Шамол ва сув мусиқаси: Паркент тумани бўйлаб саёҳат
Дам олиш кунлари оила ва дўстлар даврасида табиат қўйнига чиқиш ҳамда баҳор гўзалликларидан баҳра олиш учун ажойиб имконият. Бунинг учун эса саёҳатни олдиндан режалаштирган маъқул. «Газета.uz» Паркент туманининг қизиқарли жойлари, табиати ва мазали таомлари ҳақида саёҳат қўлланмасини тайёрлади.

Дам олиш кунлари оила ва дўстлар даврасида табиат қўйнига чиқиш ҳамда баҳор гўзалликларидан баҳра олиш учун ажойиб имконият. Бунинг учун эса саёҳатни олдиндан режалаштирган маъқул. «Газета.uz» Паркент туманининг қизиқарли жойлари, табиати ва мазали таомлари ҳақида саёҳат қўлланмасини тайёрлади.

Паркент тумани пойтахтдан 50 км шимоли-шарқда жойлашган тошкентликларнинг севимли дам олиш маскани ҳисобланади. Бу ерда тоғ ёнбағирлари узумзорлар билан қопланган, сойлар шовиллайди, далалар гулдор гиламлар билан қопланган, ёқимли ва мусоффо ҳаволи қарағай ўрмони мавжуд. Шамол эсган тепаликларда болалар варрак учиришади. Кўпчилик учун Паркент тумани гастрономик марказ ҳисобланади. Баҳорда бу ерда махсус таомлар: кўк ва мадор сомса, мазали сўқоқ кабоблари тайёрланади.

У ерга қандай бориш мумкин? Тошкентдан Паркентгача жамоат транспортида ёки автомашинада етиб олса бўлади. «Машинасозлар» метро бекатидан 221 ва 338-сонли автобуслар ҳаракатланади. Сафар бир соатдан салгина кўпроқ вақтни олади.

Муҳаммад Юсуф кўчасидан (халқ тилида Доғистон) эса Паркент туманига «ГАЗел» микроавтобуслари қатнайди. Вилоят марказига шу ердан, жумладан, Янгибозор шаҳарчасида транспорт алмаштириш орқали ҳам бориш мумкин.
«Физика-Қуёш» институти
Паркентдан 8 км шарқда, Қуёш қишлоғи яқинида ноёб илмий мажмуа — «Физика-Қуёш» институти жойлашган. Бундай маскан дунёда фақатгина иккита: Франция ва Ўзбекистонда бор. Бу ерда қуёш энергияси тўпланади ва янги материаллар олиш ҳамда космик кемаларнинг ташқи қопламасини синаб кўриш учун ишлатилади.

У ерга қандай бориш мумкин? Паркентдан такси орқали. Ҳайдовчилар бутун машина учун тахминан 30 минг сўм сўрашади. Автомобиль эгаларига эса Яндекс харитасидан фойдаланиш тавсия этилади.
Хизматлар нархи. Ҳудудга кириш пуллик. Катталар учун чипта 15 минг сўм, талабалик чиптаси — 10 минг сўм, мактаб ўқувчилари учун — 5 минг сўм туради. 7 ёшгача бўлган болалар учун кириш бепул. Хорижий фуқаролар учун кириш тўлови Марказий банк курси бўйича 5 долларни ташкил этади. Барча турдаги автомашиналар учун тўхташ жойи 10 минг сўм туради.
реклама
реклама
Институтда нималар қилиш мумкин?
Экскурцияларда қатнашиш. Муассаса гидлари илмий-маърифий экскурциялар ташкил этишади. Уларнинг нархи бир киши учун 50 минг сўмдан. Бундан ташқари, интерактив турлар ҳам мавжуд. Улардан бири қуёш печида металл ва тошларни эритиб, қуёш ошхонасида овқат пиширишни таклиф қилади. Бундай кўнгилочар иш бир киши учун 100 минг сўмга тушади.

Шунингдек, телескоп орқали юлдузлар ва сайёраларни кузатиш учун институтга тунги саёҳатга бориш ҳам мумкин. Объект денгиз сатҳидан 1000 метрдан ортиқ баландликда жойлашгани учун тунги осмон мусаффо, юлдузлар ёрқин. Бу тур киши бошига 50 минг туради. Гуруҳда камида 5 киши бўлиши керак.

Муҳим эслатма: Маъмурият бориш вақти ва гуруҳдаги одамлар сонини олдидан маълум қилиб қўйишни тавсия этади.

Архитектурасини томоша қилиш. Бош бино фойесида «Қуёшга мадҳия» номли улкан шиша қандил эътиборни тортади. Унинг вазни уч тоннани ташкил этади. Асар муаллифи 1966—1985 йилларда Тошкентда яшаган литвалик витраж рассоми Ирена Липенедир. «Қуёшга мадҳия» Болтиқбўйи қаҳрабоси ва Богемия ойнасидан тайёрланган. Зинапоянинг ёнида Липеннинг яна бир шишали инсталляцияси — Сайёралар паради жойлашган.
Сурат: Арсений Котов
Ирена Липене Тошкентда яшаган йилларида «Мустақиллик майдони», «Ҳамид Олимжон» ва «Пушкин» метро бекатлари учун декорлар, шунингдек, Тошкент телеминораси ресторанининг витраж ойнасини ҳам ясаган.

Институт бош биносида илмий иншоотнинг қурилиши ва фаолияти ҳақида сўз боради. У билан танишув осмон минглаб кўзгуларда акс этган кўчада давом этади.

Гелиомажмуа: Бу иншоот бежизга Паркент туманида жойлашган эмас. У ишончли монолит тектоник пластинка устига барпо этилган бўлиб, бу объектни зилзилага чидамлилигини таъминлайди. Қолаверса, бу ерда қуёш йилига ўртача 300 кун чарақлаб туради ва Куёш қишлоғи жойлашган баландлик объектга қуёш нури тушиши учун энг қулай ҳисобланади.

«Физика-Қуёш» институтида турли тадқиқотлар олиб борилади. Асосий вазифа — муайян вазифалар учун махсус хусусиятларга эга янги материалларни олиш. Улар асосан қийин эрийдиган нометалл оксидлардан, масалан, цирконий ёки алюминийдан олинади. Бундай материалларни бошқа шароитларда ишлаб чиқариш қийинроқ кечади. Институтда буни қилиш осонроқ, чунки қуёш печкаси жуда юқори ҳароратда эришишга имкон беради.
Бу дунёдаги энг катта печ ҳисобланади. Унинг фаолияти учта таркибий мажмуа: 62 гелиостат, концентратор ва печнинг ўзидан ташкил топади.

Жавоҳир Шерматов
«Физика-Қуёш» институти илмий котиби
«Гелиостатлар — бу 6,5 дан 7,5 метргача бўлган катта ойналар. Ҳар бирининг марказида қуёш сенсори мавжуд бўлиб, у гелиостатни кундузи қуёшга йўналтириб туради. Ушбу 62 та қурилманинг ҳар бири ўлчами 50 га 50 см бўлган 195 та фацет — махсус квадрат ойнадан иборат. Бундай фацетлардан жами 12 900 таси бор. Улар қуёш нурини акс эттиради ва уни концентраторга узатади».
Гелиостатлар
Концентратор — гелиостатлар қаршисидаги улкан «сунъий йўлдош антеннаси» — ёруғликни ўзига тўплайди ва концентрация қилиб, сўнг уни қуёш печига ўтказади.
Иншоот томи марказида жойлашган кичик бино эса қуёш печи бўлиб, у ерда ўта юқори даражали қуёш нурлари таъсирида бир материални бошқасига айлантириш борасидаги барча илмий «сеҳрлар» содир бўлади.

Жавоҳир Шерматов
«Физика-Қуёш» институти илмий котиби
«Концентрат 2268 квадрат метрлик ойна юзадан ташкил топган. Бу қурилманинг ўзига хослиги шундаки, у 45 смдан 45 см гача бўлган 10 700 та кўзгудан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири қуёш нурларини бир нуқтага қаратиш учун ўзига хос ботиқлик бурчагига эга».
Унинг сўзларига кўра, қуёш печида тўпланган ёруғлик нурининг диаметри 20-100 см, нурдаги ҳарорат 3000 даражага етади. Эътиборлиси, бу ерда на суюқ, на қаттиқ ёқилғи ёқилади — фақатгина Қуёш нури бир нуқтадан иккинчисига йўналтирилади.

Концентраторга фақат пиёда чиқиб бориш мумкин — лифт ишламайди. Бу худди 12-қаватга кўтарилгандек гап. Зинапоя анча ишончли, кенг ва тутқичли. Йўлда тоғлар, далалар, ўрмонлар, қўшни қишлоқларнинг гўзал манзараси намоён бўлади. Қўйлар қандай ўтлаётгани ва ўрикларнинг гуллашини томоша қилиш мумкин. Тепага кўтарилганда, шамол ҳар томондан ҳуштак чалади. Кузатув платформасидан гелиостатлар кичкина бўлиб кўринади.
Гелиостатларнинг биринчи қатори орқасида ичига ботиқ ойнали қурилма мавжуд. Унинг олдида турилса, ундаги акс худди эгри ойнадаги каби бўлади. Бу жой минглаб селфилар учун декорацияга айланди. Сиз ҳам уларнинг сонини кўпайтиришингиз мумкин.

Гелиостатлар ёнида полигон жойлашган бўлиб, у ерда қизиқарли экскурсиялар ўтказиш, таомлар тайёрлаш мумкин. Худди шу ойналар ва қуёш нури ёрдамида бир неча сониялар ичида чой қайнатиш, бошқа бир саҳнда эса кабоб пишириш мумкин.
Нималар сотиб олиш мумкин? Объект ҳудудига кираверишда қуёш печида эритилган минераллар: гранаталар, шпинеллар, ёқутлар сотилади. Уларнинг нархи 50 минг сўмдан бошланади. Уларни қайтишда, қуёш сизни қудрати билан ўзига мафтун этганидан сўнг олиб кетган маъқулроқ.
Ҳазрати Али Бува мажмуаси
Институтдан шарққа 20 дақиқалик йўлда, тоғ ёнбағрида Кумушкон қишлоғи жойлашган. Тепаликда эса Ҳазрати Али Бува мажмуаси қад ростлаган. Ушбу маскан афсоналарга бурканган.

Одамларнинг ҳикоя қилишларича, бир замонлар саёҳатчи замонавий Ўзбекистон ҳудудига маҳаллий аҳоли ислом динини қабул қилиши учун келади. Йўлда намоз ўқиш учун Кумушконда тўхтайди. Намоз ўқиш учун таҳорат олай, деса, атрофда сув йўқ экан. Шунда мусофир беш бармоғи билан ерга уриб, Аллоҳдан сув сўрайди — шу заҳоти бешта булоқ пайдо бўлади.
У булоқлар яқинида ерга ё ҳассаси ёки новдачани суқади. Афсонага кўра, бу саёҳатчи Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.)нинг амакиваччаси, куёви ва сафдоши, сиёсат ва жамоат арбоби Абул-Ҳасан Али ибн Абу Толиб ал-Курашийнинг ўзи бўлган. Унинг шарафига масжидга Ҳазрат Али Бува номи берилган.

Аҳолининг тан олишича, бу ривоят муқаддас китобларда келтирилмаган, аммо бу жой шунда ҳам машҳур бўлиб қолмоқда. Одамлар кичик Ҳажни амалга ошириш ниятида Ҳазрати Али Бувага оқиб келишади.
реклама
реклама
У ерга қандай бориш мумкин? Паркентдан Кумушконга такси ёки «Дамас»да етиб олса, бўлади. Такси ҳар бир киши учун 6 минг сўм ёки бутун машина учун 25 минг сўм туради. «Дамас» 3-4 минг сўм сўрайди.

Мажмуага микроавтобуслар кўтарилмайди. Такси ҳайдовчилари билан йўл ҳақини олдиндан келишиб олиш керак. Қишлоққа кираверишда сут маҳсулотлари, нон, мева сотувчилари тўпланадиган майдонча бор. Шу ерда такси ҳайдовчилари ҳам туришади. Улар билан тепага саёҳатни ташкил этишни келишиб олишингиз мумкин.
Аммо агарда ўзингиз келган бўлсангиз, пиёда кўтарилишингизни тавсия қиламиз — тахминан бир километрча. Посёлка жуда чиройли ва манзарали, ягона дизайн-кодга эга. Бу ерда кўркам уйлар, пастак панжаралар ортида мевали дарахтларнинг шохлари осилиб турибди. Ҳозирда улар гулга кирган.

Мажмуага машинада бориш ҳам мумкин. Бироқ тепаликка чиқиш йўли жуда тик. Нишаблик 12 фоиздан юқори бўлган бир нечта участкалар мавжуд. Онлайн харита орқали йўналишни белгилаб олган маъқул, чунки йўл айрим жойларда тарвақайлаб кетган.
Тепаликнинг учигача машинада чиқиб бўлмайди. Автомобилни тураргоҳда қолдириб, мажмуага тик зинапоя орқали кўтарилиш керак бўлади. Ногиронлар аравачаси ёки болалар аравачасини ҳам олиб чиқиш мумкин, лекин бу жуда кўп куч талаб қилади. Зинапоялар тик пандуслар билан таъминланган.
Кумушконда нималар қилиш мумкин?
Ҳазрати Али Бува мажмуаси асосан масжид ва мўъжаз чойхонадан ташкил топган. Мажмуага сафаримиз чоғида уларни таъмирлаш ишлари олиб борилаётган эди — бу йилги қишда кузатилган аномал совуқ мажмуага қисман шикаст етказган, кучли ёғингарчилик туфайли чойхона томи синганди. Ҳозирда ишлар якунига етган бўлиши керак.

Тоғларни томоша қилиш. Масжиддан тепаликдаги кузатув майдончасига чиқиш мумкин. Бу ердан Паркент туманининг гўзал манзараси намоён бўлади, шу жойга ўриндиқлар ўрнатилган. Одатда бу ер жуда шамолли. Ўзингиз билан қалинроқ кийим олган яхши. Ўпкангизни тўлдириб нафас олинг. Ўт-ўланлар ифори билан тўйинган баҳорий ҳаводан дилингиз яйрайди.

Варрак учиринг. Уларни йўлда сотиб олишингиз ёки интернетдаги тавсияларга қараб ўзингиз ясаб олишингиз мумкин.
Тилагингизни тиланг. Ривоятларга кўра, Ҳазрати Алининг ҳассасидан «ўсиб чиққан» Чинор мажмуанинг энг диққатга сазовор жойи ҳисобланади. Дарахтга қўлингизни қўйиб тилак билдирсангиз, у албатта рўёбга чиқади, дейишади.

Мажмуа ҳудудидаги булоқдан идишларга сув тўлдириб олиш ҳам мумкин.
Нималар сотиб олса бўлади? Қуруқ мевалар, шарфлар, тасбеҳлар ва бошқа эсдалик учун совғалар. Улар мажмуага кўтарилишда зинапояларда сотилади.
Сўқоқдаги ўрмон хўжалиги
Сўқоқ ўзининг кабоб ва кўк сомсаси билан машҳур. Апрель ойида бу ерда лолақизғалдоқлар гуллай бошлайди. Уларнинг манзарасида суратга тушишни хоҳловчиларнинг автомобилларидан узун турнақатор навбатлар пайдо бўлади. Бир томондан бу маҳаллий аҳоли учун айни муддао. Бироқ бошқа томондан машиналар шовқини, улардан заҳарли газлар чиқиши муаммо. Айрим одамлар чиқиндиларини шундоққина табиат қўйнига ташлаб кетишади. Уларни чиқиндиларини махсус жойларга ташлашга, топа олмаса, Тошкентдаги уйига бўлса ҳам олиб кетишга чақирган бўлардик.

У ерга қандай борса бўлади? Паркентдан таксида одам бошига 10 минг сўмдан ёки микроавтобуслар — «Дамас»да 6 минг сўмдан етиб олиш мумкин.

Агар машинангизда Кумушкон қишлоғидан у ерга бормоқчи бўлсангиз, Яндекс хариталари узоқ (45 дақиқа) ва қисқа (20 дақиқа) йўлни таклиф қилади. Узоқни танлашни тавсия қиламиз. Чунки иккинчи йўлдаги ўнқир-чўнқир ва ўйдимлар сабабли кўпроқ вақтингиз кетиб қолиши мумкин.
Машинани Сўқоқ посёлкасининг ўзида — ўрмон хўжалиги дарвозасининг олдига қолдириб кетган маъқул. Бироқ дам олиш кунлари ўрмон хўжалигига кириш олдидаги автотураргоҳ машиналар билан тўлиб-тошади. Автотураргоҳ нари борса 10 та машинага мўлжалланган.
Сўқоқда нималар қилса бўлади?
Қишлоқ манзарасидан баҳра олинг. Ўрмон хўжалигига элтадиган йўл қишлоқ ичидан ўтади. Уйлар ёнидаги пичан ғарамлари, товуқлар югуриши, эшаклар баланд овозда ҳанграши, қизиқувчан болалар меҳмонларга қараши — қишлоқ ҳаётининг ажралмас бир бўлагидир. Йўл эса юқорига чиқиб, пастга тушади.
реклама
реклама
Овқатланинг. Қўриқхонага етмасдан оқиб турган сой бўйида ўнлаб ошхоналар мавжуд. Менюдан асосан сабзавотли салат, кабоблар ва кўк сомса ўрин олган. Ҳозирда кўк сомсалар исмалоқ ва кўк пиёздан тайёрланади.
Тошкентликларни Паркент туманига оҳанрабодек тортиб турадиган машҳур мадор сомса эса апрель ойидан пайдо бўла бошлайди. Иссиқ тандирда юпқа хамир бир неча дақиқада пишиб чиқади. Бир кишининг тўйиб овқатланиши ўртача 50 минг сўмга тушади. Каравотлар сув ўзанининг шундоққина бўйида жойлашган. Унинг шовқинига қулоқ тутиш — бошқача роҳат беради.
Ўрмон хўжалигида сайр қилиш. Ҳудудга кириш пуллик — бир киши учун 15 минг сўм. Дарвоза олдида пиёда сайр қилувчилар учун содда ва тушунарли харита осилган. Шу ернинг ўзида ташриф буюрувчиларга кўрсатмалар берилади, уларга журналга имзо қўйиш сўралади. Имзо қўриқхона қоидалари билан танишлигингизни тасдиқлаш учун зарур. Ҳудудда ахлат ташлаш ва олов ёқиш қатъиян ман этилади: қуруқ ўтлар ва дарахтлар бир зумда ёниб кетади.

Ўрмон хўжалиги ҳудудида мўъжазгина шаршара, ғорлар ва Чашма булоғи бор. Барча объектлар бир-бирига яқин жойлашган. Уларни кўриш учун икки-уч соат юриш кифоя.
Катта йўл бўйлаб ўриндиқлар бор. Шаршарага борадиган йўл тоғ пастликлари бўйлаб ўтади. Унинг суви тип-тиниқ, лекин жуда совуқ — оёқларингизни ҳўлламанг. Бу ерда сузиш ҳам тақиқланган.
Ғорга борадиган йўлда метеостанция жойлашган. Шу ерда улкан столда пикник учун тўхташингиз мумкин. Кейин йўл тепаликка боради, у ердаги ўриндиқларга ўтириб, тоғ даралари ва ўрмоннинг мафтункор манзарасидан баҳра олса бўлади. Бу ердан қоя ва ундаги қора доғлар — ғорлар яхшироқ кўринади. Бироқ уларнинг энг каттаси ҳам кичик ҳажмга эга — кириб бўлмайди. Аммо унга бошингизни тиқсангиз, тошнинг қаърида қаердадир шариллаб оқаётган сув товушини эшитишингиз мумкин.
Чашма булоғи узоқроқда жойлашган бўлса-да, унга борадиган йўл тепадан ҳам кўринади. Тоғларнинг тепаларида баъзи жойларда ҳали ҳам қор бор, қўриқхонанинг ўзида эса дов-дарахтлар аллақачон гуллашни бошлаб юборган, ҳар томонда капалаклар парвоз қилади. Ҳаво ўт-ўланлар, арча ва тупроқнинг хушбўй ҳиди билан тўйинган.

Нималар сотиб олиш мумкин? Қайтишда хушбўй жамбул, асал, ёнғоқ ва қуритилган меваларни сотиб олишингиз мумкин.
Материални Жаҳонгир Азимов ва Иван Головченко тайёрлади.
Рус тилидан Санжар Саид таржимаси.
Фотосуратлар муаллифлари: Мадина Аъзам,
Жаҳонгир Азимов, Иван Головченко.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda