«Газета.uz» таҳририяти «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда таҳсил олаётган ёки хорижий олий ўқув юртларини тамомлаб, чет элда ишлаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатларни эълон қилиб боради. Биз ватандан узоқдаги ҳаёт, хорижий таълимни танлаш сабаблари ва қаҳрамонлар дуч келган синовлар ҳақида суҳбатлашамиз.
Тошкентда мактабни беш баҳога битирганман. Математика, география фанлари менга энг ёқадиганлари эди. Ота-онамнинг айтишича, мактабнинг биринчи синфида устозим «ўғлингиз профессор» бўлади, деб ҳазил-аралаш шарҳ берган экан. Тақдир тақозоси билан ҳозир шу йўналишга қараб кетяпман.
Бакалаврда таҳсил олаётган пайтимда мен ўқишни кейинги босқичларда давом эттиришимни билар эдим. Сабаби иқтисодиётга яқин йўналишда илм билан шуғулланмоқчи эдим. Ўзбекистонда буни амалга ошира олмаслигимни билгач чет элда ўқишни давом эттириш кейинги табиий йўл эди. Лекин, бундан олдин мен Ўзбекистонда бироз амалий тажриба орттириш мақсадида банк соҳасида, ҳусусан Марказий Банкда икки йил фаолият олиб бордим. Ёш бўлишимга қарамай у ерда кўп нарсаларга ўргандим, менга бу тажриба яхши мактаб бўлди. Лекин, асосий мақсадим илм билан шуғулланиш бўлганлиги учун, комфорт зонамга тушиш ва кундалик тартибга мослашиб қолмасликни инобатга олганман.
Магистратурада ва кейинчалик докторантурада ўқиш фикри менда фақатгина чет элга кетиш ёки қўшимча дипломларни йиғиш учун эмас, балки булар менга мақсадга етиш учун восита сифатида керакли бўлгани учун пайдо бўлган. Шунинг учун, илм билан яқиндан шуғулланиш, ва келажакда профессор бўлиш мақсадида аввал магистратура ва ундан сўнг доктарантурада таҳсил олишим, кўп нарса ўрганишим кераклигини англаб етдим.
IELTS ёки TOEFL сертификати
Ўзимга тўғри келадиган, олдимга қўйган мақсадга етиш учун ёрдам бера оладиган дастур, университетларни излашни бошладим. АҚШдаги ва Европадаги бир қанча университетларни топиб, улар ҳақида чуқур изланиш олиб бордим, интернетдан ўзим топиб-ўргандим. Уларда таҳсил олган талабалар кейин қаерда ишлашяпти, ўқишяпти, у ерда қайси профессорлар қайси йўналишда изланиш олиб боришади, бу университетга кириш учун қандай хужжатлар керак деган барча саволлар олдимда турган. Менга ҳеч ким у ёки бу университетни таклиф қилмаган, барча маълумотларни интернетда ўзим топиб ўрганганман.
Иқтисодиёт йўналишида АҚШнинг Duke, Johns Hopkins, Columbia, Tufts, Brandeis, Williams College каби университетларидаги дастурларга қабул қилиндим. Улардаги контрактлар табиийки қиммат бўлгани учун, менга энг кўп чегирма, ёки грант бера оладиган университетга боришим мумкин эди. Қўлимда қабул қилинганлик ҳақидаги 5-6 та таклиф бўлганидан сўнг бу университетлар билан ким кўпроқ моддий ёрдам бера олиши ҳақида музокаралар олиб бордим. Омадим чопиб, мен бошидан орзу қилган, Duke университети энг кўп моддий ёрдам таклиф қилди? ўқишни шу ерда бошладим ва икки йил таҳсил олдим.
Duke университети АҚШда етакчи университетлардан бири, бу ерга саралаш жараёнидан ўтиш осон эмас. Бу университетда ёдимдан кўтарилмайдиган вазиятлардан бири бу университет билан таништирув ҳафтасидаги катта тадбирда (orientation week), университет президенти барча йиғилган янги талабаларга қарата қуйидаги гапни айтганди: «Агар ўзингизни бу ерга адашиб келиб қолдим, мени бу университетга, шу дастурга адашиб қабул қилиб қўйишди, шекилли деб ўйлаган пайтингизда шуни билингки сиз бу ерда адашиб қабул қилинмадингиз. Сиз бу ерда бўлишга лойиқсиз ва сизларни бу ерда қабул қилишдан биз фахрланамиз».
Нега бу вазиятни эсладим? Чунки биринчи семестрда менда айнан шундай фикрлар пайдо бўлган. Дунёнинг бошқа мамлакатларидан келган тенгдош-курсдошларимнинг даражаси анча юқори эканлиги, уларнинг бошланғич таълими ва бакалаврдан тайёр бўлиб чиққанларини кўргач мен ўзим бу ерда энг охирги ўринларда қолиб кетсам керак, деб қайғурганман. Лекин, билсам бундай қўрқув бошқа талабаларда ҳам бор экан, тезда мослашиб кетиб жараёндан завқ олишни бошладим.
Ҳозирда Гарвард университетида докторантурада фаолият олиб боряпман. Бу дастур ўртача беш йил давом этади ва талабалар биринчи икки йилида асосан дастур талабларини қондириш учун керакли дарсларни оладилар, ўқийдилар ва имтихон топширадилар. Ундан сўнг, учинчи йилдан бошлаб диссертация ёзиш жараёнига ўтадилар. Мен ҳозир шу жараёндаман. Асосий ишим илмий тадқиқот қилиш, академик нашрларда чоп этишдан иборат. Бундан ташқари дарс бериш жараёнида ҳам қатнашаман.
Доктарантурага кўп талабаларни олишмайди. Танлов жараёнида катта рақобат бор. Менинг йўналишимида ҳар йили 2-3та талаба қабул қилинади, холос. Бундай кам талабалар олиниши асосий сабабларидан бири университет ҳар бир докторант талабага катта сармоя қилади, моддий нуқтаи назардан ҳам, профессорларнинг кетадиган вақти нуқтаи назардан ҳам. Жуда кам сонли талабаларни саралаб олиниши натижасида профессорлар ўз вақтларини доктарантларга етқаза оладилар, чунки улар докторантларини ўз ҳамкасблари каби кўрадилар.
Доктарант талаба бўлсам ҳам, бу тўлақонли касб, балки ундан ҳам кўпроқ. Кун тартибим, қайси лойиҳалар ва саволлар устида ишлашим, лойиҳаларимни қандай олиб боришим ва барча барча жараёнлар ўзимга боғлиқ. Ҳамкасб, маслаҳатчилар, менторлар кўп, лекин менинг бошлиғим йўқ ва профессор бўлганимда ҳам бошлиғим бўлмайди. Шунинг учун бунда қаттиқ интизом ва тадбиркорлик руҳи талаб этилади.
Менимча, ҳар ким ўзи қилаётган ишидан завқ олиши керак деб ўйлайман, яъни ўзига завқ олиб келадиган, уни маънан бахтли қиладиган иш билан шуғулланиши керак деб айлайман. Шу нарса айқниса илмга таалуқли. Кўп хориждаги танишларимнинг орасида докторантурани бошлаб лекин тугатмасдан “ташлаб кетган”, ёки уни битиргач академик фаолиятдан чиқиб кетганлар бор. Бу нормал ҳолат деб қабул қилиниши керак. Бундан ташқари, магистратурада ёки доктарантурада сизнинг энг муҳим мақсадингиз бўлиши керак эмас, булар фақатгина восита холос. Агар шу восита сизни кейинги босқичга, мақсадингизга етакласа демак ўзингизни бунга бахшида этсангиз бўлади, акс ҳолда фақат диплом йиғиш учун ўқишни тавсия этмайман.
Ҳозир Ўзбекистонда ҳам хусусий университетлар кўпайибди, танишиб чиқдим. Кўпи ғарбдаги, хусусан, АҚШдаги университетлар моделини олиб киришга уриняпти. Профессорлар ҳам дарс борасида эркин. Нима ўтишни ўзи танлаяпти экан. Хуллас, шакл жиҳатидан улар дунёдаги бошқа хусусий ОТМларга мослашиб қолган. Авваллари университетлар сифатини давлат мутасаддилари белгиларди. Ҳозир хусусийлари кўпайгач, энди баҳолаш истеъмолчида қоляпти. Бу яхши натижа. Таълимда танлаш ҳуқуқи кўп бўлишини истайман.
Масалан, ўзим давлатникига киролмагач, хусусий институтга кирганман.
Гарвардда ҳам шундай. Тиббиёт мактаби, бизнес (мен ўқиётган), муҳандислик ва бошқа мактаблар мавжуд. Ҳар бир мактаб ўзининг ташкилий гуруҳи, молиялаштириш имкониятига эга. Бунинг яхши томони: профессор ва талаба бир жойда жамланади. Иккинчидан, талаба АҚШда бакалавр босқичида ўқиётган бўлса, эртага ким бўлишини ҳали аниқ билмайди. Бунда йўналишлар бир ерда жойлашса, унда танлаш имкони кўпаяди.
Яна барча соҳалар ўзаро боғлиқ десаям бўлади. Масалан, тиббиёт йўналишини ўқиб шифокор эмас, тадқиқотчи бўлиш ҳам мумкин. Параллел равишда бизнес мактабида ўқий оласиз. Бизнес мактабида докторантурада ўқийдиган танишларим тиббиёт мактабида тадқиқот олиб боради. Уларда «Health Policy Managment» йўналиши бор. Талабалар иккисини бирлаштириб дастур очишган. Улар ҳам тиббиёт тизимини, ҳам менежментни ўрганади. Бунда талаба тиббиёт соҳасида қандай бошқарувчи бўлиш мумкинлигини кўради.
Илм-фанни молиялаштириш — хатарли. Бунинг натижаси яқин орада кўринмайди. Масалан, иморат тикласангиз, натижасини биттада кўрасиз, у кўз олдингизда туради. Илм-фанни молиялаштириш эса бошқачароқ. Биринчидан, тадқиқот самара бермаслиги мумкин. Иккинчидан, унинг натижаси узоқ муддат, ҳатто 10−15 йиллардан кейин билинади. Бизда эса давлат ҳам, хусусий сектор ҳам илм-фанга сармоя киритишга у қадар қизиқмайди. Чунки натижани кутишга вақт йўқ-да! Энг яхши инвестиция — барибир таълимга тикилган пуллардир. Илмга кетган вақт ва пулнинг зарари бўлмайди. Энг муҳими, ишинг ўзингга ёқиши керак.
Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимда ўзимга маъқул мавзуларда фикрларимни жойлаб бораман. Энг кўп қайғурадиганим — жамоат транспорти. Буни Америкага келиб тушунганим йўқ. Тошкентда метродан кўп фойдаланардим. Жамоат транспортининг асосий функцияси — кишилар узоғини яқин қилиш, шаҳардаги тирбандликни камайтириш, аҳолига хавфсиз, арзон хизмат турини таклиф этиш. Жамоат транспорти нафақат одам ташийди, балки уларнинг ҳаётида асосий роль ўйнайди. Кўпчилик буни эътибордан четда қолдиради. Масалан, киши даромади бўйича пастки қатламдан тепа қатламга чиқишига нима асос бўлади? Тадқиқотчилар ўрганишса, бунинг муҳим жиҳатларидан бири мобиллик экани маълум бўлди. Айтмоқчиманки, жамоат транспорти бўлмаган ёки яхши ишламайдиган жойларда қуйи қатламдаги одам ўша ҳолича қолиб кетиш эҳтимоли кўпроқ экан.
Мана, шаҳарнинг бошқа четига иш ёки болалар мактабга бориши учун транспорт нуқтаи назаридан қийналсангиз, жойингизни ўзгартирмайсиз, шу ерда қолишни афзал биласиз. Бунда ҳаётдаги даромадлар поғонаси бўйича тепага ўсиш қийин ёки имконсиз бўлар экан. Аҳоли шаҳар ичида ҳаракатланиши қанча осон бўлса, шунча яхши. Даромади тузук иш топиш, сифатли таълим, ҳаёт тарзини ўзгартириш, кўнгилдагидек жойда яшаш мумкин. Шу сабаб, жамоат транспорти ҳар доим биринчи ўринга қўйилиши тарафдориман.
Шу жойида «Нима, машинаси борларга қаршимисиз?», дейишингиз мумкин. Йўқ, ўзим ҳам 18 ёшимдан бери машина ҳайдайман. Ҳар бир ҳайдовчи — пиёда, лекин пиёда автомобиль эгаси эмас. Кўпчилик йўлларни автомобиллар учун хавфсиз масканга айлантириш масаласини «автомобиль эгаси ва пиёданинг ўртасидаги жанг» деб ўйлайди. Ундай эмас! Биз пиёда ҳақида гапираётганимизда бевосита ҳайдовчи ҳақида ҳам гапираётган бўламиз. Айримлар жамоат транспортини талаба, пенсионер ёки машина сотиб олишга қурби етмамаганлар учун деб ўйлайди. Бундай тор мантиқ бефойда!
Ривожланган мамлакат — камбағаллари машинада юрадиган эмас, бой одамлари жамоат транспортидан фойдаланадиган давлатдир, дейишади. Шаҳарларимизда яшаш учун автомобилга эҳтиёж қолмаслигини истардим. Муаммо фуқарода эмас, тизим яхшиланиши керак. Улар машина сотиб олишни ҳаётининг бир қисми деб ҳисобламасин. Жамоат транспортлари (автобус, трамвай, троллейбус, метро) шунчалик кўп бўлсинки, шаҳарнинг у четидан бу четига муаммосиз боришга йўл очилсин.
Ҳалигача трамвай, троллейбусдан воз кечганимизни эсласам, кайфиятим тушади. Автомобиль йўлини кенгайтирамиз деб имкониятни бой бердик. Ҳозир барибир яна ўша вазиятга қайтиб келяпмиз. Тирбандлик асабларни эговлагач, трамвайни қайтариш фикри ўртага чиқди. Ростини айтсам, трамвай, троллейбусли шаҳримиз бошқа давлатлар орзусидаги масканлардан эди. Ҳозир улар айнан шу транспортларни автобусдан ҳам афзал кўришмоқда.
Айрим мутасаддилар автомобилларга эҳтиёж ортгани, одамлар кўп машина олаётганини баҳона қилиб нуқул йўл қуриш ҳақида ўйлайди.
Бу борада 2021 йили «Газета.uz»да чиққан мақоламда автомобиллаштириш сиёсати қандай муаммоларни туғдириши ҳақида ёзгандим. Машина эгаларига йўллар, автотураргоҳ ва тўхташ жойларини қуриб бериш эмас, аксинча, бунинг тескарисини қилишимиз керак. Нега? Аҳолига шундай шароит яратилсинки, қаергадир бориш учун шахсий уловга эҳтиёжи қолмасин.
Мақола мана бу ерда! |
Шаҳарларни хавфсиз, жамоат транспортини яхшилаш, уни одамларга қулайроқ қилиш учун бу мавзуларни ёритадиган, доимий танқид қиладиганларни кўпайтириш эмас, балки қонун ишлаши ва унга амал қилиниши керак. Агар тизим ишласа, на экоблогерга, на экопартияга иш қолади.
Жамиятда мавжуд ҳолатни ҳамма ўз танасидан ўтказиб кўрмагунча билмайди, сезмайди. Масалан, жамоат транспорти ёки шаҳарсозлик бўйича тақдимот ўтказилса, уни жамоат транспортидан фойдаланмайдиган одам худди шундай жамоат транспортида юрмайдиган бошқа кимсага кўрсатади. Лойиҳа тузувчилар ҳам шу тоифага кириши мумкин. Агар қарор, қонун чиқарадиганлар ҳам жамоат транспортида юрганда ёки аксинча, йўловчи, пиёда фикри аҳамиятга олинганда, вазият анча яхшиланарди.
Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.