Фото: Виктория Абдурахимова / Gazeta
«Ўз даврининг мўъжизаси»
Тошкентнинг Катта театр майдонидаги фаввораси тарихи
Алишер Навоий номидаги ДАКТ олдидаги фаввора меъмор Алексей Шчусев ғоясининг бир қисми сифатида 1950 йилларнинг бошларида барпо этилиб, тез орада Тошкентнинг энг машҳур жойларидан бирига айланган. Бу ерда учрашувлар белгиланган, спектакллардан сўнг сайр қилишган ва базмлар ўтказилган. Gazeta унинг бунёд этилиши ва ўзгаришлари тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Алишер Навоий номидаги ДАКТ олдидаги фаввора меъмор Алексей Шчусев ғоясининг бир қисми сифатида 1950 йилларнинг бошларида барпо этилиб, тез орада Тошкентнинг энг машҳур жойларидан бирига айланган. Бу ерда учрашувлар белгиланган, спектакллардан сўнг сайр қилишган ва базмлар ўтказилган. Gazeta унинг бунёд этилиши ва ўзгаришлари тарихи ҳақида ҳикоя қилади.
Алишер Навоий номидаги Давлат академик опера ва балет катта театри биноси олдида, мана, 74 йилдирки, сувнинг овози жаранг сочади. Майдоннинг қоқ марказидаги фавворанинг кенг саккиз қиррали ҳовузидан ўнлаб сув оқимлари юқорига кўтарилиб, қуёшда товланувчи яхлит бир девор ҳосил қилади. Энг баланд сув оқими унинг юрагидан — бронза ғўза кўсагидан юқорига отилади. Доира бўйлаб эса пастроқ оқимлар ҳар тарафга тарқалади. Оқшомлари улар майин ёритилиб, сув манзарасига ҳажм ва ўзгача сеҳр бағишлайди.
Халқ орасида «Пахта» дея ном олган фаввора театр лойиҳасининг муаллифи – атоқли меъмор Алексей Шчусев шарофати билан бунёд этилган. Урушдан кейинги йилларда, қурилиш ишлари якунланиб бораётган бир пайтда, меъмор бино олдидаги майдон қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўйлай бошлайди.

ДАКТ музейи мудираси Юлия Серякованинг сўзларига кўра, меъмор учун театр алоҳида ҳолда мавжуд бўлмаган – у театрни яхлит ансамблнинг бир қисми сифатида қабул қилган. Бу ансамблнинг ҳар бир элементи умумий таассуротни кучайтиришга хизмат қилиши керак эди. Фаввора эса муаллиф ғоясининг сўнгги чизгиси бўлди.

«1946 йили Тошкентга ташрифларидан бирида Шчусев ҳамкасбларини тўплаб, уларга ўзининг янги ғоясини тақдим этади. У қўлида эскизлар солинган катта жилдни ушлаган ҳолда шундай дейди: “Эшитишимча, бу ерда “сувда акс этган нарса кўкда ҳам давом этади”, деган гап бор экан. Келинг, театр олдига фаввора қурайлик. Ҳам чиройли бўлади, ҳам одамларга ёқимли бўлади”. Шундай қилиб, Алексей Викторович шарқона абадийлик тушунчасига амал қилгани ҳолда, бу жой ҳақидаги хотирани сақлаб қолишни истаган», – дея ҳикоя қилади Юлия Серякова.
Шчусев 1949 йилда ўз ғоясининг амалга ошганини кўра олмай оламдан ўтди. Унинг лойиҳасини шогирдлари ва ҳамкасблари амалга оширишди. Фаввора қурилиши 1951 йилда бошланди. Қурилиш ишларига «Тошгипрогор» лойиҳа институтининг муҳандис ва меъморларидан иборат катта жамоа жалб қилинди.

Гранит ва бронзадан ишланган элементлар меъмор В. Е. Шалашов лойиҳаси асосида тайёрланган, сув оқимларининг меъморий ечими эса В. Е. Архангельский томонидан ишлаб чиқилган. Мозаик безаклар Л. Г. Карашга тегишли. Лойиҳанинг қурилиш қисмига муҳандис А. В. Бернатович, гидротехника қисмига муҳандис В. Маслов, ёритиш тизимига эса муҳандис А. К. Арзуманов раҳбарлик қилган.
реклама
реклама
Марказий ҳайкалтарошлик элементи — пахта кўсаги Москвадаги СССР Бадиий жамғармасининг 3-сонли ҳайкалтарошлик фабрикасида бронзадан қуйилган. Украинадаги конлардан қазиб олинган гранитга ҳам ўша ерда ишлов берилган.

«Пахта минтақа иқтисодиётининг энг муҳим тармоғи эди. Унинг тимсоли ўша давр меъморчилиги ва амалий-безак санъатида кўп қўлланган. Фаввора бадиий ғояни даврнинг мафкуравий мазмуни билан боғлаган», — дея тушунтиради Юлия Серякова.
Ўзининг ўлчами ва мураккаб тузилиши билан ҳайратга соладиган фавворанинг очилиш маросими 1952 йил май ойининг охирида бўлиб ўтди ва шаҳар ҳаётидаги муҳим воқеага айланди.
«Янги фаввора сўнгги йилларда Совет Иттифоқи шаҳарларида қурилган энг йирик иншоотлардан бири бўлди. Сиртқи қирраси сайқалланган гранит ҳошия билан ўралган, диаметри 32 метр келадиган саккиз бурчакли ҳовузининг сув сиғими минг кубометргача. Марказидаги пахта кўсаги шаклида ясалган ўзагидан отилиб чиқувчи 126 та сув оқими жонли, жилвакор пирамидани ҳосил қилади», — деб ёзган эди «Правда Востока» газетаси ўзининг 1952 йил 28 майдаги 121-сонида.

«Правда Востока» газетасининг 1952 йил 28 майдаги 121-сонида босилган фавворанинг тунда олинган сурати. Сурат муаллифи: А. Палехов.
Худди шу нашрда фавворанинг мураккаб гидротехника ва электротехника иншооти экани қайд этилган. Ер остида кучли двигателларга эга насос хоналари жойлашган бўлиб, улар бир сонияда 200 литргача сувни тепага кўтариб берарди. Ёритиш эффекти рангли фильтрга эга ойнаванд чироқлар тизими ёрдамида яратилган. Чироқлар рангининг туслари ҳар ўн сонияда ўзгариб турган.

«Фаввора ўз даврининг чинакам муҳандислик мўъжизасига айланган. Айниқса, унинг ёритилиши кишини ҳайратга соларди: XX аср ўрталари учун бу ноёб ва деярли ақлбовар қилмас техник ечим эди», — дейди Юлия Серякова.
Театр музейи мудирасининг сўзларига кўра, фаввора тез орада учрашув ва сайрлар масканига айланган. Кечқурунлари бу ерга сув ва ёруғлик жилвасини томоша қилиш учун оилавий ташриф буюришарди. Театр майдонида учрашувлар белгиланар, спектакллардан сўнг сайр қилишар, илиқ ёз оқшомларида ҳордиқ чиқаришарди.

«Театр майдони пойтахт меҳнаткашларининг севимли дам олиш масканларидан бирига айланди. Фаввора атрофидаги барча ўриндиқлар ҳамиша банд бўлади. Бу ер, айниқса, сув оқимлари ёқут, қаҳрабо, феруза рангли чироқлар билан товланадиган кечки пайтларда гавжум бўлади», — дейилган эди «Правда Востока» газетасининг ўша сонида.
реклама
Ўнлаб йиллар давомида фаввора деярли тўхтовсиз ишлаб турди. Унинг техник тизимлари ва механизмлари етарлича мустаҳкам ишланган бўлиб, кўпчилиги белгиланган хизмат муддатидан анча узоқроқ ишлади. Бироқ вақт ўз ҳукмини ўтказди: ускуналар ишдан чиқа бошлади, уларга техник хизмат кўрсатиш эса тобора қийинлашиб борди.
2010 йилда фавворани модернизация қилиб, уни мусиқий фавворага айлантиришга уринишди. Серякованинг сўзларига кўра, фаввора ҳақиқатан ҳам қисқа муддат «куйлай бошлаган» — турли режимларда ёритилган.

«Ҳаммаси жуда жозибали, чиройли кўринарди. Лекин шундан сўнг у шўрлик бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолди: ичи бутунлай емирилишни бошлади», — дейди суҳбатдош.

Орадан 15 йил ўтибгина театр майдонини реконструкция қилиш доирасида фаввора таъмирланди — ер остига юқори босимга мўлжалланган янги қувурлар ва сув таъминоти тизимлари ўтказилди. Бироқ театр музейи мудирасининг таъкидлашича, унинг дастлабки техник имкониятларини тўлиқ тиклашнинг имкони бўлмади.
Фаввора тимсоли шу қадар ифодали ва Тошкент шаҳри тарихи билан чамбарчас боғланиб кетган эдики, уни пойтахтнинг бошқа қисмларида ҳам барпо эта бошладилар. Иншоотларнинг ўлчами ва материаллари ўзгаргани билан композициянинг ўзи ўзгаришсиз қолди.

Бугунги кунда бундай фаввораларни Тошкент давлат транспорт университетининг бош биноси олдида, Марказий вокзалга кираверишда, Бродвей сайилгоҳида ва Чорсу бозори ҳудудида ҳам кўриш мумкин.

Матн муаллифи: Фарзона Хамидова.

Суратлар муаллифлари: Евгений Сорочин ва Виктория Абдурахимова.

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta'га тегишли. Gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.


Қизиқарли маълумотларга эгамисиз ва уни дунё билан баҳам кўрмоқчимисиз? Ҳикоянгизни sp@gazeta.uz манзилига юборинг.

Made on
Tilda