«Фанатлик – Ўзбекистонни севганимиздан»
Фан-клуб Жаҳон чемпионатида терма жамоани қандай қўллаб-қувватлади?
«Фанатлик – Ўзбекистонни севганимиздан»
Фан-клуб Жаҳон чемпионатида терма жамоани қандай қўллаб-қувватлади?
Футбол бўйича Жаҳон чемпионати доимо мухлислар байрамига айланади. Gazeta Америка ва Мексика кўчаларида ўз чиқишлари билан ёдда қолган фан-клуб, Ўзбекистоннинг илк ўйинида қуръага танга етказган Жавоҳир ва терма жамоага 8 йилдан буён мухлислик қиладиган америкалик Конор ҳақида ҳикоя қилади.
Футбол бўйича Жаҳон чемпионати доимо мухлислар байрамига айланади. Gazeta Америка ва Мексика кўчаларида ўз чиқишлари билан ёдда қолган фан-клуб, Ўзбекистоннинг илк ўйинида қуръага танга етказган Жавоҳир ва терма жамоага 8 йилдан буён мухлислик қиладиган америкалик Конор ҳақида ҳикоя қилади.

Ушбу материал

кўмагида тайёрланган.

Футбол бўйича Ўзбекистон фан-клуби аъзолари Америка, Канада ва Мексикада бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳ босқичи ўйинларида футболчиларни қўллаб-қувватлади. Gazeta футбол мухлисларининг терма жамоага қандай далда бергани ва руҳан елкадош бўлгани, Атлантада яшовчи Конорнинг Ўзбекистон футболига қандай қизиқиб қолгани ва тарихий ўйинни бошлаб бериш учун танга ташлаш маросимида иштирок этган Жавоҳир ҳақида ҳикоя қилади.

Таҳририят чемпионат бошланишидан аввалроқ фан-клубнинг Андижондаги тайёргарлик жараёнларидан ҳам репортаж тайёрлаган эди.
Ўзбекистон – Колумбия

Ўзбекистон ва Колумбия терма жамоалари ўртасидаги ўйин 18 июнь куни Мексикадаги оламшумул “Ацтека” стадионида бўлиб ўтди. Ўзбекистон фан клуби аъзолари “Ацтека”га “Темурийлар келди! Бобурийлар келди!” дея ҳайқириқлар билан кириб борди. Ўша учрашувдаги Аббосбек Файзуллаевнинг голи ЖЧда Ўзбекистон киритган биринчи гол бўлди.
“Колумбияликлар билан уруш бўлиб кетиши мумкин” деб эшитган Нодиржон ака, аксинча, бари дўстона — футболка алмашиш, эсдаликка суратга тушиш, ўзбекча дўппилар совға қилиш билан ўтганини эслайди.

“80 мингдан ортиқ одам сиғадиган майдонда 150 нафар мухлис билан Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга, футболчиларимизни ёлғизлатиб қўймасликка ҳаракат қилдик. Ҳеч кимдан чўчиганимиз йўқ, 90 дақиқа тиним билмай мухлислик қилдик”, — дейди фан-клуб раҳбари Нодиржон Тўйчиев.
«38 миллион овоз»
Кам сонли мухлис бориши мумкинлигини инобатга олган ҳолда Coca Cola аввалдан Ўзбекистон аҳлининг футболчиларни қўллаб-қувватловчи овозларини йиға бошлаган эди.

“Колумбия мухлислари озгина бўлган ўзбекистонликларни “еб қўйди”. Бизнинг футболчиларга мана шу нарса етишмади. Шу жиҳатини ўйлаб, Ўзбекистоннинг турли нуқталаридаги университетларга бориб, одамларнинг овозларини йиғиб келдик. Ва якунда Севара Назархон билан “Олға, Ўзбекистон” номли қўшиқ тайёрладик”, — дейди Coca Cola ҳамкори Жавоҳир Шермуҳамматов.
Шу билан бирга, Жавоҳир Ўзбекистон ва Колумбия терма жамоалари ўртасидаги ўйинда ҳакамларга ўйиндан олдинги қуръани ўтказиш учун танга етказиб берувчи сифатида ҳам танлаб олинган эди.

“Тангани олиб, майдонга туша бошлаганимдаги қалтироғимни сезиб, футболчиларимизни тушунгандек бўлдим. Тангани ҳакамга топширдим, Ҳамес Родригес билан кўришдим, кейин Элдор Шомуродов билан. Унга “ака, омад тилайман, биз сизларга ишонамиз, 38 миллион ўзбекистонликлар овозини ўзим билан олиб келдим” дедим-да, чиқиб кетдим”, — дея Жавоҳир ўз таассуротлари билан бўлишади.
Ўзбекистон – Португалия
20 июнь куни Ҳьюстон шаҳрида АҚШдаги энг йирик ҳалол бозорлар тармоғидан бири — ASR Food Market эгаси Азамат Ҳамроқулов ва унинг жамоаси ўзбекистонлик мухлисларга палов тайёрашди. Ош пишгунча фан-клуб Ўзбекистоннинг Португалияга қарши ўйини учун репертуаридаги чиқишларни такрорлаб олди.

Тайёргарлик жараёнларига қўшилмаган, четда туриб тасвирга олиш билан машғул бўлган ўзбекистонликларни Нодиржон ака “ҳамма блогер бўлиб кетди” дея бироз койийди.

“Пулингиз, мошинангиз бўлса, ўзингизники, омадингизни берсин. Лекин Ўзбекистон учун фанатлик қилиш шарт”, — деди у.
Бундан ташқари, Ҳьюстондаги ўзбекистонликлар жамияти аъзолари ҳам футбол мухлислари учун тадбир ташкил қилди. Бу ерда фан-клуб аъзолари ўзларининг ҳайқириқли чиқишлари билан фаол иштирок этиб, бошқаларни ҳам терма жамоа учун жонкуярлик қилишга чорлади.

“Шу куни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Туркиядан мухлислар келди. Ўйин-кулгу қилдик, чиқишларимизни биргаликда бажардик”, — дейди Нодиржон Тўйчиев.
“Кўпчилик ўзбекларимиз чекка-чеккада туришди. Келинглар, қўшилинглар, биргаликда бажарайлик деганда келишмади. Лекин қўшилганлари ҳам бўлди, уларга раҳмат. Бизда одамларнинг кибрини йўқотиш керак деб ўйлайман. Кўчада уларга раҳбарлик қилолмаймиз албатта, лекин стадион ва унинг атрофида ҳаракатларимизни биргаликда бажарсак, чиройли бўлади, деган қараш шаклланиши керак”, — дея фан-клуб раҳбари бироз ранжиганини яширмади.
Нодиржон Тўйчиев, Андижон фан-клуби раҳбари
23 июнь куни Техаснинг NRG стадионида Ўзбекистон терма жамоаси Португалияга қарши ўйин ўтказди. Бироқ натижа (5:0) ҳеч кимни хурсанд қилмади. Нодиржон ака майдондаги мухлисларнинг 90 фоизи португалияликлар эканини айтаркан, ўйинга чипта олган ўзбекистонликлар ёки Ўзбекистонни қўлловчи мухлислар ҳар хил жойлардан ўриндиқ банд қилганини кўради.

“Айрим ўзбекларни ёнимизга чақириб, биргаликда мухлислик қилишни инстагандик, лекин у ерда тартиб қаттиқ экан, назоратчилар чиптадаги секторни кўриб, “жойингга бориб ўтир” дер экан. Шундай бўлса-да, ўзбекча мулойимлик билан “плиз, плиз” деб бир неча кишини ёнимизга олиб келолдик”, — дейди у.
Фан-клуб қўшиқлари барабан, доира ва бошқа чолғу асбоблари оҳанги остида янграйди. Муҳаммаджон Тўлаков 2006 йилдан буён жамоанинг асосий барабанчиси бўлиб келган. Шунингдек, у барабанни тўйларда ҳам чалади. Аслида, Муҳаммаджон ака қабристонда гўрковлик қилади. Бўш вақт топилди дегунча севимли жамоасини қўллаб-қувватлашга ошиқади. Ахир унинг иштирокисиз мухлислар бир маромда куйлашининг имкони йўқ.

Муҳаммаджон ака барабан ортидан Ўзбекистон терма жамоаси билан дунё кезаётганини, Индонезия, Қатар, Баҳрайнга, икки бор Францияга бориб келганини ғурур билан таъкидлади.
Муҳаммаджон Тўлаков
Олдин майдонга барабанни киритмасди, олиб қўйишарди. Бекитиб бўлса ҳам олиб кирардик. Ҳозир яхши. Ота-бобомиз орзу қилган нарсага, мана, биз эришяпмиз.
Муҳаммадали Шарипов
Тўлачадан келган, каттароқ барабани бор Муҳаммадали Шариповга «катта бас» деб лақаб қўйишган. Чунки у қўшиқлар жарангдор ва залворли эшитилиши учун кучли зарб бериб туради. Таҳсилни тарих фани йўналишида тугатган Муҳаммадали ҳазиллашиб ўзини «олий маълумотли барабанчи» деб атайди.

«Ичмаймиз, чекмаймиз, ичимиздаги ғуборни мана шу фанатлик билан чиқарамиз. Онам раҳматли ишимга қаршилик қилмаган. «Ëмон йўлдан юрма, нимани тўғри деб билсанг, шуни қил» деган. Аёлим эса «дадаси, унақа қилманг, кап-катта бўлиб қолдингиз» дерди, Америкага кетишимни эшитиб, мени ҳам олиб кетинг деяпти», — дейди Муҳаммадали кулиб.

Андижонда ишлаб чиқариш цехи, қўл остида 20 нафар ишчиси бўлган Дилшодбек Абдураҳимов ҳам фан-клубнинг жонкуярларидан. У ҳамма ишини ташлаб, «яйраб, мазза қилгани, рақсга тушиб, ёзилиб, ёшликка қайтиш учун» ҳам жамоага қўшилиб юради.

Жўрабек Шербоев эса миллий терма жамоанинг мундиалга чиққан кунида қилган мухлислиги ортидан уни давлат раҳбари «Шуҳрат» медали билан «сийлаганини» айтди.
«Мен буларнинг ҳаммасини қулоғига қуйиб бораман: севсанг, Ўзбекистонни севасан! Ўзбекистонга меҳр берса, юрагидан чиқаверади ҳаммаси. Битта нарса умидида қиладиган бўлса, менга бу ерда ҳеч нима йўқ экан, ё тирикчилик йўқ, ёки мен сафарга бормасам нима керак, дейдиганлар учун эмас бу. Юрагида ўти бор мухлисларни ўзим биламан», – дейди фан-клуб раҳбари Нодиржон ака.
Унинг айтишича, 2005 йилда «Андижон» қуйи лигага тушиб қолганида клубга эътибор пасайган. «Жамоанинг ейишга нони қолмаган» кезларда ун дўкони бўлган Нодиржон ака икки қоп ун, бир қоп пиёз, картошка, тухум, гўшт билан ёрдамлашади.

«Ўшанда уйимдагилар менга қаршилик қилиб, «нимага бола-чақангизга қилмайсиз шу нарсаларни, футбол сизга нима қилиб беради?» деган. Буни футболни яхши кўрганимдан қилганман. Энди, барибир, аёл киши оиласини кўпроқ ўйлайди-да», — дейди Нодиржон Тўйчиев.
У мактабда ўқиб юрган пайтлари отаси футболга олиб борганлари, баъзан дарсдан қочиб, футболга кирганларини эслайди.

«Ўша вақтларда чет элдагидек мухлислик қила оламизми, деб кўп ўйлардим. Ҳозир ана шу нарсаларга етиб келдик. Мана, ўзбекона, маданиятли қўллаб-қувватлашни бошладик», — дейди Нодиржон ака.

«22 жинни тўпнинг ортидан югураверса, сенлар бақираверасанми?» деган қаршиликларни кулиб эслайдиган Нодиржон акани бутун Ўзбекистон танийди. Унинг Париж кўчаларида «Бобурийлар келди, Темурийлар келди!» дея жамоаси билан куйлаб юрганини дунё кўрди.
Жаҳон чемпионатига бориш учун ҳозирча Ultras Burgut’нинг 60 нафар аъзоларига виза чиққан. Нодиржон Тўйчиевга кўра, наманганлик мухлисларнинг 13 нафарига, бир нафар қизилқумлик ва самарқандлик мухлисга ва “Бунёдкор”нинг икки нафар фан-клуб аъзосига виза берилган.

Фан-клубнинг охирги тайёргарлиги Америкада, қолган барча ўзбекистонлик мухлислар билан биргаликда бўлади. Шундан кейин улар Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўйинларига тушиб, ҳақиқий мухлислик қанақа бўлишини кўрсатиб қўйишмоқчи.
Материални Отабек Турдиев тайёрлади.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazeta'га тегишли. Gazeta'да эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda