2026 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
Давлат арбоблари Эъзозхон Каримова, Азиза Умарова, Баҳодир Аҳмедов, UNFPAнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасзаде, Франция элчиси Уалид Фук, жамоатчилик фаоллари Қобил Хидиров, Мўътабар Хушвақтова ҳамда Teacher Azam Gazeta орқали 2025/2026 ўқув йили битирувчиларига ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдирди.
2026 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
Давлат арбоблари Эъзозхон Каримова, Азиза Умарова, Баҳодир Аҳмедов, UNFPAнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасзаде, Франция элчиси Уалид Фук, жамоатчилик фаоллари Қобил Хидиров, Мўътабар Хушвақтова ҳамда Teacher Azam Gazeta орқали 2025/2026 ўқув йили битирувчиларига ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдирди.
Ўқув йили якунига етар экан, Gazeta ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда, давлат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва жамоатчиликнинг фаол вакилларидан 2025/2026 ўқув йили битирувчилари ва ёшларга ўз маслаҳатлари ҳамда тилаклари билан мурожаат қилишларини сўради.

Уларга анъанавий равишда учта савол берилди:

  1. Ўзингизни битирувчи деб тасаввур қилсангиз, нималарни маслаҳат берардингиз?
  2. Янги авлод вакиллари қандай учта муҳим ҳислатларга эга бўлишлари керак?
  3. 2025/2026 ўқув йили битирувчиларига маслаҳат ва тилакларингиз.

Уларнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Эъзозхон Каримова
Мактабгача ва мактаб таълими вазири
1. Бугунги кун битирувчиси бўлганимда, вақтдан унумли фойдаланиб, янада кўпроқ билим олишни, ҳар сониядан унумли фойдаланиш зарурлигини тавсия қилган бўлардим. Албатта, мактабни тамомлаш билан билим олиш жараёни якунланмайди. Шу сабабли ўзимга бошланғич билимларни эгаллаш қаторида дунёқарашимни кенгайтиришдан тўхтамасликни маслаҳат берардим.

Ёшларга тез-тез таъкидлайдиган гапим, яъни хатога йўл қўйишдан қўрқмаслик кераклигини ўзимга ҳам кўп бор уқтириб келаман. Шу нуқтаи назардан айтишим керакки, аслида ҳар бир муваффақиятсизлик бизни янада кучли қиладиган ва тўғри йўлни кўрсатадиган сабоқдир. Ўз устимизда ишлаш, мутолаа қилиш ва бугунги кун кечагидан кўра яхшироқ бўлишига интилиш ҳаётий тамойилимиз бўлсин.

2. Назаримда, ҳозирги авлод келажакда қуйидаги ҳаётий тамойилларга қатъий амал қилиб яшаса, катта муваффақиятларга эришади:

Мослашувчанлик ва доимий ўрганиш. Ҳозирги даврда технология ва касбларнинг ҳар куни янгиланаётгани, бугун эгалланган билим эртага эскириши мумкинлигини тўла англаш зарур. Янги кўникмаларни эгаллаб бориш ва ўз устида мунтазам ишлаш аллақачон замон талабига айланди.

Танқидий фикрлаш. Бугунги ахборот оқими ҳаддан ташқари кўп бўлган даврда маълумотларни саралаш, фактларни таҳлил қилиш зарур ва бу ёшларни нотўғри йўлларга кириб қолишдан асрайди.

Масъулият ва ватанпарварлик. Шахсий манфаати билан бир қаторда ота-она, жамият ва Ватан келажаги учун ҳам масъул эканини ҳис қилиш керак. Ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш орқали мамлакат ривожига ҳисса қўшиш энг олий мақсад бўлиши даркор.
реклама
реклама
3. Бугунги ёшлар, энг аввало, Янги Ўзбекистоннинг пойдевори, эртанги кунимизнинг бунёдкори эканини ҳамиша ёдда сақлашлари лозим. Сизлар бугун мактаб остонасидан катта ҳаётга қадам қўяр экансиз, шу юрт ва халқ осудалиги ва ривожига бевосита дахлдор инсон эканингизни фахр билан идрок этинг. Бунинг учун олдингизга катта мақсадлар қўйинг. Билим сизнинг энг яқин дўстингиз ва энг кучли қуролингизга айлансин, қайси соҳани танламанг, унинг энг яхши устаси бўлишга ҳаракат қилинг.

Ҳаёт йўлингизда доимо ҳалоллик ва меҳнатсеварликни энг олд қаторларга қўйинг. Ютуқларингиз — ота-онангизнинг бахти, устозларингизнинг фахри ва давлатимизнинг қудратидир. Барча битирувчи ёшларга олий таълим муассасаларига киришда ёки ўзлари танлаган касб сирларини эгаллашларида катта зафарлар тилайман!
Баҳодир Аҳмедов
«Янги Ўзбекистон» университети ректори
1. Бугун дунё мисли кўрилмаган суръатда ўзгармоқда. Янги технологиялар, илм-фан ва сунъий интеллект ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Энг катта имкониятлар ҳам айнан шу соҳаларда яратилмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон ёшлари учун дунёнинг етакчи университетлари, халқаро лойиҳалар, илмий марказлар ва глобал меҳнат бозори эшиклари очилмоқда. Бу имкониятлардан фойдаланиш учун сизлар инглиз тилини пухта ўрганишингиз, замонавий технологияларни ўзлаштиришингиз ва мустақил фикрлаш қобилиятингизни доим ривожлантириб боришингиз зарур. Энг муҳими — ўз билим ва салоҳиятингиз билан Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишни ҳаётингизнинг муҳим мақсадига айлантиринг.

2. Мен янги авлод вакиллари қиёфасида мазкур учта муҳим фазилатни кўришни истардим:

Технология ва сунъий интеллект билан ишлаш кўникмаси. Сунъий интеллект энди келажак ҳақидаги тасаввур эмас, у бугунги куннинг ҳақиқатидир. Уни чуқур тушунадиган, тўғри қўллайдиган ва унинг имкониятларидан жамият манфаати йўлида фойдалана оладиган ёшлар келажакда катта устунликка эга бўлади.

Кенг фикрлаш ва самарали мулоқот қобилияти. Бугун рақобат фақат маҳаллий эмас, балки глобал миқёсда кечмоқда. Шунинг учун чет тилларини билиш, турли маданият ва қарашларни тушуниш, жамоада ишлаш ва ўз ғояларини аниқ ифода эта олиш ҳар бир замонавий мутахассис учун ниҳоятда муҳим.

Доимий ўқиш ва изланишга интилиш. Ҳозирги даврда бир марта олинган диплом бутун умрга етарли бўлмаслиги мумкин. Ким тез ўрганса, ўзини доим ривожлантирса ва янгиликларга очиқ бўлса, келажак айнан ўшаники.

3. Қадрли битирувчилар. Сизлар Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, энг катта умиди ва энг катта кучисиз. Олдингизда улкан имкониятлар билан бирга катта масъулият ҳам турибди. Ўзингизга ишонинг, баланд мақсадлар қўйинг ва улар сари қатъият билан ҳаракат қилинг.

Илм олинг, технологияларни ўрганинг, сунъий интеллектни ўзлаштиринг. Аммо энг муҳими — ҳар қандай ютуқ ва билим замирида инсонпарварлик, масъулият ва Ватанга садоқат туриши кераклигини унутманг. Йўлингиз очиқ, орзуларингиз баланд, келажагингиз порлоқ бўлсин!
Азиза Умарова
Президент ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги, «Бюрократияни бартараф этиш – 2030» дастурини амалга ошириш ва инновацияларни жорий этиш бўйича лойиҳа офисининг раҳбари
1. Ўзимга энг аввало, катта орзу қилишдан қўрқмасликни маслаҳат берган бўлардим. Кўпинча ёшликда инсон ўз имкониятларини ўзи чеклаб қўяди. Аслида эса дунёдаги катта ўзгаришларни ҳам оддий инсонлар бошлаган.

Яна бир муҳим маслаҳатим шуки, фақат «яхши ўқувчи» эмас, ташаббускор инсон бўлиш зарур. Савол беришдан, фикр билдиришдан, олдинга чиқишдан қўрқмаслик керак. Ҳозирги замонда фақат билимнинг ўзи етарли эмас, масъулият ола билиш ва жамоани ортидан эргаштира олиш ҳам муҳим ҳисобланади.

2. Учта xислат:

Ташаббускорлик ва масъулият. Янги авлод муаммони кўрибгина қолмай, уни ҳал қилиш учун ҳаракат қиладиган авлод бўлиши керак.

Танқидий фикрлаш. Ахборот жуда кўп бўлган бугунги даврда мустақил фикрлай олиш, таҳлил қилиш ва ҳақиқатни ажрата билиш муҳимдир.

Эмпатия. Технология қанча ривожланмасин, инсонни инсон қилиб турадиган нарса бу бошқаларни тушуниш, ҳис қила билиш, қўллаб-қувватлаш ва жамият учун фойдали бўлиш истагидир.

3. Азиз битирувчилар, сизлар жуда тез ўзгараётган дунёда катта ҳаётга қадам қўймоқдасизлар. Шунинг учун дипломдан ҳам муҳимроқ нарса - ўрганишдан тўхтамаслик қобилиятидир. Ўзингизга ишонинг. Хато қилишдан қўрқманг. Катта мақсадлар қўйинг ва улар учун меҳнат қилишдан чарчаманг. Етакчилик бу фақат лавозим эмас, балки масъулият олиш ва бошқалар учун намуна бўлишдир.

Ҳаётда доим адолат томонида туришга ҳаракат қилинг. Айниқса, ўзини ҳимоя қила олмайдиганлар, овози эшитилмайдиганлар тарафида бўлишдан қўрқманг. Кучли инсон бу фақат муваффақиятли инсон эмас, балки ҳақиқатни ҳимоя қила оладиган инсон ҳамдир.

Қизларга шуни айтмоқчиманки, ўз овозингизни пасайтирманг. Катта мақсадлар қўйишдан уялманг. Илмда, технологияда, давлат бошқарувида, бизнесда ҳар қандай соҳада ўз ўрнингизни топишингиз мумкин. Сизлар ўз орзуларингизни кичрайтирмаслигингиз керак. Жамиятга билимли, жасур ва мустақил фикрлайдиган қизлар жуда керак. Овозингиз, ғояларингиз ва етакчилигингиз келажакни ўзгартира олади.

Барчангизга катта ютуқлар, кучли ирода ва ўз йўлингизни топиш бахтини тилайман!
Уалид Фук
Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси
1. Энг аввало, ўзимга чегаралардан ташқарига қарашга журъат этишни маслаҳат берган бўлардим. Бугунги кунда чет тилларини ўрганган, халқаро тажрибага эга ҳамда кўп маданиятли муҳитда ишлаш қобилиятига эга ёш битирувчилар биз яшаётган дунёни тушуниш ва шу орқали ўз тақдирини бошқариш учун зарур воситаларга эга.

Француз тили ана шу дунёга очиқликка хизмат қилади. Чунки у беш қитъада яшовчи қарийб 400 миллион сўзлашувчини бирлаштирган улкан маданий, академик, илмий ва иқтисодий маконга кириш имконини беради. Француз тилини ўрганиш эса келажакка қилинган сармоядир. Зеро 2050 йилга бориб дунё бўйлаб қарийб 700 миллион киши француз тилида сўзлашади.

Шу боис мен ёшларни таълим олиш учун француз тилини ва Францияни танлашга ундайман!

2. Дунёга нисбатан очиқ фикрлилик. Ҳозирги кунда жамиятларимиз тобора ўзаро боғлиқ бўлиб бормоқда. Бошқа маданиятларни тушуниш, хорижий тилларда сўзлашиш ҳамда халқаро ҳамкорлар билан ишлай олиш катта устунлик ва талаб юқори бўлган кўникмалардандир.

Мослашувчанлик. Технологик инновациялар, айниқса, сунъий интеллект ривожи таъсирида касблар тез суръатларда ўзгариб боряпти. Ёшлар бутун ҳаёти давомида ўқиш ва мослашишда давом этишлари, шунингдек, янги имкониятлардан фойдалана олишлари зарур бўлади.

Ташаббускорлик. Жамиятлар янги ғояларни илгари сура оладиган, ташаббус кўрсатадиган ҳамда ўз мамлакати тараққиётида фаол иштирок этадиган ёшларга муҳтож. Эртанги дунёда айнан ижодкорлик ва ижтимоий фаоллик ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Бу хислатларнинг барчасини ривожлантириш борасида Франция янги ўзбек авлодига кўп нарсани таклиф қила олади. Бугунги кунда мамлакатимиздаги 3 500 дан ортиқ олий таълим муассасаларида қарийб 450 минг нафар хорижий талаба таҳсил олмоқда. Франция муҳандислик, иқтисодиёт, сунъий интеллект, энергетика трансформацияси, сиёсий фанлар, санъат ва бошқа кўплаб йўналишларда халқаро миқёсда тан олинган муассасаларда юқори сифатли таълим олиш имконини беради.

3. Битирувчиларга энг самимий табрикларимни изҳор этмоқчиман ҳамда уларга ўз олдиларига қўйган мақсадларини амалга оширишда ҳар томонлама муваффақиятлар тилайман. Ушбу босқич танловлар, кашфиётлар ва имкониятларга бой ҳаяжонли даврнинг бошланишидир. Мен уларни ўз салоҳиятларига ишонишга ҳамда доимо юксак марраларни кўзлашга чорлаб қоламан.

Ниҳоят, уларга келажакка ишонч билан қарашларини тилайман. Эртанги дунё янги ечимларни ярата оладиган инсонлар қўлида бўлади. Францияда айнан шундай дунёқараш ҳукм суради.
Нигина Абасзаде
БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги доимий вакили
1. Битирувчи бўлиб қолганимда, ўзгаришлардан қўрқмасликни маслаҳат берган бўлардим. Ҳаёт камдан-кам ҳолларда аниқ режа асосида кечади. Аммо айнан янги имкониятлар ўсишимизга ва ўзимизда кутганимиздан ҳам кўпроқ нарсани кашф этишимизга ёрдам беради. Шунингдек, ўзимга замон билан ҳамнафас бўлишни ва ўз йўлимни танлашни маслаҳат берган бўлардим — ҳар бир инсоннинг ўз суръати, ўз сабоқлари ва ўз ютуқлари бор. Ва, албатта, ўрганишни, саволлар беришни ва янгиликларга очиқ бўлишни, ҳеч қачон тўхтамасликни ҳам айтардим. Замонавий дунёда битта касбнинг ўзи етарли эмас. Ҳозир сиз интегратор бўлишингиз, ва яъни камида бир нечта фан ва кўникмаларни бирлаштиришни билишингиз керак.

Халқаро тараққиёт соҳасида ва ёшлар билан ишлаганимда, айниқса, қизлар ва йигитлар учун ўз истеъдодига, ривожланишига ва ҳаёт йўлини мустақил танлашига ишониш қанчалик муҳимлигини тушунаман — бу келажакка сармоя киритишдир. Айнан бугунги кунда ёшларга йўналтирилган инвестициялар эртага янада барқарор ва муваффақиятли жамиятни шакллантиради ва ҳар бир ёш унинг муҳим бўғини ҳисобланади.

2. Менимча, янги авлод вакиллари учун мазкур учта фазилатга эга бўлиш айниқса муҳим: танқидий фикрлаш, ҳамдардлик ва масъулият. Бугунги кунда атрофда жуда кўп маълумотлар мавжуд бўлиб, уларни мустақил равишда таҳлил қилиш ва ўз хулосаларини чиқариш муҳим аҳамиятга эга. Бошқа одамларга нисбатан ҳурмат ва инсонийликни сақлаш ҳам муҳимдир.

3. 2025/2026 ўқув йили битирувчилари — аввало, ўзингизга ва имкониятларингизга ишонч тилайман. Сиз дунё тез ўзгараётган ва айнан сизнинг авлодингиз унинг келажагини шакллантирадиган жуда динамик замонга қадам қўймоқдасиз. Хатолардан қўрқманг — улар ҳам ўсиш ва ривожланишнинг бир қисмидир. Янги нарсаларни дадил синаб кўринг, ривожланинг, ўз йўлингизни изланг ва орзуларингиздан воз кечманг.

Ҳозирги кунда дунё, айниқса, адолатли, соғлом ва инклюзив жамият яратишга тайёр бўлган билимли, ташаббускор ва жонкуяр ёшларга муҳтож. Энг муҳими, ўзингизга ва бошқаларга нисбатан ҳурматни сақланг, чунки бу бизни жамият сифатида кучлироқ қилади.
Қобил Хидиров
Davletovuz Telegram канали муаллифи, журналист
1. Модомики ўзимни битирувчи сифатида тасаввур қилар эканман, аввало, ўқиш-ўрганишнинг кўпи бўлмайди. Кўпроқ ўқигин, синфда баҳоларинг аъло бўлгани билан катта ҳаётда, олий таълимда, янги тенгқурларинг орасида билиминг анча саёз эканини билиб қоласан. Ихтисослашган фанларингдан ташқари китоб ўқиш ва адабиёт севимли машғулотинг бўлсин. Одамлар билан мулоқот - энг катта билим манбаи. Яхши суҳбатдош бўл, эшитишни ўрган.

Инглиз тилини тезроқ ва яхши ўрганиб олгин. Бўлмаса, кейинчалик, инглиз тилини қайта-қайта ўрганиш билан овора бўлиб қоласан. Кўпроқ дўст ва танишлар орттир, Ўзбекистонни айлан, юртингни кашф қил. Яхши инсон бўлишга ҳаракат қил, шошилма. Молиявий мустақиллик ва саводхонликка интил. Буни қанча тез англасанг — шунча яхши.

2. Менимча, бугунги янги авлод вакиллари учун қуйидаги уч ҳислат зарур:

Биринчиси, меҳнаткаш ва меҳнатни қадрлайдиган инсон бўлишлари керак, деб ўйлайман. Бу ҳозирги кунда муҳим фазилатдир.

Иккинчиси, эркинликка интиладиган, толерант, бағрикенглик фазилатига эга бўлиш ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Эркин одам атрофида ҳаммаслакларини тез топади, кундалик ҳаётидан рози бўлади.

Учинчиси, қўрқмаслик. Ўз фикри, позициясини билдиришдан, мутлақо янги соҳада ўзини синаб кўришдан, янги билимларни олишдан, янги имкониятлар эшигига киришдан қўрқмаслик керак.

3. Ҳозирги ёшлар инсониятнинг энг яхши даврларида катта ҳаётга кириб келмоқда. 2025/2026 йил битирувчилари бундан 15-25 йил аввалги тенгқурларидан анча фаровон, тўқ жамиятда яшамоқда. Уларга ўзларини яхши кўришлари, ўзларига энг яхши нарсаларни раво кўришларини тилайман.

Қарор қабул қилишга шошилманг, ёмон одатлардан ўзингизни ҳам, танангизни ҳам асранг. Имкон бўлса дунёни кезинг, нетворкингга очиқ бўлинг. Севинг, севилинг. Муҳаббат ҳам бу ҳаётдаги энг катта неъмат.

Омад тилайман!
реклама
реклама
Мўътабар Хушвақтова
Экофаол, urikguli блоги асосичиси
1. Ўзимга шуни айтардимки, ҳамма нарсани дарҳол билиш шарт эмас. Кўпчилик бу пайтда «қайси йўлни танлайман?», «хатo қилсамчи?», деган хавотирда бўлади. Лекин энг муҳими — ҳаракат қилиш ва ўзингни синаб кўриш. Хатолар ҳам бу тажриба, дегани. Яна бир маслаҳат: ўзингни бошқалар билан солиштирма, ҳар кимнинг вақти ва йўли турлича бўлади.

2. Янги авлод вакилларида мужассам бўлиши керак учта муҳим хислат:

Мослаша олиш қобилияти. Чунки дунё жуда тез ўзгаряпти.

Танқидий фикрлаш. Ҳар қандай маълумотни таҳлил қила билиш зарур.

Масъулият ва бефарқ бўлмаслик. Нафақат ўз ҳаётига, балки жамият ва атроф-муҳитга ҳам онгли муносабатда бўлиш муҳимдир.

3.  2025/2026 ўқув йили битирувчиларига тилакларим: ўзингизга ишонинг ва қўрқмасдан янги имкониятларни синаб кўринг. Ҳамма нарса биринчи уринишдаёқ идеал бўлмаслиги мумкин, лекин бу тўхташ учун сабаб эмас. Ўз қизиқишларингизни йўқотманг, яхши инсон бўлиб қолинг ва қаерда бўлсангиз ҳам жамиятга фойда келтиришга ҳаракат қилинг. Омад сизларга ёр бўлсин!
Teacher Azam
Блогер
1. Биринчи навбатда бу дунёда бўлаётган вазият ва ўзгаришларни, яъни урушлар, кучлар тақсимоти, сунъий интеллектнинг ижтимоий оқибатларини инобатга олишини маслаҳат берардим. Шунингдек, Ўзбекистондаги ижтимоий, иқтисодий жараёнлар, иш бозоридаги вазиятни инобатга олган ҳолда қарорлар чиқаришни айтган бўлардим. Ўзи севган иш билан шуғулланишдан ташқари, керакли билим ва кўникмаларга эътибор қаратиш ҳам муҳимдир. Бундан ташқари, қандай маҳоратлар комбинацияси энг кучли формулани беряпти? Ўша формулани ўзим учун топишни таъкидлардим.

2. Ҳозирги даврда сунъий интеллектнинг катта тўлқини кетяпти. Ҳар доим мазкур тўлқинда бўлиш керак. Шу билан бирга, қизиқувчанлик ва қайишқоқлик ҳислатлари ҳам бўлиши лозим.

3. Шу йиллардаги битирувчиларга ҳар доимгидан қийинроқ бўлади. Чунки дунё ўзгармоқда, Ўзбекистон ўзгармоқда, технологиялар ўзгармоқда. Умуман биз мавҳум замонларга қадам қўйяпмиз, олдинда нима бўлишини ҳеч ким билмаяпти. Шу боис битирувчи ука-сингилларимизга куч-қувват тилайман, бардам бўлинглар, охири бахайр бўлсин.
2025 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
2024 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
2023 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
2022 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
2021 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
2020 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
Материални Миролим Исажонов тайёрлади.

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.

Бирор қизиқарли воқеа ёки ҳодисани биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda