Фото: Мумтозбегим

«Ичиндаги ичиндадур»

Ўғилой Маҳмудова ҳикояси
«Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони — ЎзЖОКУ талабаси Ўғилой Маҳмудова. Болалигини боғчада ишлаган пайти яшаганини таъкидлаган Ўғилойнинг ҳикоясида қишлоқ аёлининг ўзига етарли вақт ажратолмаслиги, ижтимоий босимнинг руҳиятга таъсири ва ўзгаришлар одатда ички англовдан бошланиши каби масалалар акс этади.

«Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони — ЎзЖОКУ талабаси Ўғилой Маҳмудова. Болалигини боғчада ишлаган пайти яшаганини таъкидлаган Ўғилойнинг ҳикоясида қишлоқ аёлининг ўзига етарли вақт ажратолмаслиги, ижтимоий босимнинг руҳиятга таъсири ва ўзгаришлар одатда ички англовдан бошланиши каби масалалар акс этади.

«Ирода» — синовларга бой ҳаёти ҳақида ҳикояси бор, аммо ўзи ҳақида гап кетганида биринчи галда инсон эканлигига, қобилияту салоҳиятига эътибор қаратилишини истовчи ватандошларнинг кечмишлари бериб бориладиган лойиҳадир. Унда ўз ҳаёт ҳикояси билан бўлишмоқчи бўлганлар Телеграм’да @Iroda_loyihaBot орқали боғланиши мумкин.
«Узр, гуруҳдошлар билан тоққа чиқадиган бўлиб қолдик», — битирув олди имтиҳонларга тайёргарлик сабаб фақат якшанбадагина бўш бўлишини таъкидлаган Ўғилойнинг режаси интервью олди бирдан ўзгаради.

Курсдошларининг каттаси бўлган суҳбатдошимизнинг бу каби тадбирларни қолдирмаслиги, аксинча, ташкиллаштиришга бош-қош бўлиши бежиз эмас. Бу унинг учун ғанимат лаҳзалар коллекциясини бойитиш, ҳаётидаги хўп яхши ўзгаришларга сабаб бўлган талабалик гаштини суришнинг яхши бир усули. У ўзига яраша мураккабликлар билан кечган «олтин даври»ни, унга мезбонлик қилган Тошкент билан боғлиқ илк таассуротини ҳечам унутмайди.
«„Бинойидек ишинг бўлса, бегона жойда нима бор?“, қабилидаги гапларга қарамай, Қашқадарёдан пойтахтга келдим. Бу ерда мени энг ҳайратга солгани — одамларнинг ғайритабиий нигоҳ билан қарамагани, қўлини бигиз қилиб кўрсатмагани бўлди. Тўғри, ҳануз айрим истисноли ҳолатлар учраб туради. Лекин, умуман олганда, Тошкент мени ҳамма қатори қаршилаб, хилма-хиллик табиийлигини эслатгани, бу англов эса эркинлик ва хотиржамликни бергани учун ҳам қадрли», — дейди қамашилик Ўғилой Маҳмудова.
Танлов эмас, мажбурият
«1998 йилнинг февралида кўзи ёриган онам орадан 1−1,5 ой ўтар-ўтмай мавсумий экиш-суғориш ишларига кўмаклашишга мажбур бўлган. У далада пайти менга опаларим қарашган», — дейди Ўғилой.
Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган аҳолининг қарийб 40 фоизи аёллардан иборат. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг «Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳаётида гендер ҳолати бўйича миллий таҳлили»даги фермер хўжаликларига оид тадқиқотда
айтилишича, аёллар кун давомида тахминан 11,5 соат вақтини самарали меҳнатга, 4,5 соатини уй юмушларини бажаришга ва 5,5 соатини эса болага қарашга сарфлайди.
реклама
реклама
Ўғилойнинг таъкидлашича, аксари ёш болали аёлларнинг ўзи ва фарзандига етарли вақт ажратолмаслиги кўпинча танлов эмас мажбуриятдан. Бунга одатда тирикчилик, анъанавий қарашлар, шароит ва инфратузилма билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлади.
Чақалоқ яхши боқилиши учун она тўйиб овқатланиши, рациони фойдали маҳсулотлардан иборат бўлиши керак, тўғрими? Лекин ҳали туғруқдан тўлиқ тикланмай туриб, далада меҳнат билан андармон бўлган инсоннинг соғлиги, таомномаси қандай қилиб қониқарли бўлиши мумкин?
Дунё мамлакатларининг очлик даражасини баҳоловчи Global Hunger Indexʼнинг 2025 йилги маълумотига кўра, Ўзбекистонда 5 ёшгача бўлган болаларнинг 6,7 фоизи тўйиб овқатланмаслик сабаб бўй ўсишидан орқада қолади. 2,4 фоизи озғин ва 1,3 фоизи эса 5 ёшга етмасдан вафот этади.

ЮНИСЕФʼнинг «Болалар овқатланиши тўғрисида»ги ҳисоботида қайд этилишича, бола соғлом ўсиб ривожланиши учун қуйидаги саккиз гуруҳдан ҳеч бўлмаганда бештасига кирувчи маҳсулотларни истеъмол қилиши керак.
Булар: кўкрак сути, нон маҳсулотлари, илдиз мевалилар, резавор-тропик мевалар, дуккаклилар, ёнғоқ-уруғлар, cут маҳсулотлари, шунингдек, гўшт маҳсулотлари (жумладан, парранда ва балиқ), тухум, А витаминига бой мева-сабзавот ҳамда бошқа мева ва сабзавотлардан иборат.
«Болалар болалигини яшасин!»
Болаликда осмон қадар юксак бўлган орзулар инсон улғайгани сайин ерлашиб боради, деган қараш Ўғилой Маҳмудованинг тақдирида ўз тасдиғини топмаган.«Катта бўлсанг, ким бўласан?», деган саволга у қишлоқдошларининг аксарияти чеварлигидан келиб чиқиб «тикувчи» дея жавоб берган.
реклама
реклама
Аслида эса қизалоқнинг касб билан боғлиқ хоҳиши мутлақ бошқа — радио дастур ва кино-мультфильм қаҳрамонларининг овозлари таъсирида у дубляжга ошно бўлган.
Баъзи қўни-қўшни ва қариндошларнинг ота-онамга айтган гаплари менга шунчалик оғир таъсир қилганидан, истакларим ҳақида овоз чиқариш тугул, худди ўзимни орзу қилишга ҳаққи йўқдек билардим. Ёшим кичик бўлса-да, «Эй художон, ҳис қилишни билмасам бўлмасмиди? Нега туйғулар билан яшаш бунчалик қийин», деб ўйлардим. Шунинг учун бўлса керак, болалигим ҳақида унчалик ҳам гапиргим келмайди. Аммо яшаганларим бошқаларга сабоқ бўлишини хоҳлайман. Болалар ўз болалигини яшаши учун уларнинг олдида бўлар-бўлмас масалаларни гаплашмаслик, умуман, уларга тарбия беришдан аввал катталарнинг ўзи «улғайиши»керак.
Ташқарида нима бўлганда ҳам оила даврасида у доим меҳр-муҳаббатни ҳис қилган. Масалан, шамоллаб қолган пайти отасининг печь чўғида шолғом пишириб бергани — унинг энг илиқ хотираларидан.

Аслида ушбу сабзавотни бемаза билса-да, дадасининг меҳрини ифодаси экани, қолаверса, уни еб тузалиш дўхтирга бориб, укол олгандан яхшироқ туйилгани учун ҳам ўша шолғомнинг таъми оғзида қолган.
«Бошланғич синфда ўқиётган пайтларимда витамин етишмовчилиги билан боғлиқ рахит ташхиси қўйилган. Баъзи кўрсатмаларни ёзиб берган шифокор, уларга амал қилгач қайта кўрикдан ўтишимни тайинлаган. Бу ташхис қанчалик асосли билмадим, лекин мен кейин бошқа бу масала билан тиббиёт муассасаларига борганим йўқ. Бунга шароит ва имкон бўлмаган», — тушунтиради у.
Рахит — асосан эрта ёшдаги болаларда Д витамини, кальций ва фосфор етишмаслиги оқибатида келиб чиқадиган хасталик. Ўзбекистонда ушбу касаллик 1 ёшгача бўлган чақалоқларнинг тахминан 27 фоизида учрайди.
Ўзгаришлар ички англовдан бошланади
Манғит қишлоғидаги 38-сонли мактабда таҳсил олган Ўғилой Маҳмудова ҳадебам кўчага чиқмаган. Тўй ва маросимларга, мактаб бозорига ҳам бормаган. Қатнайдигани фақат мактаби бўлгани учун таълимни уйдан давом эттириш ҳақидаги «тавсиялар»ни қабул қилмаган.
«Мулоқот қилиш, фикр алмашиш инсоннинг руҳияти ва ривожланиши учун муҳим. Шунинг учун, айниқса, ногиронлиги бор шахсларнинг ижтимоийлашишини рағбатлантириш, улар ўзини жамиятга бегона эмас, унинг бир қисми сифатида ҳис қилишига кўмаклашиш керак», — дейди у.

У 2014−2017 йиллари Қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида ўқиган. Ўқишни тамомлагач, буёғига нима қилишини ўйлаб тушкунликка тушиб қолган. Ўзини уй юмушлари, мутолаа билан чалғитмоқчи бўлган.

Ўша «Ёлғизликнинг юз йили»дек «Ўткан кунлар»ида китоблар унга ҳаёт фақат «Юлдузли тунлар»дан иборат эмаслиги, қуёшли кунлар ҳали олдиндалигини эслатгандек бўлган. Кутубхонага борган кунларининг бирида эса устози унга таълимни давом эттиришни маслаҳат берган.
Қарши давлат университетига ҳужжат топширишга борганимда, ҳаётимда илк бор кўплаб ногиронлиги бор инсонлар билан қаршилашдим. Йигит-қизлардаги ҳаракатчанлик ва ҳаётга бўлган иштиёқ менга бошқача таъсир қилди. Қайсидир маънода ҳамманинг ўз дарди ва муаммоси борлиги, лекин нима бўлганда ҳам инсон ўз ҳаёти олдида масъуллигини англагандек бўлдим. Ўшандан бошлаб ўз олдимга турли мақсадлар қўйишга ва уларга эришиш учун ҳаракат қилишга аҳд қилдим.
Кетма-кет уч йил ўқишга кира олмаган Ўғилой пазандачилик ва тикувчиликни ўрганган. Карантин пайтида қўшни болаларни мактабга тайёрлаб, уларга ҳарф ўргатган. Натижада маҳалла болалари қатори жияни ҳам биринчи синфга ўзбек ва рус алифбосини таниб, ёзиш-чизишни ўрганиб борган. Боланинг саводини холаси — Ўғилой чиқарганидан хабар топган устозлар унга боғчада ишлашни таклиф қилишган.

«Болалигимни боғчада ишлаган пайтим яшадим. Болажонлар билан бирга ўйнардик, шуғулланиб, завқландик. Мен уларга, улар менга меҳр қўйди. Баъзида мендан беғуборлик билан “Боғча опа, нега кичкина бўлиб қолгансиз”, деб ҳам сўрашарди. Мендан “каша”ни охиригача емаганим cабаб бўлгани ҳақидаги жавобни олгач, “бўлди, энди бўтқамни охиригача тугатиб қўяман”, дейишарди», — табассум қилади у.
Ўша кезлар Ўғилой ўзини спортда ҳам синаб кўрган. Оғир атлетика билан шуғулланиб, параспортчиларнинг туман мусобақасида учинчи ўринни олган. «Кучайиб кетиб» Париж-2024 паралимпия ўйинларида қатнашишни, чемпион бўлиб Ўзбекистон байроғини кўкка кўтаришни истаган.

Лекин қўли қайрилиши баҳонасида шифокорга борганида — спортнинг ушбу тури билан шуғулланишда давом этса, суякларига жиддий зарар етиши мумкинлигидан хабар топган.

«Спортни ташлашга мажбур бўлдим, тўғри. Натижа ҳам мен кутгандек бўлмади. Лекин, фикримча, уриниб кўрганим, бунинг учун ўзимда журъат топганимнинг ўзи бир ғалаба. Муҳими мен кимгадир ниманидир исботлаш учун эмас, ўз имкониятларимни кашф қилиш учун ҳаракат қилдим», — дейди 2022 йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига давлат гранти асосида ўқишга кирган Ўғилой.
Ўғилой Маҳмудова ногиронлиги бор инсонлар ва инклюзивлик ҳақида кўпроқ гапирилиши, уларни қийнаётган муаммолар ёритилишини истайди. Чунки Ўзбекистон фақат Тошкентдан иборат эмас.

Пойтахтда пандуслар етишмаслиги ёки светофорлар гапирмаслиги каби муаммолар ўринли равишда муҳокама қилинаётган бир пайтда, чекка ҳудудлардаги айрим инсонлар ногиронлиги сабаб уйида «қамалиб» яшётган бўлиши мумкин.

Улар орасида таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, ҳатто ўз ҳаётини мустақил танлаш ҳуқуқидан мосуво, мавжуд имтиёзлардан ҳам бехабар қолаётганлар бор катта эҳтимол билан.
Масалан, ногиронлиги бор шахсларнинг оила қуриш масаласи ҳам эътибор қаратилиши керак бўлган мавзулардан. Cабаби стереотипларни деб қаршилик ва босимларга дуч келаётганлар йўқ эмас. Вояга етган ҳар бир инсон ўз ҳаёти билан боғлиқ бошқа масалалар сингари турмуш қуриш ё қурмасликни ҳам ўзи ҳал қилиши керак. Атрофдагилар, айниқса, яқинлари эса у қарорни ҳурмат қилиши лозим.
Бир пайтлар ҳис-туйғулар яшашни қийинлаштиради деб билган Ўғилой бугун инсон аслида фақат ақли эмас ҳислари билан ҳам инсонлиги, уларсиз одамнинг тирик мурдадан фарқи бўлмаслигини тушуниб етган. «Магистратурани психология бўйича ўқиб, одамларга ёрдам беришни хоҳлайман», — дейди у.

Материални Гулираъно Мусаева тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Мумтозбегим / Gazeta


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta нашрига тегишли. Gazeta интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda