Тошкент шаҳридаги дарахтлар сони ва яшил майдонлар ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмаслигига қарамай, шаҳарда яшиллик сезиларли даражада камайганлигига мутахассислар ва пойтахт аҳолисининг ишончи комил.
«
Ҳамма нарса пулга бориб тақалади, — дейди «Газета.uz»га Ўзбекистон ландшафт санъати уюшмаси раиси Татьяна Югай. — Шаҳарда ер — жуда катта пул туради. Истироҳат боғлари ичида меҳмонхоналар, болалар майдончалари, турар-жой мажмуалари қурилмоқда».
Ўзбекистонда қурилиш майдонлари учун ҳудудларни тозалашда бутун бошли ўрмонлар кесилмоқда. 2019 йилнинг атиги 9 ойида Экология давлат қўмитаси томонидан қурилиш эҳтиёжлари учун 63,5 минг туп дарахтни кесишга
рухсат берилган — ва бу фақат қонун доирасидагиси.
Кесилган ўсимликларнинг ўрнини қоплаш учун янги дарахтлар экиш, камдан-кам истиснолардан ташқари, ҳисобдорлик учунгина амалга оширилади. Ҳатто шаҳарларимизга боғларни қайтариш бўйича ишлаб чиқилган «Яшил макон» миллий дастурида ҳам йилига 200 миллион тупдан дарахт экиш вазифаси қўйилган, уларни ўстириш эмас. Шунинг учун дарахтлар кўпинча суғориш муаммосини ҳал қилмаган ҳолда ўтқазилмоқда.
Ўрмон хўжалиги институти илмий котиби Баҳрам Мамутовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, шахсий кузатувларига кўра, пойтахтда икки метр баландликдаги «вояга етган» кўчатлар экилмоқда, бироқ суғорилмай қолаётгани уларнинг қизиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ноодатий иссиқ ҳарорат кузатилган 2023 йилнинг июнь ойида, ҳатто вояга етган дарахтларнинг барглари ҳам иссиқдан ва сувсизликдан қовжираб қолди. Шундай экан, илдиз тизими ривожланмаган ва ҳали ер ости сувларигача етиб боролмайдиган ёш дарахтлар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?!
Татьяна Югайнинг сўзларига кўра, Тошкентда дарахтлар ёмғирлатиш усулида суғорилади — уларга сув фавворалардан ёмғирдек сепилади. Бироқ, бу усул дарахтларни эмас, кўпроқ майсазорларни суғориш учун мос, дейди мутахассис.