«Қаердан келганингиз баъзан камчилик эмас, айнан устунлигингиз бўлиши мумкин».
Жаҳон банки бош офисидаги ўзбекистонлик мутахассис Нигорахон Содиқова ҳикояси
Нигорахон Содиқова Жаҳон банкининг Вашингтондаги бош офисида глобал савдо ва рақамли иқтисодиёт йўналишида ишлайди. У «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасида АҚШгача бўлган йўли, рақобатли стажировкадаги муваффақияти ва фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Нигорахон Содиқова Жаҳон банкининг Вашингтондаги бош офисида глобал савдо ва рақамли иқтисодиёт йўналишида ишлайди. У «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳасида АҚШгача бўлган йўли, рақобатли стажировкадаги муваффақияти ва фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

Таълим менга касбдан кўра кўпроқ нарса — танлаш имконини берди
«Яхши ўқишинг ёки ўқимаслигингни ўзинг танлайсан, аммо ҳар бир танлов келажакдаги имкониятларингни белгилайди». Ўсмирлигимда дадам менга бу гапни кўп такрорлардилар. Ўша пайтда мағзини тўлиқ чақмаган бўлишим мумкин, аммо бугун таълим менга берган энг катта нарса — диплом эмас, балки танлаш эркинлиги бўлганини яхши англайман. Яъни қаерда ўқиш, қайси соҳада ишлаш ва қайси йўналишдан кетишимни ўзим белгилай олиш имконияти.

Мен Тошкентдаги Вестминстер университетида халқаро савдо ҳуқуқи бўйича ўқидим. Кейин Савдо-саноат палатасида юрист сифатида иш бошладим. Дастлаб судларда тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, қарздорликларни ундириш билан шуғулландим. Кейинчалик қонунчилик йўналишига ўтдим — тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган нормаларни таҳлил қилиб, қонунларга ўзгартиришлар бўйича таклифлар тайёрлар эдим.
Шунингдек, ривожланган мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиб, уларнинг савдо-саноат палаталари ишини ўрганар, бу тажрибани Ўзбекистон шароитида қандай жорий қилиш мумкинлиги устида изланардим. Бу ердаги профессионал тажрибам давомида қонунларни фақат ҳуқуқий ҳужжат сифатида эмас, уларнинг бизнес ва иқтисодиётга реал таъсири нуқтаи назаридан кўришни ўргандим. Баъзан битта қоида тадбиркор учун янги имконият очади, баъзан эса аксинча — унинг йўлида тўсиққа айланади.

2017 йилда турмуш ўртоғим магистратурада ўқиш учун Америкага кетди. Аслида, ҳеч қачон хорижда яшашни мақсад қилмаганман. Ишим жойида, фаолиятимдан қониқардим. Аммо бир йилдан кейин ўғлим билан турмуш ўртоғимнинг ёнига кўчиб бордик.
“
Шу пайтгача ўқиб, ишлаб, ўз йўлини топган инсон сифатида Америкага келиб, уйда ўтириб қолиш фикри мени чўчитарди. Мен аллақачон нимани хоҳлашимни билар, ўқишим ва ўз соҳамда ишлашим керак эди.
Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашдик. «Қайси йўналишда ишламоқчисан, ўзингни қаерда кўрасан?», — деди. Узоқ изландим ва тушундимки, менга Жаҳон банки ёки БМТ каби халқаро ташкилотлар мос келади. Чунки Ўзбекистонда қилган ишларимни айнан шу тузилмаларда глобал миқёсда давом эттириш мумкин эди.

Бу ташкилотларга ишга кириш талабларини ўрганиб чиқдим. Асосан етакчи университетлар битирувчилари, халқаро лойиҳаларда тажрибага эга, тилларни яхши биладиган номзодларга устунлик бериларкан. Менда фақат битта нарса етишмасди — кучли магистратура таълими.

Америкадаги бир нечта университетга ҳужжат топшириб, қабул хатлари олдим, охирида Чикаго университетини танладим. Биринчидан, бу ердаги дастур бир йиллик эди. Ўша пайтда икки йил ўқиш оилавий шароитимизга тўғри келмасди. Турмуш ўртоғим эндигина магистратурани битирган, фарзандимиз бор, шунинг учун мен бемалол ўқиб юролмасдим. Иккинчидан, энг катта грант ҳам айнан шу университет томонидан таклиф қилинди. Академик репутацияси ҳам юқори эди.
Нигорахон Содиқова Марказий Американинг Белизе давлатидаги сафарда.
Қизиғи, шу университетга ҳужжат топшириш жараёнида битта жиддий муаммо бор эди — олий математика. Чикаго университетида йўналишдан қатъи назар, ҳатто ҳуқуқшунос ёки сиёсатшунос бўлсангиз ҳам математикадан имтиҳон топшириш талаб қилинади. Мен эса бакалаврнинг биринчи курсидан кейин бу фанга қайтмаганман.

Турмуш ўртоғим «Сен олдин ҳам билмайман деган нарсаларингни ўргангансан. Буни ҳам ўзлаштириб оласан» деб мени руҳлантирди. Ўзлари билан бирга шуғулланишни бошладик, параллель равишда Ўзбекистондан ҳам ўқитувчи олдик. Имтиҳондан ўтишим учун камида 70 балл керак. Буни ҳам ўзим учун бир «челленж» деб қабул қилиб, уч ой давомида жуда қаттиқ тайёрландим. Буни қарангки, 97 балл олибман.
“
Шунда бир нарсани англадим — агар ўзимга аниқ мақсад қўйсам, қанчалик қийин бўлмасин, охиригача борарканман. Балки ёдлаб олгандирман, балки вақтинчалик ўргангандирман, ҳозир сўрасангиз, ҳеч нарсани бажаролмасман, лекин имтиҳонга кириб мураккаб статистик масалаларни ечиб чиққанман.
Шу тариқа Чикаго университетининг «Давлат сиёсати таҳлили ва халқаро савдо» (Public policy analysis and international trade) йўналишида ўқишни бошладим.

Жаҳон банкида стажировка
Ўқишнинг дастлабки кунларданоқ Жаҳон банки ва БМТга ўзимни таништириб, стажировка ўташ истагим ҳақида хатлар ёздим. Уч ойдан кейин Жаҳон банкида «Бизнес фаолиятини тартибга солувчи қонунлар ва инвестициялар» (Bunisess regulations and invesment) йўналишида онлайн стажировкам бошланди.

Бу турдаги ташкилотларда сифатли ишлар ва ташаббуслар жуда муҳим. Уларга топшириқ бажарадиган эмас, балки жараённи ўзгартирувчи, янгилик киритувчилар керак. Рақобат жуда кучли эди. Халқаро ташкилотларга келганда атрофингизда ривожланган давлатлардан, нуфузли университетларни битирган кучли мутахассислар бўлади.
Улардан янги қарашларни ўрганиб, янада ривожланишингиз мумкин. Тўғри, аввалига ўзингизни солиштириб, «Менда улардаги имкониятлар бўлмаганку», деб ўйлаб ҳам қоласиз. Аммо жараён сизга бошқача хулосалар ҳам беради.

Ўша пайтда рақамли савдо бўйича глобал датабаза яратиш устида ишлардик. 2020 йил, пандемия даври — электрон савдо фақат Амазон билангина чекланиб қолмай, бутун дунё бўйлаб кенгайишни бошлаган пайт. Биз рақамли савдони ривожлантириш учун мамлакатларда қандай шароит ва қонунлар бўлиши кераклигини ўрганяпмиз.
Шу жараёнда тескари нарсани тушундим. Айнан менинг Ўзбекистонда туғилиб, ривожланаётган мамлакат муҳитини ичидан билганим устунлигим экан. Шунинг учун мен масалага фақат Вашингтон ёки ривожланган давлат нуқтаи назаридан қарамасдим.
“
Ўзимга оддий саволлар берардим. Тошкентда бу ишлаши мумкин, лекин вилоятлардачи? Интернет етарли бўлмаса, oдамларда рақамли кўникмалар йўқ бўлсачи? Онлайн тўлов тизими ишламасачи? Истеъмолчи интернетдан маҳсулот сотиб олганда унинг ҳуқуқини ҳимоя қиладиган қонун бўлмасачи?
Made on
Tilda