Ўзбекистон нуқтаи назаридан келиб чиқиладиган бўлса, барча жараёнлар марказлашган ҳудуд — Тошкент. Инфратузилмаси яхши, гавжум, мамлакат, аксига олиб, жуда марказлашгани боис, иқтисодий жараёнларнинг асосий қисми ҳам пойтахтда. Таълим, тиббиёт ҳам марказлаштирилган — республикадаги яхши университетларнинг 50 фоиздан ортиғи шу ерда, оғирроқ операцияларни ўтказиш анча осон, ҳатто асосий логистика жараёни ҳам Тошкент орқали — Тошкент орқали дунёнинг бошқа мамлакатларига учиб кетиш Самарқанд ёки Бухородан кўра анча осон. Мамлакатни тенг ривожлантириш жиҳатидан бу - хато, лекин афсуски, Ўзбекистон шароитида шундай бўлиб қолган.
Тошкент — имкониятлар шаҳри. Шунинг учун уни яхши кўраман ва қадрлайман. Бу ерда ростмана ҳаракат қилган, тиришган одам дунёнинг исталган бошқа катта шаҳрида бўлгани каби ўзини, йўлини топиб олади. Аксар ҳолларда вилоятлардан Тошкентга ўқиш учун келадиганларнинг асосий мақсади бир хил — катта одам бўлиш. Мен ҳам шундай хаёлда келганман. Фикримча, бунга эришдим: 100 дан ортиқ ходим ишлайдиган, бутун Ўзбекистонга хизмат кўрсатадиган бизнесга асос солдим, уйли бўлдим, оилам бор, болаларимни катта қилиб турибман, ҳаммамиз соғ-саломатмиз. Албатта, бу режаларни фақат Тошкент билан боғламагандим, лекин айнан шу ерда амалга ошди.