Саҳарликда чалинадиган ноғора, турли миллат вакиллари билан ифторлик ва қайда бўлмасин тайёрланадиган ўзбек палови
Германия, Япония, Канада, Венгрия, шунингдек, Туркия ва Сингапур каби давлатларда Рамазон қандай ўтади? Ўзбекистондагидан нимаси билан фарқ қилади? Ватандан узоқда бўлиш одатлар ва таомномага таъсир кўрсатадими? Gazeta ушбу саволларга жавоб топиш учун хориждаги ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.
Германия, Япония, Канада, Венгрия, шунингдек, Туркия ва Сингапур каби давлатларда Рамазон қандай ўтади? Ўзбекистондагидан нимаси билан фарқ қилади? Ватандан узоқда бўлиш одатлар ва таомномага таъсир кўрсатадими? Gazeta ушбу саволларга жавоб топиш учун хориждаги ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.
Рамазон — чиройли амаллар, сабр ва саховат ойидир. Ўзбекистонда бу ой яқинлар даврасидаги файзли ифторликлар, масжидлардаги таровеҳ намози ва ёши улуғларни зиёрат қилиш билан ўзига хос. Ватандан узоқдачи, Рамазон шукуҳи ва унга хос одатлар қандай кўринишда намоён бўлади? Ифторлик дастурхонидан асосан қандай егуликлар ўрин олади? Бошқа миллат вакиллари рўза тутиш билан боғлиқ масалаларга қандай муносабатда? Gazeta хориждаги ўзбекистонликлар билан суҳбатлашиб, шу каби саволларга жавоб излади.
Японларга Рамазоннинг аҳамияти ҳақида япон олимининг ихтироси мисолида тушунтирганман
Ашрафбек Олимов — 2010 йилдан буён Японияда (ҳозир Токиода) яшайди. Nissan Motor компаниясида молия бош менежери бўлиб ишлайди.
Албатта, Японияда Рамазон шукуҳи ватандагидек эмас. Ўзбекистон масжидларидаги сингари таровеҳ намозида хатми-қуръонлар қилиниши деярли сезилмайди. Шунга қарамай, Рамазонни оила ва ватандош дўстлар даврасида, ўзига яраша иштиёқ билан ўтказишга ҳаракат қиламиз.
Хорижда фарзанд катта қилаётган ота-оналар, ўз ўғил-қизларига баъзан эса уларнинг ўқитувчиларига ҳам Рамазон, рўза тутишнинг моҳиятини англатиши муҳим. Сабаби болаларининг атрофида рўза тутувчилар кам бўлиши ёки умуман бўлмаслиги ҳам мумкин.
Бу ерда ҳайит байрамида дам олиш, ифторлик деган нарсалар йўқ. Лекин нафақат менинг, балки бошқа кўп ўртоқларимнинг ишхонасида ҳам ифтор пайтида танаффус олиб, оғиз очиб олишга сўзсиз рухсат берилади.
Атрофда Рамазонга оид тушунчалар нимани англатиши, улар қандай аҳамиятга эга эканлигига қизиқадиганлар ҳам топилади. Масалан, бир-икки ҳамкасбим менга ифтор қилиб берган ва мендан Рамазон ҳақида сўзлаб беришимни сўраган. Мен уларга Рамазоннинг фойдаси ҳақида япон олими Ёшинори Оҳсумининг ихтироси орқали тушунтириб берганман.
2016 йилда тиббиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган олим автофагия — очлик пайтида ҳужайралар эскирган ва зарарли қисмларни парчалаб, ўзини-ўзи тозалашини кашф қилган. Мазкур жараён организмни янгилабгина қолмай, энергиянинг тежалишига ҳам ҳисса қўшади. Шунингдек, ушбу тадқиқот саратон, кексайиш ҳамда асаб тизими касалликларини англашда ҳам муҳим экани ҳақида таъкидлаганман.
Ашрафбек Олимов оила аъзолари билан
Ашрафбек Олимов оила аъзолари билан
“
Дарвоқе, яқинда хизмат сафари билан Францияга борганимда ажойиб бир воқеа бўлди. Саҳарлик қилиш у ернинг вақти билан эрталабки 6:08 га тўғри келди. Меҳмонхонадаги нонушта эса мавжуд тартибга биноан тонгги 7:00 дан бошланар экан. Рўза тутишимдан хабар топган меҳмонхона ходимлари эса мен учун 5:00 да, алоҳида дастурхон ёзиши мумкинлигини билдирди. Меҳмонга, унинг қадриятига бўлган бундай эҳтиромга қойил қолдим.
Рамазон дастурхонимиздан узум, топилса анор сингари мевалар ўрин олади. Иложи борича мастава, ош сингари таомларимизни ҳам тайёрлаб турамиз. Лекин, дейлик, палов пиширишга тахминан икки соатча вақт кетса, япон таомлари одатда тез тайёрланади.
Қолаверса, барра маҳсулотлардан тайёрланган емакларни деярли барча супермаркетлардан топиш мумкин. Шу боис, кўпинча суши, магуро-дон ёки окономияки каби балиқли таомлар билан ифторлик қилинади.
Ифторлик бошқа миллат вакилларининг урф-одати билан танишиш учун яхши имкон
Ғарб мамлакати эканига қарамай, Рамазон Канада, хусусан, Торонтода кенг миқёсда нишонланади. Масалан, марказий кўчалардан бирида «Ramadan Mubarak» деган ёзувга кўзингиз тушади.
Деярли ҳар бир туман масжидларида турли тадбиру ифторликлар ўтказилади. Миллати, қадрияти ва ҳатто дини бошқа, аммо бир-бирига ўзаро ҳурматни канда қилмайдиган инсонлар бир дастурхон атрофида бирлашади.
Ифторлик учун ёзилган дастурхонлар — турфа урф-одатлар, анъаналар ва бошқа мамлакатларда Рамазон қандай ўтиши ҳақида ўрганиш учун яхши бир имкон.
Канадада ўзи кўпчилик масофадан туриб фаолият юритади. Давлат ишчилари кўпи билан ҳафтасига уч кун, айрим ходимлар эса икки кун офисга боради.
Рамазон пайтида эса рўзадорларга қулай режимда ишлаш имконияти берилади. Масалан, ишни эртароқ бошлаб, вақтли тугатиш ёки аксинча, бироз кеч бошлаб, кейинроқ тугатиш ҳам мумкин.
Таълим муассасалари, хусусан, фарзандларимнинг мактабида ҳам ифторликлар бўлиб туради. Шунга қарамай, чет элда фарзандларга Рамазон шукуҳини ҳис қилдириш бироз қийинроқ кечиши мумкин. Сабаби Ўзбекистонда буви-дўдалар, амма-холалар бу борада ибрат бўлади, болалар улардан ўрнак олади. Ватандан, оиладан узоқда бўлганда эса бу масъулият ёлғиз сизнинг зиммангизда бўлади.
Торонтодаги Натан Филлипс майдони
“
Аслида миграция одамни ҳар томонлама чиниқтиради, руҳан кучли қилади. Бироқ байрам кунларида, айниқса, оила даврасидаги шодиёналардан узоқда бўлиш туфайли одам ўзини баъзан ёлғиз ҳис қилади. Рамазон эса ана шундай пайтда руҳиятни озиқлантиради. Бу ой инсоннинг ўз устида ишлаши, кўп нарсалар ҳақида мулоҳаза қилиши учун ажойиб бир фурсатдир.
Ўзбекистондаги ифторликлар одатда кўпчилик билан — оила, дўсту танишлар даврасида тез-тез, ҳатто даб-дурустдан ташкиллаштирилади. Канадада бўлса барча иш ва ўқиш билан банд экани боис ҳамма тадбирлар сингари ифторликни ҳам олдиндан режалаштиришга тўғри келади.
Шунга қарамай, биз ўзбекистонликлар турли баҳоналар билан тез-тез йиғилиб туришга, масалан, Рамазонда бирга ифторлик қилишга ҳаракат қиламиз. Дарвоқе, бу ерда ўзбек диаспораси анча катта.
Мадина Алиева Торонтодаги ўзбекистонликлар билан ифторликда
Ифторлик дастурхони
Солиштирсак Ўзбекистондаги ифтор дастурхонларини ўта дабдабали деб атаса янглиш бўлмайди, назаримда. Бу ерда эса одамлар таом пиширишга ортиқча вақт сарфламайди. Тезпишар, фойдали ва енгил егуликлар тайёрлайди.
Рациондан асосан барра сабзавотлар ва денгиз маҳсулотлари ўрин олади. Газли, ширин ичимликларни деярли истеъмол қилмаймиз. Онда-сонда чой, асосан сув ичамиз. Ифторлик дастурхонимиздан, албатта хурмо, барра маҳсулотлар, ва кўкатлар жой олади. Туркларнинг ясмиқли шўрваси, енгил ва тўйимли бўлгани учун гуручли овқатлар тайёрлашга ҳаракат қилимиз.
Ўзбекистондаги маҳсулотларни топиш бироз мушкул. Шунга қарамай, бор маҳсулотлар асосида ўзбекча овқатлар тайёрлаймиз. Бу табиийки ош, лағмон ва чучвара, яна орада нон ҳам пишириб турамиз.
Бошқаларни ҳурмат қилган ҳолда ўз эътиқодини сақлаш
Дилшод Раҳматов — 2012 йилдан бери Германиянинг Қуйи Саксония ҳудудида яшлайди. IT соҳасида Senior Software Engineer сифатида веб ва мобил иловалар ишлаб чиқиш (Full-stack developer) билан шуғулланади.
Мен учун Рамазон — нафақат рўза тутиш, балки хулқ-атвор, муомала ва инсонларга муносабатни тарбиялайдиган ой.
Германияда Рамазон тинч, тартибли ва кўпроқ «оилавий режим»да ўтади. Ўзбекистонда масжидлар, бозорлар, қўни-қўшничилик, жамоавий ифторлар табиий равишда жуда фаол бўлади.
Бу ерда ҳам мусулмонлар жамоаси бор, лекин ҳаёт умумий ритмга аралашиб кетган. Иш жадвали, мактаб, кундалик логистика сабаб Рамазонни — ифторлик ва саҳарликни олдиндан режалаштиришга тўғри келади.
Германияда турли миллат мусулмонлари кўп бўлгани учун Рамазонда турли таомлар ва маданий анъаналарни кўриш мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат — бу ерда бошқа дин ва эътиқод вакилларига ҳурмат масаласи жуда эрта ёшдан ўргатилади. Бу айниқса болалар орқали янада яққол сезилади.
Ўтган йили фарзандим билан содир бўлган воқеа бунга яхши бир мисол бўлади. Ясмина қизим (9 ёш, 4-синф) ва Асадбек ўғлим (11 ёш, 6-синф) мендан тез-тез: «Рўза тутсак бўладими?», деб сўраб туришади. Мен эса бундай ташаббусларга ҳеч қачон қарши бўлмайман. Яхши ният билан бошланган ҳар қандай уринишни қўллаб-қувватлаш, ўз тажрибаларидан ўтиб кўришларига имкон бериш тарафдориман. Фақат ўқишларига салбий таъсир қилмаслик лозимлигини уқтираман.
Хуллас, ака-сингил бирга туриб, интернетдан дуолар излаб, саҳарлик қилишганди. Ясминанинг мактабидаги ўқитувчиси ўқувчиларга рўза тутиш мумкинлигини, аммо рўза тутган бўлса, ўқитувчини огоҳлантириш кераклигини тушунтирибди. Ясмина ўша куниёқ устозининг олдига бориб, рўзадорлигини маълум қилибди.
Шундан кейин нонуштасини ўзи билан олиб келиб, бирга овқатланадиган синфдошларию ўқитувчисинг ўзи ҳам Ясмина хижолат бўлмаслиги учун, унга билинтирмай тановул қилишга ҳаракат қилибди. Ҳатто бир дугонаси унинг ёнига келиб: «Мен нонушта қилиб бўлдим, олдингда ўтирсам бўладими?», деб сўрабди ҳам.
Бу воқеа биз учун жуда таъсирли бўлган. Немис мактабида рўзадор олдида овқатланиш одобсизлик саналиши, бошқа дин вакилларини ҳурмат қилиш ва бағрикенгликни тарғиб қилиш болаларга ёшлигидан ўргатилишини кўриб, беихтиёр хурсанд бўласан, киши.
Дилшод Раҳматов оила аъзолари билан
“
Хорижда яшаш инсонни кўпроқ мустақил, режали ва масъулиятли қилади. Рамазон эса бу фазилатларни янада мустаҳкамлайди, Вақтни қадрлашни, сабр, камтарлик ва интизомни оширади. Болаларим билан боғлиқ ана шундай воқеалар эса бағрикенглик, ҳурмат ва инсонийлик каби қадриятларнинг нақадар универсал эканини яна бир бор эслатади. Турли дин ва маданият вакиллари яшайдиган жамиятда ўз эътиқодингни сақлаб қолиш билан бирга, бошқаларникини ҳам ҳурмат қилиш — энг муҳим сабоқлардан бири эканини ҳис қиласан.
Иш ва болаларнинг мактаби сабаб ифторни жуда оғир қилмасликка ҳаракат қиламиз. Кўпроқ енгил ва фойдали овқатларга эътибор берамиз, Шўрва, салат, сабзавотлар, мевали мюсли, протеин ва фойдали маҳсулотларга бой таомлар, камроқ ёғли овқатлар ўрин олади.
Одатда хурмо ва сув билан оғиз очамиз. Кейин енгилроқ таом — шўрва ёки салат, айрон ё йогурт, мевалар тортилади. Байрамона шукуҳни сақлаш учун миллий овқатларимиздан палов, сомса, манти ёки лағмонни тайёрлаб турамиз.
Ўзбек таомлари шунчаки овқат эмас, балки уйнинг иcи, болалар учун хотира ва ўзликни сақлашнинг бир кўриниши. Германия ошхонасидан кўпроқ енгил салатлар, турли нон маҳсулотлари, йогурт ва кваркка ўхшаш сут маҳсулотлари дастурхонимизга кирган.
Рамазон сийловлари — саховатнинг гўзал намунаси
Элшод Салимов — 2024 йилдан буён Туркиянинг Анқара шаҳрида яшайди. Анқара университетининг магистратура босқичида журналистика йўналиши бўйича ўқийди.
Лекин ҳар ким ҳам рамазон ноғорачиси бўлолмайди. Бу ишни бажарадиган киши маҳаллий ҳокимият ёки маҳалла оқсоқоли томонидан танланиши ва махсус гувоҳномага эга бўлиши лозим.
Ноғорачилар одатда кўнгилли сифатида ишлайди ва бунинг учун уларга ҳақ тўланмайди. Шу боис ифтордан кейин уйма-уй юриб, кўнгилдан бериладиган эҳсон (bahşiş) йиғиш одати ҳам бор. Бу қайсидир маънода, Ўзбекистонда болаларнинг рамазон қўшиғини айтиб, пул йиғишига ўхшаб ҳам кетади.
Яна ушбу шукуҳни емакхоналардаги саҳарлик ва ифторлик учун махсус меню таклифлари, рамазон чегирмалари орқали ҳис қиласиз, «икромлар» орқали татиб кўрасиз.
Ўзбекча сийлов маъносини англатадиган икромлар билан хушнуд қилиш нафақат Рамазон, балки бошқа вақтларда ҳам одатга айланган. Яъни тамаддихоналарда мижозлар асосан текинга бериладиган чой ёки ширинлик кўринишидаги сийловлар билан меҳмон қилинади. Бу — саховатнинг гўзал мисоли.
Рамазон ноғорачиси
Фото: Gazete Detay
Рамазон ноғорачиси
Фото: Demiroren Haber Ajansi
Уюшмалар, федерациялар, элчихона ёки ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан тез-тез ифторликлар ташкил қилинади. Масалан, 2025 йилда ўзим ўқийдиган университетнинг яшил майдонида 8 минг талаба учун ифторлик қилинди. Ётоқхонада яшаганимда эса 100 дан ортиқ талаба бир вақтда ифторлик қиларди.
6 март куни Ўзбекистон ҳукумати Анқарада ўзбекистонлик ватандошлар учун ифторлик ташкиллаштирганди.
“
Бу шунчаки қорин тўйдириш эмас, биргаликни ҳис қилиш, танишлар билан бир ерда тўпланиш ва мен каби хорижликлар учун маданиятнинг янги бир парчасини ўрганиш имконини беради. Ана шунинг учун ҳам менга бу ердаги ифторлик маданияти жуда ёқади.
Элшод Салимов Анқара университетида ташкил этилган ифторликда дўстлари билан
Талабалар учун ташкил қилинган бошқа бир ифторлик дастурхони
Туркияда ифторлик менюси анча ўхшаш, асосан айрон, қайнатилган гуруч, қовурилган гўшт ва шўрвалар (Эзогелин шўрваси, яйла, тарҳана шўрваcи, помидор шўрваси ҳамда ясмиқ шўрва)дан иборат.
Дарвоқе, бу ерда зайтун истеъмоли одатга айланган. Мен бунга ҳалигача мослаша олмаган бўлсам ҳам таом тайёрлашда зайтун ёғидан фойдаланаман.
Дастурхондан одатда хурмо, баъзан айрон ва шарбат жой олади. Шунингдек, мавсумий махсус тайёрланадиган рамазон пидеси — катта ва юмшоқ нон ҳам қўйилади.
Анқара дастурхонидаги ўзбекона таъм
Ифторлик бошланишига 1,5−2 соат қолганда новвойхоналар олдида узун навбатлар пайдо бўлади. У ерда фақат нон эмас, қуруқ егулик ва ширинликлар ҳам сотилади. Баклава каби қиёмли ширинликлар ошқозонга оғирлик қилиши мумкин. Шунга Гуллач каби енгил сутли ширинликлар еб турамиз.
Ўзбек таомларидан табиийки ошни, кейин мастава, шўрва, гречка каби таомларни ҳам тайёрлаймиз. Уларни ҳазми енгил салатлар билан тановул қилишга ҳаракат қиламиз.
Хорижликлар рўзадорлигимни ҳурмат қилади, мен уларнинг ғарбча эркинлигини қабул қиламан
Барно Дусиярова 2024 йилдан буён Венгриянинг пойтахти Будапештда яшайди. Eotvos Lorand университетининг медиа ва коммуникациялар йўналишида таҳсил олади.
Ифторликлар эса фақат овқатланиш эмас, балки яхши инсонлар билан дийдорлашиш, оила даврасида вақт ўтказиб, улар билан суҳбатлашишни англатади.
Будапештда бўлса Рамазонга хос ўзгачалик деярли сезилмайди. Шунга қарамай, масжидлар ва мусулмон давлатларнинг элчихоналари рўзадорларни табриклаб, ушбу айёмни чиройли ўтказишга ҳаракат қилади.
Умуман олганда, чет элдаги ҳаёт ва бу ерда мусулмон бўлиш иймонимни, сабримни мустаҳкамлаяпти, деб ўйлайман. Хорижда индивидуализм кучли. Шахсан ўзим мусулмонлар билан яшасам-да, доим ҳам бирга ифторлик қилмаймиз. Cабаби ҳамманинг ўз шахсий режаси бор.
Баъзан автобусда, айрим пайт профессорнинг ёнида ёки кўчада юрганда ифторлик қилиб олишга тўғри келиши мумкин.
“
Бироқ, атрофимдаги одамлар ғарб маданиятига мансуб бўлишига қарамай, менинг рўзадорлигимни ҳурмат қилади. Мен ҳам ўз навбатида уларнинг «ғарбча эркинликлари»ни қабул қиламан.
Венгерлардан ўрганган энг фойдали нарсам бу соғлом овқатланиш бўлса керак. Калорияси кўпроқ бўлган қайнатилган маҳсулотлар ейишга ҳаракат қиламан. Ифторликни икки қисмга бўлиб — кам-камдан овқатланишни одат қилдим. Бу ҳазм қилишни осонлаштириб, енгиллик ҳисини беради.
Барно Дусиярова хорижлик дўстлари билан ифторликда
Ифторлик дастурхони
Ифторлик дастурхоним шоҳона эмас. Лекин нон, мевалар, авокадо ва пишлоқ сингари тўйимли ҳам фойдали маҳсулотлардан иборат. Масалан, ясмиқ шўрва ва енгил салат ҳам бўлади. Венгриянинг миллий овқати бўлган гуляш, ўзбек таомларидан, албатта ошни тайёрлаб тураман.
Меҳмондорчиликдан мақсад — дийдорлашиш
Жасурбек Турсунов — 2009 йилдан бери Сингапурда истиқомат қилади. Toyota Motors компаниясининг Сингапур бўлимида ишлайди.
Ўзбекистонда Рамазон жамият ҳаётига чуқур сингиб кетган. У билан боғлиқ одатлар, нафақат оила, балки маҳалла ва масжидларда ҳам яққол сезилади.
Рамазон пайтида, баъзи иш соатлари қисқариши ёки кундузи тамаддихоналарда мижозлар чўғи камайиши мумкин.
Сингапурда эса Рамазон кўпроқ индивидуал ва оилавий муҳитга хос кечади. Рўза тутиш эса кўпроқ шахсий ибодат сифатида қабул қилинади. Жамоат жойларида диний жиҳатдан нейтраллик кузатилса-да, мусулмонларга нисбатан ҳурмат сақланади.
Иш вақтлари деярли ўзгармайди, кундалик ҳаёт доимгидек давом этади. Бироқ мусулмонлар аҳолининг тахминан 15 фоизинигина ташкил қиладиган Сингапурда Рамазон учун турли шарт-шароитлар мавжуд дея оламан.
Одамлар гавжум жойлар ёки мусулмон аҳоли кўп бўлган ҳудудларда рамазон бозорлари ташкил қилинади. Мазкур бозорларда одатда Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларининг ошхоналарига хос таомларни татиб кўриш мумкин.
Рамазон бозори
Рамазон бозори
Рамазон бозори
Рамазон бозори
“
Қолаверса, масжидларда ҳам ифторлик дастурхонлари ёзилади. У ерда турли миллат ва шароитдаги инсонлар билан юзлашасиз. Шундай давраларда бўлгач, ҳатто оддий нарсаларга ҳам бошқача эътибор билан қарай бошлайсиз. Бундай вазиятлар, умуман олганда, мусофирчиликнинг ўзи инсонни энг аввало инсонийликни эъзозлашга, оила ва қариндошларни яхшироқ қадрлашга ўргатади.
Хорижда яшай бошлаганимдан кейин рационим анча соғломлашган. Рамазонда тановул қиладиган овқатларим эса яна ҳам соддалашади. Кўпинча енгил, осон ҳазм ва кам исроф бўладиган егуликларни истеъмол қиламан.
Жасурбек Турсунов оила аъзолари билан
Жасурбек Турсунов оила аъзолари билан
Одатда ифторлик дастурхонимиздан хурмо, сувда қайнатилган тухум, тофу ва мевалар, ўзбек таомларидан мастава ўрин олади. Фарзандларимнинг истагига биноан баъзида ош ҳам пишириб тураман.
Дўстларимникида бўладиган ифторликларда ҳам асосан енгил ва мувозанатли овқатлар тортилади. Ҳамма бунга нормал ҳолат сифатида қарайди. Сабаби меҳмондорчиликдан асосий мақсад — дийдор ва суҳбатлашиш.
Гулираъно Мусаева суҳбатлашди. Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta’га тегишли. Gazeta’да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ҳавола орқали танишиш мумкин.
Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.