Тошкент рамзларига чизгилар: «Қуёшли» мактаб бозори
«Қуёшли» («Солнечний») идора моллари бозори танловнинг катталиги ва нархлари хамёнбоплиги билан кўп йиллардан буён харидорларни ўзига жалб қилади. Янги ўқув йили олдидан шу ердан бозорлик қилиш кўпчилик учун одатга айланган. «Газета.uz» мухбири Жаҳонгир Азимов бозорда бўлиб, янги урфга кирган авокадоли муқовалар ва «Қуёшли» феномени ҳақида сотувчилар билан суҳбатлашди.
«Қуёшли» («Солнечний») идора моллари бозори танловнинг катталиги ва нархлари хамёнбоплиги билан кўп йиллардан буён харидорларни ўзига жалб қилади. Янги ўқув йили олдидан шу ердан бозорлик қилиш кўпчилик учун одатга айланган. «Газета.uz» мухбири Жаҳонгир Азимов бозорда бўлиб, янги урфга кирган авокадоли муқовалар ва «Қуёшли» феномени ҳақида сотувчилар билан суҳбатлашди.
Ўзбекистонда анъанавий Шарқ бозоридан-да ажабтовурроқ нарса — бу идора моллари ва мактаб анжомлари сотишга ихтисослашган шарқона бозор бўлиши мумкин. Шундай мактаб бозорларидан бири — халқ орасида «Солнечний» («Қуёшли») номи билан танилган савдо маркази Тошкент жануби-ғарбида жойлашган.

Бозорга кириш жойи кўримсизгина, боз устига хавфли ҳам. Ҳар қандай Шарқ бозори каби, «Қуёшли» ҳам йўл ёқасида жойлашган. Бозор дарвозасига «зебра» тортилган, лекин светофор йўқ. Катта ва кичик харидорлар мана шундай хавфли жойни югуриб ўтишга мажбур. Шунда ҳам ҳайдовчиларни Худо ёрлақаб, улар пиёдаларни ўтказиб юборишни лозим топиб тўхтаса. Бу ердаги тартибсиз автотураргоҳ эса вазиятни янада чигаллаштиради.
Чанг ва машиналардан чиқаётган тутун сабаб бу ерда ҳаво оғир, аммо бозор деворининг нариги томонида анча сокин ва баҳарнав нафас олса бўлади.

Шу ердаги таксистларнинг айтишларича, авваллари аҳвол бундан ҳам баттар эди. 15−20 йил аввал сотувчилар ҳозиргидек дўконларда эмас, балки очиқ майдонда темир расталарда (худди «Мовий гумбазлар» хиёбонидаги китоблар қаторидаги каби) олди-сотди қиларди. Иқтисодий ўсиш шарофати билан расталар ўрнида шлакоблоклардан кўтарилган дўконлар пайдо бўлди ва бозор ҳозирги, нисбатан қулай кўринишини олди.
Ҳозир бозор марказида тўртта дўконлар қатори бор. Ҳар бири ручкалар, қоғоз, рюкзаклар ва ота-оналарнинг хотиралари билан лиммо-лим тўлган. Ўтиш жойлари дафтар тўла қутилар билан банд қилинган. Назар энг охирги бўлиб тушадиган жойлар шифтгача пеналлар билан тўлдирилган. Қаторлар оралаб юкхонаси қоғоз билан тўлдирилган мотороллерлар ҳатто шундай кичик бозорнинг тор йўлакларига-да ўрнатилган «ётиқ полициячилар»ни оҳиста босиб ўтиб, ғизиллайди.
Мана шундай ғала-ғовур ичида болалар ота-оналаридан: «Ада, менга мана бу дафтарни олиб беринг, уни олиб беринг, буни олиб беринг», деб тинмай қистайди. Катталар ё хотиржам: «Хўп, болам», дея ёки танбеҳ бергандек: «Жим тургин», деб жавоб қайтаради.
реклама
реклама
Мактаб бозори болалар учун шунчаки ўқув анжомлари танланадиган бир макон эмас, балки ўзининг яп-янги дафтар-қаламлари билан синфдошлари олдида мақтаниш имконини берадиган бўлажак ўқув йилини ўйлаб, завқланиш онлари ҳамдир.

Бу ерда «Қуёш тизими» сотувчиларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига айланиб туради. Кўп йиллик тажрибаси самараси ўлароқ, улар бўлажак мактаб мавсумида болалар орасида қандай ручкалар урфга киришини, қайси мультфильм қаҳрамонининг сурати туширилган рюкзак тез сотилишини олдиндан билади. Сотувчиларнинг аксарияти журналистларнинг келди-кетдисига ўрганиб қолган. Баъзилари телевидение ё газетадан кўриниб қоларман дея суратга ҳам тушиб бераверади, бошқалари эса камтарлик билан: «Қўй, болам, менга тинчлик керак», деб илтимос қилади.
Ҳадича Пўлатова бу бозорда беш йилдан бери савдо қилади. Унинг оиласига тегишли унча катта бўлмаган, камтарона дўкон қаторлардан бирининг салкам охирида жойлашган.

«Қаторлар охирида мижозлар камёб маҳсулотларни топишлари мумкин. Шошаётганларнинг кўпи кўпинча дарвозадан бери келмайди. Тезда бозорлигини қилиб, кетади, тополмаган нарсасини излаб ўтиришга вақти ҳам йўқ уларнинг», — дея тушунтиради Ҳадича опа.

У оила аъзолари билан бирга йил ўн икки ой канцелярия моллари сотади, лекин бу соҳада ҳам савдо ўз чўққисига чиқадиган вақтлар бор. Одатда, бу янги ўқув йили ёки мактабларда янги чорак бошланиши олдидан кузатилади.

«Ҳар йили ҳар хил янги нарсалар урфга киради. Шундан келиб чиқиб, биз ҳам маҳсулот олиб келамиз. Масалан, бу йил авокадо сурати туширилган альбомлар, пеналлар, ўчирғичлар, умуман, шундай тасвирли ҳамма нарса «мода»да. Лекин болалар энг кўп BTS'ни (Жанубий Корея поп-мусиқа гуруҳи — таҳр.) сўрашяпти. Бундай трендлар интернетдан келяпти. Одамлар келади, сўрайди. Биз эса улар сўраган нарсани етказиб берамиз,» — дейди Ҳадича опа.
Сотувчининг тушунтиришича, трендлардан ташқари, улар сотилган маҳсулотларнинг сони ва турини ҳам таҳлил қилади. Бу бўлажак мавсумга тайёрланиш учун керак. Харидорларнинг хоҳиш-истаклари ўзгариб тургани боис ҳар бир янги маҳсулот — бу янги бир синовдек гап.

«Ҳозиргидек мавсум авжида ишлаш қийин. Дўконга бир вақтнинг ўзида болалари билан бир неча оила киради. Ўзига ёққан, керакли нарсани излаб, дўконни ағдар-тўнтар қилиб ташлашлари ҳам ҳеч гап эмас. Баъзи болалар нима хоҳлаётганини аниқ билади. Ота-онаси бошқа вариант таклиф қилса ҳам, фақат ўзи хоҳлаганини олади», — дея давом этади у.

Ҳадича опанинг айтишича, бу ишдаги қийинчиликлар кўпинча ташқи омиллар билан боғлиқ.

«Масалан, бошқа бозорлардан ҳам сотувчилар келади — мактаб бозорлари деярли ҳар бир бозорда очилади-ку. Ўша бозорларда идора моллари билан савдо қилувчи сотувчилар келиб, биздан 500 сўмдан дафтар ва 2000 сўмдан елим олиб кетади. Ўзининг бозорида эса дафтарни, дейлик, 100 сўмдан, елимни эса 10 минг сўмдан сотади. Бизнинг олдимизга келган харидорлар эса — улар одатда шаҳардаги нархларни ўрганиб келади — фақат дафтар нархларини сўрайди. Биз шаҳардагидан беш баробар қиммат қилиб „500 сўм" десак, улар бозоримиздаги ҳамма нарса шундай қиммат экан, деган хаёлга боради. Ваҳоланки, шаҳардаги 100 сўмлик дафтар — бу аслида олиб-сотарларнинг ўзига хос ўйини», — дейди сотувчи.
«Қуёшли дўконлар» орасида рус ва инглиз тилларидаги ўқув ва бадиий адабиётлар билан савдо қилувчиси ҳам бор. Қизиғи, бу ердаги нархлар шаҳардаги китоб дўконлари ёки онлайн-маркетплейслар таклиф қилаётганидан кўра пастроқ. Исми сир қолишини сўраган сотувчининг таъкидлашича, сўнгги йилларда инглиз тилидаги китобларга бўлган талаб фақат ўсмоқда.
реклама
реклама
«Нафақат инглизча, балки хитой ва корейсча китобларга бўлган талаб ҳам ошмоқда. Одалмар ўзи сўраб келяпти. Улар сўраган китоб бизда бўлмаса, номини ёзиб оламиз ва бошқа харидор ҳам ўша китобни сўраб келиб қолар деган умидда олиб келиб қўямиз», — дейди у.

Унинг айтишича, авваллари китобга бўлган талаб сустроқ эди. Бутун бозорда ўзбек тилида китоб сотадиган учта дўкон бўларди, холос. Инглизча китобларга талаб-ку умуман йўқ эди. Ҳозир эса бозорда камида 25 та дўкон китоб сотади.
«Бир вақтлар асосан рус тилидаги китобларни сотардик ва инглиз тилидаги адабиётлар савдонинг бор-йўғи 5 фоизини ташкил қиларди. Ҳозир эса талаб қарийб тенглашган. Ўзбекистонликларнинг кўпи чет элга чиқяпти, IELTS топширяпти, тил курслари кўпайган, шуларнинг таъсири сезиляпти», — дейди у.

«Atomic Habits» (америкалик ёзувчи Жеймс Клирнинг «Атом одатлар» китоби) каби ўз-ўзини ривожлантириш бўйича оммабоп адабиётлар билан бир қаторда китоб токчаларида Афлотун ва Уильям Фолкнер асарлари ҳам бор. Сотувчининг айтишича, китобларнинг бир қисми хориждан олиб кирилади, яна бир қисмининг қаердан келиши эса — «сир». Лекин ҳеч ким сотиб олмайдигна китоблар ҳам бўлади. Уларни нима қиласизлар деган саволга у елка қисиб: «Сотилмаган китоб кетади, бу ерда китоблар қолдирилмайди», — дейди.

Китоб дўконидан 30 метр нарида Бахтиёр Худойбердиев ишлайди — у рюкзак сотади. У ҳозиргина келиб тушган маҳсулотларни нархи бўйича усталик билан саралаяпти.

«Мана буниси — 100 минг сўмлик, буниси — 200 минглик. Буниси эса — арзони», — дейди у душанбадан болаларнинг елкаларида бўладиган сумкаларни конвейер мисоли тахларкан. У ишидан чалғимай, харидорларнинг саволларига жавоб беришга ҳам улгуради.
«Аслида мен Абу-Сахийда ишлайман, «Солнечний»га ҳар йили «сезон»да келамиз. Маҳсулот Хитойдан келади. Дизайн ҳар йили ўзгаради. Ўзимизга ёққанини танлаб оламиз», — дейди у.

Бахтиёр аканинг айтишича, баъзи сумкалар бизнинг «менталитетимизга тўғри келмайди».

«Биз кўриниши сипороқ нарсалар олиб келамиз. BTS гуруҳининг суратлари туширилган ола-була сумкалар бизга тўғри келмайди. Одамлар ҳам сотиб олмайди. Йўқ, сотиб оладиганлар ҳам бор, лекин кам. Бизда асосан бир хил тусли моделлар яхшироқ сотилади», — дейди у.

Рюкзаклар нархи 50 мингдан 700 минг сўмгача фарқланади. Харидорларнинг кўпи 200 ёки 300 минг сўм деган гапни эшитиб, хомуш тортади ва сумкани олган жойига қўяди. Бахтиёр аканинг айтишича, кўпчилик 100−150 минг сўмлик рюкзакларга харидор бўлиб келади.

«300 минг сўмлик сумка оладиганлар ҳам бор, лекин бунақаси камдан-кам», — дея қўшимча қилади у.

«Болалар югуриб келиб, ўзига сумка танлаётганини кўриб, кайфиятим кўтарилади. Сал инжиқ болалар бор, оғир-вазмин болалар ҳам бор. Лекин ким бўлса ҳам, нима олса ҳам, кўзидаги қувончни кўрсам, хурсанд бўлиб кетаман», — дейди Бахтиёр ака.
реклама
реклама
Улгуржи бозорда рассомлар учун мўлжалланган дўкон ҳам бор. У ҳар хил ўлчамли мўйқалам (кисть)лар, бўёқлар, ҳар хил қалинликдаги ватманлар, акварелларга тўла. Дўкон эгаси Дилшод ака «Қуёшли»да 12 йилдан бери ишлайди. У марҳум отасининг ишини давом эттирмоқда.

«Бошида биз майда нарсалар билан савдо қилардик. Ишимиз кенгаявергани сари рассомлик анжомларига ихтисослашишга қарор қилдик. Рассомлар ва ижодкор болалар бутунлай бошқа Қуёш системасида яшайди. Биз эса уларга қувват етказиб берамиз», — дейди у.
«Августнинг бошидан охиригача асосан болалар ижодиёти маҳсулотларига талаб юқори бўлади, 10 сентябрлардан кейин эса рассомлик анжомлари учун кела бошлашади. Энг яхши савдо йилнинг мана шу даврида бўлади», — дея тушунтиради у.

«Қуёшли» — Ўзбекистонда муқобили йўқ ҳодиса. Бу болалар ва уларнинг ўқув анжомларига мўлжалланган бутун бошли бозор. Сотувчилардан қандай қилиб Тошкентдан унча узоқ бўлмаган мана шундай жойда алоҳида улгуржи мактаб бозори пайдо бўлиб қолган, деб сўрасангиз, улар шундай жавоб беради: «Халқимиз билимча чанқоқ-да». Бир аёл шу саволга юзида табассум билан шундай жавоб берди: «Ўзбекистонда болаларни яхши кўришади, шунинг учун шундай бозор ҳам бор».
Матн ва фотосуратлар муаллифи — Жаҳонгир Азимов.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda