«Аёллар — аёлларга»
Таниқли ўзбекистонлик аёллар — аёлларнинг жамиятдаги роли, эскирган стереотиплар ва эркаклардан кутилмалар ҳақида
«Аёллар — аёлларга»
Таниқли ўзбекистонлик аёллар — аёлларнинг жамиятдаги роли, эскирган стереотиплар ва эркаклардан кутилмалар ҳақида
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Gazeta давлат хизматчилари, фаоллар ҳамда сиёсат, таълим, бизнес, маданият ва спорт каби турли соҳалар вакиллари бўлган аёлларга мурожаат қилиб, улардан аёлларнинг жамият ва мамлакат ҳаётидаги роли борасидаги қарашлари билан ўртоқлашишни сўради.
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Gazeta давлат хизматчилари, фаоллар ҳамда сиёсат, таълим, бизнес, маданият ва спорт каби турли соҳалар вакиллари бўлган аёлларга мурожаат қилиб, улардан аёлларнинг жамият ва мамлакат ҳаётидаги роли борасидаги қарашлари билан ўртоқлашишни сўради.
Таҳририят улардан учта саволга жавоб беришларини илтимос қилди:

1. Бугунги Ўзбекистонда аёл бўлиш нимани англатади?

2. Жамият аёллар ҳақидаги қайси эскирган стереотиплардан воз кечиши керак?

3. Замонавий эркакларни нимага чақирган бўлардингиз?
Феруза Эшматова
Ҳуқуқшунос, юридик фанлар доктори, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)
Гендер тенгликни таъминлаш, зўравонликка қарши курашнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтириш, хотин-қизларни давлат бошқарувига кенг жалб этиш — буларнинг барчаси замонавий Ўзбекистон сиёсатининг бир қисмига айланди. Хотин-қизлар ҳуқуқлари алоҳида мавзу сифатида эмас, балки умумий адолат тамойили доирасида кўриб чиқилмоқда.

Жамият аёлларни ожиза, имконияти чекланган ва жиддий қарорлар қабул қилишга лаёқатсиз, деб ҳисоблашни бас қилиши керак. Улар илмий кашфиётлар қиляпти, бизнесни ривожлантиряпти, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаяпти ва амалга оширяпти. Ҳозиргача кўплаб иш берувчилар турмушга чиқиш ёки ҳомиладорлик ва туғруқ таътилига чиқиш билан қизларнинг карьераси тугайди, деб ҳисоблайди. Бундай ёндашув замонавий меҳнат бозорига ҳам, адолат тамойилига ҳам зид.

Бундан ташқари, аёл раҳбарлар кўпинча ишга ижодийроқ, тизимлироқ ва узоқни кўзлаб ёндашади. Агар гап аёлларнинг ижтимоий соҳадаги фаолияти ҳақида кетса, улар юксак эмпатия, мулоқот маданияти ва инсон омилини ҳисобга олган ҳолда жамоа билан биргаликда қарор қабул қилиш қобилиятини намойиш этади.
реклама
реклама
Барча эркакларга бобокалонимиз Амир Темурнинг: «Мен адолат ва инсоф билан иш тутдим ва кучлининг кучсизга жабр қилишига йўл қўймадим», деган сўзларини эслатиб ўтишни истардим. Бу сўзлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Инсоннинг кучи бировни эзишда эмас, балки ўзини тия билишида намоён бўлади. Аёл меҳнатини ҳурмат қилинг, унинг зиммасига ҳаддан ташқари кўп вазифа юкламанг, жисмоний ва маънавий зўравонликка йўл қўйманг — бу нафақат оилавий маданият, балки адолат масаласидир.

Баъзи эркаклар онгига «Аёл барибир кечиради», деган ишонч мустаҳкам сингиб қолганини пайқадим. Лекин кечириш — унутиш дегани эмас. Жаҳл устида айтилган сўзлар, ҳақорат ва камситишлар аёл қалбида чуқур из қолдиради. У буни ҳар доим ҳам очиқ кўрсатмаслиги ёки ифодаламаслиги мумкин, бироқ бундай ҳолатлар муносабатларга сездирмасдан шикаст етказиб боради. Ҳурмат йўқ жойда ишонч ҳам йўқолади. Бу ҳам оилада, ҳам ишда кўринади. Шу нуқтаи назардан, мен эркакларни оила ва жамиятдаги ҳурмат маданиятини устувор қадрият сифатида қабул қилишга чақираман.
Аёлларга эса шундай дейишни истардим: «Сиз ёлғиз эмассиз». Давлат ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун шароитлар яратяпти. Ўз қадр-қимматингиз ва кучингизга ҳеч қачон шубҳа қилманг. «Шунисига ҳам шукр», деган сўзлар билан ўзингизни чекламанг. Ўқинг, ривожланинг, бир-бирингизни қўллаб-қувватланг. Аёллар бирлашса, жамият янада кучлироқ бўлади.
Сурайё Раҳмонова
Ҳуқуқшунос, юридик фанлар доктори, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани)
Бугунги Ўзбекистонда аёл бўлиш — таълим олиш, касбий юксалиш ва ўз иқтисодий фаровонлигини ошириш учун катта имкониятларга эга бўлиш демак. Ҳозир давлат даражасидаги қўллаб-қувватлаш туфайли бунинг учун жуда қулай фурсат.

Йилдан-йилга давлат бошқаруви, бизнес, технологиялар, илм-фан соҳаларида ишлайдиган ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этаётган хотин-қизлар сафи кенгайиб боряпти. Айни пайтда, уларнинг зиммасида ҳамон оила, уй муҳити ва фарзандлар келажагининг улкан масъулияти ётибди. Биз ҳар куни аёлларимиз — айниқса, фарзандларини ҳимоя қилаётган оналарда ҳамда касбий муваффақиятга эришиб, оиласига таянч бўлишга интилаётган ёш қизлар қанчалик ички куч ва ғайратга эга эканининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича жиддий чора-тадбирларга қарамай, жамиятдаги аёлнинг ҳаётда «ягона тўғри роли» бор, деган эскирган қарашлар ҳалигача сақланиб қолмоқда. Бундай фикрлашдан воз кечиш вақти келди. Аёл оила ва карьера, жамоатчилик маъқуллови ва ўзлигини намоён этиш ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмаслиги керак — у ўз танловини қилиш ҳуқуқига эга. Уни бу имкониятдан маҳрум қилиш мумкин эмас.

Оила ҳақида гап кетганда, фарзанд тарбиясига фақат аёлнинг бурчи сифатида қарашга чек қўйиш лозим: бола учун ота-она бирдек масъул. Шунингдек, жамиятда аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқни анъана ва урф-одатлар билан оқлаб бўлмайди. Бу — тушунчаларни алмаштиришдир. Ҳеч бир анъана аёл ва боланинг қадр-қиммати ҳамда хавфсизлигидан устун бўла олмайди.

Эркакларимизни аёлларни ҳурмат қилишга ва улар билан муносиб шериклик муносабатларини ўрнатишга чақирган бўлардим. Аёллар учун тушуниш ва қўллаб-қувватлаш — авваламбор, кундалик ҳаракатларда: тинглай билиш, масъулиятни бўлишиш ҳамда оилада, ишда ва ижтимоий ҳаётда мадад бўлиш муҳим. Шуни унутмаслик керакки, фарзандлар биздан ўрганади; уларнинг хулқ-атвор модели, қадриятлари тизими фақатгина атрофдаги катталар намунасига асосланади. Ўғил болалар оталари, акалари ва устозларига қараб аёлларга бўлган муносабатини шакллантирса, қиз боланинг шахсияти бутунлиги ва ўз қадр-қимматини ҳис этиши кўп жиҳатдан яқинларининг унинг онасига бўлган муносабатига боғлиқ бўлади. Оилада ва жамиятда аёлларни ҳурмат қилиш ҳамда қабул қилиш — мамлакат келажагига қўшилган ҳиссадир.
Азиз аёллар, ҳозир ўз мақсадингиз сари дадил одимлашнинг айни пайти — мамлакатимизда ҳар томонлама ривожланиш учун барча имкониятлар яратилган ва кўпчилигингиз буни ўз ютуқларингиз билан тасдиқлаб турибсиз. Сизнинг қадрингиз эскирган стереотиплар билан ўлчанмайди. Сиз таълим олиш, камол топиш ва қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эгасиз. Шуни ёдда тутингки, кучли, билимли, ўзига ишонган аёл кучли ва муваффақиятли фарзандларни тарбиялайди. Сизлар эртанги кучли ва баркамол авлод пойдеворисиз.
реклама
реклама
Ирина Сайфутдинова
Подполковник, Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ахборот хизмати катта мутахассиси
Аёлларимиз ҳамиша ўзини намоён қила олган, жамиятда ҳурмат-эътибор қозонган. Ўз даврининг ёрқин намояндаларидан бири бўлган Ҳадича Сулаймоновани эслашнинг ўзи кифоя. Албатта, «биз эркаклар дунёсида яшаймиз», деган стереотип бежиз пайдо бўлмаган. Яқин-яқингача аёлларни ҳокимиятнинг юқори поғоналарида, раҳбарлик лавозимларида тасаввур қилиш қийин эди. Бугун эса илҳомлантирувчи мисолларимиз бор. Мен учун Танзила Норбоева ва Светлана Ортиқова ана шундай намуналардир.

Кўплаб аёллар тадбиркорлик соҳасида ўз салоҳиятини муваффақиятли рўёбга чиқармоқда. Масалан, Алина Симмерман ёки Ирода Маткаримовани олайлик. Қизларимиз ва аёлларимиз спортда ҳам ўзларини ёрқин намоён этмоқда — Оксана Чусовитина ва Диёра Келдиёровани эслаш кифоя. Бир сўз билан айтганда, агар аёл киши ўз олдига мақсад қўйса, унга албатта эришади. Бунга кўп жиҳатдан давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган гендер тенглиги сиёсати имкон яратяпти. Аёлларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрни ва ролига қаратилаётган эътибор туфайли жамиятнинг уларга бўлган муносабати ҳам аста-секин ўзгариб бормоқда.

Айни пайтда, жамият аёлга бировларнинг фикрни тиқиштиришга бўлган ҳар қандай уринишдан воз кечиши муҳим. Гап уни фақат уй ва ошхонага боғлаб қўйишга уриниш ҳақидами ёки аксинча, бировларнинг намунасига қараб, карьера, бизнес ва ўз-ўзини ривожлантириш билан шуғулланишга мажбурлаш ҳақидами – бунинг аҳамияти йўқ. Аёл ўз йўлини мустақил танлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак.

Эркаклардан оддий, лекин муҳим бир истагим: аёлни ҳурмат қилинг, унинг меҳнатини қадрланг ва ҳиссасини эътироф этинг. Уни камситманг, зўравонлик ёки манипуляция қилманг. Қўллаб-қувватлаш, ҳурмат ва шериклик — соғлом жамият асосидир.
Аёлларга эса ўзларига ишонишни ва бошқа инсонлар соясида қолиб кетмасликни маслаҳат бераман. Фақат атрофдагиларнинг — у ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари бўлишидан қатъи назар — истаклари ва фикрлари билан яшаманг. Ўзингизни иккинчи ўринга қўйманг. Ўзингиз, оилангиз ва касбий фаолиятингиз билан уйғунликка эришишга интилишингиз керак.
Шаҳло Турдиқулова
Биология фанлари доктори, профессор, Илғор технологиялар маркази раҳбари, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти
Ўзбекистонда аёллар катта ўзгаришлар ва имкониятлар даврида яшаяпти. Орамизда илм-фан, бизнес, давлат бошқаруви, таълим ва технологиялар соҳасида ўз салоҳиятини рўёбга чиқараётганлар сони тобора ортиб боряпти. Кўпчилик учун оила, фарзандлар ва жамият таянчи бўлган қадриятлар ҳали ҳам муҳим. Шу боис, замонавий аёл нафақат анъаналар посбони, балки мамлакат тараққиётининг фаол иштирокчисига ҳам айланяпти.

Жамият етакчилик ва қарор қабул қилиш асосан эркакларнинг вазифаси, деган стереотипдан воз кечиши керак. Бугунги кунда бутун дунёда аёлларнинг бошқарув, бизнес, сиёсат ва таълимдаги иштироки барқарор ривожланишнинг муҳим омили экани тан олинган. Бу Ўзбекистон учун, айниқса, кенг кўламли ислоҳотлар даврида долзарб. Ушбу ўзгаришлар узоқ муддатли натижалар бериши учун аёллар қарор қабул қилиш даражасида иштирок этиши шарт. Етакчилик жинс билан эмас, балки малака, масъулият ва одамларни ортидан эргаштира олиш қобилияти билан белгиланади.

Эркакларни, аввало, ўз рафиқалари, опа-сингиллари ва қизларини қўллаб-қувватлашга чақирган бўлардим. Қизлар учун оталарининг уларнинг имкониятларига ишониши айниқса муҳим. Бу ишонч уларга ўз мақсадлари йўлида дадил ва ўзига ишонган ҳолда улғайишига ёрдам беради. Кўпгина муваффақиятли аёллар ортида бир пайтлар: «Қўлингдан бундан ҳам кўпроғи келади», деган ота туради.
Мен аёлларга кўп айтаман: биз мансаб пиллапояларидан кўтарилаётган ва ўзимизни намоён этаётган дунё, асосан, эркаклар томонидан шакллантирилган. Баъзан муваффақиятга эришиш учун аёл мураккаб йўлни босиб ўтишига тўғри келади. Шу билан бирга, «юбка кийган эркак»ка айланишга уринмаслик муҳим. Маслаҳатим шуки, аёлдек фикрланг, аёлдек қарор қабул қилинг, аёлдек ҳаракат қилинг. Бизнинг ўзига хос иш услубимиз бор — у кўпроқ сезгиларга таянадиган, мослашувчан ва инсонпарвар. Бизнинг кучимиз айнан шунда. Аёл ўз табиатини, донишмандлигини ва ички ишончини сақлаб қолса, касбда ҳам, ҳаётда ҳам улкан натижаларга эриша олади.
Дилфуза Эгамбердиева
Микробиолог олим, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Халқаро илмий марказ директори ўринбосари
Ўзбек аёллари азалдан ўзининг сабр-тоқати, матонати ва юксак масъулият ҳисси билан ажралиб турган. Агар ўтмишда кўпчилик асосан рўзғор ишлари билан банд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб замон ўзгарди, имкониятлар эса сезиларли кенгайди. Замонавий, шиддат билан ривожланаётган ва мураккаб дунёда аёллар таълим, бизнес, тиббиёт, қурилиш ва бошқа кўплаб соҳаларда фаол меҳнат қиляпти. Улар ўз билими ва меҳнати эвазига нафақат оиласининг, балки давлатнинг ҳам муҳим таянчига айланмоқда.

Аёллар ҳам, худди эркаклар сингари, ўз манфаатлари, орзу-истаклари ва касбий мақсадларига эга бўлишга ҳақли. Жамият бизнинг ўрнимиз фақат уй ва рўзғор билан чегараланади, деган қарашдан воз кечиши лозим. «Аёл заифроқ», «раҳбарлик лавозимлари аёллар учун эмас» ёки «баъзи касблар фақат эркакларга хос» каби стереотипларни ҳам ўтмишда қолдириш вақти келди. Давлат ва жамият тараққиёти нафақат эркакларга, балки аёлларнинг фаол иштирокига ҳам боғлиқ. Фақатгина эркаклар ва аёллар бир-бирини тўлдирган, ўзаро тажриба алмашган ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилгандагина барқарор ривожланиш ҳамда ижобий ўзгаришларга эришиш мумкин.

«Жамиятни маърифатли қилмоқчи бўлсак, аввало, хотин-қизларни ўқитишимиз керак», деган ҳикматли сўз бор. Шу боис, мен эркакларни ўз рафиқалари ва қизларини қўллаб-қувватлашга, уларнинг таълим олишига ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришига ёрдам беришга чақирган бўлардим. Маърифатли аёл нафақат ўз ҳаётини, балки оиласи ва бутун жамият келажагини ҳам яхши томонга ўзгартиришга қодир.
Аёлларга эса шуни айтмоқчиман: аввало, ўзингизга ишонинг ва кенг фикрлашни ўрганинг, зеро, тафаккур тарзи инсон ҳаётини кўп жиҳатдан шакллантиради. Ҳар бир аёл ўзига хос, кучли ва улкан салоҳиятга эга. Орзуларингиздан воз кечманг, ривожланишдан ва янгиликларни синаб кўришдан чўчиманг.
Камола Оқилова
Санъатшунос, профессор, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари, Тасвирий санъат галереяси (НБУ) директори
Мен учун бугунги кунда Ўзбекистонда аёл бўлиш — ўзини намоён этиш учун кенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиш, демакдир. Ҳар бир аёл ўз касбий соҳасида фаол ўрин эгаллаши, ўз йўлини танлаши ва ўзини рўёбга чиқариши мумкин. Айниқса, қизларимиз дунёнинг энг нуфузли университетларига ўқишга кираётганини кўриш жуда қувонарли.

Назаримда, жамият аёлнинг вазифасини чеклайдиган стереотиплардан воз кечиши керак. Масалан, қиз бола турмушга чиқиши, бахтини оилада топиши ва касбий юксалиш билан шуғулланмаслиги керак, деган қараш унинг имкониятларини торайтиради. Тўлақонли оила, шубҳасиз, муҳим — у ахлоқий ва интеллектуал қадриятларни кейинги авлодларга етказади. Бироқ замонавий аёл оила ва касбий фаолиятни бирга олиб бориши мумкин: яқинларига ғамхўрлик қилиш баробарида ўз устида ишлаши, таълим олиши ва мансаб пиллапояларидан кўтарилиши мумкин.
реклама
реклама
Қайнона билан муносабатлар ёки тўйдан кейин келин ўзини бутунлай уй-рўзғор ишларига бағишлаши кераклиги ҳақидаги қарашлар ҳам эскирган. Аёлнинг касбий фаолияти оиланинг янги қирраларини очиб беради, оилавий барқарорлик эса касбий юксалишни қўллаб-қувватлайди — бу икки тушунча ўзаро чамбарчас боғлиқ.

Мен эркакларни аёллар учун чинакам суянчиқ бўлишга чақирган бўлардим: уларни мақсадларига эришишда қўллаб-қувватланг, ривожланишлари учун шароит яратинг, асраб-авайланг, ҳурмат қилинг ва севинг. Аёл кучли ва мустақил кўриниши мумкин, лекин у жуда нозик, унда ҳали рўёбга чиқмаган имкониятлар бўлиши мумкин. Шу сабабли, ҳар қандай ёшда турмуш ўртоғи, отаси, фарзандлари ва оиласининг қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эга. Эркаклар ёрдам бериши, тўсқинлик қилмаслиги ва аёлнинг кучига ишониши керак.
Аёлларга тилагим шуки, сиз бетакрорсиз, буни ёдда тутинг ва ўзлигингизни асранг. Ҳаётда қийинчиликлар, кўнгилсизликлар ва муаммолар бўлади, лекин аёл — йўлни ёритувчи ва эзгу ишларга илҳомлантирувчи машъаладир. Оила унга таянади, у фарзандларининг таълим-тарбияси-ю жамият тараққиётига катта ҳисса қўша олади. Меҳрли, суюкли, ардоқли бўлинг ва орзуларингиз сари интилинг — сизнинг муваффақиятларингиз келажак авлод аёлларини илҳомлантиради.
Лола Сайфи
Дизайнер, Human House ҳунармандчилик санъати галереяси асосчиси ва директори
Айни дамда биз анъана ва келажак чорраҳасида яшаяпмиз. Илдизларимиз чуқур — маданиятимиз, оилавий хотирамиз, ҳунармандчилигимизда. Лекин бугун биз янгиликларни синаб кўришдан, таълим, бизнес, санъат ва ижтимоий лойиҳаларга қўл уришдан қўрқмаяпмиз ва шу тариқа катта ўзгаришларга замин яратяпмиз. Замонавий аёллар гўзал тимсол ёки илҳом париси бўлишни истамайди, аксинча, янги, илғор ҳаётни барпо этишда фаол иштирокчи бўлишга интилади. Галереямиз жамоасида аёллар кўпчиликни ташкил этади. Биз нафақат маданий меросни сақлаб қоламиз, балки янги мазмун яратишда иштирок этамиз, жамоаларни ривожлантирамиз ва анъана замонавий дунё учун жонли манбага айланадиган макон яратамиз.

Аёллар ҳанузгача уларнинг вазифаси фақат оила ўчоғи посбони ёки илҳом париси бўлиш, деган стереотипларга дуч келадилар. Бу эскирган тасаввурдан воз кечиш вақти аллақачон келган. Замонавий аёл — фаол ижодий ва ижтимоий кучдир. У ўзи қарор қабул қилади ва ўз йўлини ўзи белгилайди. Ўзбек аёли бир вақтнинг ўзида кўплаб вазифаларни бажара олиши билан ноёб, у бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам инновацион бўла олади. Шу сабабли, аёл оила ва карьера ўртасида танлов қилиши керак, деган тушунча аллақачон ўз аҳамиятини йўқотган. Аёл одатий роллар чегарасидан чиқишга ва ўзи тасаввур қилганидек ҳаёт тарзини яратишга тўла ҳақлидир.

Мен эркакларни аёлнинг кучини истисно сифатида эмас, балки инсон тажрибасининг табиий бир қисми сифатида қабул қилишга ва ҳурмат қилишга чақирган бўлардим. Ўқимишли, мустақил ва фаол аёлни таҳдид деб билишни бас қилинг. Шунингдек, қизларингизнинг таълимига сармоя киритинг. Қиз боланинг таълимига киритилган сармоя — бу келажакка қўйилган пойдевордир. Кучли аёл ёнида эркак ҳам кучлироқ бўлиши сир эмас.
Аёлларга айтар сўзим: ўзингиз бўлинг. Ўзгаларнинг кутилмаларини оқлашга ёки кимнингдир муваффақият мезонларига мос тушишга интилманг. Яхшиси, ўзингизни, истакларингизни, мақсад ва орзуларингизни англанг ҳамда уларга эргашинг. Майли, улар сизнинг ўрнингизга ҳеч ким сўзлаб бера олмайдиган ўзига хос ҳикоянгизнинг бир қисмига айлансин.
Саида Рашидова
Педагог, методист, ўзбек тили мактаби асосчиси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директорининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси
Замонавий Ўзбекистонда аёлларнинг тенг ҳуқуқларга эга экани ва ўзларини эркин намоён эта олишларини жуда қадрлайман. Улар сиёсат, илм-фан, спорт соҳаларида ўз ўринларини топмоқда, гарчи сон жиҳатдан ҳали ҳам эркаклардан кам бўлсалар-да. Албатта, ёш болали аёлларга, айниқса, давлат идораларида ишлаш ҳали ҳам осон эмас, бироқ очиқ мулоқот орқали қўллаб-қувватлашга умид қилиш мумкин. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, бугун мамлакатимизда аёл бўлиш — бу янги ғоя билан ёниш, уни амалга оширишни исташ ва жамият ёрдамга тайёр эканини ҳис қилишдир.

Жамият аёлга унинг оилавий ҳолати орқали баҳо бериш одатидан воз кечиши керак. Аёл киши турмушга чиққан бўлса, мансаб пиллапояларидан кўтарилиши ва жамиятда ўзини намоён қилиши осонроқ кечишини кузатаман. Ёлғиз, ажрашган ёки фарзандини ёлғиз тарбиялаётган аёлларга жамиятда ўз ўрнини топиш кўпинча қийинроқ бўлади. Катта авлод вакилаларининг айтишича, бундай муносабат кўп йиллар олдин ҳам мавжуд бўлган. Аёлнинг қадр-қимматини эри ёки отаси орқали ўлчашни бас қилинг, фақат ортида эркак тургандагина уни кучли ва ҳурматга лойиқ деб ҳисоблашга чек қўйиш вақти келди.

Эркаклардан, энг аввало, қизларини севишларини, уларга болалигида қизалоқ бўлиб қолишларига имкон беришларини, эркалашларини ва жамиятда маъқулланмаса ҳам, улар олдида ўз ҳис-туйғуларини кўрсатишдан қўрқмасликларини сўраган бўлардим. Қизларни ҳам ўғиллар каби севиш ва уларга севимли эканликларини сўз билан айтиб туриш муҳим. Отасининг меҳри муҳитида вояга етган қизлар катта бўлгач, турмуш ўртоғида отасининг ўрнини изламайдилар, балки ўз жуфтларига тенг шерик сифатида қарайдилар.
Аёлларга эса шуни айтишни истардимки: ўз қадрингизни фақат ютуқлар билан боғламанг. Ўзингизни қадрланг ва ҳурмат қилинг. Сиз ҳавас қиладиган аёллар билан кўпроқ дўстлашинг ва мулоқот қилинг, атрофингиздагилардан ибрат олинг. Менинг ўзимга ва муҳим иш қилаётганимга бўлган ишончим кўп жиҳатдан яқин дугоналаримнинг қўллаб-қувватлаши туфайли пайдо бўлган. Бир пайтлар улар клубимга шунчаки китобхон оналар сифатида келишар, китоб тақдимотларида мени қўллаб-қувватлашар, тушкунликка тушган пайтларимда далда бўлишарди ва ҳозиргача ёнимда. Мен уларни ўзимнинг биологик бўлмаган оилам деб атайман ва бу риштани жуда қадрлайман. Шунинг учун атрофингизда аёллар даврасини яратинг — бу сизни меҳрибон ота-она каби қабул қиладиган, қадрлайдиган ва сизга ишонадиган бир макон бўлади.
Дилдор Исломова
Бошловчи, актриса, продюсер, тадбирлар ташкилотчиси
Бугунги кунда Ўзбекистонда аёлнинг йўли кўпинча ўзликни англаш, ўз касбини топиш ва қийинчиликларни енгиб ўтиш ҳикоясига айланяпти. Менга телевидениеда карьера қилиш ва ўзим севган ишни топиш насиб этди. Менинг продюсерлик марказим Ўзбекистонда ҳам, ундан ташқарида ҳам йирик лойиҳалар билан шуғулланади. Мен янги қарорлар остонасида турибман, бизнесни кенгайтириш ҳақида ўйлаяпман, янги соҳаларни синаб кўряпман. Бу жуда мароқли ва ҳаётим ҳақиқатан ҳам қизиқарли лойиҳалар ва ғояларга тўла.

Шунга қарамай, мен етарлича зиддиятли тарбиявий муҳитда катта бўлганман. Бир томондан, менга аёл бўлганим учун ҳеч нарсага эриша олмаслигим, обрў-эътиборли ота-онам ва бошланғич сармоям йўқлиги, демак, шунчаки вазиятга мослашиб яшашим кераклигини айтишарди. Бошқа томондан эса, бутунлай бошқа гап эшитардим: ҳамма нарсага ўзинг эришишинг, муваффақият учун тиш-тирноғинг билан ҳаракат қилишинг керак, чунки уни ҳеч ким сен учун олиб келиб бермайди.

Табиатан курашувчан бўлганим учун вақт ўтиши билан бу қарашларни ўз шиоримга айлантирдим: ўзим ҳаракат қилиш, мулоқотга биринчи бўлиб киришиш, ғоялар таклиф қилиш ва рад жавобларини хотиржамлик билан қабул қилишни ўргандим. Бир эшик ёпилса, демак, кейингисини очиш керак. Ишончим комилки, мамлакатимизда муваффақиятли аёл бўлиш осон эмас, лекин бунинг имкони бор. Ўз ички истеъдод ва имкониятларингизни ишга солишни ўрганиб, улардан ўзингиз учун максимал самара олиш муҳим.
реклама
реклама
Менимча, кўп нарса ишончдан бошланади. Аёл ўз кучига ишониши, эркак эса ўз аёлига ишониши муҳим. Керак пайтда уни қўллаб-қувватлашга журъат, ўзи уддалай оладиган вазиятда эса аралашмаслик учун ақл керак. Яна кўп нарса фарзандларимизни қандай тарбиялашимизга боғлиқ. Кимлигимиз ва нималарга қодирлигимиз ҳақидаги илк тасаввурларни айнан ота-онамиздан эшитамиз.

Бу кунда эркакларни шунчаки эркак бўлишга – жасур, атрофдагиларга ҳурмат билан қарайдиган, оиласи ва фарзандларини қўллаб-қувватлашда қўли очиқ бўлишга чақираман. Айниқса, ўз аёлларига муҳаббатли бўлишсин, зеро бу меҳр-муҳаббат ҳамиша минг карра зиёдаси билан қайтади.
Аёлларга эса Яратган бизга ато этган бутун гўзалликни кўра олишларини тилайман. Нафақат ташқи, балки ички олами ҳам гўзал бўлиши. Ўз-ўзига нисбатан ҳалол бўлиш. Ва, албатта, эркин фарзандларни тарбиялашни ўрганиш, уларга ўз истеъдодларини рўёбга чиқаришда ёрдам бериш керак. Токи бу ёшлар ўз кучлари ва ҳаётдаги вазифалари нимада эканини англаган ҳолда вояга етсинлар.
Оксана Чусовитина
Спортчи, саккиз карра Олимпия ўйинлари иштирокчиси, халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори, Гиннеснинг рекордлар китоби рекордчиси
Бутун онгли ҳаётим давомида аёллар мамлакатимизни олға етаклаётганини ҳис қилиб келаман. Халқаро мусобақа ва танловларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчи сифатида кўп нарса ўзимизга боғлиқлигини кўрганман. Нимагадир эришган аёлларга доим ҳавас қиламан ва уларни ҳақиқий куч ва матонат тимсоли деб биламан.

Жамият аёл кимнингдир олдида нимагадир мажбур экани, унинг вазифаси фақат оила ва уй юмушлари билан чеклангани сингари стереотиплардан аллақачон воз кечиши керак. Аёл киши ўқиши шарт эмас, деган тушунча ҳам эскирган. Ўзини ҳурмат қилган ҳар қандай аёл ривожланишни, илм олишни ва олға интилишни истайди.

Мен эркакларни ўз аёлларини севишга, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, ёрдам беришга ва шунчаки аёл бўлгани учун қадрлашга чақирган бўлардим. Эркакнинг ҳақиқий кучи ҳар қандай ёшдаги ва ҳар қандай шароитдаги аёлни ҳурмат қилиш ва қўллаб-қувватлай олиш қобилиятида намоён бўлади.
Аёлларга айтмоқчиманки, агар ниманидир чин дилдан истасангиз, шу йўлда ҳаракат қилинг. Тушкунликка тушманг, нима бўлишидан қатъи назар, олға интилинг. Мақсадлар қўйинг ва уларга эришишга ҳаракат қилинг, шунда албатта ҳаммасини уддалайсиз. Ва, албатта, соғлигингизни асранг ва ҳар бир кунингиздан қувониб яшанг. Бахтли бўлинг ва ўзингизга ишонинг.
Марҳамат Умарова
Дизайнер, ўқитувчи, MARU экологик кийим-кечак бренди асосчиси
Ўзбекистонда аёллар анъаналар ва ўзгаришлар туташган нуқтада яшаяпти. Биз маданият, оила ва қадриятларни сақлаймиз, фарзанд тарбиялаймиз ва айни пайтда бизнес юритамиз, таълим оламиз, мутахассис ва етакчиларга айланамиз. Имкониятлар билан бирга «қулай», «камтарин», «тўғри» бўлиш каби кутилмалар босими ҳам сақланиб қолмоқда. Шу сабабли бугун Ўзбекистонда аёл бўлиш – ўз илдизларингга ҳурматни сақлаган ҳолда, ана шу чегаралардан чиқишга журъат этиш ва ички таянчга эга бўлиш демакдир. Мен талаба қизлар билан кўп ишлайман ва уларда истеъдодни, теранликни кўраман, ўз овозини излаётганининг гувоҳи бўламан.

Назаримда, жамият аёлнинг роли фақат оила билан чекланади, деган тасаввурдан воз кечиши керак. Аёл — серқирра ва у ўз ҳаёт йўлини танлаш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Аёлнинг юксак мақсадлар сари интилиши камчилик, муваффақияти эса таҳдид сифатида қабул қилинмаслигини истардим. Оилага ғамхўрлик қилиш фақат аёлнинг зиммасида бўлмаслиги керак, худди етакчилик фақат эркакларга хос бўлмаганидек. Энг асосийси — аёлнинг қадри унинг атрофдагилар кутилмаларини қанчалик оқлаши билан ўлчанмаслиги зарур.

Мен эркакларни етук шерикликка чақирган бўлардим. Қўллаб-қувватлаш — бу фақат байрамдаги ширин сўзлар эмас, балки кундалик ҳурмат, ўзаро тақсимланган масъулият ҳамда аёлнинг ғоялари ва салоҳиятига бўлган ишончдир. Эркакнинг ҳақиқий кучи назорат қилишда эмас, балки ёнида бўла олишда, чеклов қўймасдан, куч бағишлашда. Эркак аёлнинг ҳам кучли, ҳам нозик жиҳатларини ҳурмат қилгандагина оилада, жамиятда ва мамлакатда уйғунлик вужудга келади.
реклама
реклама
Аёлларга ўз орзулари сари дадил одимлашларини тилайман. Бировга қулай бўлиш учун ўзингизни камситманг, қадр-қимматингиз ва ички ўзагингизни асранг. Билим олишга ва молиявий мустақилликка интилинг, бир-бирингизни эса албатта қўллаб-қувватланг. Брендим фалсафаси шундай жаранглайди: «Анъаналарга ҳурмат билан – замон билан ҳамоҳангликда». Анъаналар билан ҳамоҳанглик ҳақида гап кетганда, бир нарсани ёдда тутиш муҳим: анъана фақат келажаги бўлгандагина барҳаёт. Келажакни эса ўзлигини намоён этишдан қўрқмайдиган аёллар яратади.
Мўътабар Хушвақтова (Ўрик гули)
Экофаол ва блогер
Мен учун бугун Ўзбекистонда аёл бўлиш — ўз илдизларингни авайлаб асраш ва айни пайтда келажакка дадил қарай олиш демакдир. Оналик, касб, ижтимоий фаолликни бирга олиб бориб, шу билан бирга ўзлигингни йўқотмасликдир. Аёлларимиз таълим, экология, илм-фан, бизнес каби соҳаларда тобора кўпроқ ўзгаришлар садосига айланмоқда. Бу энди истисно эмас, балки янги воқеликдир.

Жамиятда аёл ҳаётининг «ягона тўғри сценарийси» бор, деган қарашдан воз кечиш вақти аллақачон келди. Аёлнинг ўрни фақат уйда, юксак мақсадлар қўйиш — уятли, ўзига ғамхўрлик қилиш эса худбинлик, деган тушунчалардан халос бўлиш керак. Аёл танлаш ҳуқуқига эга: она бўлиш ёки бўлмаслик, карьера қуриш ёки ўзини оилага бағишлаш, фаол ёхуд олима бўлиш. Танлов эркинлиги анъаналарга таҳдид эмас, балки жамият етуклигининг кўрсаткичидир.

Бугун мен эркакларга мурожаат қилиб, уларни ҳамкорлик, ҳурмат ва бир-бирини тинглай билишга чақирмоқчиман. Аёлни қўллаб-қувватлаш бир марталик ёрдам эмас, балки умумий масъулиятдир. Уй, фарзандлар, жамият – барчаси бизнинг умумий маконимиз. Эркаклар четдан кузатувчи бўлмай, иттифоқчига айланса, бундан ҳамма ютади.
Аёлларга эса шуни эслатмоқчиман: айтар сўзингиз бўлса, ўзингизни камситманг ва сукут сақламанг. Ўқинг, синаб кўринг, хато қилинг ва яна олдинга интилинг. Атрофингиздагиларга ғамхўрлик қилинг, лекин аввало ўзингиз ҳақингизда қайғуришни унутманг. Кучингиз — сизнинг ўзингизда!

Матн муаллифи: Фарзона Ҳамидова.
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / Gazeta
Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли. Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ҳавола орқали танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda