«Ортиқча вазн — интизомнинг йўқлиги эмас,
балки касаллик»
Ортиқча вазнга қарши курашишга қарор қилган инсонлар ҳикоялари ва бу борада бариатрик жарроҳлик уларга қандай ёрдам бергани ҳақида
Ўзбекистонда катта ёшдаги аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазн ёки семизликдан азият чекади. Баъзилар учун ортиқча вазн кундалик ҳаётда чекловга айланади: эркин ҳаракатланиш, одатий юмушлар билан машғул бўлиш ва севимли кийимларини кийишга халақит беради. Gazeta вазн йўқотиш йўлида инсонлар нималарни бошдан кечириши ва замонавий бариатрик жарроҳлик уларга қандай ечимлар таклиф қилиши ҳақида ҳикоя қилади.
Ўзбекистонда катта ёшдаги аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазн ёки семизликдан азият чекади. Баъзилар учун ортиқча вазн кундалик ҳаётда чекловга айланади: эркин ҳаракатланиш, одатий юмушлар билан машғул бўлиш ва севимли кийимларини кийишга халақит беради. Gazeta вазн йўқотиш йўлида инсонлар нималарни бошдан кечириши ва замонавий бариатрик жарроҳлик уларга қандай ечимлар таклиф қилиши ҳақида ҳикоя қилади.
2016 йилда тиббиёт фанлари доктори Шуҳрат Ҳошимов қабулига вазни 236 килограмм бўлган эркак келди. Бариатрик операция — вазнни камайтириш учун жарроҳлик амалиётини зудлик билан ўтказиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди: клиникадаги операция столи 200 килограммдан ортиқ юкламага дош бера олмасди.

Бемор ниҳоятда самимий ва очиқкўнгил инсон бўлиб чиқди. Ҳамшираларга гуллар совға қилар ва тинмай ҳазиллашарди: «Қизлар, мен аслида жуда чиройлиман, шунчаки бутун чиройимни ёғ яшириб турибди». Ўзи эса эрталаблари каравотдан зўрға қўзғаларди.

Вазнини рухсат этилган 200 килограммгача камайтириш учун беморнинг ошқозонига вақтинча силикон баллон киритилди, у ошқозон ҳажмининг катта қисмини эгалларди. Эркак жуда кичик порциялар билан тўя бошлади. Бир неча ой ичида 36 килограмм вазн «кетди». Шундан сўнг баллон олиб ташланди ва беморни операцияга тайёрлаш бошланди.
Шуҳрат Ҳошимов. Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон катталар ўртасида ортиқча вазн тарқалиши бўйича 63,7 фоизлик кўрсаткич билан Марказий Осиёда етакчилик қилмоқда. Туркманистон ва Тожикистонда бу кўрсаткич 58 фоизга, Қозоғистонда — 56,5 фоизга, Қирғизистонда — 56,2 фоизга етади. Бунинг сабаблари кўп. Шулардан бири — миллий ошхона.

Палов, манти, иссиқ сомса — маданий кодимизнинг бир қисми. Фақат бундай таомларнинг калорияси аждодларимиз томонидан оғир жисмоний меҳнатга мослаб «ҳисобланган». Бир тарелка паловни «ёқиш» учун кун бўйи далада меҳнат қилиш керак. XXI асрда эса одам ёғли овқатни тўйиб ейди, машинага ўтириб офисга боради ва кечгача компьютер қаршисида ўтиради, дейди шифокор Шуҳрат Ҳошимов.

Юқори калорияли овқатлар ва кам ҳаракат турмуш тарзидан ташқари, гаджетларга қарамлик ҳам вазиятни оғирлаштиради. Ёшлар ярим тунгача смартфонга термулиб ўтиради, бунинг оқибатида уйқу давомийлиги қисқаради. Тўйиб ухламаслик иштаҳани бошқарувчи гормонларга таъсир қилиб, семириш хавфини ошириши мумкин.

«Тана бўйсунмай қўйганда»

Муаммони англаш ҳар бир инсонда ўзига хос тарзда кечади, лекин ҳар қандай ҳолатда тана бўйсунмай қолган пайтдан бошланади.

Турмушга чиқишидан олдин Маҳмуданинг вазни 42 килограмм эди. Бўйи 156 сантиметр бўлган бу аёлнинг қомати ихчам, деярли нимжон кўринарди. Аёл ҳозир 41 ёшда. Санитарка бўлиб ишлайди, уч нафар фарзанд тарбиялаяпти. Бутун ҳаёти — палаталар, уй ва бозор ўртасида бир маромда кечадиган айланма ҳаракатдан иборат.

Ўша ихчамгина Маҳмуда билан бугунги Маҳмуда ўртасида бутун бир ҳаёт ётибди: вақт ўтиши билан аёлнинг танаси аста-секин ўзига бўйсунмай қўйди. Ҳаммаси 38 ёшида оғир ҳиссий зарба билан бошланди — фарзандини йўқотди. Кейин пандемия бошланди ва Маҳмуда Зангиотадаги юқумли касалликлар мажмуасига тушиб қолди. Ковидни оғир ўтказди. Аёл ЖССТ томонидан оғир ҳолатлар учун тавсия этилган гормонал препаратнинг юқори дозаларини қабул қилди. Касалликни енгишга муваффақ бўлинди, бироқ организм бошқача ҳисобни тақдим этди: бунгача 74 килограмм атрофида сақланиб турган вазн кескин кўтарилиб, 94 га етди.
Иллюстратив сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Бошқа бир тошкентлик Шуҳрат Ю.нинг критик нуқтага олиб борган йўли бошқача кечди. Тана вазни 165 килограммга етгунига қадар у саёҳат қилишни яхши кўрарди, нотаниш шаҳарларда соатлаб пиёда сайр қила оларди. 40 ёшдан сўнг килограммлар бирин-кетин ортиб бораверди ва секин-аста унинг ҳаёт йўналиши уй эшиги билан автомобиль эшиги орасидаги масофагача қисқарди.
реклама
реклама
2020 йилги пандемия бу эркак учун ҳам бурилиш нуқтаси бўлди. Машиналар қатнови тақиқланди, кўчалар бўшаб қолди ва шундай сокин кунларнинг бирида кекса отаси Шуҳратга қўнғироқ қилиб: «Шуҳрат, кел, менга ош дамлаб бер», деди.
Иллюстратив сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Шуҳрат 57 ёшда. Таомларни жуда яхши тайёрлайди. Фақат ота уйигача бўлган йўл — ўнта бекат ва светофор ёнидаги беш метрча келадиган қиялик. 165 килограмм вазнли одам учун бу тўсиқ эмас, балки синов: ҳар 10-15 метр пиёда юрганда тана оғир, бўғувчи ҳансираш билан жазолайди.

Қариндошлар отамга айтишган: «Қандай қилиб келади? Ўзи семиз бўлса. Йўлнинг ярмигача ҳам етолмайди». Мен эса йўлга чиқдим. Отам чақиряпти, қандай бормайман? Машина йўқ, ҳаммаёқ жимжит. Кетяпман, секин, аста, қадам-бақадам... Кетяпман ва ўйлаяпман: бир томондан отамнинг истагини бажо келтириш керак, иккинчи томондан эса нақадар оғир, бўғиляпман, ҳаво етишмаяпти, — деб эслайди Шуҳрат.

Ўша куни у отасининг олдига етиб борди. Лекин айнан шу йўлда унинг дунёси нақадар тор ва чекланиб қолгани ҳақидаги аччиқ ўй унинг қалбини ўртаб юборди.

«“Ирода кучи”га ишониш — жамиятнинг янглиш фикри»

Жамиятнинг шифокорлар қарши чиқадиган асосий янглиш фикри — бу «ирода кучи»га кўр-кўрона ишонишдир.

«“Камроқ овқатланиш ва спорт билан шуғулланиш” ҳақидаги маслаҳатлар аксарият ҳолларда мантиқсиз, — дея тушунтиради жарроҳ Шуҳрат Ҳошимов. — Бу босқичда ортиқча вазн интизомнинг йўқлиги эмас, балки тўлақонли касаллик».
Ўз танасининг жисмоний босими билан бирга инсон ҳаётига ижтимоий босим ҳам кириб келади.

Маҳмуданинг ташқи кўринишидаги ўзгаришлар уйда ҳам, ишхонасида ҳам эътибордан четда қолмади. Биринчи бўлиб эри ўзини четга олди: «Сен тўлишяпсан, бирор нарса қил». Опа-сингиллари ҳам қўшилишди: «Ўзингга қара, семириб кетяпсан-ку». Касалхонадаги ҳамкасблари ҳам очиқчасига гапиришди: «Нега бунчалик тўлишиб кетяпсиз? Бўйингиз паст, Бўғирсоққа ўхшаб қоляпсиз».
Иллюстратив сурат: Joachim Schnurle / Unsplash
Шундай пайтларда Маҳмуда ичидан зил кетарди, алам қиларди.

«Ўзимга мос кийим топа олмаганимдан жуда асабийлашардим. Бўйим пастлиги сабабли бозордан ҳеч нарса танлай олмасдим. Кекса аёлларга мўлжалланган хунук бичимдаги кийимларни сотиб олишга тўғри келиши алам қиларди. Эрим: “Нима кийиб олдинг? Сенга ярашмайди, гавдалироқ одамларга мўлжалланган кийим қидир”, деб танбеҳ берарди», — дейди Маҳмуда.

Касаллик фактини қабул қилишдан олдин, Маҳмуда ва Шуҳрат муаммони мустақил ҳал қилишга уринишларнинг берк кўчасидан ўтишди.

Турли парҳезлар, оздирувчи чой ва қаҳвалар, ёғ «ёндирувчи» қўшимчалар ёрдамида у 10 килограмм (94 дан 84 гача) вазн ташлашга муваффақ бўлди, шундан сўнг тарози мили бутунлай қотиб қолди.

Шуҳрат ҳам «ўзини қўлга олишга» ҳаракат қилди: овқатланиш миқдорини қисқартирди, исталган бўш вақтида юриш учун уйига ва ишига иккита югуриш йўлакчасини сотиб олди. Рамазон пайтлари 10-12 килограмм вазн ташлашга эришарди, лекин кейин вазн «фоизлари» билан қайтиб келарди: 120, 150, 165 кг...
Маҳмуда ҳам, Шуҳрат ҳам «Оземпик» ёки «Мунжаро» каби оммабоп дорилар ёрдамида озишга уриниб кўришмаган, лекин шифокорлар амалиётида бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради.

Жарроҳ Шуҳрат Ҳошимов бу дориларни танқид қилмайди, лекин уларни вақтинчалик қўлтиқтаёқ деб атайди.

«Менда бундай дориларни қабул қилган беморлар бўлган. Уларни қабул қилиб юрган пайтингда егинг келмайди, озасан. Қабул қилишни тўхтатдингми — вазнинг қайтади, устига-устак қўшимчаси билан, бу эса одамни руҳан синдиради. Бундай дорилар бошқа нарса учун керак. Масалан, қанд миқдори юқори бўлган бемор келади ва асоратлар хавфи туфайли уни дарҳол операция қилиб бўлмайди. Шунда биз эндокринологлар билан биргаликда операцияни хавфсиз ўтказиш учун қанд миқдорини, шу жумладан, шундай инъекциялар ёрдамида ҳам, рухсат этилган даражагача пасайтирамиз», — деб тушунтиради шифокор.

«Шунчаки нафсини тийиб, камроқ есин»

Семизлик тиббиёт баённомаларида кўп омилли касаллик сифатида кўриб чиқилади. У бир қатор хавфли ташхисларни — қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, бўғим ва умуртқа поғонаси шикастланишлари, гипертония ҳамда онкологик касалликларни келтириб чиқаради. Аёлларда ортиқча вазн бепуштликка, эркакларда эса импотенцияга сабаб бўлиши мумкин.

Маҳмуданинг биринчи бўлиб ўт пуфаги дош бера олмади, уни олиб ташлашдан олдинги текширув пайтида шифокорлар қандли диабет ташхисини қўйишди. Аёл шифокорлар билан кўзига ёш олиб баҳслашди: «Менда ҳеч қандай диабет йўқ!» Бир вақтлар унинг бувиси шу касалликдан вафот этганди, шунинг учун ташхисга ишонгиси келмасди. Бироқ диабет аллақачон ўзини намоён қила бошлаганди: чидаб бўлмас қичишиш ва таъсирланиш пайдо бўлди, юрак тахикардиядан тез уриб кетарди, оғир ланжлик босарди. Асаб тизими ҳам издан чиқди — Маҳмуда яқинларига зарда қиларди, ишхонада тортишарди ва арзимаган нарсага ҳам йиғлаб юбориши мумкин эди.
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Дори ва уколлар ёрдам бермади, қанд кўрсаткичлари 10 дан 25 ммол/л гача сакраб турди, кўрсаткич 30 ммол/л га етганда эса Маҳмуда кома олди ҳолатида касалхона каравотига ётқизилди. У ерда, осма уколлар остида ётиб, у ниҳоят шифокорларнинг: «Бундай қанд миқдори билан яшаб бўлмайди — сиз шунчаки комага тушиб қоласиз», деган сўзларини «эшитди».

Вазнни камайтириш ва диабет ремиссиясига эришиш учун Маҳмуда бариатрик операция қилдиришга қарор қилди. Қўрқувлари кўп эди: «Пулни бериб, пичоқ остига ётсанг-у, диабет қолиб кетсачи? Вазн ҳам кетмасачи?»
Оила бу қарорга кескин муносабат билдирди, лекин ўша пайтга келиб Маҳмудани бошқаларнинг фикри қизиқтирмасди. Йиллар давомидаги таъналар ва диабетик комадан доимий қўрқув «Мен буни ўзим ва соғлиғим учун қиляпман», деган қарорга келишга ёрдам берди.
Жарроҳ Шуҳрат Ҳошимовнинг эътироф этишича, у «шунчаки нафсини тийиб, камроқ есин» деб ўжарлик қиладиган эрлар олдида мунтазам равишда маъруза ўқишига тўғри келади. Бундай ҳолатлар учун шифокорнинг компьютерида махсус тақдимот тайёрлаб қўйилган.

«Мен ҳар доим беморнинг тарафидаман. Бундай эрни монитор олдига ўтқазиб, графиклар, статистика, тадқиқот маълумотларини кўрсатаман. Унга: “Тушунинг, семизлик — бу касаллик. Эртага бу фонда оғир ёндош касалликлар ривожланади. Ўйлаб кўринг, операциясиз хотинингиз 10–12 йил камроқ яшайди. Ахир фарзандларингизга она, сизга эса соғлом, фаол ва бахтли рафиқа керак”, дейман», — деб ҳикоя қилади у.

Эрларни ишонтириш муҳим, чунки 70 фоиз ҳолларда операция пулини айнан улар тўлайди. Бироқ Шуҳрат Хуршидович кўпинча тескари манзарани ҳам кўради: консультация пайтида эр хотинига «Мен сен биланман, ёнингдаман, қўллаб-қувватлайман», дейди. Бундай эркак севган аёли операцияни енгил ўтказиши ва тезроқ тикланиши учун ҳар қандай харажатга тайёр. Шифокорнинг айтишича, ҳамма нарса эр-хотин ўртасидаги муносабатларга боғлиқ.
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Шуҳратни операция столига ўлим қўрқуви олиб келди — унинг атрофидаги ортиқча вазнли одамлар бирин-кетин ҳаётдан кўз юма бошлади.

«Қирғизистонда яқин дўстим вафот этди, атиги 42 ёшда эди. Семизлик оқибатида юраги тўхтаб қолган. Қозоғистонда кўпйиллар давомида менучун ишлаган — товар ташиган ҳайдовчи вафот этди. Йўл юриб турган жойида, қатнов вақтида оламдан ўтди. Юкни Усть-Каменогорсккача олиб борди, у ердан қўнғироқ қилишди — касалхонага тушиб қолибди, тамом, ундан айрилдик. Шифокорнинг айтишича, ўлим сабаби — ортиқча вазн. Чимкентда 35 ёшли ёшшифокор танишим бор эди. Ўзи шундай дерди: “Шуҳрат, иккаламиз ҳам вазн масаласини ҳал қилишимиз керак! Мен шунчаки улгурмаяпман, ҳар куни операцияга киришим керак”. Мана, улгурмади», — дейди эркак.

Чиқиш йўлини илгари вазни 180 килограмм атрофида бўлган, кейин эса жарроҳлик амалиёти ёрдамида кескин озиб кетган таниши кўрсатди. «Бўғирсоқ эди, келишган йигитга айланди», — дея таърифлайди уни Шуҳрат.

Ўзбекистонда бариатрик жарроҳлик ўзи нима?

Ўзбекистонда биринчи бариатрик операциялар тахминан 40 йил олдин амалга оширилган, лекин ўшандан бери деярли ҳамма нарса ўзгарди. 2015 йилда Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия ва БААда бир қатор давлатларда малака ошириб қайтгач, Шуҳрат Ҳошимов ҳамкасблари билан биргаликда мамлакатда биринчи марта лапароскопик усулда ошқозонни жарроҳлик йўли билан кичрайтириш амалиётини ўтказди.

«Илгари бариатрик операциялар очиқ усулда, қорин бўшлиғини кесиш орқали амалга оширилар эди. Катта одамларда кесим ҳам катта бўлади, тери ости ёғ қатламининг қалинлиги туфайли бунинг бошқа иложи йўқ», — суҳбат давомида Шуҳрат Хуршидович «семизлик» тиббий атамасини камдан-кам ишлатиб, беморларни «катта одамлар» деб аташни афзал кўради. — «Мос равишда, яралар оғир, асоратлар ва йирингли жараёнлар билан битар эди. Бугунги кунда биз кесишларсиз, кичик тешиклар орқали ишлаймиз. Бу минимал жароҳатланиш ва тез тикланиш имконини беради. Беморлар аввалгидек 7–10 кун эмас, балки 2–3 кунда оёққа туришади».
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Замонавий технология қуйидагича: қорин бўшлиғига кичик тешиклар орқали лапароскопик телескоп киритилади, у ички аъзоларнинг тасвирини мониторга узатади. Кейин эндоскопик степлер — махсус тиббий асбоб ишга тушади, у меъданинг бир қисмини кесиб олиб, бир вақтнинг ўзида тўқимани қисади ва «тикади». Бўш шар каби пучайган, кесилган бўлак эҳтиёткорлик билан тешиклардан бири орқали, уни бир ярим-икки сантиметргача бироз кенгайтирган ҳолда, ташқарига тортиб олинади.

Бариатрия пластик ёки косметик жарроҳлик эмас, шунинг учун беморлар операция столига қатъий тиббий протоколларга мувофиқ ётқизилади. Жаҳон стандартларига кўра, операция учун кўрсатма сифатида тана вазни индексининг (ТВИ) 40 дан юқори бўлиши ёки одамда ёндош касалликлар: қандли диабет, гипертония, бўғимларнинг емирилиши ва бошқалар пайдо бўлган ҳолларда, 35 дан юқори бўлиши қабул қилинган.
реклама
реклама
Кўпинча бариатрик жарроҳларга беморларни бошқа мутахассисликдаги шифокорлар: эндокринологлар, травматологлар, гинекологлар йўналтиради. Ортиқча вазн баъзан она бўлишга тўсқинлик қилади ва Шуҳрат Хуршидович собиқ беморлари унга қўлида чақалоқлар билан тушган суратларини юборганида жуда хурсанд бўлади. Баъзида одамнинг бўғимлари шунчалик ейилган бўладики, уларни сунъий бўғимларга алмаштириш талаб этилади, лекин протез тана оғирлигини кўтара олмайди. Шунда травматолог аввал бариатрик операция ёрдамида ортиқча вазндан халос бўлишни тавсия қилади.
Консультацияга келадиган эркаклар ва аёлларнинг мотивацияси турлича.

«Беморларимнинг 70 фоизи — аёллар. Бунинг ҳеч қандай уяладиган жойи бўлмаса ҳам, улар операцияга фақат ташқи кўриниш учун бораётганликларини деярли ҳеч қачон тан олишмайди. Худбин бўлиб кўринишдан қўрқишади. “Эрим учун, болаларим учун”, дейишади. Мен бундай ҳолларда: “Ўзингиз учун қилинг. Ўзингиз бахтли ва соғлом бўлсангиз, оилангиз ҳам бахтли бўлади”, деб айтаман», — дейди шифокор.

Унинг сўзларига кўра, эркаклардаги асосий талаблар — соғлиқ ёки карьера.

«Ортиқча вазнли одам ўзидан уялади, эркакларда эса бу ишончсизлик потенция билан боғлиқ муаммолар туфайли янада кучаяди. Вазн ташлаганларидан сўнг улар фаолроқ бўлишади, ўзига бўлган ишончни қайтаришади ва кўпинча лавозимлари кўтарилади. Бундан ташқари, карьера тўғридан-тўғри жисмоний ҳолатга бориб тақаладиган соҳалар ҳам мавжуд — ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари. Менда шундай беморлар ҳам бўлган», — дея аниқлик киритади Ҳошимов.
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Ўзбекистонда беморларнинг яна бир тоифаси мавжуд бўлиб, шифокор уларни «келин-куёв» деб атайди. Уларни шифокор ҳузурига ота-оналари олиб келишади, чунки анъанавий турмуш тарзига эга кўпчилик оилаларда никоҳ масалаларини айнан ота-оналар ҳал қилади. Улар ортиқча вазнни соғлиқ билан боғлиқ муаммо сифатида эмас, балки оила қуриш йўлидаги тўсиқ сифатида қабул қилишади.

«Ота-она 20 ёшли йигитни маслаҳатлашиш учун олиб келяпти. Вазни 150 килограмм, кечалари компьютерда ўтиради, пицца ейди ва ширин газли ичимликлар ичади. Ота-онаси хафа: “Ўғлимга ҳеч ким турмушга чиқмаяпти, ёрдам беринг”. Ёки турмушга бериш, невара кўриш истагида қизларини олиб келишади. Яъни, ортиқча вазн ва ҳаёт сифатининг ёмонлашуви тиббий ёрдамга мурожаат қилиш ва операция учун пул тўлашга ҳар доим ҳам етарли мотивация беравермайди, никоҳ омили эса бунга туртки бўлади. Эҳтимол, оила қуриш масаласи бўлмаганида, бундай беморларнинг бир қисми мутахассисга мурожаат қилмаган бўларди», — дейди жарроҳ.

«Мен нормал яшаш учун ҳамма нарсага тайёрман, сен эса — ейиш учун»

Доктор Ҳошимовнинг 11 йиллик бариатрик амалиёти давомида атиги 15 га яқин одам қайтадан операция столига ётган. Ошқозон — мушакли аъзо, агар у доимий равишда овқат билан «зўриқтирилаверса», яна чўзилиб кетиши муқаррар.

Операциядан кейинги биринчи ойда бемор Шуҳрат деярли ҳеч нарса емади. Битта товуқ тухумини ҳам ейолмай, бедана тухумига ўтди. Икки-уч қошиқ шўрва ва бир пиёла суюқ бўтқа — бор-йўқ овқати шу эди. У ҳар куни минус 0,5 кг ни кўрсатувчи тарозини ҳаяжон билан кузатиб борди. Бироз вақт ўтгач, вазни 105 кг да тўхтади — энг юқори кўрсаткичидан 60 килограмм йўқотди. Қон босими меъёрлашди, ҳолдан тойдирувчи жиғилдон қайнаши ва шишлар йўқолди. Яна бир ўзига хослик пайдо бўлди — тана очлик импульсларини юборишни тўхтатди.

«Илгари ошқозон ва бошим: “Қани, овқатланайлик!” деб хитоб қиларди. Ҳозир ундай эмас. Овқатланишни ўзим унутмаслигим керак, соат бўйича овқатланишга ҳаракат қиламан. Агар кучдан қолиб, бошим оғирлашаётганини ҳис қилсам, демак, калория камайиб кетган, тамадди қилиб олишим керак. Сумкамда озгина ёнғоқ, майиз ёки сифатли шоколад олиб юраман. Лекин энди европаликлардек овқатланаман. Мен Европада бўлганман ва кўрганман: катта ликопча олиб келишади, унда икки қошиқ овқат бўлади, шуни ҳам еб тугатишмайди! Илгари бир лаган ошни бир ўзим ейишим мумкин эди, ҳозир эса мен ҳам улар кабиман», — дейди эркак.

Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Шуҳрат операция тафсилотларини кўпчилик танишларига ошкор қилавермайди.

«Одамлар ҳар хил, — деб хўрсинади у. — Кимдир тўғри тушунади, кимдир эса шунчаки камроқ ейиш керак эди, деб гапиришни бошлайди. Бир куни меҳмонда эдим, одатдагидек ўз меъёримни еб, тўхтадим. Бир киши: “Нима, ошқозонингни кестириб, энди овқат ейишга қўрқяпсанми?” деб масхара қила бошлади. Бу жуда ёқимсиз ҳолат эди. Мен унга шундай жавоб бердим: “Менга қара, ошна, мен нормал яшаш учун ҳамма нарсага тайёрман, сен эса кўп ейиш учун ҳамма нарсага тайёрсан. Фарқига боряпсанми?” У хижолат бўлиб, индамай дастурхондан туриб кетди».

Бироқ, агар у нафас олишга ва ҳаракатланишга қийналаётган одамни кўриб қолса, бефарқ ўтиб кетмайди. Унинг учун бу узиб бўлмайдиган ёрдам занжиридир. Шуҳрат ўз тажрибаси билан ўртоқлашади ва тушунтириш учун вақтини аямайди.

«Вазним туфайли аҳволим жуда оғирлашиб қолганида, дуо қилдим ва Яратган менга операция ҳақида айтиб берган инсонни, кейин эса яхши шифокорларни юборди», — дея ҳикоя қилади у.
Бариатрик операциядан сўнг Маҳмуда ва Шуҳратнинг ҳаёти тубдан ўзгарди. Шуҳратнинг айтишича, у яна саёҳат қиляпти ва севимли шаҳарлари бўйлаб соатлаб пиёда кезяпти — нафас қисишидан асар ҳам йўқ.

«Ёзда Остонага хизмат сафарига — йирик халқаро кўргазмага бордим. Тўрт кун кетма-кет эрталабдан кечгача павильонларда километрлаб йўл босдим. Ортиқча вазнли одам бундай қила олмасди!», — қайтиб келган енгиллик унга самимий, деярли болаларча қувонч бахш этади.
Маҳмуда ҳам мамнун. Операциядан кейинги биринчи ойдаёқ 20 килограмм вазн йўқолди. Ортиқча вазн билан бирга теридаги азобли қичишиш ва яллиғланишлар ҳам кетди, қондаги қанд миқдори меъёрига қайтди. Бугунги кунда унинг вазни 57 килограмм. У санитарканинг оғир ишини худди аввалгидек — ортиқча куч сарфламасдан уддалаётганини, зинапоялардан осонгина кўтарилаётганини ва ўзига ёққан кийимларни кийиши мумкинлигини айтади. Сўнгги суратларнинг бирида аёл эгнида атиргул шаклидаги ҳашаматли енгли фуксия рангидаги кўйлакни кўриш мумкин.

«Ортиқча вазн инсонни “яримта” қилиб қўяди, — дейди Маҳмуда хайрлашаётиб. — Тўлақонли яшай олмайсан, хоҳлаганингдек кийинолмайсан. Қайтадан бутун инсон бўлиш учун ҳам вазнни меъёрига қайтариш керак».

«Шунчаки статистикани тўплаш эмас, балки вазиятни қандай ўзгартиришни тушуниш керак»

Семизликни даволашнинг халқаро протоколлари АҚШ, Канада ва Европада ўтказилган кўп йиллик тадқиқотлар асосида яратилган. Яъни, меъёрлар «ўртача европалик» асосида ишлаб чиқилган.

«Стандартлар универсал бўлса-да, биз ҳар хилмиз, — деб тушунтиради Шуҳрат Ҳошимов. — Жаҳон тиббиёт ҳамжамияти ҳозирда ирқий омил тушунчасини фаол муҳокама қилмоқда. Негроид ирқ вакиллари юқори ТВИ билан яшаши ва метаболик жиҳатдан соғлом қолиши мумкин. Осиёликларда эса, аксинча, асоратлар — диабет, юрак ва қон томирларининг зарарланиши анча паст кўрсаткичларда ривожлана бошлайди. Агар бугунги кунда ТВИ 35 иккинчи даражали семизлик бўсағаси деб тан олинган бўлса, далиллар базаси тўпланиши билан ирққа қараб фарқланиш содир бўлиши мумкин. Масалан, негроид ирқи учун — 37 ва осиё ирқи учун — 33».
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Айнан шу сабабли доктор Ҳошимов жамоаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистонда метаболизмни генетик тадқиқ қилиш бўйича илмий лойиҳани бошлади. Ушбу иш учун Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги грант ажратди.

«Ҳозир бутун дунёда бадавлат одамлар ўз геномларини ўрганишга киришиб кетишди. Шахсий тест кўп нарсалар ҳақида маълумот бера олади: қандай касалликларга мойиллик бор, қандай таҳлилларни топшириш керак, қандай рационга риоя қилиш лозим, қайси спорт тури танага энг яхши натижа беради. Агар бу ёндашувни бутун мамлакат миқёсига татбиқ қилсак-чи? Генетик кесим давлатнинг қарорлари учун асос бўла олади. Аҳоли метаболизмининг ўзига хос хусусиятларини тушунган ҳолда, миллий даражада болалар боғчалари ва мактаблардаги рационни ўзгартириш ёки одамлар жарроҳлик столигача етиб бормаслиги учун қайси спорт турларини ривожлантириш ва субсидиялаш кераклигини аниқлаш мумкин», — дейди шифокор.

Семизлик ташхиси қўйилган ҳар қандай одам тадқиқот иштирокчисига айланишга ҳаракат қилиб кўриши мумкин. Беморлар учун бу бариатрик операция нархини пасайтириш имконияти ҳамдир, чунки сарф қилинадиган материалларининг бир қисми грант доирасида харид қилинади. Операциянинг имтиёзли нархи одатдаги 19-20 млн сўм ўрнига 15-16 млн сўмни ташкил этади. Аниқ суммани олдиндан айтиш қийин. У стационарда ётиш давомийлиги, ёндош касалликларнинг бор ёки йўқлиги ҳамда бошқа омилларга боғлиқ.

Шу билан бирга, Шуҳрат Хуршидович барча хоҳловчиларни қабул қилавермайди. ТВИдан ташқари, у беморнинг мотивацияси ва операциядан кейинги тавсияларга риоя қилишга тайёрлигини ҳам баҳолайди.

«Инсонда шахсий, онгли истак бўлиши керак. “Мени тадқиқотга жалб қилинг, мен эса диванда ўтириб, чипс ейишда давом этаман”, деган вариант ўтмайди. Биз учун шунчаки статистика тўплаш эмас, балки вазиятни қандай ўзгартиришни тушуниш муҳим. Иштирокчилар динамикада кузатиб борилади: генетик таҳлил ўтказилади, операция қилинади, сўнгра икки, уч ой ва ярим йилдан сўнг метаболизм кузатилади. Бу инсонни фаол вазн ташлаш босқичидан барқарорлашувга ва охир-оқибат соғлом овқатланишга босқичма-босқич олиб ўтиш имконини беради», — деб таъкидлайди жарроҳ.

Икки йиллик кенг кўламли тадқиқот якунларига кўра, Шуҳрат Ҳошимов семизликни даволашнинг янги алгоритмларини ишлаб чиқишни ва уларни Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида синовдан ўтказишни режалаштирмоқда.

Матн муаллифи: Екатерина Цой.

Муҳаррир: Виктория Абдураҳимова.

Суратлар муаллифи: Евгений Сорочин.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazetaʼга тегишли. Gazetaʼда эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан

қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda