Экспортбоп тошбақалар салтанати
Европага сотиладиган тошбақалар
Зангиотада қандай қилиб кўпайтирилмоқда?
Экспортбоп тошбақалар салтанати
Европага сотиладиган тошбақалар
Зангиотада қандай қилиб кўпайтирилмоқда?
Ўзбекистон ҳар йили ўн минглаб тошбақа экспорт қилади. Кўпчилик бу тошбақалар табиат бағридан юлиб олинади, деб ўйлайди. Афсуски, шундай контрабандачилар ҳам йўқ эмас. Аммо тошбақаларни питомникда кўпайтирадиганлар ҳам бор. «Газета.uz» тошбақалар тутқунликда қандай кўпайтирилиши ҳақида ҳикоя қилади.
Ўзбекистон ҳар йили ўн минглаб тошбақа экспорт қилади. Кўпчилик бу тошбақалар табиат бағридан юлиб олинади, деб ўйлайди. Афсуски, шундай контрабандачилар ҳам йўқ эмас. Аммо тошбақаларни питомникда кўпайтирадиганлар ҳам бор. «Газета.uz» тошбақалар тутқунликда қандай кўпайтирилиши ҳақида ҳикоя қилади.
Ўзбекистон 2021 йилда питомникларда кўпайтирилган 40 мингдан ортиқ тошбақани хорижга экспорт қилган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда ушбу кўрсаткич икки баробарга ошган.
Шуни эътиборга олиш керакки, бу — фақат расмий экспорт рақамлари; ноқонуний (контрабанда) йўллар билан олиб чиқиб кетилган жониворлар сони ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Мамлакатда ҳозирги вақтда 35 мингдан зиёд она тошбақа сақланаётган 14 та питомник мавжуд бўлиб, уларнинг 2 таси Навоий, 1 таси Жиззах, 8 таси Тошкент вилоятларида, қолган 3 таси Тошкент шаҳрида фаолият олиб бормоқда.
реклама
реклама
Зангиота туманида Ниғмат Тожиев ва Хайрулло Зокиров асос солган Steppe Turtles фермаси қошидаги питомник — тошбақа кўпайтириш ва экспорт қилишга ихтисослашган энг йирик хўжаликлардан.
Хайрулло Зокиров
Хайрулло Зокиров тошбақа бизнеси билан шуғуллана бошлаганига 20 йилдан ошган. У 2002 йили Экология қўмитаси (ҳозирги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги)дан квота асосида тошбақалар сотиб олиб, уларни экспорт қилишни йўлга қўйган. 2011 йилдан ўзи тошбақа кўпайтиряпти.
Биринчи марта 2011 йили Экоқўмитадан квота асосида 3 мингта она тошбақа сотиб олганмиз. Кейинчалик, 2015 ва 2018 йилларда ҳам квота бўйича она тошбақалар олдик. Ҳозир хўжалигимизда Ўрта Осиё чўл тошбақаси турига мансуб 10,5 мингта она тошбақа, 26 мингта тошбақа болалари бор
Хайрулло Зокиров, Steppe Turtles тошбақачилик фермаси иш бошқарувчиси
Келгусида Ўзбекистон иқлимига чидамли яна 2−3 хил тошбақа турларини четдан олиб келиб кўпайтириш ва экспорт қилиш режаси ҳам бор.
Тошбақалар қандай яшайди?
Бир она тошбақа бир йилда бир марта 2 тадан 6 тагача тухум қўяди. Тухум олиш жараёни июнда бошланади, тошбақачалар сентябргача тухумни ёриб чиқади. Хўжаликда 2022 йили 7 485 та тухум олинган ва шунинг 6 621 тасидан тошбақача чиққан.
Хайрулло Зокировнинг таъкидлашича, питомник фаолияти давлат назоратида. Хусусан, тухумлар олинган вақтда ҳам, тошбақалар тухумларни ёриб чиққан вақтда ҳам Экология вазирлигидан мутахассислар келиб, назорат-кўрик тадбирларини ўтказиб кетади. Тошбақа болалари, уларни сақлаш шароитлари мунтазам текшириб турилади.
Зангиота тумани ҳокимлиги 2013 йили фермер хўжалигига қаровсиз ва чиқиндихонага айланиб кетган бир жойни ажратиб берган. Ажратилган жой хўжалик томонидан обод қилинган: 1,5 гектар майдонда олча ва гилос боғлари ташкил этилган, улар орасига эса тошбақаларга бериладиган сабзавотлар экилган.
2 гектар майдонга беда экилган. Шунингдек, Германиядан олиб келиб ўстириладиган ва тошбақалар менюсига киритилган уч хил ўт ҳам шу ерда етиштирилади.
Тошбақа болалари стеллажлар билан тўлдирилган, ультрабинафша нур таратадиган лампалар ўрнатилган, ҳарорати бир хил — 25−27 даража илиқда ушлаб туриладиган тўртта катта хонада сақланади. Ҳароратни бир хилда, мўътадил сақлаш учун хоналар «иссиқ пол» технологияси билан ҳам жиҳозланган.
Орасида 20 ёшлилари ҳам, 30 ёшлилари ҳам бўлган тошбақа оналари эса чуқурлиги ярим метр бўлган, турли ўт ва ҳашаклар билан тўлдирилган 40 сотихлик очиқ майдонда яшайди. Ҳудуд атрофи бетонлаб қўйилган ва улар бошқа жойга чиқиб кета олмайди.
Тошбақалар қандай боқилади?
Осон ишнинг ўзи йўқ. Тошбақа кўпайтириш ҳам осон ишдек кўрингани билан, ўзига яраша қийинчиликлари бор. Айниқса, тошбақачаларга алоҳида эътибор зарур.
реклама
реклама
«Тошбақа болалари жуда нозик бўлади, уларнинг етилиб, бемалол юришни бошлагунга қадар доимий назорат қилиб борамиз, овқатланиш менюсига қаттиқ аҳамият қаратамиз», — дейди Хайрулло ака.
Тошбақачаларга кунига бир маҳал — эрталаб соат 9 атрофида қизил лавлаги, сабзи, турп, шолғом ва ошқовоқ аралашмасидан иборат озуқа берилади. Ҳафтада икки марта «гўштли кун» — қайнатилган тухум, творог ва мол жигари қиймалагичдан чиқариб берилади. Бундан ташқари, «болакай»ларга албатта (суюқ) витаминлар ҳам бериш керак.
«Она тошбақаларнинг менюси ҳам, овқатланиш вақти ҳам бошқача. Уларга мева ва сабзавотлар йирикроқ тўғралиб ёки бутун ҳолида берилади. Емак эрталаб ёки кечки пайт берилади, куннинг иссиқ пайтлари сувдан бошқа ҳеч нарса берилмайди. «Катталар»га творог ёки тухум каби нарсалар мумкин эмас», — дейди хўжалик раҳбари.
Хўжалик ходимларининг қўшимча қилишича, тошбақаларнинг энг севимли таоми, бу — ошқовоқ ва беда.
Тошбақалар қандай экспорт қилинади?
Тошбақа болаларининг эти қотгач, яъни, туғилганидан 6−7 ой ўтиб, уларни сотиш бошланади. Ҳар йили Франция, Германия, Италия, Нидерландия, Португалия, Белгия каби мамлакатларга ўртача 10−14 мингта тошбақа боласи экспорт қилинади. Савдо асосан куз ва баҳорда бўлади — ёз ва қишда талаб сусаяди.
Питомник тошбақаларни фақат экспорт қилади, Ўзбекистонда сотишга ҳақи йўқ. Мабодо Ўзбекистонда сотишга ваколат бўлганида ҳам, талаб юқори бўлмасди, деган мулоҳаза бор. «Бизда тошбақага қизиқиш кам. Марказий Осиё менталитетида судралиб юрувчилардан кўра қушларга қизиқиш кучлироқ, назаримда», — дейди Хайрулло ака.
Ўзбекистон тошбақалари хорижга егулик ёки дори учун сотилади, деган фикр бор (ва бу фикрдан бекордан-бекорга пайдо бўлмаган). Аммо Хайрулло Зокиров бошқача фикрда — унинг айтишича, «хорижликлар тошбақа болаларини фарзанди учун харид қилади — улар уйида террариум қилиб, шу тариқа болаларда табиатга, жониворларга меҳр уйғотади».
Айни вақтда, у бир дона тошбақа боласи қанчадан сотилиши ва хўжалик бир йилда ўртача қанча даромад кўришини ошкор қилишни истамади. Аммо экспорт ҳатто пандемия даврида ҳам тўхтаб қолмаганидан, «чартер рейслар орқали бир амаллангани»дан хулоса қилинса, тошбақачилик — сердаромад иш. Баъзи маълумотларга кўра, ташқи бозорда бир дона тошбақанинг нархи 150 доллардан бошланади.
Тошбақалар хавф остидами?
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигидан маълум қилишларича, 2019 йили Ўрта Осиё чўл тошбақасининг табиатдаги сони браконьерлар сабаб кескин камайиб кетганлиги туфайли тошбақаларни табиатдан ажратиб олишга доир квота бериш тўхтатилган.

2021−2022 йилларда уларнинг сони яна нормал ҳолатга келганлиги ва ёввойи ҳолда кўпаювчи тошбақаларни экспорт қилмаслик сабабли Фанлар академияси хулосасига кўра 2022 йилда 3 мингта она тошбақа квота асосида питомникларга берилган.
Steppe Turtles фермер хўжалиги 2017 йили питомникда кўпайтирилган 2 минг тошбақани Самарқанд вилоятининг чўл ва дашт ҳудудларига қўйиб юборган. «Уларни сотиб, пул ишласак ҳам бўларди, аммо табиатдан олгач, табиатга қайтариб ҳам туриш керак», — деди Хайрулло ака. Хўжалик яқин йилларда яна бир бор шундай қилмоқчи.
Герпетолог Тимур Абдураупов 2022 йили «Газета.uz»га берган интервьюсида Қизил китобга киритилган Ўрта Осиё чўл тошбақасининг браконьерлар ва контрабандачи тадбиркорлар томонидан тартибсиз ва аёвсиз овланиши оқибатида 20 йилдан сўнг бу жониворларнинг Ўзбекистондаги популяцияси кескин камайиб кетиши мумкинлигини айтиб ўтганди.
Хайрулло Зокиров эса табиатдаги тошбақаларнинг камайишига асосан ёввойи жониворлар сабабчи, деб ҳисоблайди.
«Авваллари россиялик тошбақашунос олимлар билан тошбақалар сонини ҳисобга олиш ва ўрганиш бўйича экспедицияларга чиқиб турардим. Тошбақа болаларининг табиий шароитда сақланиб қолиши ёки кўпайиши қийинлигига ўшандаёқ амин бўлгандим», — дейди у.
Фермернинг таъкидлашича, «табиатда майда тошбақаларнинг кўпи катта бўлмай қирилиб кетади: уларни эчкиэмарлар, тулкилар, ҳар хил ёввойи қушлар овлайди, чўпонларнинг қўйлари туёқлари остида қолади».
Браконьерларнинг тошбақа овлаши ҳозир анча камайиб кетган. Аввал бу ҳақда кўп эшитардик, аммо охирги йилларда бу ҳақда деярли эшитмай қўйдим
Хайрулло Зокиров, Steppe Turtles тошбақачилик фермаси иш бошқарувчиси
реклама
реклама
Тошбақачи фермернинг бу сўзларидан сал хотиржам бўласан. Лекин улар тўла ҳақиқатдек жарангламайди. Бу гапларга тўла ишона олмайсан. Чунки авваллари тошбақа кони бўлган маълум жойларда у энди камёб, шаҳар бозорлари ва майдонларида, катта йўл ёқаларида тошбақа сотаётган «савдогарлар»ни эса ҳар вақт топиш мумкин.
Давлат назорати бор дейилгани билан, бу назоратнинг қамрови ва кучи етарли эмасдек, камига — унга ишонч йўқ. Нафақат давлат назорати, питомникларга ҳам. Жамоатчилик орасидаги: «Тошбақалар питомникларда кўпаймайди, балки табиатдан ўғирлаб келиниб, питомникларда катта қилинади», деган шубҳага тўла фикрлар асоси ҳам шу. Питомник эгаларининг гаплари ишончсиз жаранглаши ҳам шундан.
Табиатда ҳисобсиз ва кераксиз нарсанинг ўзи йўқ. Ҳар ҳас, ҳар маҳлуқотнинг ўз ўрни, маълум бир вазифаси бор. Бой берилган ҳар бир неъмат, йўқотилган ҳар бир турнинг товони бўлади. Унинг ўрнини кейин ҳеч қандай пул, экспорт кўрсаткичлари, валюта қимматликлари билан қоплаб бўлмайди. Оқибати эса оғир бўлиши мумкин. Йўқотилган нарса оддий бир тошбақа тури бўлса ҳам.

Матнни Миролим Исажонов тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda