Суратда: Ossiano ресторани / Atlantis, The Palm
Дубайда
юлдузлар билан кечки овқат
Gazeta — The Michelin Guide Dubai 2026 йўлкўрсаткичидан ўрин олган, атайин саёҳатга отланишга арзийдиган ресторанлар ҳақида
Дубайда The Michelin Guide Dubai ресторанлар йўлкўрсаткичининг 5-нашри тақдим этилди. Ундан 122 та маскан ўрин олган бўлиб, шундан 20 таси — юлдузли ресторанлардир. Gazeta муҳаррири Виктория Абдураҳимова халқаро журналистлар гуруҳи таркибида тантанали маросимда иштирок этди ҳамда одатий кечки овқатни айнан нима унутилмас воқеага айлантиришини тушуниш мақсадида бир нечта «Мишлен» ресторанларида бўлди.
Дубайда The Michelin Guide Dubai ресторанлар йўлкўрсаткичининг 5-нашри тақдим этилди. Ундан 122 та маскан ўрин олган бўлиб, шундан 20 таси — юлдузли ресторанлардир. Gazeta муҳаррири Виктория Абдураҳимова халқаро журналистлар гуруҳи таркибида тантанали маросимда иштирок этди ҳамда одатий кечки овқатни айнан нима унутилмас воқеага айлантиришини тушуниш мақсадида бир нечта «Мишлен» ресторанларида бўлди.
Журналистикадаги 20 йиллик фаолиятим давомида гастрономия ҳақида ҳеч ёзмагандим. «Мишлен» йўлкўрсаткичи ҳақида билганларим эса дунёда нуфузи ёки моддий имконият сабаб жуда кам сонли одамларгина ташриф буюра оладиган энг сара ресторанларнинг қандайдир рўйхати борлиги билан чекланарди, холос. Бундай ресторанларга ташриф буюришга муваффақ бўлганлар эса буни худди Олимп маъбудлари зиёфатида бўлиб, амброзия, нектар ва бошқа ноз-неъматлардан баҳраманд бўлгандек эсга олишади. Ресторанлар рўйхатини ҳар йили бирдек ҳайрат ва даҳшат уйғотадиган аноним инспекторлар тузади ва янгилаб боради.

Виктория Абдураҳимова
Gazeta муҳаррири
«Қизил йўлкўрсаткич»нинг деярли муқаддас саналадиган мақомини кино санъати ҳам тасдиқлайди. Масалан, «Зираворлар ва эҳтирослар» (2014) ҳамда «Шеф Адам Жонс» (2015) фильмларининг бош қаҳрамонлари уни «Муқаддас китоб»га («Библия») қиёслашади. Ушбу Голливуд фильмларида ресторанларнинг келажаги ҳам, бош ошпазларнинг карьераси ҳам айнан «Мишлен» юлдузларига боғлиқ эди.
Nobu Dubai ресторани террасаси, Atlantis, The Palm.
Michelin Selected тоифаси
Ҳақиқий ҳаётда эса «Мишлен» шунчаки мақсад эмас, балки касбий ривожланиш учун зарур бўлган рағбат ва эътироф. Йўлкўрсаткич, биринчи навбатда, ошхона сифатини ҳамда шу нуқтаи назардан бош ошпаз ва унинг жамоаси маҳоратини баҳолаш учун мўлжал вазифасини ўтайди, унда қайд этилган ресторанлар сони эса муайян шаҳар ва бутун мамлакатнинг гастрономик маданияти даражасини белгиловчи кўрсаткичлардан биридир.
Ресторанларга юлдузларни ким, қандай ва нима мақсадда беради?
«Michelin қизил йўлкўрсаткичи» 1900 йилдан бери чоп этиб келинади. Уни дунёнинг етакчи шина ишлаб чиқарувчиларидан бири — Compagnie Générale des Établissements Michelin SCA (ёхуд Michelin) компанияси нашр қилади.

Дастлабки ўн йилликларда йўлкўрсаткич ҳайдовчиларга йўлда асқатган. Унинг саҳифаларида хариталар, ёнилғи қуйиш шохобчалари, устахоналар, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш жойларининг манзиллари бериб борилган. 1920 йилларнинг охирига келиб, ресторанларга оид қисм алоҳида нашрга айланди.

1926 йилда йўлкўрсаткич илк бор ресторанларга юлдуз бера бошлаган — ўшанда фақат битта юлдуз берилар эди. 1931 йилда эса муассасаларни юлдузлар билан баҳолаш ва уларни тавсиялар рўйхатига киритишнинг уч босқичли тизими жорий этилди.
Худди 90 йил аввалгидек, ҳозир ҳам йўлкўрсаткич учун аноним инспекторлар ишлайди. Улар ресторанларга оддий меҳмон сифатида ташриф буюриб, ошхонага баҳо беришади. Бу вазифани юксак даражада бажаришга профессионал тажриба имкон беради — штатдаги кўпчилик ходимлар HoReCa ёки медиа соҳасида ишлаш тажрибасига эга.

Юлдузларни бериш тўғрисидаги қарор турли инспекторларнинг турли вақтларда ресторанга қилган бир неча ташрифи якунларига кўра, жамоавий тарзда қабул қилинади.

Баҳолаш мезонлари бешта: масаллиқлар сифати, таъмлар уйғунлиги, ошпазлик техникасини мукаммал эгаллаганлик, бош ошпазнинг ўзига хос услуби ва ошхонанинг барқарорлиги — таомлар сифати узоқ вақт давомида бирдай юқори бўлиб қолиши лозим.
Битта юлдуз рестораннинг ошхонаси эътиборга лойиқ эканини билдиради. Иккита юлдуз билан ҳатто режалаштирилган маршрутни ўзгартиришга арзийдиган масканлар тақдирланади. Учта юлдузга эса бориб кўриш учун атайин саёҳатга отланишга арзийдиган ресторанлар сазовор бўлади. Баъзан гап бошқа шаҳар ёки ҳатто бошқа мамлакат ҳақида бориши мумкин.
Йўлкўрсаткичда бошқа фарқловчи белгилар ҳам бор. Масалан, Bib Gourmand 1997 йилдан буён ҳамёнбоп нархда мазали таомланиш мумкин бўлган ресторанларга берилади. Selected тоифасига эса инспекторлар сараловидан ўтган, лекин алоҳида белгиларга эга бўлмаган, ташриф буюриш тавсия этиладиган масканлар киритилади.
122 та ресторан, 38 хил ошхона:
Дубайдаги «Мишлен» йўлкўрсаткичи ўзи нима?
2026 йилга келиб «Michelin қизил йўлкўрсаткичи» 25 дан ортиқ мамлакатни қамраб олди. Марказий Осиё ҳозирча унинг географиясидан четда қолаётган бўлса, Форс кўрфази минтақасида йўлкўрсаткич БАА, Қатар ва Саудия Арабистонидаги ресторанларга юлдузлар тақдим этиб, уларни ўз тавсияларига киритиб улгурган.

«Мишлен» йўлкўрсаткичида эътироф этилган муассасалар сони бўйича 178 та билан Амирликлар етакчилик қилмоқда. Уларнинг учдан икки қисми сўнгги йилларда жаҳоннинг гастрономик пойтахти сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш устида изчил иш олиб бораётган Дубай ҳиссасига тўғри келади. Ушбу нуфузли «қизил йўлкўрсаткич» Яқин Шарқдаги фаолиятини 2022 йилда айнан шу шаҳар ресторанлари саралови билан бошлаган эди.
Октябрь ойи бошида Дубайда The MICHELIN Guide Dubai йўлкўрсаткичининг бешинчи нашри тақдим этилди. Ундан 122 та ресторан ўрин олган бўлиб, бу илк сондагига нисбатан деярли икки баробар кўп. Улар маҳаллий ва хорижлик ошпазлар томонидан ривожлантирилиб, ўзига хос тарзда талқин қилиб келинаётган дунёнинг 38 хил миллий ошхоналарини тақдим этади. Улар орасида замонавий Скандинавия ошхонасининг энг машҳур намояндаларидан бири Бьёрн Францен, турли мамлакатлардаги ресторанлари жами 18 та «Мишлен» юлдузига сазовор бўлган франциялик ошпаз Янник Аллено, ўз муаллифлик ошхонасида Марказий Осиё анъаналарига, хусусан, ўзбек помидорларига мурожаат қиладиган туркман миллатига мансуб россиялик ошпаз Арслан Бердиев ва бошқа кўплаб таниқли ижодкорлар бор.
реклама
реклама
“
«Бундай уйғунлик ўз гастрономик қиёфасини шакллантираётган ва бутун дунё пазандалик анъаналари учун очиқ бўлган Дубай шаҳрининг ўзига хос хусусиятини акс эттиради. Ривожланган меҳмондўстлик соҳаси шаҳарнинг глобал гастрономик йўналиш сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган интилиши, шижоати ва қатъиятини намоён этиб, тансиқ таом ихлосмандларига бу ерга қайта-қайта ташриф буюриш учун етарли асос беради», — деди тақдимотда Michelin йўлкўрсаткичининг халқаро директори Гвендаль Пулленек.
Бугунги кунда Дубайда уч юлдузли ресторанлар сони иккита. Trèsind Studio Street Regis Gardensʼда жойлашган бўлиб, ташриф буюрувчиларга замонавий талқиндаги ҳинд таомларини таклиф қилади ва йўлкўрсаткичдан 2022 йилдан бери ўрин олиб келмоқда. Ошхонасига бош ошпаз Ҳиманшу Сайни раҳбарлик қиладиган мазкур маскан учинчи юлдузини 2025 йилда қўлга киритди.

Япон ва Скандинавия нафаси уфуриб турган замонавий Европа ошхонасига эга, FZN Dubai by Björn Frantzén ресторани Atlantis, The Palm меҳмонхонасида жойлашган бўлиб, ўтган йили йўлкўрсаткичга илк бор киритилди — ва бирданига учта юлдузга лойиқ кўрилди.
Инспекторлар тўртта ресторанни иккита «Мишлен» юлдузи билан эътироф этдилар: Il Ristorante-Niko Romito, Row on 45, STAY by Yannick Alléno ва Orfali Bros. Рейтингнинг кўтарилиши Orfali Bros ресторанига дунёда икки юлдузга сазовор бўлган, Яқин Шарқ ошхонаси таомларини тақдим этувчи илк маскан бўлиш имконини берди.

Бир юлдузли ресторанлар сони 12 тадан 14 тага етди.

Bib Gourmand тоифасида 22 та муассаса эътироф этилган бўлса, 80 та ресторан Selected тоифасидан жой олди.
“
«Бу йилги натижалар айниқса қувонарли. Улар соҳанинг юқори стандартларни сақлаб қолаётгани ва ривожланишда давом этаётганини кўрсатмоқда. (...) Тан олинган ресторанлар ўзларига қўйилган юксак талабларни қатъий сақлаб қолмоқда, янги лойиҳалар, шу жумладан, маҳаллий лойиҳалар ҳам куч тўплаб, эътироф қозонмоқда. Буларнинг барчаси ошпазлик маҳорати ошиб бораётганидан далолат беради (...)», — деди Дубай Иқтисодиёт ва туризм департаменти (Visit Dubai) таркибига кирувчи Дубай туризм ва тижорий маркетинг корпорацияси (DCTCM) бош директори Иссам Казим.
Янги йўлкўрсаткичнинг тантанали тақдимоти 2023 йилда ҳам худди шундай тадбирга мезбонлик қилган муҳташам Atlantis The Royal меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Бу жойнинг танланишига сабаб фақатгина муваффақиятли тажриба эмас. The World’s 50 Best Hotels 2026 жаҳон рейтингида тўртинчи ўринни эгаллаган бу беш юлдузли меҳмонхона ҳудудида «Мишлен» инспекторлари эътирофига сазовор бўлган бешта муассаса жойлашган. Улардан бири таниқли британиялик ошпаз Ҳестон Блюменталь раҳбарлик қиладиган бир юлдузли Dinner by Heston Blumenthal ресторанидир. Шунингдек, йўлкўрсаткич Arinanaʼs Persian Kitchen, La Mar by Gastón Acurio, Estiatorio Milos ва Carbone Dubai каби масканларга ҳам кириб ўтишни тавсия қилади.
Дубайдаги ташриф буюришга арзийдиган
олтита «Мишлен ресторани»
Манзил: Dubai Marina, Al Emreef Street, Grosvenor House, 2-бино, 45-қават
Row on 45 ресторани Dubai Marina районидаги Grosvenor House меҳмонхонасининг 45-қаватида жойлашган. Буернинг бош қаҳрамони — халқаро фаолиятини Гордон Рамзининг ресторанлар гуруҳида бошлаган таниқли британиялик ошпаз Жейсон Атертондир. Унинг Лондондаги иккита ресторани — Maze ва Pollen Street Social (иккиси ҳам ҳозирда ёпилган) — ҳамда Нью-Йоркдаги The Clocktower ўз вақтида биттадан юлдузга лойиқ кўрилган. Дубайдаги лойиҳага эса «Мишлен» инспекторлари очилганидан тўққиз ой ўтиб — 2024 йилда бирданига иккита юлдуз тақдим этди.
Ресторан илк дақиқаларданоқ кишида чуқур таассурот қолдиради. Унинг интерьери ҳашаматли қироллик саройини эслатади: деворларга гобеленлар тутилган, юмшоқ мебелларни ҳашамдор торшерлар безаб турибди. Нигоҳ беихтиёр тилла ҳошияли суратларга тушади — синчиклаб қаралганда, уларга кимдир ҳаддан ташқари қўрслик ва беписандлик билан «тузатиш» киритгани, ҳатто шунчаки бўёқ сачратиб кетганини кўриш мумкин.
Саройга хос ҳашамат ортидан бўй кўрсатиб турган бу исёнкорона руҳ ўзига хос тарзда француз пазандачилик техникаси ва япон маҳсулотларини уйғунлаштирган Атертон ошхонаси билан ҳамоҳанг. Бош ошпаз тажриба қилишдан қўрқмайди, лекин бу шунчаки мақсад эмас. Унинг изланишлари доим аниқ ҳисоб-китоб ва қандай натижага эришишни чуқур англашга асосланади.
реклама
реклама
Кичик ва шинам бу ресторанда атиги 22 та ўрин бор. Меҳмонларни панорамали деразалар ва нафис барга эга лаунжда кутиб олиб, у ерда енгил муаллифлик тамаддиларини таклиф қилишади. Сўнгра очиқ ошхонали асосий залга кузатиб қўйишади, бу ерда асосий таомлар тортилади: ширин amaebi креветкаси, Satsuma Gyu А4 вагю мол гўшти, KUTCHAN 540 — икки градус ҳароратда 540 кун сақланган картошка, унга комбу мураббоси, оторо тунеци, икра ҳамда юдзули сабайон қўшиб тортилади. Янги ва сорбет кўринишидаги япон қовуни татиб кўрилгач, меҳмонларга кечани шинамгина кутубхонада қаҳва ва исталганча ширинликлар билан давом эттириш таклиф этилади.
Row on 45ʼга ташриф буюриш учун жами 3–4 соат вақт ажратиш керак бўлади: 17 та таомдан иборат дегустация сетини татиб кўришга 2,5 соат кетади, қолган вақтда эса ҳар жиҳатдан ажойиб бўлган бу масканни тарк этиш учун ўзингизда куч тўплайсиз.
Манзил: Jumeirah 2, Jumeirah Bay Island, Bvlgari Resort Dubai, 4-қават
Hōseki — Яқин Шарқдаги Мишлен юлдузига сазовор бўлган илк суши ресторани. Бунга ресторан 2022 йилда муваффақ бўлди ва ўшандан бери ўз мақомини мунтазам равишда тасдиқлаб келмоқда. Маскан Jumeirah Bay оролида, Bulgari Resort Dubai меҳмонхонасининг тўртинчи қаватида жойлашган. Балконидан шаҳар ва Форс кўрфази манзараси очилади.

Hōseki сўзи япон тилидан «қимматбаҳо тош» деб таржима қилинади. Ошхонага раҳбарлик қилаётган олтинчи авлод суши устаси Масахиро Сугиямани худди шундай жавоҳир деб ҳисоблаш мумкин. У Токиода туғилиб таҳсил олган, профессионал маҳоратини эса, жумладан, Sushi Kanesaka ресторанида оширган.
Ресторан omakase форматида фаолият юритади, яъни унда меҳмон таом танлашни бош ошпазга ишониб топширади. Сугияма менюни ташриф буюрувчиларнинг хоҳиш-истаклари, фасл ва тўғридан-тўғри Япониядан келтириладиган маҳсулотларни инобатга олган ҳолда тузади. Бош ошпаз таъминотчилар билан шахсий алоқаларни йўлга қўйган бўлиб, маҳсулотларни айнан муайян ишлаб чиқарувчилардан буюртма қилади ва ҳатто васаби етиштириладиган фермаларни ҳам ўзи танлайди.
Hōseki ошхонасининг бутун жозибаси, менинг назаримда, — таъмларнинг соддалиги ва софлигида бўлиб, улар хоҳ турли хил тунец, япон ставридаси, камбала бўлсин, хоҳ денгиз типратикани ёки қирол қисқичбақаси бўлсин, маҳсулотларнинг фавқулодда янгилиги туфайли тўлиқ намоён бўлади.
Катта пештахта ортида ўтириб, моҳир устанинг қандай ишлаётганини кузатиш ўзгача бир завқ: у пичоқни усталик билан ишлатади, силлиқ ва айни пайтда жуда тез ҳаракатлар билан суши ясайди. Сугияма жуда ҳазилкаш ҳамда самимий ва очиқкўнгил инсон сифатида ёқимли таассурот қолдиради.
Манзил: Jumeirah 1, Al Wasl Road, Wasl 51 Mall
Очиқ ошхонали, ихчам ва жуда шинам Orfali Bros бистроси Жумейра туманидаги Wasl 51 савдо мажмуасида жойлашган. Унга Дубай гастрономик саҳнаси юлдузлари — Суриянинг Ҳалаб шаҳридан келган ака-ука Муҳаммад, Васим ва Умар Орфали асос солган.

Улар ўз ошхонасини замонавий Яқин Шарқ ошхонаси деб таърифлайди, шу билан бирга ўзларини минтақа доираси билангина чеклаб қўймайди. Менюдан Ҳалабнинг гастрономик анъаналари, маҳаллий маҳсулотлар ҳамда турли мамлакатларнинг пазандалик усуллари ўзига хос тарзда уйғунлашган таомлар ўрин олган.
Ака-укаларнинг каттаси, ўзига ром этувчи Муҳаммад Орфали — иллюзионист-ошпаз. Унда меҳмонга таом тортишдан кўра, уйига эсдаликдек олиб кетадиган унутилмас таассурот қолдириш муҳимроқдек туюлади.
Энг ҳайратланарли пазандалик трюкларидан бири — булғор қалампиридан тайёрланган бастурма. Сирлар «фош» бўлгунига қадар ўзингизни худди ҳақиқий қоқланган гўшт еётгандек ҳис қиласиз. Ёки маккажўхори бирданига бир нечта шакл ва текстурада намоён бўладиган Corn Bomb егулиги ҳам шулар жумласидан.

Таомларнинг тортилиши ҳам ўзгача ҳайрат уйғотади. Гаспачо вариацияси — помидор, янги ва қуритилган қулупнай, кольраби, ширин нўхатдан тайёрланиб, қаршингизга яхлит муз бўлагида тортиладиган Mirage шўрвасини эса эсдан чиқариш мумкин эмас.
Алкоголсиз ичимликлар ҳам алоҳида диққатга сазовор. Ака-укаларнинг ўз ферментация лабораторияси бўлиб, у ерда комбуча, тепаче, амазаке ва бошқа ичимликлар билан тажрибалар ўтказишади. Жараёнда энг турфа хил масаллиқлар — малина ва чакандадан тортиб япон гуручи, юдзу ва дудланган олчагача ишлатилади. Ўзгачалиги билан таомлардан асло қолишмайдиган ушбу ичимликларни дегустатция тушлиги ёки кечки овқатига алоҳида сет сифатида буюртма қилиш мумкин.
Манзил: Palm Jumeirah, Crescent Road, Atlantis The Palm
Hakkasan Dubai ресторани Atlantis, The Palm меҳмонхонасида жойлашган. Бу ерда анъанавий хитойча рецептлар ва услублар янгича талқин қилиниб, замонавий кантон ошхонаси таомлари тайёрланади.

Рестораннинг энг асосий хос таоми — Пекинча ўрдак бўлиб, одамлар бу ерга айнан у учун келишади. У бутун ҳолида келтирилади ва бевосита меҳмонларнинг кўз ўнгида тилимланади. Қарсилдоқ ўрдак териси ва юмшоқ гўшти билан бирга юпқа блинчиклар, тўғралган бодринг ва кўк пиёз тортилади. Сўнг ҳар ким ўз таъбига кўра соус қўшиб, худди «тако» каби ўраб тановул қилади.
Меҳмонлар орасида димсамлар жуда машҳур. Бу — анъанавий хитойча егуликлар бўлиб, улар орасида турфа хил қиймали чучваралар ҳам бор. Hakkasanʼда улар, масалан, вагю гўшти, лобстер, денгиз тароқчаси, қисқичбақа ва сабзавотлар билан тайёрланиб, анъанавий бамбук саватчаларда ҳамда тарелкада тортилади.

Салатлардан эса қарсилдоқ ўрдак гўшти, помело, кедр ёнғоғи ва шалот пиёзидан тайёрланган Crispy Duck Salad жуда ажойиб танлов.
реклама
реклама
Ширинлик ихлосмандлари Milk Chocolate & Hazelnut Parfait — ўрмон ёнғоғи ва илиқ шоколадли пралине қўшилган, Ferrero Rocherʼни эслатувчи, лекин ундан ҳам мазалироқ бўлган шоколадли десертни албатта татиб кўришлари керак.
Манзил: Palm Jumeirah, Crescent Road, Atlantis The Royal
Estiatorio Milos ресторани Atlantis The Royalʼда жойлашган. Бу Костас Спилиадис томонидан асос солинган юнон ошхонаси ресторанидир. Илк Milosʼни у 1979 йилда Монреалда очган, вақт ўтиши билан эса лойиҳа халқаро тармоққа айланган.

Бу ерда асосий эътибор балиқ ва денгиз маҳсулотларига қаратилган. Меҳмонлар ўзлари татиб кўрмоқчи бўлган маҳсулотни бевосита танлай олишлари учун улар муз устига териб қўйилади. Маҳсулотлар Ўрта денгиз ҳавзасидан келтирилади ва асосан оддий усулда пиширилади. Масалан, балиқ грилда қовурилади ёки тузли қобиқда димлаб пиширилади.
Менюда юнон ошхонасининг бошқа таомлари ҳам бор: етилтирилган фета пишлоғи ва серсув помидорлардан тайёрланган салатдан тортиб, грилда пиширилган саккизоёқ ҳамда янги ёпилган нон билан тортиладиган анъанавий газаклар — мезегача танлаш мумкин.
Манзил: Palm Jumeirah, Crescent Road, Atlantis The Palm
Nobu Dubai ресторани Atlantis, The Palm меҳмонхонасининг 22-қаватида жойлашган. Форс кўрфази манзаралари очиладиган панорамали деразаларга эга ушбу масканда Перу таъсиридаги япон таомлари тайёрланади — бу уйғунлик бош ошпаз Нобу Мацухисанинг ташриф қоғозига айланган.

Энг машҳур таомлардан бири — мисо билан тайёрланадиган қора треска. Балиқ бир неча кунмаринадланади, сўнгра пиширилади. Натижада у ширинроқ, қизғиш қобиқли ва майин таъмли бўлиб чиқади. Яна бир ўзига хостаом — халапеньо, саримсоқ, кашнич ҳамда цитрус-соя соуси қўшилган сариқдум балиғидан тайёрланган сашимидир. Буердаги қаймоқли-ўткир соус ва юдзу билан тортиладиган темпура қисқичбақалари ҳам жуда тансиқ.
Nobuʼda таомларни умумий столга буюртма қилиш таклиф этилади: дастлаб совуқ газаклардан бошлаб, кейин иссиқ таом ёкисушига ўтиш, кечки овқатни эса ширинлик билан якунлаш мумкин.

Ширинликлар орасидаги дурдона — Miso Cappuccino. U худди капучинодек кўринади ва сопол финжонда тортилади. Майин қаҳва кўпиги остида учқаватли лаззат яширинган: ўта нозик крем-брюле, пекан ёнғоғидан тайёрланган крамбл ва ванилли музқаймоқ. Ресторанга биргина мана шу ширинлик учун ҳам келса арзийди.

Бош ошпазнинг дидига ишонишни маъқул кўрадиганлар учун эса omakase дегустатция менюси бор.

Матн муаллифи: Виктория Абдураҳимова.

Материалда муаллиф фотосуратлари, шунингдек, Дубай иқтисодиёт ва туризм департаменти (DET) тақдим этган фотосуратлардан фойдаланилди.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazetaʼга тегишли. Gazetaʼда эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан

қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda