Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Ўзимизникилар
Рассом Рональд Кляйер — Нидерландия ва Ўзбекистондаги ҳаёт, оддий нарсалардаги кўз илғамас гўзаллик ва ўзбекистонликларнинг мингта портрети ҳақида
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Ўзимизникилар
Рассом Рональд Кляйер — Нидерландия ва Ўзбекистондаги ҳаёт, оддий нарсалардаги кўз илғамас гўзаллик ва ўзбекистонликларнинг мингта портрети ҳақида
Рональд Кляйер — нидерландиялик рассом, Гаагадаги Қироллик санъат академияси битирувчиси. 1997 йилда у ўз орзусига эргашиб — рангтасвир билан шуғулланиш мақсадида Ўзбекистонга кўчиб келган. Ҳозир Тошкентда яшайди ва Тошкент халқаро мактабида (TIS) дарс беради. Биз рассом билан шаҳар ва мамлакат ҳақидаги илк таассуротлари, асосий кўргазма лойиҳалари ҳамда нима учун анчадан бери бегона юртда ўзини ўзга сайёраликдек ҳис қилмай қўйгани ҳақида суҳбатлашдик.
Рональд Кляйер — нидерландиялик рассом, Гаагадаги Қироллик санъат академияси битирувчиси. 1997 йилда у ўз орзусига эргашиб — рангтасвир билан шуғулланиш мақсадида Ўзбекистонга кўчиб келган. Ҳозир Тошкентда яшайди ва Тошкент халқаро мактабида (TIS) дарс беради. Биз рассом билан шаҳар ва мамлакат ҳақидаги илк таассуротлари, асосий кўргазма лойиҳалари ҳамда нима учун анчадан бери бегона юртда ўзини ўзга сайёраликдек ҳис қилмай қўйгани ҳақида суҳбатлашдик.
«Ўзимизникилар» — Gazeta ва «Янги Ўзбекистон» университетининг (New Uzbekistan University) биргаликдаги лойиҳаси. У яшаш учун Ўзбекистонни танлаган хорижликларни учратганимизда ёки улар билан танишганимизда бизда доим беихтиёр уйғонадиган қизиқишдан келиб чиқди. Таҳририят қаҳрамонлар билан бирга одамлар нима учун мамлакатимизга кўчиб келиб, шу ерда яшаб қолаётгани, уни нима учун ёқтириши, ўзбекистонликлардан нималарни ўрганиши ва қандай ўзгаришларни кутаётганини тушунишга уринади.
Нидерландиядаги болалик, антиквар соатлар ва рок мусиқаси ҳақида
Мендан қаерлик эканимни сўрашса, Гаагаданман деб айтаман. Бу Нотдорп дейишдан кўра осонроқ. Мен туғилган шаҳарча шундай аталади. У Гаагадан 7-8 км узоқликда жойлашган. Одатий голланд қишлоғи: кичкинагина, шинам, атрофи яшил далалар билан ўралган. Аҳолиси етти минг киши атрофида. Диққатга сазовор жойларидан бир нечта католик ва протестант черковлари бор. Машиналар кам. Исталган нуқтага велосипедда етиб олиш мумкин эди, болалигимда мен ҳам шундай қилардим.
Отамнинг касби механик. Гаага билан Роттердам оралиғидаги йўлнинг қоқ ўртасида жойлашган қадимий Делфт шаҳридаги техника университетида ишлаган. Механика кафедраси фойдаланадиган барча техник жиҳозларнинг созлигига жавоб берарди. Онам билан ҳам ўша ерда танишган — у кимё лабораториясида ишларди. Улар турмуш қуришди. Фарзандлар дунёга келди: опам Шанталь ва мен.

Биз улғайгунимизча онам уй бекаси бўлиб, 14-15 ёшга тўлганимизда яна ишлай бошлади. Зарурат юзасидан эмас, кўпроқ завқ олиш учун. DA дрогери тармоғи дўконларидан бирига ишга жойлашди ва у ерда парфюмерия бўлимини бошқарди. Онам атирларни жуда яхши тушунарди ва ўз вақтида рафиқам Галинани ҳам «Шанел»га ўргатиб қўйганди.
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Бизнинг авлодимизда тасвирий санъат билан ҳеч ким шуғулланмаган. Она томондан бобом моҳир ёғоч ўймакори бўлган. Гаагадаги қироллик оиласига тегишли учта саройнинг бири — Нордейнде саройида унинг қўли билан ишланган балконни кўриш мумкин.

Отам университетдан кетиб, мустақил ишлашга қарор қилгач, севимли машғулотини касбга айлантирди — соатсоз уста бўлди. Устига-устак, нафақат бизнинг шаҳарчамизда, балки бошқа жойларда ҳам машҳур эди.

5-6 ёшлигимда шанба кунлари Роттердам яқинидаги Дордрехтга бориб, тузатиш учун соатлар олиб келардик. Дадам бобом қурган устахонага қамалиб олиб, таъмирлашга киришиб кетарди. Антиквар соатлар — француз, инглиз, немис соатлари унинг жону дили эди. Эсимда, бир сафар хоналарнинг бирида 30 га яқин турли хил модель йиғилиб қолган: маятникли, каккули соатлар! Уйда тинимсиз соатлар занги жаранглаб турарди.
Болалигимда кўп вақтимни отамнинг устахонасида ўтказардим, лекин унинг қизиқиши менга ўтмаган. Эҳтимол, мен кўпроқ онамга ўхшаганим учундир — у техникага қизиқадиганлардан эмасди. Бу менинг кўнглимдаги иш эмаслигини тушунардим. Шунга қарамай, отам менга бошқа муҳим нарсаларни: доим ўз вақтида келишни, ваъдада туришни ва ўз хатти-ҳаракатларим учун жавоб беришни ўргатди. Бир куни футбол машғулотини қолдириб, дўстларим билан айланишга кетдим. Дадам бундан ўша куниёқ хабар топиб, нега машғулотга келмаганимни тушунтиришим учун мени мураббийнинг олдига боришга мажбур қилди.

Кўпчилик болалар каби мен ҳам расм чизишни эрта — тўрт ёшларимда бошлаганман. Буни унчалик иштиёқ билан қилмасдим. Вақти-вақти билан қизиқ бўлмай қоларди, ташлаб ҳам қўярдим. Тахминан 12 ёшимда рок мусиқасига қизиқиб қолдим. Iron Maiden гуруҳининг ашаддий мухлиси эдим ва уларнинг деярли барча альбомларида тасвирланган Эдди (Eddie the Head) лақабли маскотини тез-тез чизиб турардим. Ёмон чиқмасди. Дўстларим мендан Эддининг расмини қоғозга ёки дафтарларига чизиб беришимни сўрай бошлашди. Буни бажонидил қилардим, лекин барибир расм чизишга жиддий қарамасдим. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганман.
Гаагадаги Санъат академияси, Рембрандт ва Регистон ҳақида
Дам олиш кунлари оиламиз билан баъзан Амстердамга борардик. Йўлга атиги бир соат вақт кетса-да, у ерга етиб олиш узоқ деб ҳисобланарди. Ўзбекистон учун бу одатий ҳол, Нидерландия каби кичик давлат учун эса бу — «вой худойим, бунча узоқ» дегани.

Кўпроқ нарса кўриш учун куни бўйи шаҳар айланардик. Шу тариқа мен биринчи марта Рейксмузеумга (Нидерландиядаги асосий миллий музей — таҳр.) бориб қолдим. У ерда голланд рассомчилигига оид катта коллекция сақланади. Рембрандтнинг ўзига — бутун бошли бир зал ажратилган! Бу улкан асарлар, қорамтир портретлар мендек мурғаккина болакайда жуда катта таассурот қолдирганди. Эҳтимол, йиллар ўтиб санъат билан шуғулланишдек онгли истак униб чиққан уруғ айнан ўшанда қадалгандир.
Катта бўлганимда ким бўлишим ҳақида унча кўп бош қотирмасдим. Мактабни битираётган йилимда тўсатдан бир қарорга келдим: рассомлик билан шуғулланаман. Ўқишга кириш учун Гаагадаги Қироллик санъат академиясини танладим, лекин ҳатто биринчи саралаш босқичидан ҳам ўтолмадим, ваҳоланки, бундай босқичлар учта эди. Оқибатда Роттердам ва унинг атрофидаги Олий мактаб (HR&O — Hogeschool Rotterdam en Omstreken) талабаси бўлдим. Бир ҳафтадан сўнг кундалик педагогик икир-чикирлар ва қоғозбозлик мен учун эмаслигини тушундим. Бироқ стипендия учунгина ўқишни ташламасликка қарор қилдим.

Бир йилдан сўнг яна бадиий академияга киришга уриниб кўрдим — учинчи саралаш босқичигача етиб борган бўлсам-да, омадим чопмади. Ўзимга учинчи марта уриниб кўриш имконини бердим. Агар яна бир йилдан кейин ҳам ўхшамаса, демак, тақдиримда йўқ экан, деб ҳисобладим. Ўша пайтга келиб академияга кириш мақсадга айланганди. Мен айнан шуни хоҳлаётганимни аниқ билардим. Ва 1993 йилда ҳаммаси амалга ошди.
Талабалик йилларида. Рональд Кляйернинг шахсий архивидан олинган сурат.
Ёшлигимда бадиий дидим жуда тез ўзгариб турарди. 1980 йилларда немис неоэкспрессионистлари Маркус Люперс ва Йорг Иммендорфни яхши кўрардим. Улар улкан холстларга расм чизишар, экспрессив тарзда ижод қилишар ва менга санъат айнан шундай бўлиши керакдек туюларди. Кейинчалик барокко даври рассомлари билан қизиқиб қолдим, сўнгра абстракцияга берилдим ва дастлабки йилларда ўзим ҳам шу услубда ижод қилдим.

1994 йилда онам туғилган кунимга Санкт-Петербургга саёҳат совға қилди. Аввал ҳеч қачон Россияда бўлмагандим, лекин Давлат Эрмитажи, у ерда Рембрандт картиналарининг энг йирик коллекцияларидан бири сақланиши ҳақида эшитгандим. Шу билан бирга, мен фақат дарсликларда кўрган реалист-передвижниклар — Суриков, Репин, Шишкинларнинг асарлари жамланган Рус музейи ҳақида ҳам билардим. Кўз олдимда янги дунё очилди. Олдинда эса бутун ҳаётимни остин-устун қилиб юборган яна бир олам кутиб турарди.
Санъат академиясининг биринчи курсида ўқиб юрган кезларим, кейинчалик билсам, асли тошкентлик бўлган курсдошимнинг устахонасига кириб қолдим ҳамда деворда Регистон тасвири ва ўзбек авиакомпанияси логотипи туширилган «Welcome to Uzbekistan» плакатига кўзим тушди. Ё Худойим! Умримда бунақасини кўрмагандим. Самарқанд ҳақида ҳам, Ўзбекистон ҳақида ҳам ҳеч нарса эшитмагандим. Марказий Осиёда борлигини мен билган ягона мамлакат Қозоғистон эди — у негадир «Риск» стол ўйинида тилга олинганди.

Ёзги таътил ниҳоясига етаётган пайтда курсдошим Ўзбекистонга бир-икки ойга учиб бориб келишни таклиф қилди. Нега энди йўқ? Бу ҳақиқий саргузашт-ку! Ўқитувчимдан ўқишга белгиланганидан кечроқ қайтишга рухсат олдим. Курсдошимнинг қариндоши менга таклифнома юборди. Россия элчихонасидан виза олиб, Франкфуртдан тўғридан-тўғри рейс билан Тошкентга учдим. Орол денгизи устидан учиб ўтаётганимизда, «Қандай катта кўл», деб ўйладим. У эса қуриб бораётган эди. Қорақалпоғистондаги фожиадан хабарим йўқ эди.
Тошкент, рассомлар билан танишув ва меҳмондўстлик маданияти ҳақида
1994 йил 30 августда битта чемодан ва бир ўрам холст билан Тошкентга қўндим. Аэропортда чиқиш жойларини адаштириб, йўлдан адашиб қолдим. Ходимлар ёрдам беришди, юклар бериладиган жойга кузатиб қўйишди — мен ўзимникини энг охирида олдим. Кўчада дўстлар кутиб олишди, машинага ўтқазишди ва биз тўғри ўша оқшом ош берилаётган Марказий кўргазмалар залига (МКЗ) йўл олдик. Мен ҳеч нарсани тушунмасдим: «Қанақа ош?» (кулади) Бино менда шундай кучли таассурот қолдирдики, биринчи кўргазмам фақат шу ерда бўлади, деб аҳд қилдим.

Тошкентдаги дастлабки кунларданоқ ҳаёт қизғин тус олди: мени устахоналарга олиб боришар, рассомлар билан таништиришарди. Футбол ва нард ўйнардик. Биргаликда ош дамлардик. Энг ҳайратланарлиси, ҳам санъат муҳитида, ҳам шунчаки шаҳарда мулоқот қилиш ниҳоятда осон эканлиги эди. Гўё атрофдаги ҳамма бир-бирини танийдигандек, барча дўстдек туюларди. Таксига ўтирасиз, гап гапга уланиб кетади — суҳбатни тўхтатиб бўлмайди.

Менга бўлган эътиборнинг кучлилиги қисман ўша пайтда мамлакатда Ўзбекистон дунёга очилган ҳозирги даврга нисбатан чет элликларнинг камлиги билан изоҳланарди. Баъзида ўзимни музей экспонати ёки ўзга сайёраликдек ҳис қилардим, лекин буларнинг барчаси аллақачон ўтмишда қолди.
Меҳмондўстлик маданияти ҳам мени ҳайратга соларди. Нидерландияда меҳмон — кутиладиган одам. Ташриф ҳақида олдиндан келишиб олинади. Ўзбекистонда эса тинимсиз меҳмонга борардик: аввал бирор рассомникига, кейин унинг дўстлариникига, сўнг дўстларининг дўстлариникига. Ҳамма жойда худди катта байрамдагидек дастурхон тузаларди: палов, шашлик, қозонкабоб.

Мен тез-тез бориб турадиган вилоятлардаги чекка қишлоқларда ҳам нотаниш одамлар мени уйларига таклиф қилишар, меҳмон қилишга интилишарди. Аввалига мезбонларни хафа қилмаслик учун таклифни доим қабул қилардим, аммо вақт ўтиши билан мулойимлик билан рад этишни ўргандим. Ҳеч кимни ташвишга қўйишни истамасдим, қолаверса, ишга бағишлашим мумкин бўлган вақтимни зиёфатларга сарфлашга кўзим қиймасди.
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Тошкентга келганимиздан икки ҳафта ўтиб, эски бир «Москвич»га ўтириб Самарқандга бордик ва у ерда Регистонни ўз кўзим билан кўрдим. Бу ҳақиқий мўъжиза эди! Ҳайратланарли тарихий обидалари ҳанузгача сақланиб қолган Бухоро ва Хивага ҳам бордик.

Мендан нега уларни чизмаслигимни кўп сўрашади. Жавоби оддий: рассом сифатида бу гўзалликка ҳеч нарса қўша олмайман. У шундоқ ҳам намоён. Менга эса кўпчиликнинг кўзи илғамайдиган қандайдир оддий нарсалардан гўзаллик излаш ёқади. Масалан, эски мотоцикллардан. Маҳаллаларни уларнинг ҳақиқий ҳаёти, одамлари билан бирга яхши кўраман. Айнан шуларни тасвирлаш менга маъқул.
1997 йилда Қироллик санъат академиясини тамомлагач, бу ерда бир йил яшаш ва орзумни рўёбга чиқариш — реализмни ўрганиш, рангтасвир билан шуғулланиш мақсадида яна Ўзбекистонга келдим. Дўстларим Мирзо Улуғбек туманида устахона жиҳозлашга ёрдам беришди. Дастлабки вақтлар учун пулим бор эди — Нидерландияда бир неча ой бўёқчи бўлиб ишлаб, бироз маблағ йиғиб олгандим.

Островский номидаги Театр ва рассомлик институтига ўқишга кириб, у ерда Ўзбекистон халқ рассоми Жавлон Умарбеков гуруҳида таҳсил олдим. Ўқиш менга ижодий жараён ичкаридан қандай тузилганини кўриш ва Тошкентнинг ижодкор ёшлари билан танишиш имконини берди.
Рафиқаси билан учрашув, Орол шарпалари ва ўзбекистонликларнинг мингта портрети ҳақида
Келганимдан бир неча ой ўтгач, 1997 йилнинг декабрида П. П. Бенков номидаги Республика рассомлик билим юртида бўлажак рафиқам — ўқитувчи, санъатшунос Галина Лузанова билан танишдим. 26 йилдан бери биргамиз.

Илк марта унинг туғилган кунида учрашиб қолгандик. Кейинги сафар 1998 йилнинг февралида, менинг туғилган кунимда кўришдик. Гала дўстим — ўқитувчи ва рассом Ҳасан Аминов билан мени табриклаш учун устахонамга келди. У картиналарни томоша қила бошлади — ўшанда мен абстракт услубда ижод қилардим. Асарларим ажойиблигини, лекин арт-дилер сифатида улар кимни қизиқтириши мумкинлигини билмаслигини айтди. Бироз ўйлаб кўргач, илк кўргазмамни ташкил этишни таклиф қилди. Унинг мавзуси Орол денгизи фожиаси бўлди.
Рональд Кляйер рафиқаси Галина билан Москвадаги Давлат Шарқ музейида кўргазма очилишида.
Рональд Кляйернинг шахсий архивидан олинган сурат.
Қорақалпоғистонга бир неча бор сафар қилдим. Мўйноқ бўйлаб кездим, плёнкага суратга туширдим. Фотоаппарат тугмасини тинимсиз босганим сабабли доим плёнка етмай қоларди.

Қанақасига денгиз чекиниши мумкин? Ҳамиша сув тошқинларига қарши курашиб келган мамлакат вакили учун бу воқеа фантастика билан баробар эди. Денгиз билан бирга ранглар ҳам ғойиб бўлганди — теварак-атроф рангсиз ва чанг-тўзон. Одамлар ҳали ҳам у ерда яшашда давом этяпти — бироқ айни пайтда улар йўқдек. Қумликларда қаровсиз қолган кемалар ётибди. Ўша пайтда балиқ консерва комбинати ҳали ишлаб турганди. У ерда Каспийдан келтирилган балиқ солинган консерва банкаларини қўлда ёпишаётганини тасвирга олишга муваффақ бўлдим.
Тасмага муҳрланган кузатувлардан 25 га яқин асар дунёга келди ва биз уларни 1999 йилда «Оролга назар» кўргазмасида намойиш этдик. Кўргазма, худди орзу қилганимдек, Марказий кўргазмалар залида очилди ва катта муваффақият қозонди. Назаримда, энди ўша туркумдан яхшироқ нарса ярата олмасам керак, чунки унинг муаллифи ёш, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган ва ижодда билимга эмас, кўпроқ ҳис-туйғуларга таянадиган инсон эди. Ҳозир, кўпроқ реалистик услубда ижод қилар эканман, ўзимга бундай эркинлик бера олмайман — маълум бир қоидаларга амал қилишга тўғри келади.
Гала билан биргаликда амалга оширган яна бир йирик кўргазма лойиҳамиз «Халқлар дўстлиги. Ўзбекистонликларнинг мингта портрети» деб номланади. У рафиқамга портрет чиза олишимни исботлаш мақсадида қилинган 10 йиллик меҳнат натижасида ўз-ўзидан пайдо бўлди (кулади).

Бу жанрга Орол туркумида ҳам, ундан кейин ҳам мурожаат қилганман. 2006 йилдаги Сурхондарё сафари эса бурилиш нуқтаси бўлди. Мени маҳаллий колорит ҳам, одамлар ҳам анчадан бери ўзига тортарди. Бир оқсоқолнинг уйида меҳмонда ўтирганим эсимда. Биз чой ичиб ўтирардик, кичкина деразадан унинг юзига жуда чиройли ёруғлик тушиб турарди. Худди Рембрандтникидек. Мен уни суратга олдим ва кейин шу сурат асосида портрет чиздим.
Тез-тез вилоятларга чиқиб турганим сабабли менда қизиқарли чеҳралар акс этган кўплаб суратлар тўпланиб қолган эди. Илк бор 70 та портретни 2013 йилда VII Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесида намойиш этганмиз. Уларни жуда илиқ кутиб олишди, лекин сони мени қониқтирмади: 70 та нима деган гап? На у ёқлик, на бу ёқлик. Ҳеч бўлмаганда 100 та бўлиши керак, деб ишлашда давом этдим. Кейин 200, 300 тага етди — бу ҳам кўнглимдагидек эмасди. Мен катта таассурот қолдирадиган рақамни қидираётган эдим. Мингта бўла қолсин, деб қарор қилдим. 2023 йилга келиб бу маррага етдим ва биз Марказий кўргазмалар залида кўргазма ташкил этдик.

Менимча, бу концептуал жиҳатдан кучли лойиҳа. Унинг асосида «халқлар дўстлиги» ғояси ётади — бу совет ўтмишидан қолган тушунча бўлса-да, ғоянинг ўзи яхши эди. Ўзбекистон кўп миллатли, бағрикенг мамлакат бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда, бу билан фахрланса арзийди. Бундай хилма-хилликни, айниқса ҳозир — дунёда урушлар ва бошқа низолар содир бўлаётган бир пайтда асраб-авайлаш керак.
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Бу икки йирик лойиҳа оралиғида турли мамлакатларда: Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Украина, Нидерландия, Буюк Британия, АҚШда шахсий кўргазмаларим бўлиб ўтди. Ўзбекистонда ҳам яккахон, ҳам жамоавий арт-лойиҳаларда иштирок этишда давом этдим.

2018 йилда Испанияга бордим, у ерда Малага яқинидаги Компета шаҳарчасида рассомларнинг халқаро симпозиуми бўлиб ўтди. Биз тўғридан-тўғри ўша ернинг ўзида ижод қилдик, баъзи асарларимни эса Luz de la Vida галереясида қолдирдим.
Уй ҳисси, шаҳардаги ўзгаришлар ва ўзи ҳақида
Тошкентдаги 30 йиллик ҳаётим давомида бу шаҳар менинг уйимга айланди. Илгари Нидерландияга қариндош-уруғларим ва дўстларимни кўришга йилда икки марта борган бўлсам, эндиликда кўпинча боргим келмаётганини сезаман. Ота-онам оламдан ўтишган, оилам эса шу ерда. Яқинда қизим билан қўнғироқлашдим. У Роттердамда яшайди. «Дада, ёзда Jamiroquai концерти бўларкан. Келасизми?», деб сўраб қолди. Бу менинг севимли гуруҳим-ку. Боришга тўғри келади (кулади).

Нидерландия — мен туғилиб ўсган мамлакат. У ҳам бутун дунё каби сўнгги 20 йил ичида сезиларли ўзгарганига қарамай, у ерда ўзимни эркин ҳис қиламан. Охирги марта невараларим билан Амстердамда бўлганимизда бирорта ҳам дўконда голланд тилида гапиришмаётганига эътибор бердим. Бир томондан, тушунарли — сайёҳлик шаҳри, бошқа томондан эса ғалати.
Тошкент ҳам тубдан ўзгариб кетди. Мен 90 йилларда келган шаҳар энди йўқ. Бошқа кўплаб шаҳарликлар сингари мен ҳам пойтахт маҳрум бўлган совет даврининг қизиқарли биноларига ачинаман. Хайриятки, турар жой ва бинолар фасадларидаги мозаикалар давлат муҳофазасига олинди.

Шаҳарнинг кенгайиш суръати, йўлларда машиналар сонининг ортиб бораётгани хавотирга солади. Тараққиёт назорат остида ва пухта ўйланган бўлишини, Тошкент аҳолининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ривожланишини ва ўзига хослигини таъминлаб турган жиҳатларини сақлаб қолишини истардим.
Тошкент мени ҳам рассом, ҳам инсон сифатида кўп жиҳатдан ўзгартирди. Вазминроқ бўлиб қолдим — рулда кетаётганда сўкинмайман, камроқ гапириб, кўпроқ тинглайман, арзимаган нарсаларга асабийлашмайман.

Педагогикага меҳр қўйдим, ваҳоланки, кўп йиллар давомида мендан ўқитувчи чиқмайди, деган ўй билан яшагандим. 20 йилдан бери Tashkent International School халқаро мактабида ишлаб, болаларга расм чизишни ўргатиб келаман. Ёндашувим асосида креатив фикрлаш ётади. Ўқувчиларга «бундай қилиш керак, унақа қилиш мумкин эмас» деб чегара қўймайман. Бу болани чеклаб қўяди, аслида эса унда «бундай қилсам нима бўларкин?» деган қизиқувчанликни уйғотиш муҳимроқ. Ижоднинг моҳияти ҳам ана шунда.
Сурат: Евгений Сорочин / Gazeta
Блиц
— Биринчи ўрганган ўзбекча сўзингиз?

— «Майли», «бўпти».

— Севимли ўзбек таомингиз?

— Палов.

— Сизникига меҳмонга келганларга қайси жойларни кўрсатасиз?

— Хирмонтепа (Никитин) кўчасининг бошидаги «Ғиждувон» кафеси. У ердаги ҳамма нарсани, айниқса картошка фрини яхши кўрамиз.

Агар шаҳардан четроққа чиқадиган бўлсак — Сурхондарё вилоятидаги Бойсун ёки Қашқадарёдаги Катта Лангар қишлоғи. Унинг ортида, тоғлар қўйнида Майданак расадхонаси жойлашган. Жуда ажойиб жойлар!

Муаллиф: Виктория Абдураҳимова.

Суратлар муаллифи: Евгений Сорочин.

Материалда Рональд Кляйернинг шахсий архивидан олинган суратлардан фойдаланилди.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар Gazetaʼга тегишли. Gazetaʼда эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан

қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Made on
Tilda