Ўзимизникилар
Португалиялик математик Тошкентдаги ҳаёт, «Янги Ўзбекистон» университетидаги иш ва ўзини шу ерга тегишли деб ҳис қилишига нима сабаб бўлиши ҳақида
Гонсалу Пинту — португалиялик математика профессори. 40 йиллик педагогик фаолияти давомида Багама ороллари, Қозоғистон ва Уммонда ишлаган. 2023 йилдан буён Тошкентда истиқомат қилади ва «Янги Ўзбекистон» университетида факультет раҳбари ҳисобланади. «Ўзимизникилар» лойиҳаси доирасида жаноб Пинту Ўзбекистонга қандай келиб қолгани, бу ердаги нималарни ёқтириши ва нега у билан футбол ҳақида гаплашадиган нотаниш одамлар ўзини бир вақтнинг ўзида ҳам шу ерлик, ҳам бегонадек ҳис қилишга мажбур қилиши ҳақида сўзлаб берди.
Гонсалу Пинту — португалиялик математика профессори. 40 йиллик педагогик фаолияти давомида Багама ороллари, Қозоғистон ва Уммонда ишлаган. 2023 йилдан буён Тошкентда истиқомат қилади ва «Янги Ўзбекистон» университетида факультет раҳбари ҳисобланади. «Ўзимизникилар» лойиҳаси доирасида жаноб Пинту Ўзбекистонга қандай келиб қолгани, бу ердаги нималарни ёқтириши ва нега у билан футбол ҳақида гаплашадиган нотаниш одамлар ўзини бир вақтнинг ўзида ҳам шу ерлик, ҳам бегонадек ҳис қилишга мажбур қилиши ҳақида сўзлаб берди.
«Ўзимизникилар» — Gazeta ва «Янги Ўзбекистон» университетининг (New Uzbekistan University) биргаликдаги лойиҳаси. У яшаш учун Ўзбекистонни танлаган хорижликларни учратганимизда ёки улар билан танишганимизда бизда доим беихтиёр уйғонадиган қизиқишдан келиб чиқди. Таҳририят қаҳрамонлар билан бирга одамлар нима учун мамлакатимизга кўчиб келиб, шу ерда яшаб қолаётгани, уни нима учун ёқтириши, ўзбекистонликлардан нималарни ўрганиши ва қандай ўзгаришларни кутаётганини тушунишга уринади.
Математика — генимда бор
Ўқитувчи бўламан деб ҳеч қачон ўйламаганман. Мактабда унчалик тиришқоқ эмасдим. Айтиш мумкинки, дангаса бола эдим. Ўқиш мен учун биринчи ўринда турмасди. Фақат 15 ёшларимда жиддий шуғуллана бошлаганман — унда ҳам ўзимга ёққан нарсалар билангина. Унгача футбол ўйнаб, «кўрамиз, нима бўларкин» қабилида яшардим. Болалар билан баъзан катта бўлганимизда ким бўлишимиз ҳақида гаплашардик, лекин бу суҳбатларимиз ўйинлар, телевизор ва шунчаки ҳаётдан завқланишдан нарига ўтмасди.
Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
Отам бир неча йил ҳарбий-денгиз билим юртида денгизчилик фанидан дарс берган — у ерда математик ҳисоб-китобларсиз имконсиз. Онам уй бекаси эди, лекин мактабдаги севимли фани математика бўлган. Опам биринчи даромадини математикадан репетиторлик қилиб ишлаб топган, акам мактабда шу фандан дарс берган. Менинг икки нафар фарзандим бор, иккаласи ҳам муҳандис. Бунда аниқ бир гап бор. Балки бу генлар даражасидадир.

Ўсмирлик ёшимнинг охирларида ўзим ҳам математика билан шуғулланишга қарор қилдим — бу мактабда менга ёқадиган ягона фан эди. Кимёни ҳам яхши кўрардим, лекин математикачалик эмас. Жисмоний тарбияни ҳам! Гарчи спортчилик карьераси учун етарлича яхши бўлмасам ҳам.
Лиссабон университетига ҳеч қандай аниқ режаларсиз ўқишга кирганман. 1980 йилларда Португалияда математика бўйича магистратура дастури йўқ эди, ўқиш беш йил давом этарди. Учинчи курсда мутахассислик танлаш керак эди. Мени математика бир восита сифатида эмас, балки тафаккур усули сифатида ўзига тортарди, шунинг учун охирги икки йилни алгебра курсларига бағишладим. Ўқишни битиргач, NOVA университетига ўқитувчи ёрдамчиси лавозимига ариза бердим ва қабул қилиндим — шу тариқа шу касбда қолиб кетдим. Бирор нарсани ўзгартириш фикри ҳам келмаганди.
Лиссабондан Багама ороллари, Қозоғистон ва Уммонга
Мен Лиссабонда катта бўлганман ва деярли бутун умримни шу ерда ўтказганман — бизда оила аъзоларига яқин жойда яшаб қолиш одат тусига кирган. Лиссабон жуда гўзал шаҳар: тепаликлар кўп, иқлими ёқимли, дарёнинг шундоққина бўйида жойлашган. Қишда ҳаво ҳарорати тахминан 8–10 даражагача пасаяди, ёзда эса баъзан 40 даражагача кўтарилади.

Болалигимда кўчада деярли сайёҳларни учратмасдим. Фақатгина ҳашаматли пляжлар ёки қимматбаҳо меҳмонхоналарда учратиш мумкин эди. Атрофда фақат португалияликлар. Мамлакат Европа Иттифоқига аъзо бўлгач, ҳамма нарса ўзгарди. Erasmus таълим алмашинув дастури пайдо бўлиб, илк талабалар Буюк Британия, Германия, Швейцария ва бошқа давлатларга йўл олишди. Мен ўзим эса чет элга илк бор докторантурада ўқиётганимда чиқдим — илмий раҳбарим Шотландияга кетган экан, мен ҳам унинг ортидан бордим.
Бакалавр даражасини Лиссабон университетида олдим-у, ишлаш учун бошқа бир университетга — NOVAʼга (Universidade Nova de Lisboa) жойлашдим. Улар бир-биридан тубдан фарқ қиларди. Мен ўқиган университет деярли юз йилдан бери мавжуд бўлиб, анъанавийликни сақлаб қолган эди. Ўқитувчилик фаолиятимни бошлаган университет эса атиги 11 йиллик эди. У замонавий, амалиётга кўпроқ йўналтирилган, илғор ғояларга эга даргоҳ эди.

Бизни ассистентликка ишга олишгач, дарҳол амалий машғулотлар ўтишга қўйишарди — уч-тўртта гуруҳ, ҳафтасига тахминан тўққиз соат. Биз қайсидир маънода профессорлардан мустақил, тўғридан-тўғри талабалар билан ишлардик. Икки йилдан сўнг очиқ ҳимоядан ўтиб, юқорироқ лавозимни эгалладим. 1988 йилда аспирантурага кириб, уни 1992 йилда тамомладим.
Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
Аста-секин тизим ўзгариб борди. Талабалар ўқитувчига саволлар билан келиши мумкин бўлган қабул соатлари (office hours) мажбурий қилиб қўйилди. Бу мен учун янгилик, ғайриоддий ҳолат эди. Талабалик пайтларимда профессорнинг кабинети эшигини тақиллатишга асло журъат қилолмасдим. Агар бирор савол туғилса, уни дарс пайтида берардим.
Аксарият профессорларим талабалар билан ўзаро масофа сақлашарди. Талаба билан саломлашиш ёки «аҳволинг қалай?» деб сўраш ақлга сиғмайдиган ишдай туюларди. Улар қўпол бўлгани учун эмас, шунчаки шундай маданият мавжуд эди: ўқитувчининг мартабаси юқори, талабаники эса паст.
Ўзим уларнинг ўрнига ўтирганимда, талабалар билан уларнинг тилида гаплашишга, улар таълим олаётган соҳадан мисоллар келтиришга ҳаракат қилардим. Баъзан улар мени исмим билан чақиришарди, бундан мени сира жаҳлим чиқмасди.
2008 йили жаҳон молиявий инқирози юз берди. Мен ишлаган университет деярли ёпилиш арафасида эди — ҳар ҳолда, менга шундай туюлганди. Ойликлар кечиктирилгани учун чет элдан иш қидиришга қарор қилдим.

Ўшанда инглиз тилида дарс бериш тажрибам йўқ эди. Багама оролларидан таклиф тушгач, рози бўлдим. Бу менга янги эшикларни очди — резюмейимда янги сатр пайдо бўлди. Одамлар кўрди: ўз ишини билади, инглиз тилида дарс беради, демак, оламиз.

Багама оролларининг ўзи дам олиш учун ажойиб маскан, бироқ яшаш учун жуда қиммат. Бошқа иш топишим биланоқ у ердан кетдим. Аввал Қозоғистонга, кейин Уммонга. Саёҳат қилишни режалаштирмаган эдим, лекин шароит шуни тақозо этди.
«Ҳар сафар нимадир ўзгарарди ва кетишга тўғри келарди»
Қозоғистонда мослашишим қийин бўлди. Остонада 2015 йилдан 2017 йилгача, ҳаммаси бўлиб икки йил яшадим. Ҳозиргидек смартфоним ва Google Maps’им йўқ эди. Эсимда, консерва банкаси сотиб олгандим. Қўзиқорин деб ўйлаганман, лекин у паштет бўлиб чиққан. Ўқишни билмасдим, расмларига қараб танлардим.

Nazarbayev Universityʼда (NU) ишлаганман, кампуснинг ўзида яшаганман. Ҳар бир бинонинг ўз қабулхонаси бор эди ва у ерда ишлайдиган қизлар инглиз тилида бемалол гаплашишарди. Улардан бири менга такси чақириб, борадиган манзилимни қоғозга рус тилида ёзиб берарди. Ана шунақа, қоғозлар билан яшаганмиз.

Ўша пайтга келиб университет аввалги шуҳратини йўқотиб бўлганди — бу яққол сезилиб турарди. Мамлакатда айрим ўзгаришлар юз бераётган, бюджетлар бошқача тақсимланаётган эди. Мен ҳам бошқа жой излашга қарор қилдим.
Ҳиндистондаги бир университетдан таклиф тушди. Биз аввалига у ерга вазиятни ўрганиб, таклифга рози бўлиш ёки бўлмасликни ҳал қилиш учун оилавий сайёҳ сифатида бордик. У ерда уч-тўрт кун бўлиб, рад жавобини беришга қарор қилдик. Жуда гавжум, сершовқин экан. Об-ҳавоси ҳам ўта иссиқ ва нам. Қолаверса, мен ҳинд таомларини унча хушламайман — аччиқ егуликларни ёқтирмайман. Аёлимга ҳам у ер маъқул келмади.

Уммондан лавозим ва мансаб пиллапояларидан кўтарилиш борасида яхши таклиф олдим. Ва уни қабул қилдим. У ерда олти йил — 2023 йилгача яшадим. 2020 йилда Уммон султони Қобус бин Саид вафот этди, унинг вориси эса бутунлай бошқача қарашларга эга инсон бўлиб чиқди. Яна ҳамма нарса тубдан ўзгариб кетди.
Уммонда. Гонсалу Пинту шахсий архивидан
Университетнинг тиббий хизматларнинг бир қисми энди суғурта билан қопланмаслиги ҳақидаги эълони барчасига сўнгги нуқтани қўйди. Бу мени ўйлантириб қўйди: ёшим ўтиб боряпти; мабодо бирор кор-ҳол юз берса-ю, суғурта бўлмаса-чи...
Уйга қайтиб, хотинимга яна ҳужжат топширишни бошлашимни айтдим.

Ҳали-ҳануз у ерда қолган дўстларимдан бўлган воқеаларни эшитиб, ваҳимага тушаман. Вақтида кетганимдан хурсандман, гарчи у ерда яшаш менга жуда ёқарди.
Ўша куни компьютер қаршисида ўтириб, бўш иш ўринлари ҳақидаги навбатдаги хабарномани очганимда «Янги Ўзбекистон» университетига кўзим тушди. Қозоғистонлик талабалар менга жуда ёқарди. Ўзбекистонликлар ҳақида эшитмаган бўлсам-да, улар ҳам қозоғистонлик талабалардан қолишмаса керак, деб ўйладим. Синаб кўришга қарор қилдим. Жараён жуда тез кечди ва мен Тошкентга келдим.

Рафиқам доим мен билан бирга кўчиб юради. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. У одамларга фойда келтиришни яхши кўради: қаерда яшамайлик, доим бирор кутубхона топиб, ўша ерга кўнгилли сифатида борарди. Тошкентда эса ҳафтада бир марта Республика болалар кутубхонасига ёрдамлашиб туради.
«Одамлар мени мамлакатга фойда келтиряпти, деб ҳисоблашади»
Менга аэропортдаёқ пул алмаштиришни маслаҳат беришди. Адашмасам, 400 долларим бор эди. Сўмни олгач, кўзларимга ишонмадим — қўлимда бир даста пул турарди. Миллионлар! Одамлар ўзи билан шунча нақд пул олиб юришини тасаввур ҳам қилмагандим, вақт ўтиб кўникиб кетдим. Энди бу ерга келадиганларга доим ўзлари билан конверт олиб келишни маслаҳат бераман — ҳамённинг ўзи аниқ етмайди.
Етиб келганимдан сўнг қандай курслардан дарс беришимни айтишди ва ўқув дастурини тузишда менга эркинлик беришди. Ҳамкасбларим билан танишдим. Улардан бири Алишер Икромов менга ва бошқа янги ходимларга жуда яхши муносабатда эди. Бир неча кун бизни турли ресторанларга олиб бориб, тушлик қилдириб юрди, ош ва сомса қандай таом эканини тушунтирди. Дориларни қаердан сотиб олиш мумкинлигини кўрсатди. Google Maps ўрнига «Яндекс Хариталар»ни ўрнатиб, ундан фойдаланишни ўргатди. Бу унинг вазифасига кирмасди, лекин у, чамаси, бизнинг қанчалик эсанкираб қолганимизни тушунганди — ва ёрдам берди.

Биринчи якшанба куни католиклар ибодатхонаси — Исонинг Муқаддас Юраги соборига боришга қарор қилдим. Қайси автобусга ва қаердан миниш кераклигини билмаганим учун бир соат пиёда юрдим. Ҳозир жамоат транспортидан фойдаланаман. Асосан автобусдан. Метрони ёқтирмайман — у ер жуда гавжум, қолаверса, ер остида юриш менга ёқмайди.
Талабалар билан. Гонсалу Пинту шахсий архивидан
Гоҳида ёшлар ёнимга келиб, «Кимсиз?», «Қаердансиз?», «Бу ерда нима қиляпсиз?» деб сўраб қолишади. Кулги қилиш учун эмас, шунчаки самимий қизиқиш туфайли. Багамада ҳам менга шундай саволларни беришган, лекин у ерда одатда бундай саволлар тагида «бировларнинг иш ўрнини эгаллаб оляпсан» деган пичинг ётарди. Бу ерда эса ундай эмас. Аксинча, одамлар мени мамлакат бераётган имкониятлардан шунчаки фойдаланаётган одам деб эмас, балки унга фойда келтиряпти, деб ҳисоблашадигандек туюлади.
Инфратузилма, фармацевтика ва тил тўсиғи ҳақида
Бу ердаги шаҳар аҳли жуда меҳмондўст — буни сизга исталган киши айтиши мумкин. Тошкент ҳам ям-яшил, саришта ва ёқимли шаҳар. Бу ерда яшаш қулай. Бироқ пиёда юриш баъзан жуда хавфли. Ўзим ҳам бир-икки марта йиқилиб тушдим. Энди доим оёқ остига қараб юришга тўғри келади.

Шаҳримизда янги масканлар пайдо бўлаётганидан хурсандман. Улар ўз жозибасини узоқроқ сақлаб қолишини истардим. Масалан, университет ёнидаги кўприкка плиткалар ётқизилди, гуллар экилди — жуда чиройли бўлди, лекин бу бир неча ойга татиди, холос. Фикримча, шаҳар муҳитига кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Бу ҳам шаҳарликлар, ҳам шаҳримизга илк бор ташриф буюрувчилар учун муҳим.
Мен пайқаган яна бир жиҳат фармацевтика ва хизмат кўрсатиш соҳаси билан боғлиқ. Португалияда Дорихоналар ассоциацияси фаолият юритади ва тизим жуда яхши йўлга қўйилган: агар бирор дори мавжуд бўлмаса, уни одатда эртаси куниёқ олиб келиб беришади.
Мен дорихоналарга дори-дармонлар мунтазам етказиб берилишига ўрганиб қолганман. Шу сабабли бу ерда бир куни керакли дорини топиш учун бир нечта шохобчани айланиб чиқишга тўғри келгани мени ажаблантирди. Ахир одамлар дорихонага шунчаки харид учун эмас, балки ёрдамга муҳтож бўлгани учун келишади, шундай экан, тизимнинг тез ва узлуксиз ишлашини айниқса қадрлайсан киши.
Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
Баъзида мулоқотда қийинчиликлар юзага келади: дорихона ходими инглизча гапирмайди, мен эса ўзбекча ёки русчани билмайман. Бундай пайтларда ҳамкасбим Алишер кўп ёрдамга келади: керакли дорихоналарни топишда кўмаклашади, навигатор орқали дорихоналар манзилига ҳаволалар юборади. Унинг ёрдамисиз қийналган бўлардим. Деярли ҳамма инглизчани биладиган Уммондан кейин бу, айниқса, сезилади. Шу билан бирга, ёшларнинг тил курсларига фаол қатнаётганини кўриб турибман. Туризмни ривожлантираётган мамлакат учун бу, шубҳасиз, муҳим йўналиш.
«Талабалардан ўзим зарур деб билган нарсаларни талаб қиламан»
Мени қаттиққўл ўқитувчи деб билишади, баъзан ҳатто ҳаддан ташқари. Лекин талабларим юқори бўлса-да, имтиҳонлардан 100/100 балл тўплайдиган талабаларим ҳам бор. Мен биринчи курс талабаларига математик таҳлилдан (Calculus) иккита курс ўтаман ва улардан ўзим зарур деб билган нарсаларни талаб қиламан.

Яхши талабалар бор, лекин ўқитувчиларнинг орзусини рўёбга чиқарадиган илғор талабалар ҳам бор: ақлли, меҳнатсевар, иқтидорли. Фақат шундайларгина энг юқори баҳоларга муносиб. 300 нафар талабадан, балки, беш нафарчаси фанни 93% ва ундан юқори даражада ўзлаштирган.

Кўчирмакашликка қўл урадиганлар ҳам бор. Баъзан айрим талабаларнинг бунга ҳотиржамлик билан ёндашиши кишини ҳайратга солади. Гўёки бу табиий ҳол, меъёрдек.
Ўқитувчилик фаолиятим давомида ҳамкасбларимнинг кўплаб ҳисоботларини кўрганман, лекин баъзан қандай қилиб ҳамма талабалар юқори баҳога ўзлаштириши мумкинлигини ҳеч ақлимга сиғдира олмаганман. Масалан, Португалияда 20 баллик баҳолаш тизими жорий қилинган ва ўқитувчи ушбу шкаладаги барча рақамлардан фойдаланишга ҳақли.
Дарҳақиқат, қаттиққўл ўқитувчи бўлсам керак, лекин одамлар айтганчалик эмас. Рафиқам тасдиқлаши мумкин: уй вазифаларини текширишда анча юмшоқроқ ёндашаман — эҳтимол, шу йўл билан юқори талабларни мувозанатга келтиришга уринарман. Бу талаблар меники эмас, кўпроқ бозор талаблари. Ўзингиз ўйланг, битирувчи иш берувчининг олдига борганда ишни эплолмаслиги аён бўлса, бу унчалик ёқимли ҳолат эмас. Мен учун сон эмас, сифат муҳимроқ: базавий кўникмаларни ҳам қийналиб ўзлаштирган 200 та мутахассисдан кўра, 100 та пухта тайёрланган мутахассис етиштирган афзал.
«Академик фаолият эркинликни тақозо этади»
«Янги Ўзбекистон» университетида иш жадвалим одатий — эрталаб соат тўққиздан кечки олтигача. Агар кечқурунга бирор иш режалаштирилмаган бўлса, вақтлироқ кетишим мумкин. Машғулотим тушликка тўғри келса, эрталаб бассейнга тушиб чиқишга улгураман. Асосийси, ўз ишини сидқидилдан бажариш. Европада буни академик эркинлик деб аташади ва мен ўз жамоам учун айнан шундай ёндашувни маъқул кўраман.
Агар энг яхши мутахассисларни жалб қилмоқчи бўлсангиз, улар ўрганган ва талабларига мос келадиган шароитларни яратишингиз керак. Масалан, обрў-эътиборли ва тажрибали немис ёки америкалик мутахассисга соат 09:00 дан 18:00 гача офисда бўлиш мажбурияти билан иш таклиф қилсангиз, катта эҳтимол билан, у таклифингизни рад этади.
Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
Академиклар шусиз ҳам кўпинча дам олиш кунлари ишлайди, шу сабабли улар учун ўз вақтини мустақил тақсимлаш муҳим. Тушунаман, бу бошқа мамлакат ва ўзгаришларни ҳар куни жорий қилиб бўлмайди, бироқ иш жадвали — тўғри йўналишдаги кичик, лекин муҳим бир қадам. «Янги Ўзбекистон» университети раҳбарияти буни яхши тушунади ва имкон қадар шундай ёндашувни қўллайди.

Бу талабалар учун ҳам муҳим: улар 17-18 ёшидан турли мамлакат ва маданият вакиллари орасига тушиб қолади. Улар ҳаётни ўрганади. Erasmus дастурида қатнашган португалларнинг биринчи авлоди (ҳозир улар 40-50 ёшда) дунёни менинг авлодимга қараганда яхшироқ тушунади. Бизнинг талабаларимиз ҳам шунга ўхшаш тажрибани ҳатто улардан ҳам эртароқ ёшда, БАА ва Хитой билан алмашинув дастурлари орқали орттирмоқда. Мамлакатлар рўйхатини кенгайтиришни режалаштиряпмиз, бироқ бунинг учун вақт ва репутация керак. Ҳаммасини бир зумда қуриб бўлмайди.
«Ўзбекистон менга сабрли бўлишни ўргатди»
Университетда ўзимни шу ерликдек ҳис қилсам-да, шаҳарда ҳали ҳам бегонаман. Бу, айниқса, майда-чуйда ҳолатларда билинади.
Масалан, яқинда деярли инглизча гапирмайдиган шифокор қабулига бордим. У менинг португалиялик эканимни билиши билан дарҳол футбол ҳақида суҳбат бошлаб, португал футболчиларининг исмларини айта кетди. Суҳбатни қўллаб-қувватлашдан мамнун бўлдим. Нотаниш одамлар билан қурилган бу каби суҳбатлар мени бир вақтнинг ўзида ҳам шу ерлик, ҳам бегонадек ҳис қилишга мажбур қилади.
Ўзбекистон менга сабрли бўлишни ўргатди. Янги жойда кўплаб қийинчиликлар, вазифалар ва қоидалар бўларкан, уларни ёзиб олиш ва ўзлаштириш керак. Бирор иш ўз вақтида битмаганда сабрли бўлишингиз лозим. Мен ҳам жаҳл қилиш ўрнига кутиш ва муносабат билдиришга шошилмасликни ўрганяпман. Эҳтимол, бу ёшга ҳам боғлиқдир. Профессор-ўқитувчилар таркибида энг ёши улуғлардан бириман. Ёшликни жуда қадрлайман, лекин айрим лавозимлар тажриба талаб қилади, шунинг учун университетга бир нечта “сочи оқарганлар”нинг ҳам фойдаси тегади, деб ҳисоблайман.

10 йилдан кейин, эҳтимол, бу ерда бўлмасман. Нафақага чиқаман, рафиқам уйга қайтишни истайди. Ўзим ҳам набираларим билан кўпроқ вақт ўтказишни хоҳлайман. Уларнинг болалигидан баҳра олиб қолишни истайман. Бироқ ҳозирча шу ерда эканман, чинакамига фойдам тегиши мумкинлигига ишонаман.
Фото: Евгений Сорочин / Gazeta
Блиц
— Ўрганган биринчи ўзбекча сўзингиз?

— Раҳмат.

— Севимли ўзбек таомингиз?

— Мастава ёки палов, айниқса, Андижонча палов. Уни илк бор талабаларимиз уюштирган Наврўз байрамида татиб кўрганман. Тўқ рангли гуруч жуда мазали экан. Лекин эрталаб соат саккизда палов ейиш барибир менга бироз ғалати туюлади.

— Ҳали ҳам кўника олмаган таомингиз борми?

— Умуман олганда, миллий ошхона менга ёқади, лекин паловнинг баъзида жуда ёғли тайёрланишига ўргана олмадим. Ундан кейин мазам қочади.

— Тошкентга ташриф буюрган барча меҳмонларга, албатта, кўрсатадиган жойингиз борми?

— Мустақиллик майдонидаги Хотира ва қадрлаш майдони. Бу, эҳтимол, энг гўзал маскан эмасдир, лекин жуда муҳим жой: урушда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг исмлари битилган китоблар, Мотамсаро она ҳайкали – буларнинг бари жуда таъсирли. Ва, албатта, Алишер Навоий номидаги Катта академик театр. Мен опера санъати шайдосиман, театр майдони ҳам менга жуда ёқади.

Матн муаллифи: Зилола Тоирова.

Муҳаррир: Виктория Абдурахимова.

Суратлар муаллифи: Евгений Сорочин.

Материалда Гонсалу Пинтунинг шахсий архивидаги суратлардан фойдаланилган.


Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta'га тегишли. Gazeta веб-сайтида жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.


Қизиқарли маълумотларни биласизми ва уни дунё билан баҳам кўрмоқчимисиз? Ҳикоянгизни sp@gazeta.uz манзилига юборинг.

Made on
Tilda