2023 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
Вазирлар, муфтий, Элдор Шомуродов, Konsta, Дониёр Ғаниев, ҳоким, дипломатлар, экспертлар, санъаткорлар, спортчилар ҳамда жамоатчиликнинг бошқа фаоллари
2022/2023 ўқув йили битирувчиларига
ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдиришди.
2023 ЙИЛ БИТИРУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ
Вазирлар, муфтий, депутат, ҳоким, дипломатлар, экспертлар, санъаткорлар, спортчилар ҳамда жамоатчиликнинг бошқа фаоллари
2022/2023 ўқув йили битирувчиларига
ўз маслаҳатлари ва тилакларини билдиришди.
«Газета.uz» давлат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва жамоатчиликнинг фаол вакилларидан 2022/2023 ўқув йили битирувчилари ва ёшларга ўз маслаҳатлари ва тилаклари билан мурожаат қилишларини сўради.

Уларга анъанавий равишда учта савол берилди:

1. Ўзингизни битирувчи деб тасаввур қилсангиз, ўзингизга нималарни маслаҳат берардингиз?
2. Янги авлод вакиллари қандай учта муҳим хислатларга эга бўлишлари керак?
3. 2022-2023 ўқув йили битирувчиларига маслаҳат ва тилакларингиз.

Уларнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ҳилола Умарова
Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири
Айни вақтда ушбу саволларни ўқий туриб, битирувчи синф ўқувчиси сифатида катта-катта орзуларга кўмилиб, келажак ҳақида хаёлларга берилганим ёдимга тушди.

Албатта, ҳар бир ёш йигит-қиз камолга етиб борар экан, ўз олдига улкан мақсадлар қўяди ва ана шу манзилга элтувчи режаларини, ҳаётий принципларини ярата боради.

Битирувчиларга маслаҳатим, бугунги катта йўл остонасида ўзингизнинг аниқ режангизга эга бўлинг. Истеъдодингизни намоён этиш учун сизни ҳеч нима тўхтатмасин. Ниманидир яратишингиздан олдин сизга иттифоқчилар, ҳамкорлар ва жамоа керак бўлади. Улар сизга ишониши керак, шунинг учун ўз репутациянгизни мустаҳкамланг. Айнан ҳозир, йўлнинг бошида у ҳақда ўйлашни бошлаш керак. Ростгўйлик ва тўғрисўзлик — бу имижни шакллантирадиган хислатлардир. Шуни ёдда тутинг!

Бугунги янги авлод вакилларининг мазкур хислатларга эга бўлишини истардим:

  • Аввало, ҳар бир қилаётган ишининг жамиятга, ота-онаси ва ўз келажагига қанчалик таъсир ўтказишини таҳлил қила олиши керак.
  • Ҳалоллик ва тўғрисўзлик. Иш унуми ва умр мазмуни ана шу хислатларга жуда боғлиқ эканлигига ўз ҳаётимда кўп дуч келганман.
  • Замонавий билимлар ва хорижий тилларни имкон қадар пухта эгаллаш. Шунингдек, масъулият ва фидойилик, муаммоларни ечишда креативлик билан ёндашиш ҳар бир кишини фақат юксакликка кўтаради.
реклама
реклама
Қадрли битирувчилар! Жасорат фақат киноларда ёки афсоналарда бўлмайди. Бугун сизнинг ўз олдингизга қўйган ҳар бир мақсадингиз ва унга етишиш йўлидаги саъй-ҳаракатингиз замирида ҳам катта мардонаворлик мужассам.

Ўз ҳаёт йўлингизни ўзингиз яратинг — бошқалар забт этган чўққиларни изламанг. Бу йўлда юзага келадиган тўсиқлардан ўтишда ҳеч қачон ўз ички ишончингизни йўқотманг! Сиз барчасига эриша оласиз, сизнинг ортингизда жонажон Ватанимиз, халқимиз, ота-онангиз, яқинларингиз кўз тикиб турибди. Ишонинг, сиз бу жамиятга фойда келтира оласиз!

Ёдда тутингки, бугун сиз олаётган таълим ва пухта билимлар эртага юртимиз тараққиётида катта тиргак бўлиши шубҳасиз.

Эзгу орзулар қилишдан тўхтаманг. Ўз олдингизга қўйган мақсадларга эришиш йўлида дадил бўлинг.
Иброҳим Абдураҳмонов
Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири
1. Агар ўтмишга қайтиб, ўзимга — мактаб битирувчисига маслаҳат бериш имкониятим бўлганида, маррани кенгроқ олишдан ҳайиқма, дердим. Битирувчиларда эртанги кун олдида қўрқув бўлиши табиий, катта ҳаётга қадам ташлаётган ёшларимиз зўр имкониятлар ва синовлар даври бошланади. Ҳозирги тажрибам ва ақлим билан ўзимга кўпроқ тиллар ўрганишни, кўпроқ билим олишга ҳаракат қилишимни маслаҳат берган бўлардим. Ўз истакларингга қулоқ тут, шу билан бирга ўқишдан ва ривожланишдан тўхтама дердим. Одамларга ва дунёга очиқ бўл, ўз фикринг, қадриятларингни ҳамиша ҳимоя қил, муҳими, ўзингга, ўз кучингга ишон, деб айтардим. Битирувчилар кенг имконият турибди — шу имкониятлардан кенгроқ фойдаланишни тавсия қилган бўлардим.

2. Ёшлар — мамлакат келажаги, бутун инсоният тақдири уларнинг қўлида. Уларда табиат инъом этган ижодкорлик, ғайрат ва шижоат барқ уради. Ёшлар ўз иқтидорларини намоён этишлари учун, аввало, кузатувчан бўлишлари керак. Улар атрофда содир бўлаётган воқеликларни ўрганишлари, муаммоларни таҳлил қилишлари ва ечимларни қидиришлари лозим. Иккинчидан, юқорида айтганимдек, катта марраларга интилиши ва қийинчиликлардан қўрқмаслиги керак. Учинчидан, “Бошқалар нималар қилмаган?» деган саволни ўз олдига қўйиши ва ҳали амалга ошмаган ишлар билан шуғулланиши керак. Аввал ҳеч ким қилмаган ишларни бажаришга ҳаракат қилиб, илм-фан, маданият, жамият ва давлат ривожига ҳисса қўшишни олдига мақсад қилиш муҳим.

3. Маслаҳатим — ўз йўлингизни топишга астойдил ҳаракат қилинг. Ҳаётнинг икир-чикир, майда масалаларига ўралашиб, бир жойда қотиб қолманг. Уларни ҳам ҳал этиш керак албатта. Лекин ўз олдингизга қўйган улкан ғояларни, орзу-мақсадларни ҳеч қачон ташлаб қўйманг.

Орзунгиз ва мақсадингиз, ноёб ғоянгиз — бу ҳаётингизга маъно берадиган, сизни тўғри ҳаракатларга йўналтирадиган маёқ. У қийинчиликларни енгишга, тўсиқлардан ўтишга ундайди, ривожланишингиз, ижод қилишингизга илҳом бағишлайди. Айнан унга интилиш йўлидаги ҳаракатларингиз ва унга эришингиз орқали бахт туйғусини ҳис қиласиз.

Катта ғояни амалга ошириш учун бор куч-ғайратингизни ишга солинг. Ғоянгиз кимгадир маъқул келади, кимгадир маъқул келмаслиги ҳам мумкин. Мақсадингизни тушунмаганлар атрофингизда топилмаса, уларни қидиришдан чарчаманг. Орзунгизни ўзидан-ўзи, мўъжиза билан амалга ошмайди, бунинг учун қаттиқ меҳнат қилишингизга тўғри келади. Муҳими, ҳар куни орзунгиз сари бир қадам ташланг.

Орзу қилишдан қўрқманг, ҳатто кимдир устингиздан кулса ҳам, ёки шу ишни қилишдан сизни қайтарса ҳам. Кимдир орзунгга етолмаса ёки буни амалга оширишнинг иложи йўқ, деса ишонманг. Ўз орзунгизни бировларники билан солиштирманг, ўз орзусига эришганларга ҳасад қилманг. Орзунгизни унутманг, унга бефарқ бўлманг. Орзунгизни ёлғиз қолдирманг, ҳамиша у билан бирга бўлинг. Орзунгиз — бу сизнинг ҳаётингиз ва уни фақат ўзингиз амалга ошира оласиз.
Нуриддин домла Холиқназаров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
1. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аввало, муҳтарам ёшларимизни ҳаётнинг муҳим босқичларидан бирига қадам ташлаш арафасида турганлари билан муборакбод этаман. Саволингизга келсак, унга жавоб бериш бир томондан имконият бўлса, бошқа томондан кишига масъулият юклайди. Илм даргоҳларини битираётган илм толибларга тажрибали, улуғ устозларимиздан эшитган ва китобларда ўқиган ўгитларимизни айтиш жуда ҳам манфаатли бўлади деган умиддаман.

Ҳозирги давр билан бизнинг ёшлигимиз ўтган, таълим-тарбия олган мустабид даврнинг жуда катта фарқи бор. Ҳозирда юртимизда илм олиш учун кундан-кунга кенг шароитлар бор. Ёшларимиз бу имкониятлар қадрига етиб, илм олишга интилсинлар. Бу йўлда сабрли бўлсинлар. Чунки илм йўли машаққат ва риёзатни талаб этади. Бунга қатъияти ва бардоши етмаган киши юксак илм чўққиларини забт эта олмайди. Ҳар доим нияти холис, мақсади аниқ ва астойдил интилган кишигина муваффақиятга эришади. Янги ҳаёт остонасига қадам ташлаган битирувчилар ҳам мана шу хислатларни ўзларида мужассамлаштирсалар, келгуси умр йўлларида тойилмайдилар, инша Аллоҳ. Энг асосийси, ўз мақсадларидан чалғимай, олға юрсинлар ва бу йўлда доим улуғ инсонлар ва ота-оналар дуосини олсинлар.

2. Аввало, ёшликни қадрлаш зарур. Амалларимизнинг энг яхшиси бизга берилган умрни ғанимат билиш. Ҳақиқат шуки, инсон қўлга киритадиган энг катта бойлик, унинг умридир. Ҳар бир нарсанинг эвази бор. Фақатгина умрнинг эвази йўқ. Зеро, инсонга берилган умр қайтиб келмайдиган ва фақат бир маротаба бериладиган бойликдир. Банданинг энг яхши амали, умрини бекорчи, дунё ва охиратига фойда бермайдиган нарсаларга сарфламасликдир. Шу боис ҳам улуғларимиз вақтларининг қадрига етишган. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Шундай зотлар бор эдики, улар ўз вақтларига сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан ҳам кўра қаттиқроқ ҳарис эдилар”, деганлар.

Иккинчиси, одоб-ахлоқли бўлишга интилиш. Ёшлар тарбиясида илм билан ҳусни хулқ — инсондаги барча фазилатларнинг энг олийсидир. Чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга, балки бутун атроф муҳитга ундан фақат манфаат етади. Шунинг учун фарзандларимизни ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Ҳадиси шарифлардан бирида: “Ота фарзандига гўзал одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дейилган (Имом Термизий ривояти).

Учинчиси, фойдасиз нарсалардан сақланиш. У хоҳ амал, хоҳ калом бўлсин фарқи йўқ. Фойдасиз нарсадан мурод — инсонга дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда келтирмайдиган ишдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Ғофиллардан бўлмагин”. Зеро, сиздан умрингизнинг ҳар бир лаҳзасида ҳам Аллоҳдан ғофил бўлмаслигингиз талаб қилинган.

Тўртинчиси, жамият учун фойдали шахс бўлиб етишиш. Зеро, одамлар ва жамиятга фойда бериш кишининг яхшилигидан дарак беради. Ҳадиси шарифларда ҳам “Инсонларнинг энг яхшиси одамларга кўпроқ фойдаси тегадиганидир”, дейилган (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

3. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ёшларга насиҳат қилиб бундай деганлар: “Аллоҳ таоло кимга илм ато этган бўлса, унинг ёшлигида берган. Яхшиликнинг ҳаммаси ёшликда бўлади”.

Аслида ёшлик айни куч-шижоатга тўлган давр бўлади. Шу боис ота-боболаримиз “Ёшликда олинган илм тошга нақшдир” деб бежиз айтишмайди.

Имом Бухорий, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби қанчадан-қанча аллома боболаримиз ҳам ёшлик чоғларидан илму маъруфатни пухта эгаллашган. Айниқса, тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ, жўғрофия ва исломий илмларни чуқур ўзлаштиришган. 18 ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб, машҳур олим даражасига кўтарилганлар.

Бундан келиб чиқадики, фарзандларимиз ёшлик давридан унумли фойдаланиб, ўзлари қизиққан илмларни ўқисинлар. Бу йўлда тинимсиз ҳаракатда бўлсин. Шундагина келажакда ўз мақсадларига етишади.

Аллоҳ таоло юртимиз келажаги бўлган фарзандларимизни илмли, ҳунарли бўлиб вояга етишларини ҳамда эл-юрга, Ватанга, барча мусулмонларга фойда келтирадиганлардан бўлишларини насиб этсин!
Акбар Тошқулов
Ўзбекистон адлия вазири
1. Албатта, ўзини ривожлантиришни. Битирувчилик — бу ҳаётнинг муҳим нуқтаси, балки илк муҳим қарорни бериш, келажакка таъсир ўтказувчи қарорлар қабул қилиш палласидир. Энг биринчи навбатда мақсадни аниқ қўйиб олиш, йўналишни белгилаш ва шу йўлда ўзини ўзи ривожлантириб боришни маслаҳат берган бўлардим. Шахснинг ўсиши ва муваффақиятлари энг аввало унинг ўзига керак, бундан кейин ҳар қандай натижа фақат ўзини ривожлантириб, ўз устида ишлаш, тинимсиз ва муттасил меҳнат ортидан келишини тушунишз лозим.

2. Биринчи, коммуникабеллик. Ҳаётда мулоқотга очиқлик ва мулоқотни тўғри йўлга қўйиш кўп нарсани ҳал қилади. Чунки инсон ижтимоий мажудот, ҳар бир ишимизнинг натижаси барибир яна кимларгадир, улар билан муносабатларимиз ва мулоқотларимизга боғлиқ. Шунинг учун билим олиш, ақлли бўлиш билан бир қаторда ривожланиш коммуникабеллик ортидан келишини ҳам ҳисобга олиш керак.

Иккинчи, олдинга интилиш, энтузиазим. Шижоат, мақсадга томон жон-жаҳди билан интилиш тўсиқларни енгиб ўтишга ва янгиликлар яратиш учун жуда зарур, бусиз ривожланишни тасаввур қилиб бўлмайди.

Учинчи, билим ва профессионализм. Ўз ишини яхши билиши, профессионал бўлиши муҳим, чунки буларсиз ривожланиб бўлмаслиги билан бир қаторда малакасизлик, уқувсизлик, билимсизлик шахснинг ўзига ва жамиятга катта зарар келтиради.

3. Муваффақият фақат олий маълумотга ва дипломга боғлиқ эмас, шуни унутмаслик керак. Бугун замон бошқача талабларни қўймоқда. “Скил”ларни фақат университетлар беради деган ишонч хато. Университет муҳит яратади, кичик экотизим ҳосил қилади, бу мутахассиснинг шаклланишига ёрдам беради. Бироқ худди шу натижага курслар, тренинглар ҳам олиб келиши мумкин.

Керакли малака ва билимларга эга бўлиш ҳамда тўғри касб танлаш — энг муҳими. Касб танлашда технологиялар ривожини ҳисобга олиш зарур. Шундай соҳалар борки, улар йўқолиб кетяпти ёки яқин келажакда йўқолиб кетиши мумкин. Масалан, рақамли банкинг, сунъий интеллект ривожланиши туфайли кассирлик, банк; оналайн савдолар ривожи сабаб сотувчиликка эҳтиёж камайиб, трейдерлик, етказма хизмати, SММ, IT муҳандисликка эса эҳтиёж ортиб бормоқда. Олайлик, 10 йилдан кейин мен танлаган касбга талаб тушиб кетса, яна нима қила оламан деган саволга ҳам жавоб ўйлаб қўйиш керак.
реклама
реклама
Шавкат Умрзоқов
Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи
1. Битирувчилар, катта ҳаёт остонасидаги ёшлар 3, 5 ва 10 йил муддатга мўлжалланган аниқ мақсадларни қўйиб, уларга бор куч ва имкониятларни ишга солган ҳолда эришишларини тавсия қиламан.

2. Янги авлод вакиллари ўз танланган соҳада ақлий меҳнат қила олиши керак, деб ҳисоблайман. Бу меҳнат жараёнида икки хислат — адолат ва ҳалолликка амал қилишлари муҳим. Шунда ёшлар, албатта, мақсадига эришади, шахс сифатида ривожланади.

3. Ёшлар ўзи танлаган соҳа ва мутахассилик бўйича истиқболли, қилиш мушкул бўлган ва ҳамма ҳам қила олмайдиган катта мақсадларни қўйиши, бу мақсадларга эришиш йўлида қийинчиликдан қўрқмаслиги, меҳнатдан қочмаслиги, фақат фаоллик, илдамлик ва ташаббускорлик билан ҳаракат қилиши муҳим деб ҳисоблайман.

Тилагим, Ўзбекистон ва шаҳримиз ёшлари юртимиз ва дунё тарихида оиласи, Ватани, умуман, инсоният учун фақат яхшилик келтирган деган эзгу ном билан қоладиган, улуғ аждодларимиз Беруний, Хоразмий, Ибн Синолардек етук шахслар бўлишсин!
Камола Маҳмудова
Европа Тикланиш ва тараққиёт банкининг Озарбайжондаги ваколатхонаси раҳбари
Мактабни тамомлаганимга бу йил роппа-роса 30 йил тўлди. Ортга назар ташласам ва ўзимни битирувчи сифатида тасаввур қилсам, қуйидаги маслаҳатларни каминага берган бўлардим. Ўз ўрнида бу маслаҳат ва тавсияларим бугун мактабни битириб, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ука-сингилларимизга ҳам асқотади, деган умиддаман:

  1. Ҳеч нарсадан қўрқманг. Ҳаёт жасоратни мукофотлайди. Ҳаёт бу - сизнинг шахсий ҳикоянгиз.
  2. Синаб кўрмаганингиз учун вақтлар ўтиб, жуда кўп афсусланасиз. Шу сабабли ҳамма нарсани ўзингизда синаб кўринг.
  3. Орзуларингиздан кўзларингизни узманг. Режалар кўпинча турли омиллар туфайли биз хоҳлагандек амалга ошмайди. Тараққиёт ҳам доим тўғри йўл эмас. Сиз кўзлаган ва юриб кетаётган йўлнинг боши берк бўлса, бошқа йўлдан юришда давом этинг. Инсон изланишдан, меҳнат қилишдан тўхтаб қолмаслиги керак.
  4. Ўқиш давомида ва чарчаган пайтларингизда бўш келманг, енгилиб қолманг. Чарчаган вақтларингиз бироз дам олиб, ўқишни давом эттиринг.
  5. Спорт билан шуғулланинг. Ҳаётни аҳамият билан кузатинг, ҳар нарсага эҳтиёт бўлинг ва табиатни сақланг.
Сўзим якунида, Ўзбекистондаги барча мактаб битирувчиларини ҳаётининг янги саргузашт боби бошланиши билан табриклайман. Барчамиз сизлар билан ғурурланамиз. Сизлар мамлакат ва жамиятнинг умиди ҳамда бойлигисиз!
Дониёр Ғаниев
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
1. Вақтни орқага қайтариш имкони бўлганида, ўзимга жуда кўп маслаҳатлар берган бўлардим. Биринчи навбатда, ўз устимда кўпроқ ишлаш ва саёҳат қилишни, бир қанча хорижий тилларни ўрганишни маслаҳат берардим. Энг асосийси эса ҳаётдан лаззатланиб яшаш кераклигини айтардим. Чунки бу умр жудаям қисқа ва биз кўп ҳолларда ўзимизга катта мақсадлар, талаблар ва кутилмаларни қўямиз. Шахсий ҳамда атрофимиздаги одамларнинг бизга нисбатан кутилмаларини, уларнинг ишончини оқлаш учун ҳаётимизни ёки орзуларимизни қурбон қиламиз. Шунинг учун ўзимга шахсий орзу ва истакларим билан яшаш шартлигини, хатолардан, муваффақиятсизликдан ва камчиликлардан қўрқмасликни маслаҳат берардим. Ўзимга айтадиган олтин маслаҳатим шу бўларди.

2. Бугунги ҳар бир мактаб битирувчиси хорижий тилларни, айниқса, инглиз тилини билиши ва албатта, бошланғич компьютер, математик саводхонликка эга бўлиши минимум талаб ҳисобланади. Чунки ҳозирги рақобатдарбош дунёда сиз ўз қишлоғингиздаги тенгдошларингиз билан эмас, балки дунёдаги миллиардлаб ёшлар билан рақобатлашасиз.

Иккинчи ва муҳим хислат шуки, битирувчиларда инсоний кўникмалар шаклланган бўлиши керак. Рақамли дунёда ҳозир технологиялар жуда ривожланиб бормоқда. Кейинги 5-10 йилда сунъий интеллект жуда кўплаб жисмоний меҳнат ёки бошланғич ақлий меҳнат ўрнини эгаллайди. Лекин сунъий интеллект ҳеч қачон инсоний кўникмалар: одмлар билан мулоқотда тил топишиш, етакчилик ва бошқа кўплаб қобилиятларга эга бўлолмайди. Шу сабабли ҳозирги битирувчилар шу нарсаларга жуда эътибор беришлари лозим, яъни инсоний кўникмаларни шакллантириши, одамлар билан мулоқот қилишни ўрганиши керак. Ўзларига ишонган ҳолда лидерлик қобилиятини шакллантиришга алоҳида эътибор беришлари зарурк. Негаки, тараққиёт қанчалик ривожланмасин, етакчилик қобилияти бор инсонларга нисбатан эҳтиёж ҳамиша баланд бўлади.

Бундан буён Ватан деганда, кичик бир қишлоқ, шаҳар ё вилоятни эмас, бутун дунёни тушуниш ва кўришни ўрганишлари керак. Янги авлод ўз қобилиятини намоён этиш, орзу ва мақсадларига эришишда кичик бир жойда чегараланиб қолмай, дунёнинг исталган бурчагида яшашга, у ерда ишлашга ва у ерда ўз орзулари ортидан қувишга тайёр бўлишлари керак. Улар мана шунга мослашувчан бўлишлари лозим назаримда.

3. Барча битирувчиларни ҳаётининг янги бир бекатига қадам қўяётгани билан табриклайман. Келажакдаги фаолиятларига омад ва муваффақиятлар тилайман. Уларга эса қуйидаги маслаҳат ва тавсияларимни айтишни лозим топдим:

Биринчи маслаҳатим шуки, ҳаёт давомида вақтдан унумли фойдаланишлари ва унинг қадрига етишлари зарур. Ҳаётда ҳамма нарсани ўз вақти бўлади. Кимнингдир ютуғи, омади 25 ёки 35 ёшида, айримларга 40 ёшида келади. Шу сабабли шошилмасдан, енгилмасдан ўз мақсадлари, орзулари сари курашишни маслаҳат бераман.

Инсоний хислатларни йўқотмаслик жуда муҳим. Камтарлик, яхши инсон бўлиш, бошқаларга ёрдам беришдан қўрмайдиган шахс бўлишларини истайман. Ўз устиларида ишлашга доим тайёр туришлари, китоб ўқишлари лозим. Шу билан бирга ўз ҳуқуқларини биладиган, сиёсий фаол, жамият учун жон куйдирадиган инсон бўлишларини тилайман.

Учинчи маслаҳатим эса ҳаётдан завқ олишни, яқинлар, дўстлар ва оила аъзолар билан яхши ҳаёт кечиришни ҳам ўйлаш керак. Тўғри, ўқиш, изланиш ва меҳнат ҳам қилиш керак албатта. Лекин ҳаёт фақат ўқиш ва ишлашдан иборат эмас, ижтимоий ҳаётни ҳам унутмаслик лозим. Имкон қадар кўпроқ саёҳат қилишга, унутилмас хотиралар, лаҳзаларга яратишга ҳаракат қилишларини маслаҳат берардим.

Матильда Димовска
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили
1. Одатда ёшларга маслаҳат беришни хоҳламайман. Аммо битирувчилик давримга қайтиб қолсам, ўзлигимни англаш устида ишлашни ҳамда биз яшаётган муҳитни ва умуман дунёни яхшироқ ўрганишни маслаҳат берардим. Чунки инсон ўзини англаши жуда муҳимдир.

Биз билан олдинда нима бўлишини ҳеч ким айта олмайди. Лекин бизга завқ берадиган ишни, ҳаётдаги мақсадларимизни ва албатта, ўзимизни топишимиз керак. Дунё биздан ва атрофимиздаги нарсалардан анчагина катта. Биз буни тушунишимиз зарур. Хуллас, дунёга бўлган қизиқишни сақлаб қолишни маслаҳат берардим, шунда имкониятларимиз чексиз бўлади.

2. Янги авлод эга бўлиши керак бўлган энг муҳим хусусиятлардан бири, менимча, сайёрага ғамхўрлик қилиш, атроф-муҳитни асрашдир. Табиатни асрашни кундалик одатлардан бирига айлантириш керак.

Бугунги ёшлар дунёдаги тез ўзгаришлар туфайли нафақат технологик жиҳатдан уста, балки креатив ва инновацион бўлишлари ҳам керак. Бунинг учун чаққон бўлиш талаб этилади. Янги нарсаларни фақатгина инновацион руҳда бўлсакгина ярата оламиз. Ва бу келажакда муваффақият қозониш учун муҳим омиллардан бири бўлади.

Ва ниҳоят, баъзи нарсалар абадий қадрият ҳисобланади, булар инсонийликнинг асослари бўлмиш ўзаро ҳурмат, раҳмдиллик, сахийлик ва яхши одам бўлиш.

3. Аввало, бу йилги битирувчиларни табриклайман. Сизларга маслаҳатим, тўйиб нафас олинг ва ҳаётдан завқ олинг. Бу ёз сизники! Билинг-ки, бундан буёғига ёз фасли сиз учун бунақа рухда ўтмайди, шунинг учун ундан тўлиқ фойдаланинг. Дунёни тушунишдан ташқари, қандай қилиб яхши ҳордиқ чиқариш мумкинлигини ҳам тушуниш муҳимдир. Шунақа экан, ҳозир сиз ҳаётдан завқ оладиган ва қизиқишларингизни оширадиган пайт!
Конста (Шариф Абдуллаев)
Рэпер
Ўзимни битирувчи деб тасаввур қилганимда коллеж ёки университетга ўқишга кириш учун шошилмасликни, дуч келган таълим муассасасига кирмасликни, бу масалада бемалол ўйлаб кўриб, кейин қарор чиқариш кераклигини айтган бўлардим.

Учта энг муҳим хислатлар:
1. Хорижий тилларни билиш.
2. Интернетни тушиниш ва ундан мустақил фойдаланиш.
3. Одамгарчилик.

Биздаги мактабларда олий ўқув юртида ўқишни жуда муҳим, деб уқтиришади. Тўғри, олий таълим олиш муҳим жараён. Лекин бу университетда ва шу йили, дегани эмас. Ўқишнинг йўллари, жойлари ва турлари кўп. Шу боис шошмасдан, ўзингизга ёқадиган касб бўйича ўқишингизни маслаҳат бераман.

Олий ўқув юртига ўқишга кирмасам, биров қизини бермайди ёки уйдагилар турмушга узатиб юборади, деб ўйлашни тўхтатинг. Бу борада яқинларингиз билан маслаҳатлашинг, уларга орзу ва мақсадларингиз, режаларингизни очиқ-ойдин айтинг. Ўзингиз қизиқмаган ёки билимингиз етмаган йўналишга кириш имтиҳонларидаги баллнинг пастлиги сабаб ҳужжат топширишга югурманг.

Ҳаммаси яхши бўлади!
реклама
реклама
Шодия Абдуқодирова
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, кино ва театр актрисаси
1. Мактабни битираётган Шодияга режаларни пухта қилишни ва шу асосда иш тутишини, нима хоҳлаётганини аниқ билишини, ўзи билан ўзи кўпроқ гаплашишини айтган бўлардим. Аҳамият берсангиз, аксарият битирувчилар келажакдаги мақсад ва режаларини олдиндан шакллантириб, аниқлаштириб бормайди. Хорижлик ёшлар ҳали мактабни битирмасидан туриб, қайси касб эгаси бўлишини мақсадга айлантиришади. Биздагиларнинг кўпчилиги иккиланиш билан мактабни битиради. “Билмадим”, “кўрамиз” каби фикрларда юради, ноаниқлик бор. Бу борада албатта, ота-оналарнинг ҳам масъулияти баланд бўлиши керак. Улар фарзанди билан кўпроқ гаплашиши, орзу ва режаларига қулоқ тутиши зарур.

Ўзим олий ўқув юртига тўртинчи уринишда кирган бўлсам, ҳар йили турли йўналишга ҳужжат топширганман. У пайтларда нимага қизиқишимни тушуниб етмаганман. Тилшуносликка, социологияга, ҳуқуқшуносликка ҳам қизиқишим бўлгани учун аниқ биттасини танлашга қийналганман. Агар мактабни битиришдан олдин аниқ режам бўлганида эди, мақсадларимга эртароқ эришардим. Шундай бўлса-да, санъат соҳаси орқали ҳам орзу ва мақсадларимни кўпи амалга ошди.

2. Янги авлод вакилларида ўзига ва билимига ишонч кучли бўлиши керак. Агар улар ўзига ишонсагина, шунда атрофидагиларда ҳам ишонч уйғота олади. Ўзига нисбатан ишонч эса билим орқали шаклланади. Билимсизлик ҳамиша ишончсизлик уйғотади. Билимли одамнинг ўзига бўлган ишончи унинг ҳарактерида, ўзини тутишида, нигоҳида, нутқида барибир сезилиб туради. Пул ёки маддоҳлик билан топилган ишонч вақтинчалик бўлиб, одамни вақт ўтиб синдириб қўйиши мумкин. Шу сабабли билимли бўлиш ҳар доим кишига ўзига нисбатан ишонч беради. Бундан ташқари, ҳозирги ёшлар дунёвий билим билан бирга диний илимни ҳам эгаллашини истардим. Бу шахс сифатида шаклланишда жуда муҳим назаримда.

Шунингдек, ҳозир инновацион ғоялар ва янгиликлар даврида яшаяпмиз. Битирувчилар келгусида қайси касбни танлашидан қатъий назар камида битта хорижий тилни билиши керак. Бу замон талаби. Агар репититорга бориш учун имконият бўлмаса, интернет орқали ҳам ўрганиш мумкин.

3. Битирувчиларга ўзига нисбатан ишонч ва шижоатини сўндирмаслигини тилайман. Ҳамма нарса яхши бўлишига ишониб яшашсин. Ниятни тоза, мақсадни баланд қилишсин. Доим ҳаракат ва изланишда бўлишса, кўзлаган марраларини албатта, забт этишади. Улар қалбидаги ёшлик чўғи ва ирода асло тарк этмаслигини тилаб қоламан!

Элдор Шомуродов
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори,
Италиянинг "Специя" клуби футболчиси
Ҳозирги тажрибамдан келиб чиқиб, мактабни энди битираётган Элдор Шомуродовга айрим хатоларимнинг олдини олишга ёрдам берадиган маслаҳатлар берган бўлардим. Ҳаётимнинг шу давригача кўп нарса ўзим хоҳлагандек, ўзим режалаштиргандек бўлди, бунинг учун шукр қиламан - ҳаётимдаги кўп нарсани ўзгартирмаган бўлардим. Аммо барибир хатолар бўлган - ўзимни битирувчидек тасаввур қилсам, 17-18 ёшли Элдорга ўша хатоларга йўл қўймасликни маслаҳат берардим.

Менимча, катта ҳаёт остонасидаги йигит-қизлар биринчи галда ўзига ишониши, ўзига бўлган ишончни маҳкам тутиши керак. Сабр-тоқатли бўлиш - бу хислатсиз бирор натижага эришиш қийин. Шунингдек, ўзига танқидий кўз билан қарай билиш - бу ҳам муҳим. Мана шу уч жиҳат олдингизга қўйган мақсадга етиш, натижага эришишингизда катта аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман. Бундан ташқари, битирувчиларга ён-атрофга эътиборли бўлишни - яхшилардан ўрнак олиш, ёмонларнинг салбий хатти-ҳаракатларидан тўғри сабоқ чиқаришни маслаҳат берган бўлардим. Ҳар доим яхши бўлишга, яхшиликка интилиш керак.

Бугун мактабларни битираётган барча укаларимиз ва сингилларимизга янги ҳаёт йўлида омадлар тилайман. Ҳаммаси ўз қўлингизда, олға интилсангиз бас!
Беҳзод Ҳошимов
иқтисодчи
Агар келажакни билган ҳолда ортга назар ташлайдиган бўлсам, мактабни энди битираётган ўзимга, катта эҳтимол билан, “кўпроқ меҳнат қилишим керак”, деган бўлардим. Масалан, мен математикани ўқиганман, лекин фундаментал математика ва фалсафани ўқиб-ўрганишга янада кўпроқ эътибор қаратган бўлардим. Шунингдек, спорт билан жиддийроқ шуғулланган бўлардим. Битирувчи Беҳзод Ҳошимовга маслаҳатларим шу.

Сунъий идрок ва бошқа шу каби технологиялар ривожланаётган ва тез ўзгараётган дунёда фикрлай олиш хислати катта аҳамиятга эга. Инглизчада “learning to learn” деган тушунча бор — бу одам у ёки бу нарсани (масалан, билимни) қай йўсинда тез ва осон ўзлаштиришини ўзи учун билиши демак - мана шу “ўрганишни ўрганиш” хислати ҳам ҳаётда жуда асқатади. Фундаментал билимлар нафақат битирувчиларга, назаримда, барча учун муҳим ҳисобланган ҳозирги даврда мана шу икки кўникма, мана шу икки хислат жуда зарур ҳам фойдали, деб ҳисоблайман. Бу тавсия ва маслаҳатларни, табиийки, фақат битирувчиларга эмас, балки ўзимга ҳам қаратилган десам бўлади.

Битирувчиларга эркин жамият ва эркин иқтисодиётга эга эркин жамиятда улғайишларини тилаган бўлардим. Айнан эркин бозор, эркин сиёсатга эга эркин жамиятлардагина инсоннинг иқтидори, меҳнати, уддабуронлиги бозор томонидан ростмана тақдирланади. Эркин бўлмаган жамиятларда эса, афсуски, бунинг аксини кўрамиз. Айнан эркин бўлмаган жамиятларда “дипломни нима қиласан, чанг босиб ётади”, “дипломлилар билан дипломсизлар барибир бир хилда пул топади” деган гапларни эшитамиз. Ваҳоланки, эркинроқ жамиятларда билимли кишилар албатта кўпроқ пул топади, ижтимоий мавқеи ҳам юқорироқ бўлади ва ҳоказо. Шу боис, битирувчиларга тилагим - эркин жамиятларда ўз ўринларини топишсин, меҳнатлари билан муваффақиятлари чамбарчас боғлиқ бўлсин.
Отабек Шукуров
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси вице-сардори, Туркиянинг "Фатиҳ Карагюмрюк" клуби футболчиси
Битирувчилар — ўсмирликдан чиқиб, бутунлай янги, катта ҳаётга қадам ташлаш арафасида турган ёшлардир. Бу шундай бир муҳим даврки, унда қайси йўлни танласангиз, кейинчалик ҳам асосан шу йўлдан кетасиз. Яъни битирувчи яп-янги ва имкониятларга тўла йўлнинг бошидаги бир инсон. Агар битирувчилик давримга қайтиб қолсам, бундан чексиз хурсанд бўлардим, албатта. Чунки ҳаммасини бошидан, бор имкониятлардан тўла фойдаланиш имкони қайта туғилган бўларди. Имкониятлар бор экан, уларни бой бермаслик керак.

Инсонга биринчи галда ўзига бўлган ишонч керак. Ўзига бўлган ишонч қанча юқори бўлса, шунча яхши. Иккинчидан, киши яхши иш, амаллар нияти билан таваккал қилишдан, янгиликка мурожаат қилишдан, янги қадам ташлашдан қўрқмаслиги керак. Учинчидан, ҳар қандай ҳолатда ҳам ақл билан, имон билан иш тутиш керак. Юқоридаги уч хислатни жамлаган ҳолда қилинган саъй-ҳаракатлар албатта ўзининг яхши мевасини беради.

Биз мактабни битирганимизга унчалик ҳам кўп бўлгани йўқ, лекин замон шунчалик тез ривожланиб, ўзгариб боряптики, ҳозирги битирувчилар олдида биздагидан ҳам кўпроқ имкониятлар бор. Мен уларга қандай йўналишни танлашларидан қатъи назар ўз ишларининг устаси бўлишни, қўрқмай янгиликларга интилишни, маррани баланд — ҳатто энг юқорисидан ҳам баландроқ олишни тилаган бўлардим. Чунки ўша энг юқори маррани эгаллаганлар ҳам сизу биз каби инсон.

Мақсад қилинган маррага етиш йўлида ҳеч нарсадан толиб-тоймаслик, қийинчилик ва машаққатлар олдида тўхтамаслик керак. Барчангизга қўрқмай ҳаётда фақат олға интилишни тилаб қоламан.
Комил Жалилов
Таълим бўйича эксперт
​​Мен ва тенгдошларимнинг битирувчилик давримиз қандайдир қизиқ паллага тўғри келиб қолган. Ўтиш даври, дейдими. Бизни олдинда нималар кутяпти, аниқ тасаввуримиз йўқ эди, лекин орзулар, умидлар улкан эди. Бу орзу-умидлардан қайсиларидир амалга ошди, қайсиларидир эса йўқ. Ҳозирги мактаб битирувчиларида, назаримда, биздан кўра имкониятлар кўпроқдек, фақат бу имкониятлардан унумли фойдаланиш керак. Ўйлаб қарасам, ўша пайтда баъзи муҳим қарорларни инерция билан, оқимга эргашиб қабул қилган эканман. Бу қарорлар хато бўлган ёки улардан афсусдаман, дея олмайман, лекин агар ўзимни битирувчи деб тасаввур қилсам, шундай қарорларни қабул қилишда пухтароқ ўйлашни маслаҳат берган бўлардим.

Бирон нарсани қилар экансиз, шунчаки “ҳамма шундай қиляпти, мен ҳам қилишим керак” деган ўй билан эмас, ўзингиз учун қилинг. Оқимнинг бир қисми бўлманг, ўз позициянгиз бўлсин. Сизга нима ёқади, нимани чин кўнгилдан, маза қилиб бажарасиз, шуни ҳам ҳисобга олинг. Майли, хато қиларсиз, лекин хатолардан ўрганиш, сабоқ чиқариш ҳам нормал ҳолат. Масалан, ҳали ким бўлиш, қайси йўналишни танлаш ҳақида бир қарорга келмаган бўлсангиз, “ҳамма менинг бу йил институтга киришимни кутяпти” ёки “ҳамма ўқишга топширяпти”, деб дуч келган олийгоҳга ҳужжат топшириш шарт эмас. Ишланг, саёҳат қилинг, касб ўрганиб кўринг — ўзингизга ёқадиган нарсани топиб олиш учун ўзингизга вақт ва имкон беринг. Сиз — ҳамма эмассиз, сиз — сизсиз.

Назаримда, ҳаётда инсон ва мутахассис сифатида керак бўладиган хислатлар — танқидий фикрлаш (биров нима деса ишониб кетавермасдан, таҳлил қила олиш), янги вазиятларга мослаша олиш ва янги нарсаларни ўргана олиш, шунингдек, эмпатия (бировнинг қувонч ва ғамига шерик бўла олиш, инсонийлик). Мана шу нарсалар устида ишланг. Ўқинг, изланинг, янги нарсаларни синаб кўришдан, ўзингиз учун янги дунёлар кашф қилишдан ҳеч қачон қўрқманг. Ва тўғри бўлинг — мен яхши кўрадиган ҳикоялардан бири қаҳрамони айтганидек, “яхши оёқ кийим кийиш истаги оёқларингизни нотўғри йўлга бошламасин”.
Тим Торлоу
Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси
1. Агар мен мактаб битирувчиси бўлган пайтимга қайтиб, ўзим билан суҳбат қила олганимда эди, биринчи навбатда орзуларимни амалга оширишни тавсия қилган бўлардим. Бундай гаплар қанчалик кўп гапирилган бўлса ҳам, бу жуда муҳим. Ҳар ким ҳам ўз орзуларини рўёбга чиқариш имкониятига эга эмас. Шунинг учун, сиз мактабни битириб, ҳаётнинг янги босқичига қадам қўйганингизда, ҳеч бўлмаганда ўзингиз орзу қилган фаолият соҳасини танлашга ҳаракат қилишингиз керак. Ўзингиз ёқтирган, сизга завқ келтирадиган касбни ёки ишни топинг ва агар ҳаётда шу иш билан шуғулланиш имкониятига эга бўлсангиз, у ҳолда сиз жуда омадлисиз.

2. Бугунги дунё шу қадар тез ривожланмоқдаки, илгари одамларда бўлиши керак бўлган кўпгина фазилатлар бугунги ёшларга керак бўлмаслиги ҳам мумкин. Аммо, менимча, муваффақиятга эришиш учун қуйидаги учта феъл-атвор хислатларини ўзингизда ривожлантиришингиз керак:
  • Қизиқувчанлик — билим ва ривожланишга интилишдан тўхтаманг;
  • Мослашувчанлик — замонавий ҳаётнинг ўзгаришларга ва ҳаётнинг турли шароитларига тезда мослаша олишга интилинг;
  • Қатъият ёки мақсадлилик — мақсадларга эришиш йўлида таслим бўлманг. Баъзан қатъият жуда муҳим аҳамиятга эга.

3. Тавсияларим борасида — менга ўхшаган ёши катталарнинг тавсияларига камроқ қулоқ солишни маслаҳат бераман.

Ҳурматли Ўзбекистон битирувчилари! Сизга муваффақиятлар, мақсадларингизга эришишингиз ва орзуларингизни амалга оширишингизни тилайман. Умид қиламанки, ҳар бирингиз ўзингизга ёққан ишни топасиз ва шу йўналишда ривожланишда давом этасиз.

Материални Миролим Исажонов, Муҳрим Аъзамхўжаев, Шуҳрат Латипов, Давлат Умаров тайёрлади.

Иллюстратор: Элдос Фозилбеков.


Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.


Бирор қизиқарли воқеа ёки ҳодисани биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз?

Ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda