Фото: Холида Мусулмон / Gazeta
Ўзбек қурути қандай тайёрланади?
Иштихонлик Ҳабибулла Сулаймонов ҳикояси
Ўзбек қурути қандай тайёрланади?
Иштихонлик Ҳабибулла Сулаймонов ҳикояси
Самарқанд вилоятида яшовчи 72 ёшли Ҳабибулла Сулаймонов 30 йилдан бери ҳовлисида қурут тайёрлайди. Мавсум пайтида унинг оиласи ойига уч-тўрт тоннагача ушбу қуритилган сут маҳсулотини ишлаб чиқаради. Тайёр қурутлар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги бозорларга етказилади. Gazeta сайёҳларни доим ҳайратга соладиган шўр маҳсулот қандай тайёрланишини кузатди.
Самарқанд вилоятида яшовчи 72 ёшли Ҳабибулла Сулаймонов 30 йилдан бери ҳовлисида қурут тайёрлайди. Мавсум пайтида унинг оиласи ойига уч-тўрт тоннагача ушбу қуритилган сут маҳсулотини ишлаб чиқаради. Тайёр қурутлар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги бозорларга етказилади. Gazeta сайёҳларни доим ҳайратга соладиган шўр маҳсулот қандай тайёрланишини кузатди.
Самарқанд вилоятининг Иштихон шаҳридаги Сулаймоновлар хонадони ҳовлисига киришингиз билан нордон сузма ҳиди димоғингизга урилади. Темирдан ясалган баланд мосламаларга териб қўйилган ёғоч патнисларда эндигина тайёрланган қурутлар қуримоқда. Баҳорнинг майин қуёши оппоқ қурутларнинг думалоқ юзига илиқ нур сочади.

72 ёшли Ҳабибулла Сулаймонов қатор терилган патнислар оралаб секин юриб, йўл-йўлакай тўхтаб қурутларнинг қай даражада қуриганини текширади. Иштихон туманидаги фермер хўжалигида узоқ йиллар агроном бўлиб ишлаган Ҳабибулла ака 30 йилдан ошиқ вақтдан бери қурут тайёрлаш билан шуғулланади.
Қўшни хонадан сузма аралаштирилаётган ускуна шовқини эшитилади. Уй ичида оқ халатдаги аёллар ранг-баранг кўрпачалар устида ёнма-ён ўтириб, ҳосил бўлган қуюқ сузмани кафтлари орасида моҳирлик билан айлантириб, кўз очиб-юмгунча уни бир хил, думалоқ қурутчаларга айлантириб қўяди.
реклама
реклама
«Биз томонда қурут қиладиганлар кўп эди. Биз ҳам бир уриниб кўрайлик дедик. Аввалига фақат ўзимиз, болаларимиз учун тайёрлардик. Кейин таниш-билишлар, қўни-қўшнилар кириб қолиб, қизиқа бошлади. Татиб кўриб, сотиб олишарди. Бир неча йилдан кейин қурутни бозорга ҳам олиб чиқдик. Дастлаб бир неча сават сотардик, кейинчалик эса савдо аста-секин юришиб кетди», — дейди Ҳабибулла ака.
Сулаймоновлар оиласи дастлабки ўн йил давомида қурутни тўлиқ қўлда тайёрлаган. Бунинг учун аввал сутдан сузмага ўхшаш қуюқ нордон сут маҳсулоти олинади — Самарқандда уни «чакки» деб аташади.

«Чакки» тайёрлаш жараёни қийин эмас, бироқ сабр талаб қилади. Қатиқ бир неча қават докага солиниб, бир неча соатга осиб қўйилади. Зардоби тўлиқ сизиб чиққач, масса қуюқлашади — қурут учун асос ҳам шу тариқа тайёр бўлади. Ҳабибулла аканинг айтишича, Самарқанд чаккаси Тошкентникидан анча фарқ қилади: у кўринишидан юмшоқроқ ва кўпчиган, таъми эса майин нордонлиги ва қаймоқсимонлиги билан ажралиб туради.
Иш юришиб кетгач, оила тайёр сузма харид қила бошлаган. Ҳабибулла ака ўғиллари билан ҳар куни энг яқин бозорларгача бориб-келиш учун қарийб 100 километр йўл босган. Ҳозир эса сут маҳсулотлари ҳар куни Қўшработ туманининг Жўш қишлоғидан етказиб берилади. Сулаймоновлар бир ойда сут етказиб берувчилардан 10–12 тоннагача сузма сотиб олади.

Қурут тайёрлаш учун сузма тузланади ва қуюқ ҳамда бир хил массага келгунча яхшилаб аралаштирилади. Ҳосил бўлган масса кичик кубик шаклида кесиб чиқилади. Мукаммал юмалоқ шакл бериш учун қурутлар шиша доска устида думалоқланади, сўнгра патнисларга терилади. Ҳабибулла аканинг айтишича, фақат битта патниснинг ўзига 300 дан ортиқ қурут сиғади, ҳовлида эса бундай патнислардан ўнлаб бор.
Жараённинг энг мураккаб босқичи — қуритиш. Қурут қотиши учун эркаклар патнисларни ҳовлига, очиқ ҳавога олиб чиқади. Орадан вақт ўтгач, маҳсулот узоқ вақт қуёш остида қолмаслиги учун яна ичкарига олиб кирилади. Уй шароитида қурутлар бир текис қуриши учун вақти-вақти билан ағдариб турилади. Тайёр қурутнинг ўзига хос жиҳати — у ташқи томондан қаттиқ бўлса-да, еганда бироз уваланиб кетади.
«Бизнинг ишда ҳам мавсумийлик қишлоқ хўжалигидаги каби яққол сезилади. Баҳор ва кузда тўрт тоннагача қурут тайёрлаймиз, қиш ва ёзда эса икки тонна атрофида бўлади. Таътил пайтлари ҳамда янги мева-чева мавсумида савдо анча сусаяди. Совуқ, ёмғир ёки қорли кунларда қурутни қуритиш одатдагидан кўра кўпроқ вақт талаб қилади», — дейди Ҳабибулла ака.

Сулаймоновлар оиласининг асосий маҳсулоти — оддий тоза қурут. Бироқ баъзан буюртмага кўра қалампир ва райҳон қўшилган, таъми бироз аччиқроқ қурут ҳам тайёрланади.
Тайёр қурут қоп-қоп қилиб мамлакат бўйлаб тарқалади. Ҳовлига мунтазам равишда «Дамас»ларда савдогарлар келиб, маҳсулотни Тошкент, Наманган, Андижон, Фарғона ва бошқа вилоятлар бозорларига олиб кетади. Ҳабибулла аканинг айтишича, баъзан Самарқанд қурути Қозоғистон ва Қирғизистонгача ҳам етиб боради.
Йиллар ўтиб, иш ҳажми билан бирга ишчилар сафи ҳам кенгайган. Бугун Ҳабибулла ака билан бирга 16 киши меҳнат қилади. Улар орасида оила аъзолари ҳам, қўни-қўшнилар ҳам бор.

«Ҳар кимга иш топиб беришга ҳаракат қиламиз: кимдир сузмани аралаштиради, кимдир қурутларни думалоқлайди, яна кимдир патнисларни ташийди. Бир сават қурут учун 3 500 сўм тўланади. Одатда ишчилар бир кунда 50 тага яқин сават тайёрлашга улгуради — бу 150–175 минг сўм дегани. Шундай қилиб, бир ҳафтада қарийб бир миллион сўм ишлаб топишади», — дейди хонадон эгаси.
реклама
реклама
Қурутдан топилган даромад ҳисобига оила машина сотиб олди, уйни таъмирлади, фарзандларининг тўйини қилди, Сулаймоновлар эса ҳаж сафарини адо этди.

«Савдода энг муҳими — одамларни алдамаслик. На тарозида, на гапда. Мен учун энг муҳими ҳалоллик, сифатга қатъий риоя қилиш ва мен билан бирга меҳнат қилаётган инсонларга ғамхўрлик қилиш», — дейди Ҳабибулла ака.
Келгусида Ҳабибулла ака ўзининг қурут брендини яратишни орзу қилади — уни қулай, завод усулидаги қадоқда чиқариб, мамлакат бўйлаб сотишни истайди. Шунда унинг қўли билан тайёрланадиган қурутни имкон қадар кўпроқ одам татиб кўриши мумкин бўлади.

Матн муаллифи: Фарзона Хамидова.

Миролим Исажонов суҳбатлашди.

Суратлар муаллифи Холида Мусулмон.

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар Gazeta'га тегишли. Gazeta.uz сайтида жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.


Қизиқарли маълумотларни биласизми ва уларни дунё билан баҳам кўрмоқчимисиз? Ҳикоянгизни sp@gazeta.uz манзилига юборинг.

Made on
Tilda