Анастасия Степанова 37 ёшда. Тошкентда туғилган ва 19-мактабда ўқиган. Москва давлат университети журналистика факультетини, шунингдек, Бауман номидаги Москва давлат техника университетининг муҳандислик факультетини тамомлаган. Журналист сифатида ишлаган, сўнг Россия Фанлар академияси Тиббий-биологик муамммолар институти (РФА ТБМИ)га илмий ходим сифатида ишга кирган ва у ерда коинотнинг инсон организмига таъсирига доир тадқиқотларга синовчи сифатида қатнашган.
2014 йили кўплаб даъвогарлар орасидан Қизил сайёрани ўзлаштириш бўйича экспедиция симуляцияси — «Марс 160» лойиҳаси учун саралаб олинган.
Етти кишидан иборат гуруҳ 2016 йили Американинг Юта штатидаги саҳрода жойлашган тадқиқот станциясида 80 кун, сўнг 2017 йили Арктикада — Канаданинг кимсасиз Девон оролидаги Flashline тадқиқот станциясида 30 кун бўлди. Анастасия ушбу лойиҳада ҳам экипаж журналисти, ҳам экипаж саломатлиги ва хавфсизлиги учун масъул, шунингдек, микробиологнинг ассистенти эди.
Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.