Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Тошкент планетарийси
Космос билан танишув жойи
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Тошкент планетарийси
Космос билан танишув жойи
Астрономлардан бири планетарийларни «осмон жисмлари актёрлик қиладиган театр ва кино» дея таърифлаганди. Болалар билан шундай «театр ва кинога тушиш» эса фойдадан холи бўлмас. «Газета.uz» ёш авлоднинг астрономия ва космонавтикага қизиқишини ошириши мумкин бўлган ушбу муассасадан репортаж тайёрлади.
Kosmos bilan tanishuv joyi — Toshkent planetariysiga sayohat
Пойтахтдаги Абдулла Қодирий номли боғнинг Чорсу тарафдаги дарвозаси яқинида (циркнинг орқа томонида) болаларни астрономия ва космонавтикага қизиқтириши мумкин бўлган, кираверишига улкан телескоп макети ўрнатилган, қизиқ бир маскан — Тошкент планетарийси жойлашган.
Планетарий — юлдузлар, сайёралар ва уларнинг йўлдошлари, комета ва метеорлар тасвирланган осмон сфераси модели, шунингдек, Қуёш ва Ой тутилиши, Ой, Марс, Венера панорамалари намойиш этиладиган илмий-маърифий муассаса. Унга астрономик ҳодисаларни ярим шарни эслатувчи гумбаз кўринишидаги экранда кўрсатувчи аппарат ўрнатилади. Ойлаб ва йиллаб кечадиган ҳодисаларни планетарийда бир неча дақиқада кўриш мумкин. Биринчи планетарий 1925 йилда 7 май куни Германиянинг Мюнхен шаҳрида очилган. Шу муносабат билан 2023−2025 йилларда Халқаро планетарийлар куни 7 майда байрам қилинмоқда. Аслида ушбу сана ҳар йили март ойининг иккинчи якшанбасида нишонланади.
У 60 йил аввал очилган бўлиб, 2003 йили «қайтадан туғилган» — 20 йил муқаддам планетарий тўлиқ қайта қурилиб, янгитдан фаолият бошлаганди. Шундан бери унинг айланма шаклидаги кузатув зали хилма-хил экспозициялар билан тўлдириляпти.
Муассаса кўпроқ болалар учун мўлжаллангани боис деворларидаги хилма-хил экспонатлар биринчи галда коинот, ундаги жисмлар, улар билан боғлиқ тушунчалар (масалан, буржлар нега Қисқичбақа, Эгизаклар ёки Ўқотар деб номланиши) ҳақида бирламчи, содда тасаввурни ҳосил қилишга ёрдам беради.
реклама
реклама

Масалан, Қуёш системасидаги сайёралар жойлашуви кўрсатилган деворий экспонат система марказида Қуёш туришию, унинг атрофида саккизта сайёра айланишини кўрсатади. Айни вақтда унда Ердан бошқа бирор сайёранинг табиий йўлдош (Ой)лари кўрсатилмаган. Умуман олганда, нега бундай қилингани ҳам тушунарли — ахир Юпитернинг 95 та Ойини бирма-бир жойлаштириб чиқишнинг ўзи бўлмайди.
2018 йили очилган «Фазогирлар бурчаги» экспозицияси Юрий Гагарин инсоният тарихидаги биринчи космонавт, Валентина Терешкова эса космосга учган илк фазогир аёл экани, космонавтлар орасида асли қирғизистонлик ўзбек Солижон Шарипов ҳам борлиги ҳақида маълумот беради. Уларнинг мум ҳайкаллари советларга хос космик кеманинг кичрайтирилган макети атрофига ўрнатиб чиқилган.

Аммо бу экспозиция ҳам мутлақ ҳақиқатга даъво қилмайди, унинг асосий вазифаси — биринчилар ким экани ҳақида маълумот беришдир. Экспозицияда космонавтлар худди космосда юргандек кўрсатилган бўлса-да, улар орасида фақат Солижон Шарипов космик кемадан ташқарига — очиқ космосга чиққан.
Кузатув зали бўйлаб ўрнатилган стендлар, баннерлардан нафақат биринчи космонавтлар, балки Галилео Галилей (дарвоқе, Юпитернинг 95 та табиий йўлдошидан энг катта тўрттаси — Ио, Европа, Ганимед ва Каллистони айнан у кашф этган), Никола Коперник, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек ҳамда бошқа олиму космонавтлар ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.
Планетарийда 2016 йили Мирзо Улуғбекка бағишланган алоҳида бурчак ташкил этилган: унда Улуғбек расадхонасининг макети билан бирга ўз шогирдлари даврасида илмий мажлис ўтказаётган Мирзо Улуғбекни кўриш мумкин. Олим ва унинг шогирдлари ҳайкаллари Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган.
Дарвоқе, «Фазогирлар бурчаги»да космонавтларнинг ёнида космосга инсонлардан аввал учирилган ва Ерга омон қайтган энг машҳур жониворлар — Белка ва Стрелка лақабли итларнинг ҳайкаллари ҳам қўйилган.
Умуман, кузатув зали деворларига ўрнатилган махсус думалоқ стендларда космик тадқиқотларга жалб этилган бошқа жониворлар (маймундан тортиб, сичқону ҳашаротларгача), космосда текширилган ёки етиштирилган ўсимликлар, ишлатилан буюмларнинг макетларини ҳам кўриш мумкин.
Муассаса бош услубиятчиси Мадина Азимованинг айтишича, планетарийда йилдан-йилга катта ўзгаришлар, янги экспозициялар ташкил этилмоқда. Хусусан, 2023 йилги Космонавтика куни (12 апрель)да «Марсоход» (Марсда ҳаракат қилишга мўлжалланган қурилма) макети очилди. Планетарийнинг янги биноси очилганига 20 йил тўлиши ва Мустақиллик байрамига бағишланган тадбирларда яна янги макетлар қўйилиши кутилмоқда.
Марказда «Марсоход»
Планетрийнинг юраги — бу унинг кўрсатув залидир. Даниялик астроном Сванте Элис Стрёмгрен (1870−1947) планетарийларнинг айнан шу «сеҳрли» қисмини назарда тутиб: «Бу — бир вақтнинг ўзида ҳам мактаб, ҳам театр ва кино; бу худди осмон гумбази остидаги синфхона, актёрлари осмон жисмлари бўлган бир спектаклдир», деганди.
Тошкент планетарийсининг 80 кишига мўлжалланган кўрсатув залида коинот, сайёралар, юлдузлар, галактикалар ҳақида ҳикоя қилувчи махсус дастур қўйиб берилади. Дастур 2021 йили Германиядан келтирилган Optoma қурилмаси орқали 3D форматда, аудитория хоҳишига қараб ўзбек, инглиз ёки рус тилида намойиш этилади.
реклама
реклама
«Дастурни 3D форматда томоша қиларкан, ташрифчилар кўрган ва эшитганлари таъсирида ўзини худди космосда юргандек ҳис қилиши мумкин», — дейди Мадина Азимова.
Планетарий якшанбадан ташқари ҳар куни 9:00 дан 17:00 гача ишлайди. Кириш нархи — 10 минг сўм. Нафақахўрларга 50 фоизлик чегирма бор. Кекса нуронийлар ва ногиронлиги бор одамларга бепул хизмат кўрсатилади.

Кўрсатув зали 80 кишига мўлжалланганига қарамай, беш киши тўпланса ёки 50 минг сўм тўланса, дастур қўйиб берилади.
Тошкентда сўнгги йилларда «планетарий» ёки «планетариум» деб атайдиган бошқа муассасалар ҳам очилди. Мадина Азимова Тошкент планетарийси билан улар ўртасида фарқ борлигини айтади. Биринчидан, Тошкент планетарийси кўп йиллик тарихга эга, ҳар бир деталь, экспонат кўп йиллар давомида тўпланган.
Иккинчидан, Тошкент планетарийсида экспонатлар, макетлар, стендлар кўпроқ. Учинчидан (бу энг асосий фарқ), «планетариум»ларга кириш нархи 30−40 мингдан бошланиб 70−80 минг сўмгача етади, Тошкент планетарийсига кириш эса каррасига арзон.
Мадина Азимова планетарийлар қанча кўп бўлса, шунча яхши эканини, бу аҳолининг, айниқса болаларнинг коинот ҳақидаги билим ва тасаввурларини бойитишга, уларнинг космонавтика, астрономияга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилишини таъкидлайди: «Ажаб эмас, планетарийлар янги космонавту астрономлар пайдо бўлишига хизмат қилса!».
Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи – Мадина Аъзам / «Газета.uz».
Муҳаррир – Муҳрим Аъзамхўжаев.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda