Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Ўзимизникилар
Математик Вальдо Арриагада — Тошкент контрастлари, вақтга мафтунлик ва математика нима учун санъат экани ҳақида
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Ўзимизникилар
Математик Вальдо Арриагада — Тошкент контрастлари, вақтга мафтунлик ва математика нима учун санъат экани ҳақида
Вальдо Арриагада — чилилик-канадалик математик, соатлар коллекционери ва рок-мусиқа ихлосманди. У Багам ороллари, БАА ва Хитойда ишлаган, бир йил аввал эса «Янги Ўзбекистон» университети таклифига биноан Тошкентга кўчиб келган. «Ўзимизникилар» лойиҳаси доирасида профессор математик нима учун олимдан кўра ижодкорга яқинроқ экани, шаҳар уни қандай контрастлар билан ҳайратда қолдиргани ва соатларга бўлган муҳаббат қандай қилиб YouTube каналини яратишга олиб келгани ҳақида сўзлаб берди.
Вальдо Арриагада — чилилик-канадалик математик, соатлар коллекционери ва рок-мусиқа ихлосманди. У Багам ороллари, БАА ва Хитойда ишлаган, бир йил аввал эса «Янги Ўзбекистон» университети таклифига биноан Тошкентга кўчиб келган. «Ўзимизникилар» лойиҳаси доирасида профессор математик нима учун олимдан кўра ижодкорга яқинроқ экани, шаҳар уни қандай контрастлар билан ҳайратда қолдиргани ва соатларга бўлган муҳаббат қандай қилиб YouTube каналини яратишга олиб келгани ҳақида сўзлаб берди.
«Ўзимизникилар» — Gazeta ва «Янги Ўзбекистон» университетининг (New Uzbekistan University) биргаликдаги лойиҳаси. У яшаш учун Ўзбекистонни танлаган хорижликларни учратганимизда ёки улар билан танишганимизда бизда доим беихтиёр уйғонадиган қизиқишдан келиб чиқди. Таҳририят қаҳрамонлар билан бирга одамлар нима учун мамлакатимизга кўчиб келиб, шу ерда яшаб қолаётгани, уни нима учун ёқтириши, ўзбекистонликлардан нималарни ўрганиши ва қандай ўзгаришларни кутаётганини тушунишга уринади.
«Математика — мени қизиқтирадиган ягона фан»
Мен Чили пойтахти Сантьягода туғилганман. Болалигим ўша ерда ўтди, бошланғич таълимни олдим. Очиғини айтсам, мактабни тамомлаганимдан кейин нима билан шуғулланишни истаётганим ҳақида аниқ тасаввурга эга эмасдим. Чили университетининг (Universidad de Chile) тиббиёт факультетига ўқишга кирдим ва у ерда бир ярим йил давомида тиббиёт технологияларини ўргандим. Бу мен учун азоб эди — тиббиёт мени мутлақо қизиқтирмасди.
Бир куни математик анализ дарсига кириб қолдим, у ерда ўқитувчи лимит тушунчасини тушунтираётган эди. Бу концепция мени ўзига тортди! Юрагим жиз этди: мана, мен хоҳлаган нарса. Шундан сўнг яна Чили университетининг Жанубий Америкада энг нуфузли ҳисобланган физика ва математика фанлари факультетига ўқишга кирдим. «Фуқаролик математик муҳандислиги» мутахассислиги бўйича таҳсил олдим. Бакалавриат ва магистратурани тамомладим.
Университетда мени муҳандисликдан кўра математиканинг ўзи кўпроқ қизиқтирарди. Муҳандисларга иш топиш осонроқ ва маоши юқорироқ деб ҳисобланади. Лекин бу нарса мени ташвишга солмасди. Шу билан бирга, математикага ёки умуман бирор нарсага жуда ишқибозман деб ҳам айта олмайман. Шунчаки, бу мени чинакамига қизиқтирадиган ягона фан бўлса керак.
Магистрлик диссертациямни соф математикага, аниқроғи, соленоидларнинг топологик жиҳатларига бағишладим. Буни тушунтириш қийин, лекин тасаввур қилиш мумкин. Битта ипни олинг ва унинг ўртадаги учдан бир қисмини кесиб ташланг. Сизда иккита кичик кесма ҳосил бўлади. Уларнинг ҳар бири билан худди шундай қилинг — ва буни чексиз давом эттиринг. Натижада чизиқ бўйлаб чанг зарралари тизмасини эслатувчи нуқталар тўпламига эга бўласиз, бу Кантор тўпламидир. Агар айланаларни олиб, ушбу тузилмадан фойдаланган ҳолда уларни маълум бир тарзда бир-бирининг ичига жойлаштирсангиз, соленоид ҳосил бўлади. Бунинг ёрдамида нима қилиш мумкин? Масалан, орбиталарнинг бир-бирининг атрофида буралишлари сонини турли усуллар билан ўлчаш мумкин. Бу зерикарли туюлиши мумкин, лекин бунинг ўзига хос гўзаллиги бор — айниқса математик учун.
Оиламнинг бир қисми узоқ вақтдан бери Канадада яшаб келган, шунинг учун магистратурани тамомлагандан сўнг у ерга бордим. Торонто университети докторантурасига тополог Борис Хесин раҳбарлигида ўқишга кирдим. Фақат шаҳар менга ёқмади: катта, сершовқин ва ҳаддан ташқари нам эди. Устига-устак, ўз уйим йўқ эди — дастлабки бир неча кун офисда ухлашга тўғри келди.
Бир куни кафетерийда нотаниш одамлар ёнимга келиб: «Торонтода шафқатсиз бўлиш, ўзингни ҳимоя қила олиш керак», дейишди.
Шаҳар менга тўғри келмаслигини тушундим. Монреалга кўчиб ўтдим ва Монреаль университетида докторантурани тамомладим. Диссертациям комплекс динамика ва дифференциал тенгламаларга бағишланган эди.

Ҳимоядан сўнг Калгарида постдокторантурани ўтадим. 2013 йилда Багам ороллари университетининг (The University of The Bahamas) таклифини қабул қилдим — у ерда уч йил давомида таклиф этилган профессор сифатида ишладим. Шартнома тугамасидан олдин Абу-Дабидаги Халифа университети (Khalifa University) мени доцент лавозимига ишга таклиф қилди. У ерда етти-саккиз йил ишладим, кейин Хитойга кўчиб ўтдим.
Багам ороллари. Вальдо Арриагаданинг шахсий архивидан олинган сурат
Хитойда яшаш осон кечмади. Уйдан ташқарида овқатлана олмасдим — таомлар аччиқ ва ноодатий эди. Бир коса угра буюртма қилиб, ейишни бошлайсан — ва бирдан ичидан нимадир мўралаб қолади: қандайдир суяк, оёқча ёки ниманингдир тумшуғи. Бунинг устига, иқлими нам, ҳафтасига тўрт марта ёмғир ёғарди. Маҳаллий ҳайвонот олами ҳам ўзига хос сюрпризларни тақдим этарди. Бир куни югуриш пайтида тоғнинг анча баланд қисмига кўтарилиб кетибман, у ерда ташландиқ буддавийлар ибодатхонасига кириб қолдим ва рўпарамда менга тикилиб турган силовсинга кўзим тушди. Қўрқиб кетганимдан орқамга ўгирилдим-у, тезда пастга тушиб кетдим.
Хитойда эканимда электрон почтамга «Янги Ўзбекистон» университетидаги бўш иш ўрни ҳақида хабар келди. Бундан бироз олдин саёҳатчи танишларимдан бири Марказий Осиёда бўлиб қайтган ва анъаналар ҳамда замонавийлик контрасти бўлган Тошкент уни жуда ҳайратга солганини айтганди. Чанғи учиш мумкин бўлган тоғларнинг борлиги эса қўшимча афзаллик эди. Мамлакат ҳақида ҳеч бўлмаганда қандайдир тасаввурга эга бўлиш учун YouTube’да бир нечта саёҳат блогларини кўриб чиқишга қарор қилдим. Университетнинг таклифини эса қабул қилдим.
«Математика билан шуғулланиш учун катта пул керак эмас»
Аминманки, соф математика — бу санъат, демак, математик — олимдан кўра кўпроқ ижодкор. Ғояни ўйлаб топиш, уни ривожлантириш ва унинг тўғрилигини исботлаш ниҳоятда қийин. Бу жараён жуда катта куч талаб қилади, аммо унинг ўзи кишига улкан қониқиш бахш этади — ҳатто охир-оқибат ғоя нотўғри бўлиб чиқиши мумкинлигини билсангиз ҳам.

Сўнгги ўн йил ичида мен 30 га яқин тадқиқот ишларини нашр эттирдим. Кўпинча бунинг учун фақатгина бир варақ қоғоз, ручка ва муносиб суҳбатдошлар керак бўлади. Улардан бири — ҳамкорим ва яқин дўстим Хорхе Уэнтутрипай. У Чилининг гўзал Патагония минтақасида яшайди ва Чилидаги Австралия университетида (Universidad Austral de Chile) дарс беради. Масофа узоқлигига қарамай, биз доимо алоқадамиз ва фикр алмашиб турамиз. Тошкентлик ҳамкасбларим ҳам жуда катта ёрдам беришади.
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Соф математиканинг яна бир афзаллиги шундаки, бу соҳа билан шуғулланиш учун катта пул керак эмас. Бир неча йил олдин Чилида тадқиқотларимни Илмий ва технологик тадқиқотлар миллий комиссияси (CONICYT) қўллаб-қувватлаган. Канадада эса бутун мамлакат бўйлаб олимларни қўллаб-қувватлайдиган NSERC — Табиий фанлар ва муҳандислик тадқиқотлари кенгашидан молиявий ёрдам олдим. Бу ерда — Ўзбекистонда ҳам талабаларим молиявий ёрдам олиш мақсадида турли дастурларга ариза топшириб келишади.
«Қарашлар ва ўқитиш методологияларининг хилма-хиллиги — фойдали»
Дарс беришда битта эътиқодга амал қиламан: математикани ўрганиш масъулияти талабанинг ўз зиммасида. Мен математик анализни тушуниб олишга ёрдам беришим мумкин, лекин талабанинг ўзи ўқишни истамаса, унга юзта ўқитувчи ва репетитор ёлласангиз ҳам, ёрдам беролмайди. Математикани яхши кўрадиганлар доимо ўз ақлини машқ қилдирадилар. Бизда бундай талабаларни осонгина илғаб олиш мумкин — уларнинг аксарияти кампус йўлакларида шахмат ўйнайди ёки кутубхонада қўшимча вақт ўтказади.

Менга биринчи курс талабаларидан кўра иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари билан ишлаш анча осонроқ. Масалан, ҳозир мен дифференциал тенгламалардан дарс бераман — бу бакалавриатнинг иккинчи йили. Бу фанни танлаган талабалар аллақачон нимага эришмоқчи эканликларини билишади ва ўқишга жиддий ёндашишади. Биринчи курс талабалари эса, аксинча, эндигина ўз йўлини излаяпти ва баъзан ўқишда етарлича тиришқоқлик кўрсатишмайди — бир пайтлар ўзим билан бўлгани каби.
«Янги Ўзбекистон»даги ўқитувчилар жамоаси анча хилма-хил: АҚШ, Европа ва Осиёдан келган мутахассислар бор — бу, менимча, катта афзаллик. Масалан, Европада математика ўқитиш Америка таълимидан прагматик, тўғридан-тўғри ёндашуви билан фарқ қилади. У ерда, айниқса Франция ва Италияда, математика жиддий фан ҳисобланади: исботлар кўпинча бутун бошли саҳифаларни эгаллайди ва энг майда тафсилотларгача ишлаб чиқилади. Ўқитиш анъаналарининг бундай хилма-хиллиги университетимизнинг қимматли бойлигидир.
Шаҳардаги контрастлар ҳақида
Мен Тошкентга 2025 йил ёзининг охирида учиб келдим. Ўшанда қаттиқ жазирама эди, кейинчалик билсам, бу ерда йилнинг кўп қисмида шундай иссиқ об-ҳаво ҳукм сураркан. Ўшанда шаҳарни асосан пиёда айланиб ўргандим. Дам олиш кунлари ўзим яшайдиган Қори-Ниёзий кўчасидаги Akay City турар-жой мажмуасидан Тарас Шевченко майдонигача пиёда борардим. Контрастлар, жумладан, замонавий бинолар ва совет даври иншоотларининг ёнма-ёнлиги мени ҳайратда қолдирарди. Шаҳар ўз анъаналарига чуқур боғлангандек, шу билан бирга, етарлича дунёвий.
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Тошкентда машиналар жуда кўп. Уларни ҳамма жойда, ҳатто пиёдалар йўлакларида ҳам қолдириб кетишади. Ҳамма ҳайдовчилар ҳам пиёдаларга йўл беравермайди, гарчи чорраҳаларда буни талаб қилувчи аниқ белгилар бўлса-да. «Стоп» белгиси шунчаки таклиф эмас, балки бажарилиши шарт бўлган талаб. Машинани эҳтиётсизлик билан ҳайдашади, айниқса ёшлар. Талабаларимга: «Йўлда эҳтиёт бўлинглар. Эртанги дарсда ҳар бирингизни кўришни хоҳлайман», деб айтаман.

Шунга ўхшаш ҳолатни 11 йил олдин, 2015 йилда Абу-Дабида кузатганман. Шаҳарда ва трассаларда ҳаракатланиш ҳаддан ташқари хавфли эди. У ерда ҳайдаш маданияти вақт ўтиши билан ўзгарди, бу ерда ҳам ўзгаради. Пиёдалар машиналарни айланиб ўтиши учун кўприклар ва ер ости йўлакларини қуриш ечим эмас, деб ҳисоблайман. Ҳайдовчилик маданиятини ошириш устида ишлаш, яъни ҳайдовчилар пиёдалар ва велосипедчиларни ҳурмат қилиши ва аксинча бўлиши тўғри ечим бўлади. Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ижобий ўзгаришларни кўришни истардим.
Бу ерда ёки бошқа жойда қолиш бўйича узоқ муддатли режаларим йўқ. Умуман олганда, Ўзбекистон, баъзи камчиликларига қарамай, менга оила учун жуда яхши жойдек туюлади. Айниқса, Тошкент. У жаҳон стандартлари бўйича хавфсиз, намлик даражаси паст (нам ҳавога умуман тоқат қилолмайман!), иқлими илиқ ва ташриф буюриш мумкин бўлган қизиқарли жойлари кўп. Афсуски, Ғарбда хавфсизлик тобора кўпроқ фақат пули етадиганлар учун имтиёзга айланиб бормоқда. Бу ерда эса бутунлай бошқача. Умид қиламанки, шундай бўлиб қолади.

Тошкентдан ташқари фақат Самарқандда бўлганман. Агар сотувчи инглизчани билмаса, ёрдам берадиган бирор ёш-яланг ҳар доим топилишини пайқадим.
Бу ерда ёшлар замонавий дунё реалликларини тушунишади. Чет тилини билмасдан хорижда ўқиш, талабаларни алмашинувга чақириш ва ривожланиш имконсиз.
Ўзбекистонда одамлар ўзбек ва рус тиллари ўртасида қанчалик осон ўтишлари мени ҳайратга солади. Масалан, Бельгияда учта расмий тил бор, лекин у ерда тилларни бундай аралаштиришмайди ва биридан иккинчисига тез-тез ўтишмайди. Канадада ҳам шунга ўхшаш ҳолат — у ерда одамлар ё инглиз, ё француз тилида гаплашишади, лекин иккаласини камдан-кам аралаштиришади. Бу ерда эса ўзбек ва рус тилларидан бир-бирига ўтиб фойдаланишади. Мен буни ғалати, айни пайтда жуда қизиқарли деб ҳисоблайман.
Соат йиғиш, вақтга мафтунлик ва рок-мусиқасига муҳаббат ҳақида
Бўш вақтимни турлича ўтказаман. Ўтган йили Мирзо Улуғбек кўчаси бўйлаб кўп югурардим, ўзим яшайдиган турар-жой мажмуасида 25 қаватли зинадан тепага ва пастга тушиб-чиқардим — бу ерда емасликнинг иложи бўлмаган кўплаб мазали таомлар тановулини компенсация қилиш учун. Ҳозир дам олиш кунлари кўпроқ қаҳвахоналарда ва уйда математик масалалар устида ишлайман.

Умуман олганда, McDonald’s тамаддихонасида математика билан шуғулланиш менга жуда қулай — атрофдаги шовқинга эътибор бермай, ўз ишларимга диққатни жамлай оламан. Тошкентда кўпинча Park in Mall савдо марказининг биринчи қаватидаги турк қаҳвахонасига бораман. Чой ичиб ўтириб, ишлайман. Бир неча мақолалар ғояси айнан бир пиёла турк чойи устида пайдо бўлган. Бу шунчаки ажойиб вақт!
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Мен содиқ қолган саноқли қизиқишларимдан бири — гитара чалиш. Отам болалигимдаёқ менга асосий нота ва аккордларни ўргатган. Электр ва акустик гитараларни чаламан. Иккинчисини кўпроқ маъқул кўраман — унинг овози юмшоқроқ, майинроқ. Гитарамни Тошкентга олиб келолмадим, лекин ўтган семестрда бир-икки марта кампусдаги мусиқа залига кириб, ўша ерда чалиб турдим.

Ишга боришда ҳар сафар бир кўча мусиқачисини учратаман. У Абдулла Қодирий кўчаси ва Мустақиллик шоҳкўчаси кесишмасидаги кўприк остида гитара чалади. Асли грузиялик, 1970 йиллар рок мусиқаси: Iron Butterfly, Deep Purple ва бошқа кўплаб гуруҳларни яхши билади. Уни ҳар кўрганимда ёнига бораман ва у ўз гитарасини чалиб кўришимга рухсат беради.
Рокни яхши кўраман. Creedence Clearwater Revival гуруҳи қалбимдан чуқур жой олган. Улар бор-йўғи тўрт йил — 1968 йилдан 1972 йилгача ижод қилган. Ўша пайтда ҳали дунёга келмаган бўлсам-да, бу гуруҳ билан ўзгача яқинликни ҳис қиламан.
«Left a good job in the city
Workin' for the man every night and day
And I never lost one minute of sleepin'
Worryin' 'bout the way things might have been…»
Тошкентда жонли мусиқа кечаларини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қиламан. Ўтган баҳорда уч кун кетма-кет Халқаро форумлар саройи орқасидаги Халқаро жаз фестивалига бордим. Бужуда қойилмақом эди! Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб ўтган Рождество қўшиқлари концертига ҳам борганман.
Шунингдек, қўл соатларини коллекция қиламан. Аввалига Swatch — пластик моделларидан бошлаганман, уларни талабалик йилларимда 30 доллардан сотиб олардим. Бир пайтлар коллекциямда мингга яқин соат тўпланган эди! Кейинчалик уларнинг кўпини сотиб юбордим, лекин иштиёқим сақланиб қолган.

Вақт тушунчаси мени ҳамиша ўзига мафтун қилиб келган. У чизиқлими? Фақат бир йўналишда ҳаракатланадими? У универсал ўзгарувчи, биз Ерда ҳам, Ой юзасида ҳам бир хил деб ҳисоблайдиган координатага ўхшайди, бироқ замонавий физика вақтнинг нисбий эканини исботламоқда.
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Илгари дайвинг билан шуғулланганимда, менга чуқурликни ўлчайдиган асбоблар керак бўлган. Сув остида соат менинг ҳамроҳимга айланарди. Ҳозир уларни тақмайман, лекин ҳамма Seikoʼнинг бир моделини муҳокама қила бошлаганида, ўйлаб қолдим: менда улардан бир нечта бор, нега коллекциям ҳақида сўзлаб бермаслигим керак? Шундай қилиб, Plastic Indices YouTube каналим пайдо бўлди. Унда соатнинг модели, корпусининг диаметри ва қалинлиги, ранги ҳамда функциялари ҳақида гапириб, видео шарҳлар эълон қиламан. Уларнинг баъзиларида ўрнатилган компас, бошқаларида эса термометр бор. Батарея билан ишлайдиган кварц соатлар ва механик соатлар бор — улар батареясиз ишлайди, ўйлаб қарасангиз, бунинг ўзи ҳайратланарли.
Блиц
— Биринчи ўрганган ўзбекча сўзингиз?

— «Раҳмат», «салом».

— Севимли ўзбек таомингиз?

— Албатта, ош. Яна шўрвани ҳам яхши кўраман. Умуман олганда, бу ердаги таомлар сархил, тоза ва мазали. Осонгина вазн тўплаш мумкин, шунинг учун бироз ўзимни тийишим керак (кулади).

— Сизникига меҳмонга келганларга қайси жойларни кўрсатасиз?

— Ислом цивилизацияси маркази. Бу жуда чиройли жой. Tashkent City Mall ва унинг атрофидаги ҳудудлар ҳам диққатга сазовор.

Матн муаллифи: Зилола Тоирова.

Муҳаррир: Виктория Абдураҳимова.

Суратлар муаллифи: Евгений Сорочин.

Материалда Вальдо Арриагаданинг шахсий архивидан олинган суратлардан фойдаланилди.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazetaʼга тегишли. Gazetaʼда эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан

қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda