Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кўргазма доирасида «Аскар мактублари» китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Китобга ўзбекистонлик аскарларнинг Иккинчи Жаҳон уруши фронтларидан юборган, шунингдек, жангчиларнинг оила аъзолари томонидан фронтга юборилган 150 га яқин хат жамланган. Китобда айримлари араб имлосида ёзилган хатларнинг оригинал кўриниши, шунингдек, уларнинг ҳозирги замон ўзбек ва рус тилларидаги талқинлари келтирилган. Китобнинг электрон шаклини Ғалаба боғи
сайтидан юклаб олиш мумкин.
«Аскар мактублари» китоби Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳамда 1941-1945 йилларга оид 5000 дан ортиқ хатни сақлаб келаётган «Ўзархив» агентлиги томонидан чоп этилган. Архив матбуот хизмати раҳбари Анвар Алиевнинг сўзларига кўра, сақланаётган материаллар ҳажми бир неча том китоб чиқариш имконини беради.