Фото: Каримов фонди
16 февралнинг 16 лаҳзаси
1999 йилда портлаш юз берган жойлар ўтган 24 йил ичида қанчалик ўзгарган?
Бундан 24 йил аввал юз берган кетма-кет беш портлаш Тошкентни ларзага келтирганди. Қайсидир маънода Ўзбекистоннинг келгусига ривожланиш йўлига ҳам таъсир кўрсатган ушбу ҳодиса расмийлар томонидан президент Каримов ҳаётига суиқасд дея баҳоланган эди.

«Газета.uz» 1999 йилнинг 16 февраль куни портлашлар юз берган жойларда олинган фото ва видеоматериалларни 2023 йил февралидаги манзаралар билан таққослади. Уларда теракт нишонига айланган нуқталар бугунги кунга келиб қанчалик ўзгарганини кўриш мумкин.
Бундан 24 йил аввал юз берган кетма-кет беш портлаш Тошкентни ларзага келтирганди. Қайсидир маънода Ўзбекистоннинг келгусига ривожланиш йўлига ҳам таъсир кўрсатган ушбу ҳодиса расмийлар томонидан президент Каримов ҳаётига суиқасд дея баҳоланган эди.

«Газета.uz» 1999 йилнинг 16 февраль куни портлашлар юз берган жойларда олинган фото ва видеоматериалларни 2023 йил февралидаги манзаралар билан таққослади. Уларда теракт нишонига айланган нуқталар бугунги кунга келиб қанчалик ўзгарганини кўриш мумкин.
Биринчи портлаш соат 10:40 да Ички ишлар вазирлиги биноси яқинида, Юсуф Хос Ҳожиб кўчасидаги кўп қаватли уйлар олдида юз берган. Тергов маълумотларига кўра, тўқ қизил рангли «Запорожец» машинасига ўрнатилган қўлбола «бомба»нинг оғирлиги 200 килограммгача етиши мумкин эди.

Портлаш тўлқини 200 метр масофадаги объектларга жиддий зарар етказган, хусусан, яқин-атрофдаги биноларнинг ойналари чил-чил бўлган; одамлар орасидаги аксарият жароҳатланишлар айнан синиқ шиша парчаларининг учиб келишидан эди. Портлаш ўрнида эни 3,1, чуқурлиги 1,2 метрлик ўра пайдо бўлган.
Иккинчи портлаш соат 10:55 да Шароф Рашидов кўчасидаги “Нодирабегим” (собиқ “Искра”) кинотеатри қаршисида юз берган. Бу ерда ҳам оғирлиги 200 килограмм атрофида бўлган қўлбола “бомба” ўрнатилган “Запорожец” портлаган. Портлаш ўрнида эни 3 метрча, чуқурлиги 1 метрча бўлган ўра пайдо бўлган.

Шу куни Шароф Рашидов - Алишер Навоий кўчалари кесишмасида хизмат олиб борган йўл-патрул хизмати ходими Икром Қулиевнинг хотирлашича, Матбуотчилар кўчасидан отилиб чиққан оқ автомобиль “Нодирабегим” кинотеатрининг олдига етганида портлаб кетган ва ҳавога кўтарилиб, йўлнинг қарама-қарши тарафига тушган.
Орадан уч дақиқа ўтиб учинчи портлаш юз берган - соат 10:58 да Вазирлар Маҳкамаси биносига асосий кириш жойи яқинида ичига оғирлиги тахминан 400 килограмм атрофида бўлган портловчи ускуна ўрнатилган ГАЗ-21 “Волга” автомобили портлаган. Портлаш оқибатида эни тахминан 3,5 метр, чуқурлиги 1,2 метр бўлган ўра пайдо бўлган.
реклама
реклама
Маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамаси биноси олдидаги портлаш оқибатида камида бир киши (ички ишлар органи ходими) ҳалок бўлган. Портлаш арафасида “Волга”дан тушиб, қўлида автомат билан қочган террорчилар отишма келтириб чиқарган ва бу отишма вақтида дайди ўқдан талаба қиз ҳалок бўлган.
Соат 11:20 да Миллий банкнинг бош биноси олдида тўртинчи портлаш содир этилган. Оқ рангли “Запорожец”га ўрнатилган тахминан 200 килограмм атрофидаги “бомба”нинг ҳаракатга келиши оқибатида 200 метр масофадаги бино ва иншоотларга жиддий зарар етган.

“Бўрилар тўдаси” китоби муаллифи Олег Якубовнинг ёзишича, энг кўп қурбон ҳам айнан Миллий банк олдидаги портлашда юз берган - ҳодиса оқибатида камида 9 киши ҳалок бўлган.
Сўнгги, бешинчи портлаш эса Абдулла Қаҳҳор кўчасидаги 22-уйда юз берган. Тергов маълумотларига кўра, шаҳар бўйлаб портлатилган тўртта автомобиль айнан шу ҳовлидан чиқиб кетган. Соат 12:00 да ҳовлида қолган барча портловчи моддалар - тахминан 1000 кило атрофида - биттада портлатилган, террорчилар шу йўл билан жиноят изларини яширишга урингани айтилади.
реклама
реклама
1999 йилги суратлар ва кадрлар ЎзМТРК видеолари, Ислом Каримов жамғармаси, Тошкент шаҳар ИИББ Шон-шараф музейи, Getty Images (Ричард Вайман)дан олинди. 2023 йил 16 февралдаги суратлар муаллифи — Мадина Аъзам / «Газета.uz». Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йилги суратлари учун бош вазир матбуот хизматига миннатдорчилик билдирамиз.

«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda