Қандай қилиб Нидерландия университети талабаси бўлиш мумкин?

Карина Даулбаева ҳикояси
Қандай қилиб Нидерландия университети талабаси бўлиш мумкин?
Карина Даулбаева ҳикояси

2022 йилда Карина Даулбаева Европанинг энг машҳур ОТМлардан бири — дунёдаги энг яхши 50 та таълим муассасалари қаторидан ўрин олган Амстердам университетига ўқишга кирди. «Хориж дипломи» лойиҳаси доирасида у қандай қилиб Нидерландияга кўчиб ўтгани, талаба харажатлари ва голландларнинг турмуш тарзи ҳақида сўзлаб берди.

2022 йилда Карина Даулбаева Европанинг энг машҳур ОТМлардан бири — дунёдаги энг яхши 50 та таълим муассасалари қаторидан ўрин олган Амстердам университетига ўқишга кирди. «Хориж дипломи» лойиҳаси доирасида у қандай қилиб Нидерландияга кўчиб ўтгани, талаба харажатлари ва голландларнинг турмуш тарзи ҳақида сўзлаб берди.

Хориж дипломи
«Хориж дипломи» — бу дунёнинг турли мамлакатларига ўқишга кетган ўзбекистонлик талабаларнинг ҳикояларидан иборат лойиҳадир. Улар университет ва грантлар топиш, имтиҳонларга тайёргарлик кўриш, ҳужжатлар топшириш, хорижда ўқиш ва яшашнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, хориждаги таълимнинг уларнинг ҳаётига таъсири ҳақида сўзлаб беришади.

Рукнимизнинг янги меҳмони Карина Даулбаева бўлди. У 2022 йилда Нидерландиядаги Амстердам университетига (UvA) ўқишга кирди. Ҳозирда «Медиа ва коммуникациялар» факультетида таҳсил олмоқда.

Ўқишга кириш босқичлари ҳақида

Чет элда ўқиш истаги 6-синфда ота-онам мени Тошкентдаги Британия мактабига ўтказишганида пайдо бўлган. Европа ва дунёнинг турли мамлакатларидан бўлган ўқитувчилар бизни британ тизими бўйича ўқитишди. Дарсларда улар тез-тез ўз ватанлари, маданияти, менталитети ва яшаш тарзлари ҳақида сўзлаб беришарди. Шундай қилиб, йил ўтгани сари ўзимни илғор қарашлар ва танлаш эркинлигига эга ғарб фикрлаш тарзига тобора яқинроқ ҳис қила бошлаётганимни англаб етдим.
Амстердамдаги талабалар кутубхонаси
2021 йилда 12-синфни тамомлаганим билан A-Level имтиҳонлар туркумига (Буюк Британия умумий таълим дастурига кирувчи икки йиллик ўқув курси — таҳр.) топширдим. Юқори синф ўқувчилари танловига кўра 3-4 тадан фан бўйича имтиҳон топширишади. Имтиҳон шакли 11-синф битирувчилари топширадиган ягона давлат имтиҳонини эслатади. A-Level имтиҳонларини аъло топшириб, 1000 дан ортиқ хорижий университетлар, жумладан, энг яхши британ, Европа, Осиё, Америка ОТМларига ўқишга кириш мумкин. Бундай сертификат билан бизга дунё эшиклари очилди, деса бўлади.

Аммо ўша йили пандемия туфайли кўплаб мамлакатларнинг чегаралари ёпилди ва фақат онлайн тарзда ўқиш мумкин эди. Мен дам олишга қарор қилдим ва вақтни бой бермаслик учун резюмейимни бир нечта хорижий компанияларга юбордим. «Экспо 2020» лойиҳасининг HR-менежери мен билан боғланди. Унгача Дубайда жаҳон кўргазмаси бўлаётганини билмасдим ҳам. Менга кўргазма ҳудудида жойлашган ресторанда хостес лавозимини таклиф қилишди. Мен рози бўлдим, биринчидан, мен учун чет элда ишлаш қизиқ бўлган, иккинчидан, бу ўзимни синаб кўриш ва мустақил ҳаётга қанчалик тайёр эканлигимни тушуниш учун яхши имконият эди.
Дубайда етти ой ишладим. Шу вақт ичида медиа ва коммуникациялар соҳасида кўплаб мутахассисларни учратдим. Уларнинг ишга ижодий ёндашуви, ижодий лойиҳалар яратиш жараёни менга ёқди. Келажакда мен ҳам шу йўналишга киришни хоҳлаётганимни англадим, чунки хорижий университет дипломи карьера истиқболимни кенгайтиради ва халқаро компанияларда ҳам ишлашга имкон беради.

Қайтганимдан сўнг ўзимга мос университетларни қидира бошладим. Мен Англиядаги тўртта университетда тўхтадим, чунки уларни ва Амстердам университетини бизга мактабимиз тавсия қилган эди. У ўзининг медиа ва коммуникациялар факультети билан машҳур, шунингдек, Европанинг энг яхши университетларидан бири ҳисобланади ҳам. Уни ақатгина машҳурлиги учун эмас, балки турмуш даражасининг юқорилиги учун ҳам танладим. Мактабимизнинг география ўқитувчиси Голландиядан эди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатининг меъморчилиги гўзал, иқлими қулай, одамлари бағрикенг, атроф-муҳитга ғамхўрлик қилади. Бундай муҳит мени ўзига жалб этмай қолмади.
реклама
реклама
Ўқишга топшириш учун бир дунё ҳужжатларни тўплаш керак эди. Ҳеч қандай имтиҳон ёки суҳбат бўлмади, чунки менда қарийб барча Европа мамлакатларида қабул қилинадиган A-Level сертификати бор эди. Аризани май ойида Нидерландияга ўқишга кирадиганлар учун ягона сайт орқали топширдим: рўйхатдан ўтдим, шаклни тўлдирим ва ҳужжатларни юкладим.
Ўқишга кириш учун зарур бўлган ҳужжатлар
1
Хорижга чиқиш паспортининг сканер қилинган нусхаси
2
Мактаб аттестати ёки диплом
Таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг нотарал тасдиқланган инглиз тилидаги таржимаси. Мен аттестат ўрнига имтиҳон натижаларимни юкладим.
3
Инглиз тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат
Энг ками 92 балл бўлган TOEFL ёки энг камида 6,5 бўлган IELTS сертификатлари қабул қилинади. Мен британ тизими бўйича таҳсил олганим учун тил бўйича имтиҳон топширишимга ҳожат бўлмади.
4
Мотивацион мактуб
Барча ўқишга кирувчилар учун мажбурий бўлган банд. Қабул қилиниш эҳтимоли мактубнинг сифати ва ишончлилигига боғлиқ. Мен нима учун ушбу йўналишни танлаганим, шунингдек, келажак учун режаларимни ёздим. Магистратура учун қўшимча равишда камида битта тавсия хати талаб қилинади.
5
Банк ҳисоб рақами мавжудлиги тўғрисидаги маълумотнома
Университетнинг ўзи сиздан ўқиш ва турар жой учун тўлаш имкониятига эга эканлигингизга ишонч ҳосил қилиш учун сўрайди.
Қабул қилинганим тўғрисида бир ойдан кейин билдим. Ҳар куни университетга кирганлар рўйхатини текширардим, то ўша ерда ўз исмимни топмагунимча. Ўша пайтда қандай ёрқин ҳис-туйғуларни ҳис қилганимни тавсирлаб беролмайман, чунки ўқишга кириш — бу мақсад йўлидаги биринчи босқич, энг қийини олдинда эди. Ота-онам танловимни қўллаб-қувватлагани ва ҳар нарсада менга ёрдам берганидан жуда миннатдорман.

Биринчи навбатда дадам билан банкка бордик, ҳисобда 10 минг долларга яқин пул борлиги тўғрисида маълумотнома олдик. Кейин яшаш учун жой топишим керак эди. Университет ётоқхонасида бўш иш ўринлари бор эди, шунинг учун ариза топшириш вақтида хонани бронь қилиш имкониятига эга бўлдим.
Талаба визасини миграция хизмати орқали расмийлаштирдим. Ушбу хизмат ҳужжатларимни университетга етказди. Икки ойдан кейин виза олдим. Энг яқин консуллик жойлашган Қозоғистонга бориш ва паспортимга муҳр бостиришим қолди. 24 август куни Амстердамга учдим.

Аэропортда нафақат эркинликни, балки ҳаётим учун катта масъулиятни ҳам ҳис қилдим. Кампусда менга хонамни кўрсатишди. Шу билан ўзим билан ўзим қолдим. Бу ерда талабаларга жойлашиш ва шаҳар бўйлаб экскурциялар ўтказишга ёрдам бериш одатий ҳол эмас. Биринчи кундан бошлаб ўз муаммоларингизни ўзингиз ҳал қилишни ўрганишингиз керак.
Амстердам университети кампуси
Голланд таълим тизими ҳақида

Нидерландия — бюджет давлати эмас, бу ерда бепул ўқишнинг қарийб имкони йўқ. Шартномам йилига 9000 еврони ташкил этади. Қабул қилингандан стипендия дастурларини қидирдим, лекин ҳеч бирига тўғри келмадим. Грантга ҳужжат топширган абитуриентлар ўқув дастурининг барча талабларига жавоб бериши керак. Улар одатда университетлар томонидан ўрнатилади. Яхши академик кўрсаткичларга эга бўлган талабалар Holland Scholarship ёки Orange Tulip Scholarship рақобатбардош стипендиялари билан қисман таъминланишлари мумкин.
Таълим тизими чет элликлар учун инглиз тилидаги кўплаб курслар ва дастурлар билан ўзига жалб қилади. Ўқиш 1 сентябрда бошланади.

Университетларда аризаларни қабул қилишнинг ягона муддати йўқ. Аксарият ҳолларда университетлар бир ўрин учун рақобат, кампусдаги жойлар мавжудлиги ва бошқа ҳолатларга қараб уларни ўзлари белгилайдилар. Аммо ҳужжатларни топширишнинг охирги муддати кўпинча апрель-май ойларига тўғри келади.
Нидерландиядаги барча ОТМларни тадқиқот университетлари ва амалий фанлар университетларига бўлиш мумкин. Амалий университетларда ўқиш талабаларни меҳнатга тайёрлашга қаратилган. Дастурлар амалий кўникмаларга эга бўлиш имконини беради ва университетдаги машғулотлар мажбурий амалиёт ҳамда лойиҳа ишлари билан мужассамлаштирилади. Бакалавр даражаси одатда 4 йил давом этади ва 240 кредитдан иборат.

Агар магистратурада ўқишни давом эттиришни режалаштираётган бўлсангиз, тадқиқот университетлари сизга амалий университетлардан кўра кўпроқ мос келади. Уларнинг дастурлари академик кўникмаларни ривожлантириш ва илмий мартабага тайёрлашга қаратилган. Курснинг давомийлиги ҳам фарқ қилади. Бизнинг университетимизда бакалавр даражасини 3 йил ичида 180 кредит билан ҳам олиш мумкин.
Академик ўқув йили икки семестрга бўлинган. Машғулотлар ҳафтада беш кун, семинарлардан кўра кўпроқ маърузалар билан ўтказилади. Мен ҳафтасига икки марта уч соатлик семинарларга қатнашаман. Маърузалар онлайн форматда ёзиб олинади ва уларни уйдан туриб тинглаш, сўнгра аудиторияда тинглаган мавзуингиз бўйича жавоб бериш мумкин.

Талаба барча талабалар кириши шарт бўлган мажбурий фанлардан ташқари, ўзига фанларни танлаш ҳуқуқига эга. Одатда биринчи йилда танлашга иккита курс берилади. Ўқишнинг иккинчи ва учинчи йилларида эса қўшимча курслар олиш, йўналишларни ўзаро умумлаштириш ва бир вақтнинг ўзида амалиётдан ўтиш мумкин. Семестр охирида талабалар имтиҳон топширишади ёки илмий иш ёзишади. Ҳозир профессорим билан ўз соҳам бўйича иккита тадқиқот ишини тайёрлаяпман ва уларни май ойининг охирида топширишим керак. Талабалар йилига икки марта таътилга чиқишади: қишда ноябрдан январгача ва ёзда уч ой.
реклама
реклама
Талабалар ҳаёти жуда рангба-ранг. Аввало, дўстона муҳит ўзига жалб қилади. Биринчи босқич талабалари учун танишув ҳафталиги ўтказилади, унда барча талабалар ўз мамлакатларини намойиш этишлари ва уни бошқа талабаларга тақдимот қилишлари керак. Ўқиш давомида гуруҳда ишлаш ва профессионал муҳитда мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантиришга катта эътибор берилади.

Университетларда спорт секциялари, илмий марказлар, лабораториялар, ўқув бинолари, кутубхоналар мавжуд бўлиб, уларда дарсдан кейин таҳсил олиш мумкин. Талабалар зиёфат уюштириш, биргаликда байрамларни нишонлаш ва шаҳар ташқарисига саёҳатлар уюштиришни яхши кўришади. Қишда кўплаб кишилар тоғларга чиқишади ва чанғи учишади.
Амстердамнинг тунги кўчалари
Голландияликларнинг турмуш тарзи ҳақида

Голландияда талаба бўлиш қийин ва қиммат. Ойлик харажатлар 1000 дан 2000 еврогача бўлиши мумкин. Биринчи йил, айниқса, қимматга тушади. Хуллас, келганимдан кейин бутун ҳафта ҳужжатлар учун елиб-югурдим. Аввало, Голландияга яшаш учун келган ҳар бир чет эл фуқароси рўйхатдан ўтиши ва BSN ёки шахсий идентификация рақамини олиши керак. Бу коммунал тўловларни тўлаш, банк ҳисобини очиш, иш ҳақи ва суғурта олиш учун зарур.

реклама
реклама
Кейинги қадам — тиббий суғурта ва ишлаш учун рухсатномани расмийлаштиришдан иборат. Яхши хабар шундаки, бу ерда талабалар учун меҳнат бозори жуда ривожланган. Халқаро талабалар ҳафтасига 16 соат ёки икки кун ишлашлари мумкин. Шунинг учун келганимдан бир ой ўтгач, мен қаҳвахонада бариста бўлиб ишлай бошладим. Ҳозир ресторанда менежер бўлиб ишлайман. Талабалар одатда официант, бариста ва стюардесса сифатида ишлайди. Улар меҳнатга муносиб тўлайдилар — бир ҳафта ичида 200 евродан кўпроқ пул ишлаб топиш ва масалан, ижара ҳақини тўлаш мумкин.
Амстердамдаги энг катта муаммолардан бири, бу — турар жой топишдир. Ҳатто маҳаллий аҳоли ҳам ҳар доим ҳам квартира топа олмайди, талабалар учун эса икки баравар мушкул. Биринчидан, ётоқхонадан жой талабаларга фақат бир йилга берилади. Кейин ўзингиз квартира ёки студияни ижарага олишингиз керак. Иккинчидан, квартирани ижарага олиш учун талаба иш билан таъминлангани ва барча харажатларни қоплашга қодирлигини исботлаши керак.
Мен ОТМ ётоқхонасида ёлғиз яшайман. Ўз ошхонаси ва ҳаммоми бўлган студияни ижарага олганман. Яшаш нархи ойига 565 евро. Бу Амстердам учун жуда арзон, чунки одатда ижара 1000 евродан бошланади. Ҳозир дугонам билан яшаш учун жой қидиряпман. Университетим Амстердам марказида жойлашган, шунинг учун шаҳар ташқарисида яшаш ноқулай, чунки йўл бир томонга тахминан бир соатни олади.
Велосипедлар — Нидерландияда асосий ҳаракатланиш воситасидир. Менга бу маданий стереотипдек туюлди, лекин бир неча кун яшаб кўрганимдан сўнг маҳаллий аҳолининг икки ғилдиракли транспортни қанчалик яхши кўришини англаб етдим. Бу ерда велосипедлар одамлардан кўра кўпроқ. Йўлларда велосипедчилар автоуловчилар ва баъзан ҳатто пиёдаларга нисбатан устунликка эга. Бу, асосан, жамоат транспорти ва бензин нархи, спорт турмуш тарзи ва атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабат билан боғлиқ.

Шаҳар бўйлаб кўплаб велосипед ижараси нуқталари мавжуд. Мен велосипедни Swapfiets хизмати орқали ойига 18 еврога ижарага оламан. Ҳар хил сайтлардан арзон велосипед сотиб олиш ҳам мумкин, лекин улар катта эҳтимоллик билан ўғриланган бўлишини ҳисобга олинг. Бу ерда велосипедларни ўғирлаш жуда оммалашган, шунинг учун эҳтиёт бўлиш ва уни ишончли тарзда қулфлаб қўйиш керак.

Бундан ташқари, фақат рухсат этилган жойларгагина қўйиб кетиш жуда муҳим, акс ҳолда велосипедингиз учун тунда махсус машина келиб, уни олиб кетади, сиз эса жаримага тортиласиз. Ўз транспортингизни қайтариб олиш йигирма беш еврога тушади. Буни имкон қадар тезроқ қилиш керак. Агар эгаси уч ҳафта ичида велосипедини олиш учун келмаса, у қайта ишлашга юборилади.
реклама
реклама
Голландияликлар атроф-муҳитга чин юракдан қайғуришади. Бу ерда ёзилмаган қоида бор: табиий бўлган ҳамма нарса — табиатга қолдирилиши керак. Ахлат йиғиш, сув каналларини тозалаш ва ўсимликлар экиш учун махсус кунлар белгиланган. Шаҳарда дарахтлари ва ўриндиқлари бўлган кўплаб яшил боғлар барпо этилган, уларда дам олиш ва вақтни кўнгилли ўтказиш мумкин.

Энг муҳими — ахлат ташламаслик. Бу ерда ахлатни нотўғри жойга ташлаганлик учун жарима қарийб бир ойлик ётоқхона нархи билан бир хил. Агар чиқиндини махсус идиш ёки қутигача олиб бормасангиз, эртаси куни полициячи эшигингизни тақиллатади ва камида 100 евро жарима ёзиб кетади. Фуқароларнинг аксарияти қонунга жуда итоаткор ҳамда барча қоидалар ва тартибларга риоя қилинишини диққат билан кузатиб борадилар. Шунинг учун эътибордан аниқ четда қолмайсиз.
Бу ҳушёрликнинг яхши томони ҳам бор: Нидерландия дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлардан бири ҳисобланади. Бу ерда жиноятчилик жуда паст кўрсаткичга эга, полиция эса ҳамиша самимий ва ёрдам беришга тайёр. Маҳаллий аҳоли ҳам жуда хушмуомала.

Нидерландия — интернационал давлатдир. Унинг маданияти чет элдан бу ерга кўчиб келган одамларнинг анъаналари билан қоришиб кетган. Бунинг шарофати билан дунёнинг хилма-зил давлатларидан дўстлар топишингиз мумкин. Менинг мулоқот доирам асосан худди шундай чет эллик талабалардан иборат.
Дўстлар билан учрашув
Амстердамда турли хил паблар, ресторанлар, кафелар ва талабалар учрашадиган бошқа жамоат жойлари кўплаб топилади. Иссиқ кунлари дарёлар ва каналлар бўйлаб қайиқда сайр қилишингиз, маҳаллий парклар ёки бу ерда «ўрмон» дейиш одатга айланган боғларда дам олишингиз мумкин.

Ёзда маҳаллий аҳоли соҳилда сузишни ва қуёшда тобланишни яхши кўришади. Қишда шаҳар маркази жонланади, кўчалар байрамона безатилиб, ярмаркалар ўтказилади. Менга Нидерландиянинг қайиқлар ва кемалари, қирғоқ бўйлаб ўрнатилган тегирмонлари ва денгизга қараган уйчалари бўлган шимолий қисми жуда ёқади. Келажакда Италия, Франция ва Бельгия бўйлаб саёҳат қилиш учун яхши маошли иш топмоқчиман.
Чет элда яшаш менга нимани хоҳлаётганимни тушуниш имкониятини берди. Бегона давлатда ўзингизни топишингиз жуда қийин. Аммо вақт ўтиши билан танишлар орттирасиз, маҳаллий маданият билан танишасиз, тилингизни яхшилайсиз, қўшни мамлакатларга саёҳат қиласиз ва тобора кўпроқ янги муҳитга шўнғийсиз, энг муҳими — мустақил бўлишни ўрганасиз ва улғаясиз. Барча яқинларингиздан узоқда бу ҳаётда ҳамма нарса ўзингизга боғлиқлигини тўлиқ тушуниб етасиз. Бу, эҳтимол, мен ўрганган ва ҳозиргача ўрганишда давом этаётган энг катта сабоқдир. Менимча, уни тўлиқ ҳис қилиш учун бир йил етарли эмас.
Амстердамдаги круиз порти
Чет элда ўқишни истаган ҳар бир кишига, аввало, кўчиб ўтишга ва ҳаётингизни ўзгартиришга қанчалик тайёр эканлигингизни ўйлаб кўришингизни маслаҳат бераман, атрофингизда содир бўладиган ҳамма нарса учун жавобгарликни ўз зиммангизга ололасизми? Чет элда ўқиш, айниқса биринчи йил, ҳамма ҳам бардош бера олмайдиган синовга айланади. Ушбу «орзуни» идеаллаштирманг, пушти рангли кўзойнакларни бир неча кун ўтибоқ олиб ташлаш керак бўлади. Ота-онангиз сизнинг ўрнингизга қилган ишларни энди ўзингиз бажаришга мажбур бўлишингизга тайёр бўлинг: ўз бюджетингизни бошқариш, уй ижарага олиш, тўловларни амалга ошириш, уй-рўзғор ва соғлиқ муаммоларини ҳал қилиш, шунингдек, ўқиш ва катта эҳтимол билан ишлаш. Албатта, ҳамма нарсани охиригача олдиндан кўришнинг иложи бўлмайди, ахир сиз қийинчиликларга дуч келасиз, бироқ ҳаётда сўзсиз асқотадиган бебаҳо тажрибаларга эга бўласиз.
Матнни Фарзона Хамидова тайёрлади.
Рус тилидан Санжар Саид таржимаси.
Иллюстрация: Элдос Фазилбеков / «Газета.uz».
Суратлар Карина Даулбаеванинг шахсий архивидан олинди.

Барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda