Таваллудига 120 йил тўлган адиб — Ғафур Ғулом уй-музейига саёҳат
Ғафур Ғулом уй-музейига саёҳат
10 май куни Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом таваллудига 120 йил тўлди. У 1903 йил Тошкентнинг «Қўрғонтеги» маҳалласида туғилган. «Газета.uz» юбилей сана муносабати билан адибни хотирлаш мақсадида унинг Бешёғочдаги уй-музейида бўлди.
Муқимий театри олдидан бошланадиган Арпапоя кўчаси бўйлаб 100-150 метрча юрсангиз, пишиқ қилиб қурилган икки қаватли ғиштин бинога дуч келасиз. Бу ерда шоир, ёзувчи, академик Ғафур Ғулом яшаган. Адиб вафотидан 17 йил ўтиб, 1983 йили бу уй музейга айлантирилган. У ҳам бошқа адибларнинг уй-музейлари каби иккига - бадиий ва мемориал қисмларга бўлинади.

Бадиий қисм шоир таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан 2004 йилда ташкил этилган. Унда Ғафур Ғуломнинг ижодий фаолиятига тегишли барча турдаги хат-ҳужжатлар, қўлёзмалар, адиб асарларининг илк нусхалари, фото ва мўйқаламда ишланган суратлардан тортиб, у ишлатган уй-рўзғор буюмлари ва кийимларгача учратиш мумкин.

Мемориал қисм эса 6 хона: болалар ва катталар ётоқхонаси, ижодхона, меҳмонхона, дам олиш хонаси ва кутубхонадан иборат бўлиб, Ғафур Ғуломнинг турмуш ва ижод тарзи ҳақида маълумот беради. 12 мингга яқин экспонатга эга ушбу уй-музейига ҳар йили ўртача 110 минг киши ташриф буюради.
Бадиий қисм
Бадиий қисм уй-музейининг иккинчи қаватида жойлашган. Бу ерда шоирнинг болалик ва ёшлик йиллари, ижодининг илк даври, насрий ижоди, поэмалари, таржимонлик, иккинчи жаҳон уруши йилларидаги фаолияти, у ҳақдаги хотираларни кўрсатиб берувчи 15 та экспозициядан иборат.
Додхоҳ ва мингбоши авлоди, кейин эса етимлик
Биринчи экспозиция шоирнинг шажараси, саводи чиқиб, илк таълим олган даврларини кўрсатиб беради. У туғилган «Қўрғонтеги» маҳалласи ҳозирги Хадра майдони атрофларига тўғри келади. Бу ҳақда Ғафур Ғуломнинг ўзи шундай деб ёзади (бу хотиралар экспозицияда ҳам кўрсатилган):
Тошкентда Хадра деган жой бор. Ана шу ерни марказ деб билиб, оёқлари ярим метрли паргар қўйиб, бир доира чизсангиз, эски Қўрғонтеги, Қўғирмоч, Дегрез, Говкуш ва Девонбеги маҳаллаларини ўз ичига олган доира ҳосил бўлади. Шу маҳаллаларда Ойбек (Мусо), Зиё Саид, Ойдин, Ғайратий (Абдураҳим), академик, фан доктори Асқаров, фан доктори Нажмиддинов, Аброр Ҳидоятов, мен ва бошқалар туғилганмиз
Ғафур Ғулом
Биринчи ва иккинчи стенддаги фотосуратлар шоир туғилган уй (ҳозирда сақланиб қолмаган), умуман, ХХ аср бошларидаги Тошкентни кўрсатиб беради.

Шажарасидан билиш мумкинки, Ғафур Ғулом додхоҳ ва мингбошилар авлодидан. Бувиси Хайринисо отин мактаб очиб қизларни ўқитган.
Мен туғилганимда отам Ғулом Мирза Ориф 35 ёшда, онам Тошбиби Шоюсуф 21 ёшда экан. Отам адабиёт билан жуда қизиқар экан. Уйимизда ўзбек шоирлари ва хаттотларидан Хислат, Шомурод котиб ва бошқалар келиб юрганини эс-эс биламан. Фарғона водийсидан келадиган шоирлар ҳам: Муқимий, Тошхўжа, Асирий, Фурқат, Муҳйи ва бошқаларнинг бизникига кўп келганларини айтадилар. Отам “Мирза” ва “Ғулом” тахаллуслари билан талай шеърлар ёзган. Онам ҳам ўзбекча, тожикча адабиётларни ўқиб, англай оладиган зеҳнли хотинлардан эди
Ғафур Ғулом
Дадаси Ғулом Мирза Ориф баъзи манбаларда деҳқон сифатида кўрсатилган. Келес атрофларида ўзининг 5-6 таноб ерида экин экиб, деҳқончилик билан шуғулланган. Деҳқончилик мавсуми бўлмаган пайтларда эса шаҳарда одамларга ариза ёзишда ёрдамлашган. Уч тилни билгани сабаб исмининг ёнига ориф лақаби қўшиб айтилган.

Ғафур Ғулом 9 ёшида отасидан, 12 ёшида онасидан етим қолади. Боз устига ўша пайтда Биринчи Жаҳон уруши бошланган эди. Уч сингилга ғамхўрлик қилиш катта фарзанд сифатида Ғафурнинг чекига тушади.
Аввал эскича, кейин рус-тузем мактаби
У кўчада турли ишларни бажариб оила боқиш билан бир қаторда аввал эски мактабда, кейин рус-тузем мактабида ўқийди.
Йиллар оғир ва аста ўтар эдилар. Мен ҳам энди маҳалламиздаги Ҳасанбой домланинг мактабида Бедилдан “Маслакка ўтиб”ни тугатган эдим
Ғафур Ғулом
Уй-музейи зал кузатувчисининг айтишича, aсли беш ёшидан эскича ёзувда саводи чиққанда Ғафур Муқимий театрининг ўрнидаги катта кутубхонадан ўзи йиққан пулларга китоб сотиб олиб (ўша пайтлари кутубхоналарда китоблар сотилган ҳам), ҳеч қаерини шикастламай ўқиркан-да, қайтариб олиб борса, китоб сотувчи бошқасига алмаштириб бераркан.

Стендларда Ғафур Ғулом арабий имлодада ўқиган китоблари асл нусхасида келтирилган. Улар орасида Навоийнинг «Девон»и ҳамда Жомийнинг «Ҳафт Авранг»и ҳам бор.

1916 йилдан бошлаб рус-тузем мактабида ўқиш ёш Ғафурга рус тилини ўрганиш ва бу орқали рус адабиёти шоир, ёзувчилари билан танишиш имконини беради.
Қўшни декорацияда эски мактабдаги дарс жараёни тасвирланган. Ундаги тугунда турган нон эътиборни тортмай қолмайди. Ўша пайтлари пул тўлашга имкони етмаган ўқувчилар домлаларга ҳафтанинг ҳар пайшанба куни 7 та нон ва турли ширинликлар олиб боришган.
Шоирликка қадам
Кўплаб ишларда ўзини синаб кўрган Ғафур 1923 йил босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишга киради. Ўша пайтлар Биринчи Жаҳон уруши тугаб, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига бошқа ерлардан ота-онасиз қолган болалар келгани сабаб, оммавий болалар уйлари очила бошлайди. Ғафур устози Абдураҳмон Соҳибоевнинг маслаҳати билан 8 ойлик педогогик курсда ўқиб, Ўрдадаги «Урфон» ўрта мактаби ёнидаги болалар уйига ўқитувчи бўлиб ишга киради.
Йиллар ўтса-да, унга ўқувчилари, мухлислари раҳматнома, байрам табриклари ҳам ёзиб турган. «Ғафур Ғулом - маърифатпарвар» экспозициясида унинг болалар уйларидаги фаолиятидан ҳикоя қилувчи фотосуратлар ва хат-ҳужжатлар ўрин олган.

Унинг иккинчи шеъри «Гўзаллик қаерда?» номи билан босилгач, бирин-кетин шеърий тўпламлари: «Динамо», «Хитой суратлари», «Биз сизлар билан тирикмиз», «Жонли қўшиқлар», «Сизга», «Совға», «Тонг қўшиғи», «Қўқон» достонлари чиқади.
Илмий фаолияти
Шоир ўзидан олдин ўтган ижодкорларнинг фаолиятига қизиқиш билдириб, асарлари устида илмий тадқиқотлар олиб борган. Улар орасида Алишер Навоий ижоди устунлик қиларди. «Навоий ва бизнинг давр», «Фольклордан ўрганайлик» тадқиқотларини, «Жалолиддин драмаси ҳақида», «Муқимий» мақолаларини ёзади.

«Ғафур Ғулом - буюк аллома» экспозициясида унинг илмий фаолияти кўрсатиб берилган. 1943 йил Ўзбекистон Фанлар академияси очилади. 1944 йилда Ғафур Ғулом Ойбек билан биргаликда академик унвонини олади. У Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достони насрий баёнини ёзиб, ўзбек китобхонларга тақдим қилган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғулом шоир ҳақида эсларкан, уни тарих, фан, маърифат ва шеърият денгизини охирги томчисигача тўла симирган аллома сифатида таърифлайди.
Истеъдод-ку, Ғафур аканинг қон-жонида бор нарса, лекин шунча билим, шунча донишмандликни қачон, қаердан териб, жамлаб ола қолди? Устознинг суҳбатларида сўзларини муте тинглар эканман, шу саволни ўзимга тез-тез берар эдим. Фан, санъат ва адабиётнинг, чўнг тарихнинг у мукаммал эгаллаган бошқа соҳаларини қўяберинг-ку, Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин”ининг насрий баён-таржимасини қилмоқ учун тарих, фан, маърифат ва шеърият денгизини охирги томчисигача тўла симирган аллома бўлиш зарур эмасми!
Ҳамид Ғулом
Назм ва наср
«Ғафур Ғуломнинг насрий ижоди» экспозициясида «Шум бола», «Ҳасан Кайфий» каби ҳажвий асарларига ишланган карикатуралар, «Ёдгор» қиссасининг илк нашри, газеталарда босилган варианти, «Икки акт» достонининг қўлёзма ва матбуотда илк эълон қилинган нусхаларини кўриш мумкин.
Ғафур Ғуломда адабиётшунослар, шоиру ёзувчилар даврасида, турли кечаларда бўлганда уларга энди «туғилган» шеърларини ўқиб бериб, баҳо бериши, шеърининг камчиликларини сўраш одати бўлган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад «Ғафур Ғулом замондошлари хотирасида» номли китобда шоирнинг ана шу хислатига алоҳида тўхталади:
Ғафур ака шеър ёзганда тингловчига қандай таъсир қилишини билиш учун қай маҳал бўлишидан қатъи назар, кимнидир топиб, ўқиб берадиган одати бор эди.

Вақт алламаҳал бўлган. Меҳмонхонада ҳамма ухлаяпти. Қаватлардаги навбатчилар ўзбекчани тушунмайди. У ўйлаб-ўйлаб камуйқуроқ шогирдларидан бирини топмоқчи бўлди. Лоп этиб хаёлига Лазиз Қаюмов келди. У шеърга тушунади. Ундан ташқари, ўрисчага уста. Шеърни сўзма-сўз ўрисчалаб бериши мумкин.

У Лазизхоннинг хонасига телефон қила бошлади. Анча вақтгача трубкани ҳеч ким олмади. Узоқ гудокдан кейин Лазизхоннинг уйқули овози эшитилди.

— Ухлаётганмидинг? Мен Ғафур акангман. Бетингни яхшилаб ювиб, олдимга чиқ. Шеър туғдим, ўзинг йўргаклаб ол.

У шундай деб трубкани жойига қўйди. Уйғониб кетган Муҳаррам опа:

— Бола бечоранинг уйқусини буздингиз-да! – деди норози оҳангда.

— Академик Ғафур Ғулом ухламасину фан кандидати Лазиз Қаюмов ухласинми? Бунақа номардликка чидаб бўладими? Дастурхон тузатинг, қазилардан кесиб қўйинг, ўзим Бухородан олиб келган пашмаклардан қўйинг...

Сал ўтмай, эшик тақиллади. Ғафур ака эшик очаркан, соф тошкентча қилиб: “Окагинанг айлансин, бир девонафеъл окангни кечириб қўясан-да, бир эркалик қилдим”, – деди. Ғафур ака унга кўп лаганбардорликлар қилгандан кейин шеърни кўрсатди.

— Ўқиб берайми ё ўзинг ўқийсанми? Кел, ўзим ўқиб бера қолай.
У кўзойнагини тақмай, тик турганча ўқий бошлади. Ўқиб туриб, шеър қандай таъсир қилаётганини билиш учун унга қараб-қараб қўярди.

— Қалай, боплабманми? Ғафуровский шеър бўптими? Тўғрисини айт, унчалик яхши чиқмаган бўлса, бировга кўрсатмай қўя қолайлик.

— Эй, нима деб ўтирибсиз. Жуда зўр. Энг яхши шеърларингиз қаторига киради. Жуда ўзбекона бўпти. Ўқувчининг юрагига жаз этиб ёпишади.

— Менга қара, укам, текинга шеър ўқиб кетаман, деб ўйлама. Шу шеърни ўрисчага сўзма-сўз ағдариб берасан. Эрталабгача сен ҳам ухламайсан, мен ҳам. Анаву патирлардан, қазилардан еб, қорнингни тўйдириб ол. Қорнинг тўқ бўлса, калланг яхши ишлайди.

Хуллас, бу кеча шоир ҳам ухламади, шогирд ҳам. Тонг ёришмай туриб таржима тайёр бўлди.

— Энди сен хонангга чиқиб, бирпас мизғиб ол. Соат тўққизларда ўзим уйғотаман.

Лазизхон чиқиб кетди. Синкага солинган докадек бўлиб тонг ёришиб келаётган эди. Барибир Ғафур ака ухлаёлмади. Кийиниб, пастга тушиб кетди. Жимжит, сокин шаҳар ҳавосидан нафас олиб, меҳмонхона атрофида айланиб юрди. Политехника музейидаги учрашувда атоқли рус шоири Сергей Васильев китобхонларга бу шеърни ўз таржимасида ўқиб берди. Шундай қилиб, “Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим” шеъри ҳали ўзбекчаси босилмай туриб, рус китобхонлари ҳукмига ҳавола қилинган эди
Саид Аҳмад
«Ғафур Ғулом поэмаси» номли экспозициядан шоирнинг турли давралардаги фотосуратлари, қўлёзма шеърлари ўрин олган.

Ғафур Ғулом нафақат ўзбек шоирлари, балки қозоқ, рус, қирғиз, тожик шоирлари билан ҳам яқин алоқада бўлган. Улар ижодий сафарларда тез-тез кўришиб туришган.

«Ўзбекни жаҳонга танитган шоир» экспозицияси шу ҳақда ҳикоя қилади. Ўзбекистон халқ шоири Миртемирнинг таъкидлашича, Ғафур Ғулом қайси қардош тил вакилини кўрса, ўша тилда суҳбатлашиб кетадиган даражада киришимли бўлган:
Мен Ғафур Ғулом билан талай гурунгларда, тўйларда, йиғинларда, ҳашарларда, сафарда ва меҳмондорчиликларда бўлганман. У ҳаётни билар, одамларни билар эди, адаб ва удумдан тўла хабардор, шеваларни билар, қардош тилларни билар, туркман дуч келса — туркман, татар учраса — татар, Нозим Ҳикмат келса — турк, қозоқ рўбарў бўлса — қозоқ, тожик даврасида — тожик, Алексей Сурков кўриниб қолса ё меҳмон бўлса — рус... Нечоғлиқ мунис, нечоғлиқ мушфиқ, дилкаш, ҳозиржавоб, хуштаъб, хушчақчақ, ҳазилкаш (ҳаммаси ўз ўрнида), суҳбати қойилмақом, сидқидил дўст
Миртемир
Иккинчи Жаҳон уруши ва ундан кейин даврдаги ижоди
Иккинчи Жаҳон урушида шоир «Сен етим эмассан», «Сени кутяпман, ўғлим!», «Вақт», «Кузатиш», «Аёл», «Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак» шеърларини яратган. «Сени кутяпман, ўғлим!» шеърида шоир фронт ортида қаҳрамонона меҳнат қилган оталарнинг сабри ва кучини мадҳ этади. Шунингдек, «Шарқдан келмоқдаман» тўпламидан жой олган «Баҳайбат», «Ғалабачилар қўшиғи», «Вақт», «Хотин» шеърлари ҳам шулар жумласидан.

Шоир урушдан кейинги йиллардаги «Янги шеърлар», «Ўзбекистон оловлари», «Оналар», «Ўзбек халқ ғурури», «Тонг қўшиғи», «Яшасин, тинчлик!», «Бу — сенинг имзойинг» «Дунё минбаридан» номли бир қатор шеърий тўпламларида тинчлик даврининг муҳим саволларига жавоб топишга, ўзбек халқининг меҳнат фаолиятидаги муваффақиятларини кўрсатишга интилади.
«Шум бола»
«Шум бола» — китобхонлар орасида Ғафур Ғулом номи билан ёнма-ён юрадиган асар. Эҳтимол, адиб ижодидаги салмоғи катталигиданки, музейда бутун бир экспозиция шу асарга бағишланган.

Қиссанинг 1930 йиллардаги илк номи «Довдираш» бўлиб, ҳозирги вариантидан кескин фарқ қилган. Бир қанча газеталарда ҳам босилиб чиққан. Асар 1960 йилларда қайта ёзилиб, ҳозир кўпчилик биладиган воқеа ва саргузаштлар билан тўлдирилади.

Қисса араб, озарбайжон, рус, тожик ва бошқа кўплаб тилларга таржима қилинган. Ўзбекистонда «Шум бола» фильми суратга олинган, Бишкекда эса театрларда саҳналаштирилган.

«Кўпчилик “Шум бола”ни автобиографик асар сифатида нотўғри талқин қилади. Тўғри, унда Ғафур Ғулом ҳаётининг қайсидир жиҳатлари ёритилган, қайсидир шумликлари келтирилган. Лекин ёзувчининг фантазиялари, эркин ижоди билан ҳам қоришган», – дейди уй-музейи зал кузатувчиси.
Эркин Воҳидов «Ғафур Ғулом замондошлари хотирасида» номли китобда «Шум бола»нинг қайта ёзилиш тарихига тўхталиб ўтади.
1961 йил. Мен “Ёш гвардия” нашриётида янги иш бошлаган пайтим. Нашриёт режасида Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асарини қайта нашр қилиш мўлжалланган эди. Директор Сотиболди Йўлдошевнинг топшириш билан мен Ғафур Ғуломнинг уйига бордим. Вазифа — қайта нашр хусусида муаллифнинг фикрини билиш, бу асарнинг давомини ёзиш нияти борми — шуни аниқлаб келиш эди.

Шоирнинг машҳур кутубхонаси бор Арпапоядаги ҳовлисига биринчи марта ҳаяжон титроғида қадам қўйдим. Ҳовли ўртасида йўғон кунгура оёқли каттакон стол, стол устида каттакон темир қопқоқли сиёҳдон, ёнида қурбақа пероли ручка турарди. Баҳор ойлари, дарахтлар гуллаган пайт. Мен стол ёнида кутиб турдим. Ичкаридан елкасига тўн ташлаган, дўппи кийган шоир чиқиб келди. Салом бериб, кимлигимни, нима мақсадда келганимни айтдим. Чамаси, ҳаяжонда фикримни аниқ, лўнда қилиб баён этолмадим шекилли, Ғафур Ғуломнинг менга айтган биринчи гапи шу бўлди:

— Нашриётда сендан каттароғи йўқмиди?

Мен нима деб жавоб беришимни билмай, қўйнимдан ҳар эҳтимолга қарши ёздириб олганим нашриёт шартномасини шоирга узатдим. Расмий ваколатим борлигини билдириб қўймоқчи бўлдим, шекилли.

— Қайта нашрга рози бўлсангиз, шу ҳужжатга қўл қўйиб берар экансиз, –дедим.

— Буни чўнтагингга солиб қўй. Каттангга бориб айт, мен “Шум бола”ни қайтадан ёзаман. Шоаҳмад Шораҳмедов билан ҳам шартнома тузсин. У менга ёрдам беради.

Шу иш баҳона бўлиб, Ғафур Ғуломнинг уйига тез-тез борадиган бўлдим. Устоз “Шум бола”нинг янги вариантини Шоаҳмад Шораҳмедовга айтиб турар, у киши арабча хат билан ёзиб олар эди. Менинг вазифам тайёр қисмларни олиб кетиб оққа кўчириш, нашрга тайёрлаш эди
Эркин Воҳидов
Болаларга бағишланган ижоди
Экспонатлар орасида Ғафур Ғуломнинг ўз шахсий кутубхонасидан 2000 га яқин китобни Тошкентдаги 90-мактабга совға қилгани тўғрисида ёзилган газета мақоласи ҳам бор. Ғафур Ғулом болаларни жуда яхши кўрганидан ижодида болаларга бағишланган асарларнинг ҳам ўрни бор.

«Икки болалик», «Биламан», «Сени Ватан кутмоқда» шеърлари, «Сиз менинг ёшлигимсиз», «Турғун ва ўрдак», «Тонготар қўшиғи», «Бир ғунча очилгунча» каби болаларга бағишланган шеърий тўпламлари шулар жумласидан.
Таржималари
Ғафур Ғуломнинг ўзбек таржимачилигига қўшган ҳиссаси ҳам беқиёс. Пушкин, Лермонтов, Маяковский, Нозим Ҳикмат, Шота Руставели, Низомий Ганжавий, Уильям Шекспир, Данте, Пьер Бомарше, Лопе де Вега асарларини ўзбек тилига ўгиради.

Шекспирнинг «Отелло», «Қирол Лир», Нозим Ҳикматнинг «Бир севги афсонаси» асарларини ўзбек китобхоналарига айнан Ғафур Ғулом тақдим қилади. «Отелло» ва «Бир севги афсонаси» таржима қилинганидан кўп ўтмай Ҳамза театрида саҳналаштирилади.
Вафоти
Шоир 63 ёшга тўлганидан икки ой ўтиб, 1966 йилнинг 10 июль куни вафот этади. Ғафур Ғуломнинг рафиқаси Муҳаррам Ғуломова шоирнинг ўлимидан олдинги кунларини «Бир кунлик сафарга чиққан кишидек хайрлашган эдилар» номли хотирасида эслайди. Шу хотирани айрим қисқартиришлар билан келтириб ўтамиз.
Ғафур ака зилзила кунлари қаттиқ ҳаяжонланганларидан бўлса керак, тўсатдан ҳамма тишлари қимирлаб қолди. Тиш докторига қатнаб юрган кунларимизнинг бирида чиқишларини кутиб ўтирган эдим. Собиқ Киров кўчасининг бошида уй-жойсиз қолганларга қатор-қатор чодирлар қуриб берилган экан.

Бир вақт қарасам, Ғафур ака бир чодирнинг олдида йиғлаб турибдилар. Ўн яшарча ўғил бола китоб ўқиб ўтирибди, кичкина қиз бола ухлаб ётибди, ёнгиналарида овқат пишмоқда, оналари кўринмайди. Қани энди Ғафур акани овутиб бўлса! Шундай куюниб йиғлар эдиларки, мен ҳам ўзимни тута олмадим.

Ўша кезлари кундалик ҳаётларида, уйқуларида ҳам ҳаловат бўлмади. Ҳар куни эрталабдан шаҳар айланиб Фанлар академиясига, Ёзувчилар уюшмасига борар, дўстлар, ҳамкасблар билан учрашар, ҳол-аҳвол сўрашар, қариндошлар, ёр-у дўстлар, Эски шаҳардаги қўшнилардан ҳам хабар олиб келар эдилар.

Бу табиий офат Ғафур акани шунчалик даҳшатга солдики, ўз оилаларини ўйлаб эмас, жонажон халқимизни ўйлаб ташвишга тушдилар. Шунча йиллик ҳаётимизда кўплаб оғир кунларни бошдан кечирдик — уруш даҳшатлари, қанчадан-қанча фарзандлар, жигарбандлар доғлари... Шу туфайли бу табиий офат халқи учун жонини аямайдиган, унинг дардкаши, ҳамдами, жонкуяр инсон Ғафур ака учун жуда оғир бўлди…

Ўша кунлари ўртанча қизимиз Олмосхон ва куёвимиз Қудратиллани фарзандлари Дурбек ва Жўрабек билан ҳовлимизга кўчириб олиб келган эдик. Улар чодирда туришарди…Катта ўғлимиз Мирза Улуғнинг уйи шикастлангани учун Қибрайдаги боғида туради. Икки набирамиз — Мухтор, Юлдузхон бизлар билан бирга… Кичик ўғилларимиз — Мирза Абдулқодир ТошДУда учинчи курсда, Мирза Хондамир биринчи курсда ўқийдилар. Уларнинг ниҳоятда ишлари кўп. Ҳовлининг бехавотир ерига учта каравот қатор қўйилган…

17 июнда Ғафур акани Ёзувчилар уюшмасига чақиришди. Тушга етиб келишларини айтиб чиқиб кетдилар… Овқатланиш давомида: “Мени Қозонга, Абдулла Тўқайнинг 80 йиллик юбилейига чақиришибди, Ёзувчилар уюшмасига менинг номимга телеграмма келибди. Мен сизларни Одессага олиб бориб қўяман, эртасига Қозонга учиб кетаман. Юбилейни ўтказиб, беш-олти кунда Одессага қайтаман, бир дам оламиз. Шаҳарнинг қизиқ жойларини томоша қилдираман”, – дедилар.

Ҳазилакам йўлми: Тошкент — Одесса — Қозон! Нотоброқ юрган Ғафур аканинг шундай узоқ йўлда толиқиб қолишидан қўрқдим. “Шундай бир вақтда узоқ жойга бориб дам олмасак нима қиларди?” – деб эътироз билдирдим. Ғафур ака аниқ бир жавоб бермадилар. Эртасидан юбилейда сўзлайдиган нутқларини ёзишга киришдилар, сафарга тайёргарлик кўра бошладилар.

Тўхтовсиз ер қимирлаб турганидан бўлса керак, жуда кўнглим ғаш. Яна бир марта ялингансимон: “Сиз юбилейни ўтказиб келсангиз-да, кейин болаларни Фарғона томонга олиб бориб, ҳаммамиз бирга дам олиб қайтсак”, – дедим.

“Мирза Абдулқодир кечалари дружинада навбатчилик қилади, кундузи бузилган ерларда ишлайди. Олмосни болалар билан ёлғиз қолдиришга асло кўнглим бўлмаяпти”, деб тўғрисини айтдим. Ғафур ака эса: “Олмос ёлғиз эмас, Қудратилла ёнида, Мирзо Улуғ билан Дилдор ҳар куни шу ерда, Мирзо Абдулқодир азамат, ақлли йигит, менинг ўрнимда уйга бошчилик қилиб туради, нимадан қўрқасиз? Тошхонни кўринг, ер қимирлагандан бери қизгинамни ранги кетиб қолди, денгизда чўмилиб, дам олиб келсин”, – дедилар.

Тўғрисини айтсам, Ғафур ака билан дунёни нариги бурчагига боришга ҳам тайёр эдим. Бу гал нимагадир юрагим ғаш. Шундай қилиб, Одессага борадиган, Хондамирни, Юлдузни олиб кетадиган бўлдик.

Баъзан бетобланиб қолганларида қўрқиб кетсам, Ғафур акам қўрқманг, оппоқ ойи, мен ҳали 84 ёшга кираман, кўрасиз, ўйлаб қўйган қанчадан-қанча шеърларни ёзаман, қиладиган ишларим, ёзадиган гапларим жуда кўп. Ундан ташқари, Мирзоларни уйлантирамиз, Тошхон бекачтни узатамиз, шундай ажойиб тўйлар қилайки, ҳамма балли десин, ҳатто Мухторжоннинг қизини узатиб, тўйини кўрамиз”, – дердилар.

Мен Ғафур акани 84 ёшга киришларига астойдил ишонар эдим. Чунки ниҳоятда ҳаётга чанқоқ, руҳан тетик бу кишида бўлган юксак орзу-умидлар олдида 84 ёш ҳеч гап эмасдек эди…

Одесса. Юбилей эртага — 24 июнда бошланар экан. Менга бир қанча топшириқлар бердилар. «Тўрт-беш кунда келаман, зерикмай, хафа бўлмай, яхши дам олинглар”, – дедилар. Тайёр турган машинада яна аэропортга жўнадилар. 25 июнь куни Ғафур акадан яхши етиб олганлари ҳақида телеграмма олдим.

Кунлар бир хилда ўтмоқда, болалар учун денгиз, чўмилиш қизиқ, менинг юрагим ҳамон ғаш. Буни болаларга билдирмай, улар билан денгизга бориб чўмиламиз. Хондамир билан Тошхон, Юлдузни олиб шаҳарга тушдик, магазинларга кирдик, почтага кириб Тошкент билан сўзлашмоқчи бўлдик. Линия бузуқ. Уч кун почтага қатнадик, бир хилда гап, ҳар гал телеграмма юборамиз.

1 июлда Ғафур ака кечаси Қозондан келдилар… Ғафур ака Қозонда уй билан бир неча марта сўзлашмоқчи бўлибдилару, лекин телефон қила олмабдилар. “Правда”да 28 июнь куни Тошкентда 7 балли зилзила бўлганлиги ёзилган экан. Ғафур ака қаттиқ ташвишга тушиб, уйга телефон қилар, линия бузуқ бўлиб сўзлашолмай, телеграмма юборганлар. Газетанинг хабаридан жуда хавотир олганларини, бу тариқа ташвиш билан дам олиб тура олмасликларини айтдилар. Мен турли сабаблар кўрсатиб тасалли бердим. Тинчигандай бўлдилар, кейин китоб ўқиб ётиб, ухлаб қолдилар. Мен секингина болалардан хабар олгани тушдим.

Икки соатлардан кейин яхши дам олиб тушдилар. Аммо Тошкентга бориб шаҳардан, болалардан хабар олиб келишга қатъий қарор қилганликларини айтдилар. Мен бир ўзлари кетишларига сира кўнмадим. “Бир ҳафта бўлса ҳам яхши дам олдик, ҳаммамиз бирга кетамиз”, деб туриб олдим. Ғафур ака кўнгандек бўлиб, яна бир марта телефон билан сўзлашишга ҳаракат қилмоқчи бўлдилар. Тушдан сўнг бизларни олиб шаҳарга тушмоқчи, болаларни ўйнатиб келмоқчи эдилар. Ғафур ака билан Хондамир наридан-бери овқатланишди…

Бир вақт ҳовлига чиқсам, Ғафур ака билан Хондамир кўринишмайди. Демак, менга билдирмай шаҳарга тушиб кетишган. Соат олтида келишди. Ғафур ака менга узр айтдилар: “Сиз борсангиз, хойнаҳой, билет олишимга қарши бўлардингиз. Жон онаси, хафа бўлманг, Тошкентдан, уйдан хабар олиб, бир ҳафтага қолмай, Мирза Абдулқодир билан қайтиб келаман. Айниқса, Мирза Абдулқодирдан хавотир оляпман…”

Ғафур ака Қозонда ўтказган олти кунлари йилдай узоқ бўлиб туюлганини, бизларни кўргилари келиб соғинганларини, бундан кейин ҳеч қачон менсиз юра олмасликларини айтдилар. Мен эса: “Нега бўлмаса, мендан маслаҳатсиз, бир ўзингизга билет олиб келдингиз? Бизни ташлаб кетяпсиз?”, – деб гинахонлик қилдим. “Айтдим-ку, шу сафардан кейин сизсиз юрмайман, мен, албатта, Мирза Абдулқодир билан тезликда етиб келаман…”

Шундай қилиб, Ғафур акани олиб қолишга ҳам, у билан бирга кетишга ҳам чора тополмадим. Ноилож Олмосхонга хат ёздим: “Даданг сизлардан хавотир олиб бу ерда туролмадилар. Дадангни эҳтиёт қил. Мирза Абдулқодирга хатимни ўқиб бер”. Почтага кириб, “Дадангни кутиб олинглар”, – деб телеграмма бердик.

Деярли ҳар куни почтага борамиз, Тошкент билан алоқа узилгандан телефон орқали сўзлаша олмаймиз. Ниҳоят, 7 июлда Олмосдан хат олдик. Хурсандлигимдан юрагим ёрилай деди. Олмосхон жуда муфассал хат ёзибди…

Ҳамма оила аъзоларимизнинг соғ-саломатлигини, қайси куни нима иш қилганларигача ҳамма-ҳаммасини ёзибди. Дадасининг қайтиб келиш-келмасликлари тўғрисида ҳеч гап йўқ. “Шунча майда-чуйдаларгача ёзибдими, демак, ер қимирлаш аввалгидек кучли эмас экан”, – деб ўйладим.

Шундай бўлса ҳам Ғафур акасиз ҳордиқ чиқариш кўнгилсиз туюлиб, 10 июлга Тошкентга қайтишга билет олдик.

10 июль. Жомадонлар тайёр бўлди, болалар билан кечки овқатдан чиқаётган эдик, кимдир: “Ғуломова, сизни Тошкентдан телефонга”, деб қолди. Мен боғнинг бурчагида телефон будкаси борлигини билмас эдим. Бошида севиниб кетдим. Кечаси йўлга чиқишимизнинг хабарини бераман, деб ўйладим. Бирдан ҳаяжонланиб кетдимми ёки ёмон эшитилдими, билмайман, трубкани Хондамир олди: “Ўқувчи болаларни санаторийга олиб келган самолёт бўш кетармиш, биз шу самолётда кетарканмиз”, – деди.

Мен шунда ҳам Ғафур ака тўғриларида ёмон хаёлга бормадим. Бизни ёзувчилар — икки-уч киши кузатиб чиқди. Шунинг учун кўнглим тўқ бўлди. “Бир ёмон воқеа бўлса, ёзувчилар биз билан бирга кетишар эди-ку”, – деб ўйладим.

Самолётга чиққанимизда Хондамир менга кўринмади. Бундан шубҳаландим, аммо ухлаётгандир, деб ўзимга таскин бердим. Самолёт бирон ерда тўхтамай, Тошкентга етиб келди. Самолётдан пастга қарадим, шунда ҳам Ғафур акани қидираман. Самолётнинг тагида машиналар, Ғафур аканинг энг бино қўйган ўғиллари Мирза Абдулқодир кўзлари қизаришдан шишиб кетган, бошини эгиб турибди. Докторлар, дўстлар...

Эй, золим фалак, бошимга қандай қора кунларни солдинг?...
Муҳаррам Ғуломова
«Шоир зоти икки бор яшар эмиш. У ўлса ҳам, шеъридаги эътибор яшар эмиш»
Қозоқ ёзувчиси Собит Муқонов «Ғафур Ғулом замондошлари хотирасида» китобда шоир ўз ўлимини олдиндан билгани ҳақида сўз юритади:
Тошкентда ер қимирлаш давом этаётган вақтда Ғафурнинг оила аъзолари — Мухторни ҳам олиб, Одесса ёнидаги бир тинч ва туришга қулай маконга кўчишган экан, Ғафур Қозонга ўша ердан келибди.

— Энди нега хавотирдасан? – деган сўроққа:

— Халқ-чи? – деб жавоб берарди Ғафур.

Илгари ҳам унча дармонли бўлмаган Ғафурнинг юраги ана шундай ўйлар билан Қозонда жуда мадорсизланиб, баъзида докторларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб юрди... Мен Қозондан Уфага, Ғафур эса Одессага учадиган бўлиб, аэропортга бир машинада бордик. Ёнимда бир қанча татар ёзувчилари. Ғафурнинг самолёти бизникидан илгарироқ учар экан. Трап олдида у ҳаммамиз билан маъюс тусда хайрлашди-да, мени четроққа олиб:

— Охирги кўришишимиз бўлиши мумкин: чўнг қозоқ, “ёмон айтмай, яхши йўқ”, агар мен қазо этсам, жанозамга келасанми? – деди. Мен бу гапни эшитиб, чўчиб:

— Нега ундай дейсан? – дедим.

— Ўзимни ўзим сезаяпман-ку, дўстим, аҳволим шунга ўхшайди, – деди у оғир хўрсиниб.

Мен Уфадан Олмаотага бироз кечикиброқ қайтдим. Эртасига Ғафурнинг вафот этгани тўғрисида хабар келди. Ҳар халқнинг ичида ўша халқнинг маълум бир даврини ўзига сингдириб, ўзи орқали яхши фазилатини кўрсата оладиган ўғиллари ва қизлари бўлади. Ғафур — ўзбек халқининг ана шундай ардоқли ўғилларидан бири
Собит Муқонов
Ўзбекистон халқ шоири Рамз Бобожон «Ғафур Ғулом замондошлари хотирасида» китобида шоирнинг ўзи ҳақида айтган гапларини келтиради:
Устоз Ғафур Ғулом ўзи ҳақида мана нима дейди: “Ҳаётим фаровон, бахтим таъминланган бир шоирман. Уйим обод, ўғил-қизларим ўқийди, мўйсафидликдан ташвишим йўқ, омонат кассада бўлган ақчамни айтмайман. Чунки, бу бизда сир сақланади. Қўшнилар билан тотувман — саломатман. Олти фарзанднинг отаси бўлдим. 76 китоб ёздим, асримиз мазмунидаги алломаман”.

Дарҳақиқат, шундай! Ғафур Ғуломнинг сўнгги китоби “Сарҳисоб” деб аталган бўлса ҳам, сарҳисоб бу, сарҳад эмас!.. Минг афсус! Умрининг айни ёзида ижод боғини тарк этди. Дейдиларки, шоир зоти икки бор яшар эмиш, У ўлса ҳам, шеъридаги эътибор яшар эмиш
Рамз Бобожон
Мемориал қисм
Шоирнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида 1966 йилда Адабиёт ва санъат нашриётига Ғафур Ғулом номи берилади, уй-музейи ташкил қилинади, 10 томли «Танланган асарлар»и чоп этилади, метро бекати, боғ ва кўчаларга унинг номи берилади, ҳайкали ўрнатилади (айни дамда «Адиблар хиёбони»да), шоир асарларини таржима қилган, ижодини ўрганганларни рағбатлантириш мақсадида «Ғафур Ғулом» стипендияси ва «Ғафур Ғулом» кўкрак нишони таъсис этилади. 1999 йил шоирга «Буюк хизматлари учун» ордени берилади. Мукофотни қизи Олмос Ғафуровна қабул қилиб олади. Шоирнинг 100 йиллик юбилейи Нью-Йоркда ўтказилади.

Музейдан унинг хотирасига оид бир қанча экспозициялар ҳам ўрин олган. Иккинчи Жаҳон уруши даврида нацистлар яҳудийларни оммавий қиришни бошлаганида Ғафур Ғулом «Мен яҳудийман» номли шеърини ёзади. Бу кўплаб яҳудийларнинг ҳурматига сабаб бўлади. 2005 йил Исроилнинг Кирят-Гат шаҳрида шоирга атаб мемориал лавҳа очилиб, шоир туғилган кунини нишонлаш анъанаси йўлга қўйилади.
Мемориал қисмга ҳовли орқали ўтилади. Ҳовлининг юқори қисмида шоирнинг 1983 йилда яратилган ҳайкали қад ростлаб турибди.

Шоир яшаган уй қандай бўлса, шундайлигича сақланган. Залнинг ўнг тарафида болалар ётоқхонаси жойлашган.
Сўл томонидан эса Ғафур Ғуломнинг ётоқхона ва ижодхонасига ўтилади. Шоир одатда эрта тонгда шеър ёзгани сабаб ётоқхонанинг ичида ижодхона ташкил қилган.
Ҳамид Ғулом шоирнинг асосан тонгда ижод қилганини айтиб, уни тонг шоири деб атайди.
У ҳар кун саҳар паллада, ғира-шира тонгда боғ кезар экан, чимирилган қошлари нур йилт этиши билан ёзилар, йирик қуралай кўзлари чақнар, фикр-ўйида узоқ яшаган мавзуйи бирдан етилар, хоҳ кунга қараган ёруғ хонасида бўлсин, хоҳ гулзор бўйидаги чорпояда бўлсин, таниш равон дастхати билан тез-тез ёза бошлар эди... Ғайратий ва Собир Абдулла, Ҳабибий ва Юнус Ражабийдан, устознинг тағин ўнлаб ҳамсуҳбатларидан сўранг, улар Ғафур ака фақат тонгда ёзгани ва ўқиб берганини ҳикоя қиладилар
Ҳамид Ғулом
Меҳмонхона, дам олиш хонаси ва кутубхона эса иккинчи қаватда.
Ушбу уйнинг қурилганига 80 йилдан ошган — у кўча бошидаги Муқимий театри билан бир вақтда қурилган. Уй музейга айлантирилса-да, ундан Ғафур Ғуломнинг оиласи узоқлашмаган. Катта қизи Олмос Ғафуровна уй-музей директори, иккинчи ўғли, ядро физиги Қодир Ғуломов эса қўшни хонадонда истиқомат қилади.

Олмос Ғафуровна отасининг хотирасини абадийлаштириш, музейдаги экспозицияларни тайёрлаш, шоирга бағишланган тадбирларни ўтказишга бош-қош. Ғафур Ғулом ҳақидаги хотираларини жамлаб, «Ғафур Ғулом замондошлари хотирасида» номли китоб ҳолига келтирган ҳам айнан шу қизи.

Музей билан танишган киши «шоирлар ёди нафақат шеърлари, балки фарзандлари билан ҳам барҳаёт бўлар экан» деган хулосага келади беихтиёр.
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Уй-музейидан олинган фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.



Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda