«У ҳар доим янада қизиқроқ кадрларни қидирарди. Бунинг учун у қурилиш кранига чиқар, ўтиб бўлмайдиган жарликларга тушарди. У доим ғайриоддий нарсаларни суратга олишга, кадрга поэтик ечим топишга муваффақ бўларди». Режиссёр Мастура Исхоқова «Тошкент ҳақида мактублар»да чоп этилган деярли ягона таржимаи ҳолида Неля Атауллаеванинг ижодга меҳрини шундай
тасвирлаган.
Неля Атауллаева Тошкентда туғилиб ўсган. Унинг онаси мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаган, отаси эса таълим соҳасида давлат лавозимларида меҳнат қилган. 1937 йилда, Сталин қатағонлари даврида оила қаттиқ зарбага учради: Нелянинг отаси НКВД томонидан хиёнатда гумонланиб ҳибсга олинган. У Неля билан синглисини охирги марта қучоқлаб, тез орада қайтишга ваъда беради. Бироқ ваъдасини бажара олмади. 1957 йилда оилага унинг отиб ташлангани ҳақида хат келади.
Отаси ҳибсга олинганидан кейин Нели оиласи доимий равишда кўчиб юришди. Совуқ кунларда оталаридан қолган китобларни ўқиб исинишди. Шундай кунларнинг бирида Неля қатъият билан актриса бўлмоқчилигини эълон қилди. 1953 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтига ўқишга кирди. Талабалик йилларида у тўртта фильмда, жумладан, «Янги ҳовли», «Ошиқлар» фильмларида суратга тушган.