Ҳозир суви Орол денгизига ҳам етиб бормаётган Амударё бир замонлар Сариқамиш ботиғини ҳам сув билан тўлдириб турган. Унинг сувга тўлиб кўлга айланиши ҳам, сўнг қуриб қолиши ҳам айнан дарёга боғлиқ эди. Аму сувлари Сариқамишга
сўнгги бор 1878 йилги тошқинлар вақти қуйилган. Шундан сўнг вазият ўзгарган.
1971 йили Туркманистондаги Дарёлик коллекторининг ёрилиб, тошқин юз бериши оқибатида ботиқ яна сувга тўлиб, ҳозирги кўринишдаги кўл юзага кела бошлаган. Айнан шу даврларда сув ҳавзаси асосан далаларни суғоришда фойдаланилган сувларни ташлаш ва коллекторлардан келаётган сув сабаб тўлади.
1977 йили кўл юзасининг майдони 1500 квадрат километрни ташкил этган бўлса, 1985 йили бу кўрсаткич 3200,
2006 йили эса салкам 4 минг квадрат километрга етган – бу қарийб Андижон ёки Сирдарё вилоятлари майдонига тенг ҳудуд, дегани. Шунинг тўртдан бири Ўзбекистон, қолгани эса Туркманистонга қарайди.
Ўрта асрларда Сариқамиш атрофида ҳаёт қайнаган – одамлар яшайдиган манзилгоҳлар кўпроқ ва нисбатан каттароқ эди, аҳоли деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланган. Бугун эса соҳилда балиқчи ва овчиларнинг камсонли муваққат чайлалари ва ертўла-уйларини кўрасиз, холос. Улар ҳам бу ерда доимий яшамайди.