Асосий ишим, шахсий медиа лойиҳалар ва тарихий блогим кунимнинг салмоқли қисмини эгаллагани боис бугун, афсуски, китоб мутолаасига аввалгидек кўп вақт ажратолмаяпман. Узоқ ва шошилмасдан ўқиш мен учун ўзига хос ҳашаматга айланиб қолган — бунга фақат иш жадвалимдан ортган вақтдагина ўзимга ижозат бераман.
Шундай бўлса-да, мутолаа ҳамон кундалик ҳаётимнинг ажралмас қисми. Касбий фаолиятим тақозо қилгани сабаб доимий равишда тарихий тадқиқотлар, илмий монографиялар ва манбалар билан ишлайман. Бу ўз навбатида, билимимни чуқурлаштиришга ва сифатли
контент яратишга ёрдам беради.
Бадиий адабиёт эса мен учун кўнгил ва ҳордиқ мутолааси. Айниқса, тарихий романлар, саргузашт асарлар, фентези ва илмий фантастикани севиб ўқийман. Илмий адабиётларга келсак, мени биринчи навбатда Марказий Осиё ва унга қўшни ҳудудлар тарихига оид адабиётлар қизиқтиради.