Ёғингарчиликни
рақамлаштириш
Шаҳарни сув босиши муаммосини Тошкент қандай ҳал қилмоқчи?
Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти пойтахт ирригация-дренаж тизими объектларини электрон харитага туширди. Мутахассислар ушбу тизим нималардан иборат экани, нега Тошкентни мунтазам сув босаётгани ва мазкур муаммони қандай ҳал қилиш режалаштирилаётгани ҳақида «Газета.uz»га сўзлаб берди.
Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти пойтахт ирригация-дренаж тизими объектларини электрон харитага туширди. Мутахассислар ушбу тизим нималардан иборат экани, нега Тошкентни мунтазам сув босаётгани ва мазкур муаммони қандай ҳал қилиш режалаштирилаётгани ҳақида «Газета.uz»га сўзлаб берди.
Шаррос ёмғирлар Тошкентнинг мунтазам равишда сув остида қолишига сабаб бўлмоқда. Апрель бошидаги давомли жала оқибатида кўп қаватли уйларнинг ҳовлилари ва ертўлалари сув остида қолди. Расмийлар шаҳар дренаж тизимини таъмирлаш ҳақида 2015 йилдан бери гапиради. Баҳорда президент бу муаммони бартараф этиш дастурини ишлаб чиқиш ҳақида яна бир бор кўрсатма берди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти ушбу оғриқли масала устида 2021 йилдан буён шуғулланиб келмоқда.

Департамент директори Алексей Хен ва унинг ўринбосари Камолиддин Файзуллаев «Газета.uz»га берган интервьюсида дренаж, ирригация ва ёмғир сувларини оқизиш тизимлари, улар бир-биридан қандай фарқланиши, уларни ўрганиш давомида мутахассислар қандай муаммоларни аниқлагани ва энди уларни қандай ҳал қилмоқчи экани ҳақида сўзлаб берди.
Рақамли ривожланиш департаменти қандай қилиб ирригация-дренаж тизимига боғланиб қолгани ҳақида сўзлаб берсангиз.
Алексей Хен: Департаментимиз 2021 йилдан бери мавжуд. У аввалбошданоқ шаҳарни бошқариш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида ташкил этилган. Биз, жумладан, барча инфратузилма объектларини ҳам рақамлаштирамиз, ирригация-дренаж тизимлари эса шаҳар инфратузилмасининг бир қисми ҳисобланади.

Муҳандислик нуқтаи назаридан, дренаж, ирригация ва ёмғир сувларини оқизиш тизимлари — шаҳар инфратузилмасининг энг мураккаб жабҳаси. Уларни рақамлаштириш қулай турмуш шароитларини яратишга ва каттагина бюджет маблағларини тежашга ёрдам беради.

Икки йил аввал, матбуотда шаҳарни сув босаётгани ҳақидаги хабарлар чиққач, мен картографларимизга мазкур масалани ўрганиш ҳақида топшириқ бергандим. Биз дарҳол тизимни рақамлаштиришга киришгандик.
реклама
реклама
Камолиддин Файзуллаев: Гап шундаки, тизим объектларининг маълум бир қисми ер остида жойлашган. Улар 1970−1980 йилларда қурилган бўлиб, схемалари чеклов грифларига эга ва фақат хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган. Бу схемаларни ўзида сақлаб келаётган ташкилотлар уларнинг грифларини ҳали ҳам қайта кўриб чиққан эмас.
Лойиҳа институтларининг олдига ҳам шаҳарни сув босиши муаммосини ҳал қилиш вазифаси қўйилмаганми?
Алексей Хен: Мен ирригация ва дренаж тизими объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш лойиҳасининг бир қисмини кўргандим. Уни 2014 йил 30 майдаги жаладан кейин 2015 йили «УзГАШКЛИТИ» институти ишлаб чиққан. Аммо Тошкентдаги жадал қурилишларни инобатга оладиган бўлсак, ҳозир бу ҳужжат қанчалик долзарб, деган савол ҳам туғилади.

Камолиддин Файзуллаев: Улар қандайдир реконструкция вариантини таклиф қилган бўлса керак, аммо уларнинг таклифларига, афтидан, кўп ҳам эътибор беришмаган.

Биз янги маълумотлар йўқлигини тушуниб етгач, уларни ўзимиз тўплай бошладик. Шу мақсадда Тошкентнинг ирригация, дренаж ва ёмғир сувларини оқизиш тизимларига у ёки бу даражада алоқадор барча ташкилотларнинг мутахассисларини таклиф қилдик. Бундай ташкилотлар нақ 25 та экан! Улар учтаси Автойўл қўмитаси таркибидаги, иккитаси шаҳар ҳокимлиги тизимидаги, 8 таси Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси тизимидаги, 12 таси эса туман ободонлаштириш бошқармалари таркибидаги ташкилотлар эди.

Ушбу ташкилотларнинг мутахассислари ўзлари жавобгар бўлган ариқлар, коллекторлар, каналлар, гидропостлар ва бошқа объектлар қаерда жойлашганини кўрсатиб берди. Кимдир ўз чизмаларини кўтариб келди, бошқалар эса шаҳар харитасидан кўрсатиб берди. Департаментимиз геодезисти Қобил Каримбоев барча маълумотларни базага киритди ва ҳар бир участкага масъулларни, объект турларини, тармоқларнинг йўқ қилиб юборилган қисмлари ва бошқа маълумотларни рақамли харитага чиқариб берди.
Алексей Хен: Яъни, жавобгар кўп, лекин қарорларни тезкор қабул қилиб, вазифа ва топшириқларни барча масъуллар ўртасида тақсимлаб турадиган ягона мувофиқлаштирувчи йўқ экан.
Муаммоларга ўтишдан аввал ирригация-дренаж тизими ўзи нима, нималардан иборат экани ҳақида айтиб берсангиз.
Камолиддин Файзуллаев: Ундай бўлса, келинг, тарихдан бошлаймиз. Одамлар 2000 йил аввал Тошкентни қуришга киришаркан, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш қулай бўлгани учун ҳам шу ҳозирги жойни танлаган. Тошкент сувнинг бутун шаҳар бўйлаб бир хил — шимоли-шарқдан жануби-ғарбга томон оқишига имкон берадиган яхши рельефга эга.

Тошкентга асос солган одамлар аҳолида сув бўлиши учун махсус бир канал қазиган. Биз ҳозир бу канални Бўзсув деб атаймиз. У Чирчиқ дарёсидан сув олади. Тошкентда Бўзсув далаларни суғориш учун кўплаб ариқларга бўлиниб кетган. Шаҳардан чиқиб, улар яна бир бутунга айланади ва Сирдарёга қуйилади.
Мана шундай суғориш тизими 1960 йилларга қадар ўзгаришсиз сақланган. 1966 йилги зилзиладан кейин шаҳарда дренаж ва ёмғир сувларини оқизиш тармоқлари қурила бошлаган ва маиший канализация реконструкция қилинган.

Маиший канализация нима эканини ҳамма билса керак. Бошқа атамалар нимани англатишини аниқлаб олайлик. Ирригация тармоғи суғориш ва яшил ҳудудларни сув билан таъминлаш учун керак.

Дренаж тизими эса ерости сувлари даражасини оптимал кўрсаткичда сақлаб туриш учун зарур. Ёғингарчилик тупроққа сингган вақтда ерости сувларининг даражаси кўтарилади. Агар сув ер сатҳига яқин келиб қолса, тупроқнинг шўрланиши бошланади. Бу эса бинолар ҳолати ва ўсимликлар қопламига салбий таъсир кўрсатади. Ва аксинча — агар ерости сувларининг даражаси нормадан пастлаб кетса, кўп йиллик дарахтлар қуриб қолиши мумкин.
Дренажлар икки хил бўлади: горизонтал ва вертикал. Горизонтал дренаж — бу ер сатҳидан анча пастда жойлашган ҳандақ (траншея) бўлиб, сув шу ерга тўпланиб, кейин оқиб кетиши керак. Баъзида шу траншеялар томон тешиклари бор қувурлар ётқизилади ва кўмиб юборилади. Сув тешиклар орқали қувурга тушади ва у ердан одатда катта қилиб тайёрланадиган ва коллектор деб аталадиган траншеяларга бориб тушади.

Вертикал дренаж эса артезиан қудуғига ўхшайди. Фарқи — қудуқнинг чуқурлигида: артезиан қудуқлар чуқурроқ бўлади. Ерга қувур қоқилади, чуқурлик насоси ўрнатилади. У сувни юқорига ҳайдайди ва шу тариқа мазкур ускуна атрофидаги тупроқда сув миқдори пасая бошлайди.
реклама
реклама
Ёғингарчиликлар вақтида ирригация тизими ва дренаж тармоғи сувни чиқариб ташлаш учун ишлатилади, чунки сув бу тармоқларнинг қайси бири ёмғир сувларини оқизиш тармоғию, қайси бири суғориш тизиминики экан, деб ажратиб ўтирмайди. Сув ўзига физика қонунлари асосида йўл топиб кетаверади. Аммо шаҳарнинг шундай қисмлари борки, бундай жойларда ёмғир сувлари ўз ҳолича коллектор ё каналларга оқиб чиқиб кета олмайди. Бундай жойларда, одатда, инсон томонидан қурилган иншоотлар ёки ҳудуднинг микрорельефи сув йўлига тўғаноқ бўлади. Мана шундай нуқталарда ёмғир сувлари учун мўлжалланган канализация қурилади. У бетон лоток (ариқ)лар, коллекторлар, насос станциялари ва бошқалардан иборат бўлади.
Чилонзор-12 мавзеси. 1965 йилги суратда (чапда) бу ердан канал ўтганини кўриш мумкин. 2016 йили чорраҳада «Г» ҳарфи шаклидаги (кулранг томли) бино қурилди.
Чилонзор-12 мавзеси. Қаттиқ жала вақтида ушбу бино ва унга яқин жойлашган турар жойлар орасини сув босади, чунки асосий кўчадаги ёмғир сувларини оқизиб кетувчи ариққа қўшимча ариқчалар солинмаган.
Дренаж ва ирригация тармоқларини ва ёмғир сувларини оқизиш канализацияларини лойиҳалаштириш ва қуриш ўзига яраша мураккаб жараён. Бунинг учун муҳандислик-техник ўрганишлар олиб бориб, барча ерости коммуникациялар ва рельефни ҳисобга олган ҳолда жойнинг аниқ топографик режасини тайёрлаш керак.
Сиздаги маълумотлар бўйича, ҳозир Тошкентда неча километр шундай тармоқ бор?
Камолиддин Файзуллаев: Ушбу тизимларга алоқадор 25 ташкилот балансида 60 км дренаж, 206 км коллектор, 533 км ариқ ва канал, 1213 км суғориш лотоклари бор. Яна 18 км иншоот эса ёмғир сувлари канализацияси ҳисобланади.
Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси мутахассис биргина уларнинг ихтиёрида 1500 км лоток борлигини айтганди.
Камолиддин Файзуллаев: Биз маълумотларимизни ушбу барча ташкилотларнинг мутахассислари иштирокида ўтказган хатловларимиз асосида олганмиз. Имкониятдан келиб чиқиб, ушбу объектларни 1977 ва 1992 йилги хариталар бўйича текшириб ҳам чиқдик. Ободонлаштириш бошқармаси ихтиёрида қоғозда балки шунча объект бордир, аммо жойида-чи? Ким ва қачон инвентаризация ўтказган? Ўша 1500 км лотокнинг харитаси борми?

Бундан ташқари, биз Тошкентдаги коллекторларнинг 5,8 километри ва ариқларнинг 28,3 километри эгасиз эканини аниқладик. Бу участкаларнинг борлигини ҳамма билади, аммо улар учун ҳеч ким жавоб бермайди. Катта эҳтимол билан, ушбу объектлар айнан шу ташкилотларнинг балансида бўлган, аммо бугунги кунга келиб қандайдир сабабларга кўра бу жойлар унутилган. Бундан ташқари, турли қисмларига ҳар хил ташкилотлар эгалик қиладиган объектлар ҳам бор. Шу туфайли, уларга хизмат кўрсатишда қийинчиликлар юзага келади.
Кўп хонадонли уйлар ҳовлилари ва маҳаллалардаги лотоклар — алоҳида мавзу. Улар юқорида санаб ўтилган ташкилотлар балансида эмас. Авваллари кўп қаватли уйлар олдидаги лотокларга турар жой-хизмат кўрсатиш идоралари (ЖЭКлар) қараган. Улар давлат бюджети томонидан молиялаштириладиган давлат ташкилотлари эди. Ҳозир маҳаллалар ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари (УЖМШ)лар бундай объектларга қараб, зарурат туғилса қура оладими? Шудир масала.
Нега шаҳарни сув босяпти?
Алексей Хен: Сабаблар ҳар хил. Биз ҳар бир жаладан кейин сув тошган жойлар ҳақидаги маълумотларни тўплаймиз. Ахборотни ижтимоий тармоқлардан, «Халқ назорати»га келган хабарлардан ва сув босиши ҳолатларини бартараф этаётган хизматларнинг маълумотлари асосида тўплаймиз.

Сув босган жойлар харитада баллик тизим асосида акс этади: тошқин кўлами қанчалик катта бўлса, индикатор ҳам шунчалик катта бўлади; бу жойни қанчалик кўп сув босаётган бўлса, думалоқча ҳам шунчалик қизғиш бўлади.
Ҳар бир муаммога имкон қадар фотосуратини ҳам илова қилишга уринамиз. Бундан ташқари, тушган ёғин миқдорини ҳам кўрсатамиз. Ҳокимликнинг ўзига тегишли 10 та метеостанцияси бор. Ҳозир улардан иккитасига («Янги Ўзбекистон» паркида ва Халқлар дўстлиги майдонида) ҳар соатда тушган ёғин миқдорини миллиметрларда ўлчайдиган датчиклар ўрнатилган. Масалан, 2 апрель куни 4 соатда 24 мм ёғин тушган — бу бир ойлик норманинг учдан бири.
Халқлар дўстлиги майдонидаги метеостанция маълумотлари
Биз ҳар бир нуқтадаги муаммо сабабларини аниқлай оламиз. Масалан, ёдингизда бўлса, 2022 йил майида қаттиқ жала оқибатида Мирзо Улуғбек туманида Акушерлик ва гинекология илмий-тадқиқот институти олдидаги чорраҳани сув босди. У ерда сув чиқиб кетиши учун йўл йўқ эди, шу боис, коллектор қурилганича, вақтинчалик ечим сифатида ёмғир канализацияси маиший канализацияга улаб қўйилди.
Оловранг чизиқ — маиший канализация, яшил — бетон лотоклар, қизил — ёмғир канализациясининг қувури
Нима учун бундай қилмаслик керак?
Алексей Хен: Чунки тозалаш иншооти фақат канализация оқоваларини қабул қилади ва унинг қуввати маълум бир юклама ва аҳоли сонига мослаштирилган.

Бундан бошқа сабаб ҳам бор. Маиший канализациядан оқиб борган ҳамма сувлар йиғиладиган тозалаш иншоотларида канализация сувини тозалайдиган бактериялар яшайди. Улар нажасли чиқиндилардан озиқланади ва охири ўлади, ўлгач балчиққа айланади. Бу маиший канализацияни тозалашнинг табиий жараёни. Айнан мана шу бактериялар фаолияти натижасида тозаланган ва тиндирилган сувни каналларга оқизиш мумкин бўлади.

Бактериялар яшаб қолиши учун канализацияда нажасли чиқиндиларнинг маълум бир нисбатдаги миқдори бўлиши лозим. Агар сувнинг нисбати белгиланган кўрсаткичлардан ошиб кетса, бактериялар озиқланиши учун «егулик» етмай қолади. Шу тариқа канализация сувларининг тозаланиш жараёни бузилади.
реклама
реклама
Бошқа бир участкани кўриб чиқсак. Апрель бошида ижтимоий тармоқларда бир киши қайиқда сузиб, сув босган чорраҳада қолиб кетган машиналардан йўловчилар ва ҳайдовчиларни олиб чиқаётгани тасвирланган видео тарқалиб кетди. Бу чорраҳа Қорақамишда жойлашган. Унинг ёнидан Ободонлаштириш бошқармаси ва Каналлар бошқармасининг балансида бўлган канал оқиб ўтади.
Чорраҳанинг бир тарафида канал йўқ. Уни хусусий уй-жой қуриш вақтида шунчаки кўмиб юборишган. 2 апрелдаги жала вақтида канал ҳозирча мавжуд бўлган қисмидан тўлиб, кўчага тошиб чиққан, чунки сувнинг оқиб кетиши учун бошқа йўл бўлмаган.
Нуқтали чизиқ билан каналнинг қурилиш вақтида кўмиб юборилган қисми кўрсатилган.
Камолиддин Файзуллаев: Ҳозирда мавжуд бутун ирригация-дранеж ва ёмғир сувларини оқизиш тизимларининг аксарияти 1970-йилларда лойиҳалаштирилиб, 1990-йилларгача қурилган. Шундан сўнг, айниқса, 1997 йилдан кейин шаҳар кенгая бошлаган. Ўша йили Эски шаҳарда оммавий бузиш ишлари олиб борилган, унинг аҳолисига эса компенсация сифатида Қорақамишдан ерлар берилган. Ушбу участкада турар жойлар қурилганига ҳали унчалик ҳам кўп бўлмаган.

Алексей Хен: 2008 йилдан кейин хусусий уй-жой қурилишига қўйиладиган талаблар соддалаштирилган. Ташкилотлар ҳам, аҳоли ҳам сув қаерга чиқиб кетишини лойиҳа босқичидаёқ инобатга олишлари керак, албатта. Аммо шахсий манфаат йўлида умумшаҳар мулкига масъулиятсиз ва бефарқ муносабатда бўлиш оқибатида сув оқиб кетиши учун мўлжалланган объектлар кўмиб юборилган.
Сергели туманидаги «Номданак» ва «Хонобод» маҳаллалари. Нуқтали чизиқ билан каналнинг кўмиб юборилган қисми кўрсатилган.
Камолиддин Файзуллаев: Лойиҳа институтлари қаердан қайси канал оқиб ўтиши, қаерда қайси коллектор жойлашганини аслида ёддан билади. Аммо ушбу коммуникацияларни сақлаб қолишнинг амалий механизми йўқ. Нима қилиш мумкин эмаслиги эса ҳеч қаерда ёзилмаган. Мабодо қаердадир ёзилган бўлса ҳам, бу нормалар ишламайди. Каналларни ёпиб, кўмиб ташлашда жисмоний ва юридик шахсларга ҳеч нарса халал бермайди.

Алексей Хен: Агар электр, газ, сув, телефон каби муҳандислик коммуникацияларига уланмоқчи бўлсангиз, бунинг учун рухсат оласиз, қайси трансформатор ёки газ тақсимлаш пунктига уланишингиз мумкинлигини сўраб суриштирасиз. Аммо дренаж ва ёмғир сувларини оқизиш тармоқларига уланиш тартиби шунчаки унутиб юборилган. Каналлар бошқармаси энг яқиндаги канал ёки коллектор жойлашувидан келиб чиқиб, қаердан уланиш мумкинлигини айтади, аммо бу ишлар қандай бажарилганини якунда ким назорат қилади? Бу масала тегишли ташкилотлар томонидан қурилиш босқичида ҳам, объектни давлат қабули жараёнида ҳам мониторинг қилиб борилиши керак.
Канал, ариқ ва коллекторларни ўз балансида сақловчи ташкилотлар ихтиёрида таъсир кўрсатиш воситаларининг йўқлиги ҳам алоҳида бир мавзу. Агар сув тармоғи кўмиб юборилган бўлса, улар бор-йўғи участка инспекторига ёки экология бошқармасига шикоят қилиши мумкин, холос. Аммо канал, ариқ ва коллекторларни ўз балансида сақловчи ташкилотларнинг билдиришича, уларнинг шикоятларига одатда ҳеч ким тайинли муносабат билдирилмайди.

Экология бошқармасида жаримага тортиш ҳуқуқи бор. Улар баённома расмийлаштириб, сўнг жарима солади. Масалан, дарахтлар бўйича. Аммо сув тармоқларини ўз балансида сақловчи ташкилотларда бундай ваколат йўқ.
Ал-Хоразмий ва Сўгалли ота кўчалари кесишмаси. Яшил чизиқ билан ариқлар кўрсатилган. Улар кўмиб ташланмаган, аммо сув барибир чорраҳада тўпланади, чунки ариқларгача бўлган йўлни тополмай қолади. Чорраҳа атрофида қурилиш ишлари амалга оширилган, аммо ариқларгача лотоклар ётқизилмаган.
Бу муаммога қандай ечим таклиф қиласиз?
Камолиддин Файзуллаев: Биз биринчи галда дренаж, ёмғир сувларини оқизиш ва ирригация тизимига мансуб барча объектларни хатловдан ўтказишни таклиф қилдик. Бунинг учун жойига чиқиб, мазкур объектларнинг аҳволига баҳо бериш, созлигини текшириш, объектларни паспортлаштириш ишларини амалга ошириш керак — тармоқнинг узунлиги неча километр, объект қандай материалдан қурилган, қайси қисмлари йўқ қилинган — шу кабиларни аниқлаш керак. Ушбу ўрганишларни эгасиз участкаларда — маҳалла ва мавзеларнинг ичкарисида ҳам олиб бориш керак. Шундан сўнг бу объектларни ўз балансида сақловчи янги — бир ё иккита ташкилотни белгилаш керак. Қанча кам бўлса, шунча яхши.
реклама
реклама
Алексей Хен: Рақамли ривожланиш департаменти рельеф, қурилмалар ҳамда шаҳарнинг асфальт ва бетон қопламасидан келиб чиқиб, ёмғир сувларини оқизиб кетиш тизимининг 30 йиллик истиқболга мўлжалланган симуляцион моделини ишлаб чиқади.

Ёмғир сувларини оқизиб кетиш тизими учун мўлжалланган симуляцион моделнинг иш принципи транспорт моделиникига ўхшаш. Биз унга шаҳар рельефи харитасини, ирригация-дренаж ва ёмғир сувларини оқизиб кетиш тизимлари бўйича ўзимизда мавжуд барча маълумотларни киритамиз, шаҳарнинг меъморий қиёфаси (қурилишлари) кейинги 5, 10, 15, 20, 30 йил қандай бўлишини кўрсатамиз.

Модель сув қаерга қараб оқишини ва тармоқ қанча миқдордаги сувга бардош бера олишини кўрсатиб беради. Ҳар бир давр учун ёғингарчиликлар миқдори ва жадаллиги бўйича турлича сценарийларни танлаймиз. Модель шаҳар қай аҳволда қолиши мумкинлигини ва Тошкентни сув босмаслиги учун нималар қилиш кераклигини кўрсатиб беради, яъни, модель турли ечимларни таклиф қилади. Қаердадир коллектор қуриш керак, яна қаердадир 500 миллиметрлик қувурларни 1000 миллиметрликларига алмаштиришга эҳтиёж бор, яна бир жойда эса насослар ўрнатиш ёки борини модернизация қилиш зарур бўлади.
Камолиддин Файзуллаев: Ечим таклиф қила олиш учун мутахассисларимизни шундай симуляцион моделлардан фаол фойдаланадиган мамлакатларга ўқишга юбориш керак. Масалан, узоқ давом этадиган ёмғирлар мавсуми бор Жанубий Корея ёки Сингапурга.

Ҳозирда моделлаштириш масалалари билан геоинформацион тизимлар ва картография бўлими бошлиғи Ўткир Шерманов шуғулланмоқда. У The EPA Storm Water Management Model дастурий таъминотидан фойдаланади.
Алексей Хен: Симуляцион моделлар ҳукуматнинг катта миқдордаги маблағларни тежаб қолишига ёрдам беради. Масалан, биз Минскнинг ободонлаштириш бошқармаси тажрибасини ўрганганимизда, шундай моделлар билан шуғулланувчи компания шаҳар бюджети маблағларини тежаб қолишга қандай ёрдам бергани ҳақида ҳикоя қилиб берганди.

Уларнинг мутахассислари Беларусь шаҳарларидан биридаги мавзени сув босиши билан боғлиқ муаммони бартараф этиш бўйича лойиҳанинг асосини тайёрлаган. Лойиҳани амалга ошириш учун шаҳар маъмурияти халқаро донордан салкам 600 минг доллар миқдорида кредит олмоқчи бўлган. Компания тайёрлаб берган модель эса мавзедаги муаммони ҳал қилиш учун атиги 20 минг долларлик кичик бир ўзгаришни амалга ошириш кифоя эканини кўрсатган.

Камолиддин Файзуллаев: Тошкентнинг рельефи — сув бутун шаҳар бўйлаб фақат бир томонга оқиши — канализациялар ва ёмғир сувларини оқизиш тизимларини моделлаштириш учун жуда қулай. Масалан, гир атрофи тепаликлар, тоғлар билан ўралган шаҳарлар бор. Уларда бундай тизимларни қуриш жуда қийин ва қиммат.

Оптимал лойиҳани иқтисодчилар, қурувчилар, лойиҳачилар ва гидроиншоотлар бўйича мутахассислар билан биргаликда танлаймиз. Турли моделларни таҳлил қилиб чиқишимиз ва иқтисодий жиҳатдан асосланган вариантни танлашимиз керак бўлади.
Алексей Хен: Ҳар ёмғир мавсуми олдидан ёмғир сувларини оқизиб кетиш тизимини синовдан ўтказа олсак ҳам яхши бўларди. Авваллари Тошкентда куз ва баҳор мавсумларида ариқларга — сув оқизиш тармоғининг биринчи даражасига — сув чиқарилар ва у ўзига қандай йўл топаётгани кузатиларди. Қаердадир лоток ё коллектор тўлиб қолгандир, уни тозалашга зарурат бўлиши мумкин. Тизимни бу йўсинда текшириш худди иссиқлик марказларида ўтказиладиган синовларга ўхшайди. Бари тозаланиб, тузатилгач, ҳамма нарса мавсумга шай, деса бўлади.
Модомики бу соҳада шундай муаммоларимиз бор экан, моделни амалга ошириш самарали бўлиши учун норматив базани кучайтиришга ҳам зарурат бўлса керак?
Алексей Хен: Ўтган йили барча тизимларнинг эгасини (ўз балансида сақловчисини) аниқлаш, уларнинг сонини қисқартириш, тармоқнинг алоҳида қисмлари, масалан, мавзеларнинг ичкарисидаги бўлакларига хизмат кўрсатишни аутсорсга беришни назарда тутувчи ҳужжат лойиҳаси тайёрланган эди.

Унда барча муаммолар баён қилинган, жарималар тизими кўзда тутилган, дренаж ва ёмғир сувларини оқизиш тизимларига уланишнинг техник шартларини олишнинг янги механизми тавсифланган.
Матнни Сабина Бакаева тайёрлади.
Суратлар муаллифи: Евгений Сорочин / «Газета.uz».
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda