Қатар — иссиқ ўлка. Шуни ҳисобга олиб, саёҳатчи ўзи билан енгил кийимларни олиб, қалин кийимларни бемалол уйида қолдириши мумкин. Пулни, имкони бўлса, нақд АҚШ доллари кўринишида ёки VISA-картада сақлаш тавсия қилинади. Сабаби, Қатарда банкоматлар кам учрайди, валюта айирбошлаш шохобчаларида ҳам бироз бюрократия кузатилиши, сиздан виза ҳужжати ва паспорт сўралиши мумкин.
Қатарда соҳиллар, аква-парк ва йирик-йирик сув ҳавзалари кўп. У ерда чўмилиш кийимисиз сувга тушиш мумкин эмас. Шу сабабли очиқ оёқ кийим ва чўмилиш кийими олиш керак. Иссиқда тана куймаслиги учун енги узун кийимлар кийиш тавсия этилади. Қатарда ҳам исталган услубдаги кийимни кийса бўлади, бунга тақиқ йўқ. Лекин, маҳаллий аҳоли ўз қадриятларига мос кийинишдан воз кечмаган. Қолаверса, қуёшдан сақланиш учун крем ва соябон ҳам чемодандан ўрин олиши мумкин.
Тамаки чекувчилар учун ҳам ҳар ерда дўкон топиш бироз мушкул. Шу сабабли бу жиҳатни ҳам инобатга олиш керак.