Қандай қилиб Малайзия университетларига ўқишга кириш мумкин?
Рустам Юнусов ҳикояси
Нефть конлари компанияси менежери Рустам Юнусов 2023 йилда Малайзиянинг Петронас университетига ўқиш учун жўнаб кетди. «Хорижий диплом» лойиҳаси доирасида у университетни танлаш жараёни, қатъий дарс жадвали ва миллий таълим тизими, бепул даволаниш ва арзон яшаш харажатлари хусусида сўзлаб берди.
Нефть конлари компанияси менежери Рустам Юнусов 2023 йилда Малайзиянинг Петронас университетига ўқиш учун жўнаб кетди. «Хорижий диплом» лойиҳаси доирасида у университетни танлаш жараёни, қатъий дарс жадвали ва миллий таълим тизими, бепул даволаниш ва арзон яшаш харажатлари хусусида сўзлаб берди.
Хориж дипломи
«Хориж дипломи» — бу дунёнинг турли мамлакатларига ўқишга кетган ўзбекистонлик талабаларнинг ҳикояларидан иборат лойиҳадир. Улар университет ва грантлар топиш, имтиҳонларга тайёргарлик кўриш, ҳужжатлар топшириш, хорижда ўқиш ва яшашнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, хориждаги таълимнинг уларнинг ҳаётига таъсири ҳақида сўзлаб беришади.
ERIELL халқаро нефть конлари компанияси менежери Рустам Юнусов 2023 йил январь ойида денгизда бурғулаш йўналиши бўйича магистратура босқичида таҳсил олиш мақсадида Малайзиянинг Петронас техника университетига жўнаб кетди.
Хорижга ўқишга топширишнинг сабаблари ҳақида

2010 йилда нефть ва газ иши йўналиши бўйича Тошкент давлат техника университетини (ТДТУ) тамомладим. Шундан сўнг Россия олий ўқув юртларида таҳсил олиб, яна иккита дипломга эга бўлдим: 2014 йилда нефть ва газ иши ихтисослиги бўйича Ухта давлат техника университетини битирдим, 2022 йилда эса Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетида энергетика бизнесини бошқариш бўйича MBA даражасини олдим.
Курсдошлар билан
Учта диплом менга нефть ва газ қудуқларини бурғулаш соҳасида ўз каръерамни қуришим учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди. 12 йил давомида Россиянинг Узоқ Шимоли ва Ўзбекистонда ERIELL Group нефть конлари компаниясида фаолият олиб бордим ва лойиҳаларга раҳьарлик қилдим. Бироқ, узоқ хорижда таълим олиш ҳақида илгари сира ўйлаб кўрмагандим. Ёш, оила қуриш ва барқарор иш ҳақидаги стереотиплар ушбу таваккалнинг амалда имконли эканлигига ишонишимга ҳалақит қилган. Қолаверса, атрофимда хорижда ўқиган ва менга намуна бўла оладиган кишилар бўлмаган.

2022 йил мен учун бурилиш нуқтаси бўлди. Компаниядаги фаолиятимни давом эттириш ва хорижий лойиҳаларда иштирок этиш учун малакам ва инглиз тилини билиш даражамни ошириш вақти келганини англадим. Бунинг энг яхши йўли хорижда ўқиш эди. Раҳбарият билан маслаҳатлашиб, фаолиятимда танаффус олдим ва муносиб вариантларни излай бошладим.
реклама
реклама
Нега Малайзия?

Дунё бўйича денгизда бурғулаш йўналишига ихтисослашган университетлар унчалик кўп эмас. Энг машҳур ва нуфузлиларидан бири — Малайзиядаги Петронас Техника Университетидир (UTP). У худди шу номдаги миллий нефть ва газ компаниясига тегишли.

Университетда кўп йиллик тажрибага эга профессор-ўқитувчилар фаолият олиб боради ва талабаларга танланган йўналиш бўйича имкон қадар амалий билимлар беради. Шунингдек, эътиборимни тортган жиҳатлардан яна бири шу бўлдики, университет талабаларни Schlumberger, Halliburton, Valesto ва Sapura Energy каби халқаро компанияларга амалиётга юборади, қолаверса, Shell ва Exxonmobil`дан рекрутерларни таклиф этади.

Сифатли ва ҳамёнбоп таълим беришдан ташқари, Малайзия мени хорижлик талабалар учун мамлакатда яшаш харажатларининг арзонлиги, маҳаллий аҳоли инглиз тилида гаплашиши ва шариат қонунлари асосида яшаганлиги боис соғлом турмуш тарзига амал қилиши билан ўзига тортди. Бундан ташқари, бу ернинг иқлими қулай ва хавфсиз.
Малайзия университетлари йилига уч марта қабул эълон қилади: май-июнь, ноябрь-декабрь ва февраль-март. Ҳужжатларимни октябрь ойи охирида абитуриентларга хорижий университетларга киришда ёрдам кўрсатувчи агентлик орқали топширдим. Мендан керакли ҳужжатлар тўпламини йиғиш ва хизмат ҳақи сифатида 150 доллар тўловни амалга ошириш талаб этилди. Бироқ, университетнинг расмий сайти орқали мустақил равишда ариза топшириш ҳам мумкин.
Ўқишга топшириш учун ҳужжатлар тўплами
Малайзия университетларига топширилаётган барча ҳужжатлар инглиз тилига таржима қилинган ва нотариал тасдиқланган бўлиши зарур.
1
Паспорт нусхаси
2
Тегишли диплом ёки шаҳодатнома баҳолар транскрипти билан биргаликда
3
Инглиз тилини билиш сертификати
Қабул учун талаб этиладиган минимал даража — IELTS 6.5 ёки бошқа тизимларда айнан шу эквивалентдаги балл
4
Стипендия ёки молиявий тўлов лаёқатини тасдиқловчи маълумотнома
5
Тавсияномалар
6
Мотивацион хат
7
Резьюмели портфолио
Декабрь ойининг охирида университетдан ўқишга қабул қилинганим тўғрисида хат олдим. Талабалик визасини e-visa платформаси орқали онлайн тарзда расмийлаштирдим. Уч ҳафта ўтгач, почтамга тасдиқланганлик тўғрисида хат келди ва шу хат билан Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилдим. Уч кун ичида виза тайёр бўлди. Малайзияга 7 январда учиб кетдим ва уч кундан кейин университетда дарслар бошланди.
Курсдошлар билан
Малайзия таълим тизими ҳақида

Малайзияда таълим кўплаб Ғарб ва Осиё мамлакатларидагига қараганда сезиларли даражада арзон. Хусусий таълим муассасаларида ўқиш нархи 25 минг доллардан ошиши мумкин, давлат университетларида эса ундан икки баравар арзонроқ. Давлат университетларида бакалавриатда бир йиллик ўқиш нархи ўртача 3−8 минг доллар, магистратурада — 5−10 минг доллар. Нархлар университет ва мутахассисликка қараб фарқ қилади.
Барча Малайзия университетларини давлат, хусусий ва хорижий, масалан, Австралия, Буюк Британия, Ирландия ва Хитой университетларининг филиалларига бўлиш мумкин.
Шу билан бирга, давлат университетлари орасида кўп тармоқли, илмий-тадқиқот ва ихтисослаштирилган университетлар фаолият олиб боради. Биринчи тоифадаги университетлар турли соҳаларда, хусусан, гуманитар, ижтимоий, табиий ва аниқ фанлар ҳамда бошқа йўналишлардаги курсларни таклиф қилади. Иккинчи ва учинчи тоифадагилар кўпроқ илмий-тадқиқот фаолиятига йўналтирилган ва талабаларни академик каръерага тайёрлайди.
реклама
реклама
Бакалавриат тўрт йил давом этади. Биринчи йил Foundation Year деб номланади ва талабаларни университетга тайёрлаш бўйича мажбурий дастурни ўз ичига олади, бу эса уларга мамлакатга мослашиш, тил кўникмаларини ошириш ва маҳаллий таълим тизимини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Шундан сўнг талабалар мажбурий тармоқ фанлари ҳамда қўшимча фанларни танлашади ва ўрганишади.

Магистратурада ўқиш муддати одатда муайян курс ва фан соҳасига қараб бир йилдан икки йилгача давом этади. Менинг университетимда ўқув дастури бир йилга мўлжалланган бўлиб, шундан тўққиз ойида талабалар университетнинг ўзида таҳсил оладилар, қолган уч ой давомида эса маҳаллий ёки хорижий компанияларда амалиёт ўтайдилар. Диплом олиш учун талабалар ўз илмий-тадқиқот лойиҳаларини тайёрлайдилар ва топширадилар.
Денгиздаги нефть платформасига жўнаб кетиш
Малайзия университетларида ўқув йили икки семестрдан иборат: январдан майгача ва июндан ноябргача. Катта ҳажмдаги маълумотлар ва тиғиз дарс жадваллари сабаб ўқиш даври талабалар учун жуда қийин кечади. Менинг машғулотларим эрталаб соат 9 да бошланади ва кечки соат 5 да тугайди. Тушлик учун фақат бир соат вақт берилади.

Ҳафтада тўрт кун маърузалар тинглаймиз, жума куни эса имтиҳон топширамиз. Машғулотлардан сўнг талабалар одатда дарс мавзуларини ўзлаштирадилар, қўшимча адабиётлар ўқийдилар ва тестларга тайёргарлик кўрадилар — тестда аниқ ифодаланган ёзма жавоблар талаб этилади. Бундан кўзланган мақсад — талабалар дарсда ўтилган материални қай даражада ўзлаштирганини текшириш. Ҳар бир семестр охирида якуний имтиҳонлар ўтказилади. Имтиҳондан йиқилган тақдирда, талаба ўқишдан четлатилиши мумкин.
Малайзиядаги таълим тизими коррупциянинг ҳеч қандай кўринишига ўрин қолдирмайди. Бу ерда ҳеч ким билан «келишиб» бўлмайди. Мисол учун, сессиялар давомида имтиҳон варақалари сиз ва сизнинг академик муваффақиятларингиз билан қизиқмайдиган назоратчи томонидан қабул қилинади ва текширилади. Бундан кўзланган мақсад — барча баҳолар имкон қадар ҳолисона қўйилишини таъминлаш.

Гуруҳ раҳбари, ёки бу ердагидек тьютор деб атайдиган бўлсак, ҳеч кимга ёрдам бермайди ва баҳоингизни кўтариб қўйишни сўрамайди. Машғулотлар пайтида ўқитувчи аудиторияни тарк этган тақдирда, бирорта ҳам талаба кўчириш ёки ёрдам бериш учун ўз жойидан қимирламайди. Қилиш мумкин бўлган ягона иш — барчасини ўзингиз ўрганиш ва имтиҳонларни мустақил топшириш. Агар сиз ўқишга етарлича вақт ва эътибор ажратмасангиз, университетни тамомлай олмайсиз.
Гуруҳдошлар билан
Талабалик ҳаёти ҳақида

Менинг университетим шаҳар чеккасида, жунгли ўрмони орасида жойлашган, лекин Ипох шаҳридан унчалик узоқ эмас. Бу бор диққат-эътиборимни ўқишга қаратиш, бўш вақтимда эса ҳам тоза ҳавода, ҳам шаҳарда бирдек дам олиш имконини беради. Аксарият талабалар дам олиш кунлари талабалар автобусларида шаҳарга боришади. Қолган кунлари эса кундалик эҳтиёжлар учун зарур бўлган ҳамма нарсани кампусда топиш мумкин. Бу ерда дўконлар, кафелар, спорт заллари, кутубхона ва ҳатто истироҳат боғи ҳам бор.

Университет ўз талабаларига дарсдан ташқари машғулотларнинг кенг танловини таклиф этади — таэквондодан тортиб, расм чизиш курсларигача. Унинг ҳудудида футбол стадиони, баскетбол майдони, бадминтон зали, теннис корти, бассейн ва бошқа спорт секциялари мавжуд. Талабалар асосан жанг санъатини афзал кўришади.

Талабалар дарсдан бўш вақтларида тил курслари, мусиқа, рақс, адабий-бадиий тўгаракларга фаол қатнашади. Ташаббускор талабалар хоҳловчилар учун мунозара клубларини ташкил қилишади. Агар сиз илгари буларнинг ҳеч бири билан шуғулланиб кўрмаган бўлсангиз ҳам, университетда ўзингизни янги йўналишларда синаб кўриш учун ажойиб имконият бўлади.
Кутубхона — университетдаги энг гавжум жой. Машғулотлар тугагандан сўнг, барча талабалар жой банд қилишга улгуриш мақсадида кутубхонага чопишади. Бу ерда улар уй вазифаларини бажаришади ёки дарслардан дам олишади.
Университет кутубхонаси
Малайзияда талабалар университет ётоқхоналарида яшашади. Кампуслар эркаклар ва аёллар кампусларига ажратилган ва қаттиқ қўриқланади. Хоналар икки кишига мўлжалланган, умумий ошхона ва ҳаммом мавжуд. Бутун ҳудудда чексиз интернет мавжуд. Мен покистонлик талаба билан яшайман. Ётоқхона учун ойига 100 доллар атрофида пул тўлайман. 50 долларга, нисбатан арзонроқ вариантларни ҳам топиш мумкин.

Вақт ва жиҳозлар етишмаслиги сабабли ошхонада камдан-кам овқат тайёрлайман. Университет ошхонасида мазали ва арзон нархда овқатланиш мумкин. Тўйимли тушлик 2−3 долларга тушади. Шунингдек, ётоқхоналар ёнида жойлашган талабалар кафеларига ҳам кириш мумкин. Кундалик харажатлар учун кунига ўртача 10 доллар, ойига эса 200 доллар сарф бўлади.
Университет биносида махсус клиника мавжуд бўлиб, кечаю кундуз навбатчи шифокор топилади. Талаба шифокор кўриги учун ID-карта ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин. Талабалар учун даволаниш ҳатто маҳаллий шифохоналарда ҳам бепул.
Малайзиядаги талабалик ҳаёти менга инглиз тили кўникмаларимни яхшилаш ва асосий мутахассислигим бўйича малака ошириш, шунингдек, денгизда бурғулаш соҳасида зарур билимларни эгаллаш имконини берди. Қолаверса, маълумотларни таҳлил қилиш ва Python дастурлаш тилини ўзлаштирдим.

Лекин қаерда бўлмайин, ҳамиша жонажон ва серқуёш Ўзбекистондан яхшироқ жой йўқлигини тушунаман. Ҳозир нефть-газ корпорацияларида ишга жойлашиш бўйича музокаралар олиб бораяпман. Келажакда она ватанимга қайтиб, ERIELL Group`даги фаолиятимни давом эттириш ниятидаман.
Петронас Техника Университети
Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб, хорижда ўқиш истагидаги барчага инглиз тилини чуқур ўрганишни маслаҳат берган бўлардим, чунки университетда сиз илмий терминология, мураккаб грамматик гап қурилиши ва ўқитувчиларнинг турли хил талаффузларига дуч келасиз.

Ўқишга кириш учун тайёргарликни бир ёки ҳатто икки йил олдин бошлашни маслаҳат бераман. Ва энг муҳими, вақт ва имкон борида ўқиш керак. Талабалик йилларингизни ўйин-кулги, иш ва кераксиз машғулотларга сарфламанг. Кўпроқ ўқинг ва ўзингизни ривожлантиринг. Шундай гап бор: одам талабалик йилларида қанчалик камбағал бўлса, ўқишни тамомлаганидан кейин шунчалик бой бўлади, яъни барча саъй-ҳаракатларингиз каррасига ўзини оқлайди. Эсингизда бўлсин, ёшингиздан қатъи назар, ўзингизни синаб кўриш ва таълим олиш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди.
Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.
Рус тилидан Назарбек Назаров таржимаси.
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Фотосуратлар Рустам Юнусовнинг шахсий архивидан.
«Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda