09:00 дан 18:00 гача давом этади. Улар алоҳида ишлашади ва кунига 8-10 та атрофида хонадонларни рўйхатдан ўтказади.

Улар, шу билан бирга, ўз вазифаларни ҳам бажаришади: аҳолининг муаммолари – бандлик ва ишсизлик, таълим, пенсиялар, кредитлар, тадбиркорлик ва бошқа масалаларни ҳал қилишади.
«Бугун учинчи кун, 103 та хонадон қолган. Ҳар куни 8-10 тадан хонадонларни рўйхатдан ўтказаяпмиз. Маҳалланинг 80 фоиз аҳолиси ўзи тушуниб, онлайн рўйхатдан ўтган. Камчиликлари борларини бартараф қилаяпмиз».
Абдулатиф Абдуқаҳҳоров
Ҳоким ёрдамчиси, рўйхатга олувчи
Учқулоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Неъмат Комилов онлайн рўйхатдан ўтиш чоғида 8 сотихлик ер майдонини адашиб 1 сотихдан камроқ қилиб белгилаган. Хатолик ҳақида автоматик билдиришнома келганидан сўнг уни тўғрилаш ва бошқа саволларга жавоб олиш учун ҳоким ёрдамчиси Неъмат аканинг уйига борди.
– Ҳовлингизда нималар экасиз?
– Кампир «балгарский-салгарский» экади, сояда унча яхши бўлмайди лекин. Кўкат экилади. Гул албатта экилади! Экмасак, кампир қўймайди.
– Мевали дарахтларингиз?
– Олма, ўрик, беҳи, тут, бодом, смородина.
– Жами нечта?
– Эээ, ким санабди, 70-80 та бор!
– Паррандаларингиз нечта?
– Ўттизта товуқ бор. Президент ўттизта товуғим бор деганига мен ҳам ўттизта товуқ боқяпман.
Яна бир қанча савол-жавоблардан кейин ҳоким ёрдамчиси Неъмат акага маълумотлари тўғриланганини айтиб, рўйхатга олишда иштирок этгани учун раҳмат айтиб, бошқа хонадонларга йўл олади.

Учқулочга элтувчи автомобил йўли АЭС қурилиши бошлангунича ҳавас қиларли даражада бўлмаган. Аҳоли яшаш пунктларидаги айрим ички йўллар ҳамон таъмирталаб.
Маҳалладан 5-6 чақирим нарида қурилаётган АЭС
Рўйхатга олишни худди «опен бюджет»дек қабул қилаётган учқулочликлар бошқа муаммолар қатори йўлларнинг яхшиланишидан ҳам умидвор.
«Рўйхатга олишдан кейин маҳалламизда боғча, мактаб қурилади, йўлларимиз равон бўлади, деган ниятимиз бор».
Норбиви Аҳмедова
Маҳалла раиси
Ўнқур-чунқур йўллардан юриб келган Жаҳонгир Аҳмедов шерикларига параллел равишда қишлоқдаги хонадонларнинг бири – 79 яшар Норқўзи Абдуллаевнинг ҳовлисида рўйхатга олиш ишларини олиб бормоқда. Қисқа салом-аликдан сўнг ходим кўзларини планшетга қадаб сўз бошлади.
– Бу уйда чет эл фуқаролари яшамаган, буни биламиз.
– Мен чет эллик-ку! – ҳазиллашади Норқўзи бобо. (Кулишади)
– Қайси тилларни биласиз?
– Рус тилини бешга биламан. Тожикча унча-мунча биламан. Арманча ҳам, армияда арманлар билан хизмат қилганман.
– Маълумотингиз қанақа?
– Мактабдан бошқа жойда ўқимадим. СССР пайти порахўрлик авжида эди. Шунинг учун ўқиёлмадим-да.
– Марказий сув таъминоти – ташқарида бор. Иссиқ сув таъминоти – якка тартибда. Газ… Суюлтирилган газ баллонлари келяптими?
– Ҳа, келяпти, яхши.
– Чорва молларингиз борми? Нечта?
– Сигир бор, ўнта қўй бор.
Маҳалла ходими ишни тугатиб, хайрлашаркан, Норқўзи бобо «энди ерга солиқ чиқмайдими?» деб сўраб қолди. Ходим шу кунгача қанча солиқ тўлаб келган бўлса, шундай тўлаверишини тушунтирди.

«Бу солиқ учун эмас, шунчаки аҳолини рўйхатга олиш тартиби. Бу Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ҳолатини белгилайди», – деди рўйхатга олувчи.
– Хола, уйингиз қачон қурилган? – деб сўрайди Абдулатиф Абдуқаҳҳоров яна бир хонадон эгасидан.
– Билмайман аниғини.
– 80-89 йиллар деб ёзаман унда. Нечта хонаси бор?
– 4 та.
– Сиз ҳам, хўжайинингиз ҳам пенсиядами?
– Ҳа, пенсияда, лекин дори-уколга ҳам етмайди.
– Нечта фарзандингиз бор?
– Тўрт ўғил, бир қиз.
– Қанақа мевали дарахтларингиз бор?
– Бодом, тут, олма. Ўрик бор эди, қуриб қолди. 
– Қўйларингиз борми?
– Йўқ, бошқа ҳеч нарса йўқ.
Аҳоли маҳалла ходимларини қўрқмасдан уйларига киритишади. Гулшода Йўлдошева рўйхатга олувчи Абдулатиф Абдуқаҳхоровни илгари кўрганини ва унинг маҳаллада ишлашини билишини айтади. Бўйнидаги бейджик ҳам унга ишониш мумкинлигини тасдиқлайди, акс ҳолда унга шахсий маълумотларни бермаган бўларди.

Аёл аллақачон аҳолини рўйхатга олишни онлайн тарзда якунлаган, аммо ҳоким ёрдамчисининг сўзларига кўра, қайнонаси рўйхатдан ўтмаган.
Гулшода Йўлдошева
 – Иситиш тизимингиз?
 – Печка.
 – Интернет бор-а?
 – Бор, WiFi ҳам бор.
 – Ҳаммом борми?
 – Ҳа, бор.
 – Канализация якка тартибда экан-а?
 – Ҳа, шундай.
 – Қайнонангиз нечта фарзанд дунёга келтирган?
 – 3 нафар.
Гулшода Йўлдошева аҳолини рўйхатга олиш натижасида қишлоқ мактабининг 10 ва 11-синф ўқувчилари учун ҳам кенгайишидан умид қилмоқда.
«Бизда болалар сони кўп, мактабимиз битта. Худо хоҳласа, аҳоли тўлиқ рўйхатдан ўтса, мактабимиз 10-11 йиллик бўладими деб умид қиляпмиз. Катта мактабга чиқиш учун масофа узоқ. Қиш, қорли кунларда болалар қийналяпти. Шунга ва маҳалламиз йўлларига, ҳамма нарсасига фойдаси бор деб ўйлайман энди».
Гулшода Йулдошева
Фуқаро
Ушбу материал Ўзбекистон миллий статистика қўмитаси кўмагида тайёрланди
Матн ва фотосуратлар муаллифи: Отабек Турдиев
Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли.
Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан
ҳавола орқали танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda