Қандай қилиб Польша университетларига ўқишга кириш мумкин?
Отабек Зуфаров ҳикояси
Отабек Зуфаров 2021 йили Польшанинг энг яхши учта олийгоҳидан бири ҳисобланган Познандаги Адам Мицкевич университетига ўқишга кирган. «Хориж дипломи» лойиҳаси учун берган интервьюсида у виза олиш қийинчиликлари ва Польша таълим тизими афзалликлари ҳақида гапириб берди.
Отабек Зуфаров 2021 йили Польшанинг энг яхши учта олийгоҳидан бири ҳисобланган Познандаги Адам Мицкевич университетига ўқишга кирган. «Хориж дипломи» лойиҳаси учун берган интервьюсида у виза олиш қийинчиликлари ва Польша таълим тизими афзалликлари ҳақида гапириб берди.
Хориж дипломи
«Хориж дипломи» — бу дунёнинг турли мамлакатларига ўқишга кетган ўзбекистонлик талабаларнинг ҳикояларидан иборат лойиҳа. Улар университет ва грантлар топиш, имтиҳонларга тайёргарлик кўриш, ҳужжатлар топшириш, хорижда ўқиш ва яшашнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, хориждаги таълимнинг ўз ҳаётларига таъсири ҳақида сўзлаб беради.
Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони 2021 йил Польшанинг Познань шаҳридаги Адам Мицкевич номидаги университетга ўқишга кирган Отабек Зуфаров бўлди. Отабек ҳозирда Foundever халқаро компаниясида техник қўллаб-қувватлаш хизмати агенти бўлиб ишлайди.
Ўқишга кириш ва кўчиш ҳақида

Мактабни тугатиш арафасида Тошкент давлат юридик университетига ўқишга киришга тайёрланаётган эдим. Чет элда ўқиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмагандим — уйдан узоққа кетиб, яшаш истагим йўқ эди. Фикримни акаси Варшава университетида ўқийдиган дўстим ўзгартирган. У чет элда ўқиш карьера масаласида Ўзбекистонда ўқишдан кўра кенгроқ имконият беришини айтганди.
Вроцлавдаги Муқаддас Мария Магдалина черкови
Биз бирга Европадан ўзимизга мос университет излай бошладик. Учта мезонга қараб танлов қилдик: гуманитар йўналиш, инглиз тилидаги дастур ва арзон контракт. Франция, Германия, Чехия, Австрия ва Польша университетларини кўриб чиқдик.

Узоқ танлаб ўтирганим йўқ, чунки аксарият университетларда ҳужжат қабули аллақачон ёпилганди. Европа университетлари қабулни одатда қиш боши ёки ўрталарида очади, биз университет танлаётганимизда эса май ойи эди. Натижада фақат Польша варианти қолди.
Дўстимнинг акаси Варшавада ўқиётганлиги ҳам ҳал қилувчи омил бўлди, яъни бизда ўз тажрибаси билан ўртоқлаша оладиган, барча масалаларда маслаҳат бера оладиган одам бор эди.
Тошкент давлат юридик университетидан ташқари мен Варшава университетига ва Познандаги Адам Мицкевич университетига ҳам ҳужжат топширдим. Ҳужжатларни расмийлаштиришга университетларнинг ўзи ёрдам берди. У ерда иш шундай йўлга қўйилганки, ҳар бир мурожаатчига қандай ҳужжатлар тўплаш, қаерга топшириш, қанча тўлаш, қаердан виза олиш ва ҳоказоларни тушунтирувчи менежер бириктирилади. Бутун жараён учун бир ойча вақт кетди.
Қабул учун ҳужжатлар тўплами
1
Аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўланганлиги тўғрисидаги квитанция
Аризангизни кўриб чиқишлари учун сиз 20 доллар тўлашингиз керак.
2
Хорижга чиқиш паспорти сканерланган нусхаси
3
11 синфни тамомлаганлик тўғрисидаги диплом ёки аттестат
Ҳужжат инглиз тилига таржима қилинган ва нотариал тасдиқланган бўлиши лозим. Таржимага апостиль — диплом ёки сертификатнинг бошқа давлат ҳудудида юридик кучини берувчи штамп қўйилади.
4
Баҳолар транскрипти
Ўтилган фанлар ва улар бўйича олинган баҳолар рўйхати. Яхши академик кўрсаткич қабул имкониятини оширади. Баҳолар қанчалик юқори бўлса, исмингиз абитуриентлар рўйхатида шунчалик юқори туради.
5
Тил сертификатлари
Буни ҳамма университетлар ҳам талаб қилмайди. Мен инглиз тилидаги дастурга ҳужжат топширгандим, шунинг учун IELTS'дан 6,5 балл олганим жуда қўл келди. Агар сиз полякча дастурга ариза топширмоқчи бўлсангиз, тилни камида B2 даражасида билишингизни тасдиқловчи сертификат бўлиши керак.
Барча ҳужжатларни июнь ойида университет сайти орқали топширдим. Тошкентда ҳужжатларни йиғиш ва топширишда ёрдам беришга тайёр бўлган идоралар бор, лекин аксарият ҳолларда улар хусусий олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилади. Шу боис бу ишни ўзингиз уддалаб, пулни тежаганингиз маъқул.
Энг ажабланарлиси, шартнома асосида ўқишга кириш учун имтиҳон ва суҳбатлар талаб этилмади. Ўтиш ёки ўта олмаслигингиз баҳоларингизга боғлиқ. Агар грант олиш учун ариза берсангиз, у ҳолда суҳбат бўлади ва нима учун айнан шу университетда ўқишни хоҳлаётганингиз ҳақида мотивацион хат ёзиб бериш сўралади.
Августда почтамга таклифнома илова қилинган хат келди. Мен иккала университетга ҳам кирдим, лекин ўқиш учун Познандаги университетни танлашга қарор қилдим. Биринчидан, шартнома суммаси камроқ эди — йилига 1300 доллар (Варшава университетида шартнома 2000−3000 доллар атрофида), иккинчидан, мен ўзим қизиққан — халқаро муносабатлар йўналишига кирдим. Оилада ёлғиз ўғил бўлишимга қарамай, ота-онам танловимни қўллаб-қувватлашди ва фаол ёрдам беришди — бунинг учун улардан жуда миннатдорман.

Университет менежери ҳужжатларни юборди. Польшада ўқиш ниятини тасдиқлаш учун улар имзоланиши ва онлайн тарзда қайта жўнатилиши керак эди. Улар алоҳида тезкор почта ёрдамида визага ариза бериш учун хат ҳам юборишди.
реклама
реклама
Талаба визасини олиш энг қийин иш бўлиб чиқди. Гап шундаки, бутун Марказий Осиёда Польшанинг бор-йўғи иккита элчихонаси бор. Бири Олмаотада бўлса, иккинчиси Тошкентда. Оқибатда қўшни мамлакатларнинг фуқаролари ҳам виза учун биздаги элчихонага мурожаат қилади, шунинг учун ҳам одам кўп, навбатлар билан боғлиқ муаммолар бор ва натижани камида бир ой кутишга тўғри келади.

Мен 24 сентябрда ариза топширдим ва 24 октябрда олти ойлик виза олдим — аслида виза бир йиллик бўлиши керак эди. Шу боис, агар виза учун ариза бермоқчи бўлсангиз, ҳаракатни ёз ўрталаридан бошланг. Барча маълумот элчихона сайтида бор. Консуллик йиғими — тахминан 80 евро.
Виза олиш учун ҳужжатлар тўплами
1
Университетдан расмий таклифнома
2
Апостиль қўйилган диплом ёки аттестат нусхаси
3
Шахсий ҳужжатлар
3,5×4,5 ўлчамдаги иккита рангли фотосурат, хорижга чиқиш паспортининг рангли нусхаси, иш жойидан ва жиноий иш очилмаганлиги ҳақида маълумотномалар.
4
Тиббий суғурта
5
Ўқиш шартномаси ва турар-жой учун пул тўлагани тўғрисида банкдан маълумотнома
6
Ота-она номидан барча харажатлар қопланиши тўғрисида ариза
Мен Польшага Рига орқали учдим. Бизни Варшава аэропортида дўстимнинг акаси кутиб олди. Биз бир кеча унинг ётоқхонасида қолдик. Эртаси куни тонгда у бизни вокзалга олиб бориб, Познань поездига чиқариб юборди.

Бу шаҳар Польшанинг кўплаб маданий ёдгорликлари ва университетлари жойлашган тарихий бир маркази экан. Бу ерда жами 600 минг киши истиқомат қилса, шундан 150 минг нафари талабалардир.

Университетга келишимиз билан маъмурият бизни ётоқхонага жойлаштирди ва мослашиб олишимиз учун бир ҳафта вақт берди. Польша университетларида ўқиш 1 октябрдан бошланади. Биз менежеримизни виза билан боғлиқ муаммолар ҳақида олдиндан огоҳлантириб қўйгандик. Бир ой кеч келиб, 3 ноябрдан ўқишга киришганимиз баҳоларимизга таъсир қилгани йўқ. Маъмурият ва профессор-ўқитувчилар бундай вазиятларда чет эллик талабаларни тўғри тушунишга ҳаракат қилади.
Варшавадаги Маданият ва фан саройи
Польша таълим тизими ҳақида

Польшадаги таълим тизими кўплаб дастурларни таклиф этади. Талабалар оддий ва сиртқи (Ўзбекистондаги кундузги ва сиртқи таълимга тенг), тонгги, кундузги ва кечки сменаларда, шунингдек, онлайн режимда ўқиши мумкин.

Агар талаба поляк тилини B2 даражасида билса ёки Польша университети ҳузуридаги бир йиллик поляк тили курсини ўтаса, бепул таълим олиши ҳам мумкин. Энг оммабоп ихтисосликлар фақат инглиз тилида ва ҳатто маҳаллий талабалар учун ҳам фақат пуллик асосда ўқитилади.
Бакалавриатда ўқиш ўртача уч-тўрт йил, магистратура дастурлари эса икки йил давом этади. Тиббиёт, техник ва юридик ихтисосликлар учун бакалавриат дастурлари йўқ. Бунинг ўрнига талабалар магистратура дастурларида 5−6 йил узлуксиз ўқитилади. Менинг йўналишимда ўқиш уч йил.

Польшада ўқув йили октябрда бошланади ва июлда тугайди. У икки семестрга бўлинган: қишкиси октябрдан февралгача, баҳоргиси эса февралдан июнгача. Ҳужжатлар қабули ҳам, танланган семестрга қараб, йилига икки марта очилади. Таътил қишда етти кундан 10 кунгача, ёзда эса уч ойгача давом этади. Шунингдек, Мавлуд, Пасха ва Ота-оналар куни каби байрамларда ҳам дам берилади.
Ҳар бир фан учун иккитадан баҳо қўйилади: маърузаларда қатнашганлик учун алоҳида, семинар топшириқларини бажарганлик учун. Одатий беш баллик тизимдан ташқари ҳар бир талаба бакалавриат босқичида кредит-модул тизимига кўра 180 дан 240 баллгача тўплаши шарт. Бу қийин вазифа эмас, чунки бир семестрда 30 ва ундан кўпроқ кредит олиш мумкин. Тил курслари ва спорт секцияларига қатнашганлик учун қўшимча кредитлар берилади.
Польшанинг бошқа олийгоҳларидан фарқли ўлароқ, менинг университетимда талабалар ўз дарс жадвалини ўзи тузолмайди. Дарс жадвали семестр бошланишидан бир ҳафта аввал барча талабаларнинг мобил қурилмаларига ўрнатилган махсус дастурда эълон қилинади. Дарслар ҳафтасига беш кун. Масалан, биринчи курсда душанба кунлари тил курсларига борардим, жумада эса теннисга қатнардим. Асосий фанлар ҳафтада уч-тўрт кун ўтиларди.
реклама
реклама
Ўзбекистондаги каби семестр ўртасида оралиқ назоратлар, охирида эса якуний назоратлар бўлади. Барча имтиҳонларни топшириш учун уч-тўрт ҳафта вақт берилади. Имтиҳон жадвалини талабаларнинг ўзи тузиб, ўқитувчиларига етказади. Биз кўпроқ дам олиш учун барча фанларни эртароқ топширишга ҳаракат қиламиз. Агар талаба бирор фан бўйича имтиҳонга келмаса ёки имтиҳондан йиқилса, унда қайта топшириш имконияти бўлади.
Бу ерда учта тилни ўрганиш мажбурий талаб ҳисобланади. Қайси дастурда ўқиётганингиздан қатъи назар, сиз инглиз ва поляк тили курсларига боришингиз керак. Менда IELTS сертификати борлиги учун инглизчадан озод қилинганман. 60 соатлик поляк тили курсида қатнашгани учун талаба сертификат олади, бу келажакда унга иш топишда қўл келади. Биринчи курснинг иккинчи семестрида талабалар учинчи чет тилини танлайди. Ҳозир ҳозир полякча билан бир вақтда испан тилини ҳам ўрганяпман.
Ўқишни тамомлаб, Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлсангиз, дипломи Ўзбекистонда тўғридан-тўғри (махсус имтиҳонларсиз) тан олинадиган университетни танлаш керак. Менинг университетим Ўзбекистонда тасдиқланган дипломи тан олинадиган хорижий университетлар рўйхатида 801-ўринда эди.
Гданскдаги Иккинчи Жаҳон уруши музейи
Талабалик ҳаёти ҳақида

Университетлар бутун шаҳар бўйлаб тарқалиб кетган. Университетимиз маъмурий биноси Познань марказида, факультетлари эса шаҳар чеккасида жойлашганди. Ётоқхоналар ҳам шаҳар чеккасида. Университет филиалларига автобус ёки трамвайда етиб олардик.
реклама
реклама
Польшада талабалар ётоқхона ёки квартира ижарага олиши мумкин. Талабалар ётоқхоналарида нархлар нисбатан паст. Дўстим билан икки кишилик хона учун ойига ҳар биримиз 100 доллардан тўлардик. Хонадошни олдиндан «танлаш» мумкинлиги — ажойиб қулайлик. Ўзингиз ишонган дўстингиз билан бирга жойлашганга нима етсин. Биринчи курсда дўстим билан ётоқхонада турдик, иккинчи курсда эса ойлик тўлови 250 доллар бўлган квартирани ижарага олдик.
Талабалар ўқув йили давомида турли стипендияларга ариза топшириши мумкин, улар орасида Польша Таълим вазирлиги стипендияси, ректорлик стипендияси ва университетнинг ўз стипендияси энг машҳур ҳисобланади. Университетимиз аълочиларга ойига 350 доллардан стипендия беради. Мен стипендия олмайман, чунки иккинчи курсдан бошлаб ишлаяпман ва харажатларни маошимдан қоплайман.
Бу ерда деярли барча талабалар ишлайди. Қонунга кўра, ҳар ким расман иш топиш ҳуқуқига эга, вақт чеклови йўқ. Асосийси, иш вақти университетдаги дарсларга тўғри келмаса бўлди. Мен Foundever халқаро компаниясига Буюк Британия ва Ирландиядан келган мижозларга техник ёрдам кўрсатувчи агент сифатида ишга жойлашдим. Тўлиқ ставкада ишлаяпман.
Польшада талабамисан ёки йўқ — бунга қараб ўтиришмайди. Асосийси, вазифани бажара олсанг бўлгани. 26 ёшдан кичик ишлайдиган талабалар солиқ тўловидан озод қилинган. Бу эса ёшларни ўқиб, ишлашга ундайди.

Ўзбекистонда ҳам шундай тизим жорий қилинса, яхши бўларди. Тошкентга вилоятлардан келган аксарият талабалар яшаш ва овқатланиш харажатларини қоплаш учун иш тополмайди. Иш берувчилар уларнинг ўқиши ва тажрибасизлигини баҳона қилиб, ишга олишни хоҳламайди. Оқибатда улар бегона мутахассисликларда ишлашга мажбур бўлади, ваҳоланки, худди шу вақтда улар ўз мутахассисликлари бўйича ишлаб, тажриба тўплашлари ҳам мумкин.
Польшада кунлик харажатлардан тежаб қолишни истасангиз, талаба картасидан фойдаланишни маслаҳат берган бўлардим. Бу карта билан ошхона, кинотеатр, музей ва театрлар арзонроққа тушади. Баъзи емакхоналар ёпилишидан бир соат аввал ва тушлик вақтида талабаларга чегирма беради. Картанинг энг катта афзаллиги — жамоат транспортига 51 фоизлик чегирма бор. Шу тариқа бир ойда 50−100 доллар тежаш мумкин.
Дам олиш кунлари бутун бўш вақтимни саёҳат билан ўтказаман. Бир ярим йил ичида Варшава, Гданск, Краков, Вроцлав, Освенцимга боришга улгурдим. Қирол қалъасидан тортиб Освенцим ва Дахау концлагерларигача — шу каби турли тарихий обидаларда бўлдим. Қишки таътилни дўстларим билан бирга Польшанинг ўзимиздаги Амирсойга ўхшаш курорти — Закопанеда ўтказдик.

Янги нарсаларни ўрганиш — бу чет элдаги таълим менга берган энг асосий жиҳатлардан биридир. Янги мамлакат, маданият, тил, ошхона, саёҳат, севимли машғулотлар, ўқиш, иш, танишлар ўзимни қайта кашф қилишга, дунёқарашимни кенгайтиришга ва ҳаётда қайси йўналишда ҳаракат қилмоқчи эканлигимни яхшироқ англашга ёрдам берди. Улғайдим, мустақил бўлдим, онгли қарор қабул қилишни ўргандим, ҳаётим учун масъулиятни ҳис қилдим ва Ватанимни соғиндим.

Она Ватандан узоқда бўлганингизда, энг майда-чуйда нарсаларни ҳам қадрлай бошларкансиз: оиланг билан бир дастурхон атрофида суҳбатлашиш, дўстлар билан сайр қилиш, тандирдан янги узилган нон иси ва йил бўйи чарақлаб турадиган қуёш — буларнинг бари қанчалик муҳим эканини тушуниб етасиз. Польшада магистратурани тамомлаб, сўнг Ўзбекистонга қайтиш ниятидаман.
Хорижда ўқиш истагидаги ҳар кимга мен чет элдаги ҳаётни идеаллаштирмасликни ва қийинчиликларга тайёр туришни маслаҳат берган бўлардим. Янги шароитларга ҳамма ҳам мослаша олмайди — номаълумликка қўйилган қадам бу ахир. Мен дўстим билан бирга бу қадамни ташладим. Биргаликда мослашишимиз осонроқ кечди. Шу боис ким биландир бирга борган ёки келгач, дўст топишга ҳаракат қилган маъқул. Польшада МДҲ мамлакатларидан келган талабалар кўп. Ўзим Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжондан келган талабалар билан дўстлашдим. Биз рус тилида мулоқот қилиб, кўп вақтни бирга ўтказамиз, тил ва маданиятни тушунишда қийинчилик йўқ. Шунингдек, бунда кўпроқ эркинлик ҳис қиласиз. Лекин мақсадингизни унутманг ва танланган йўналишингиз бўйлаб ҳаракат қилишда давом этинг.
Варшаванинг марказий майдонида
Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.
Рус тилидан Назарбек Назаров таржимаси.
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Фотосуратлар Отабек Зуфаровнинг шахсий архивидан.
«Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda