Қандай қилиб Италияда бепул ўқиш мумкин?
Толибжон Олимжонов ҳикояси
Толибжон Олимжонов 2017 йили алмашув дастури асосида Турин университетига ўқишга кирган. Бир йил ўтиб ўқиш ва яшаш харажатларини қоплайдиган стипендия эгасига айланган. У «Хориж дипломи» лойиҳасида Италия университетига қандай қилиб ўқишга кириш ва бепул таълим олиш ҳақида гапириб берди.
Толибжон Олимжонов 2017 йили алмашув дастури асосида Турин университетига ўқишга кирган. Бир йил ўтиб ўқиш ва яшаш харажатларини қоплайдиган стипендия эгасига айланган. У «Хориж дипломи» лойиҳасида Италия университетига қандай қилиб ўқишга кириш ва бепул таълим олиш ҳақида гапириб берди.
Хориж дипломи
«Хориж дипломи» — бу дунёнинг турли мамлакатларига ўқишга кетган ўзбекистонлик талабаларнинг ҳикояларидан иборат лойиҳа. Улар университет ва грантлар топиш, имтиҳонларга тайёргарлик кўриш, ҳужжатлар топшириш, хорижда ўқиш ва яшашнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, хориждаги таълимнинг ўз ҳаётларига таъсири ҳақида сўзлаб беради.
Толибжон Олимжонов 2015 йили Тошкентдаги Турин политехника университетига ўқишга кирган. 3-курсда Erasmus талабалар алмашув дастури доирасида Италиянинг энг кўҳна университетларидан бири — Турин политехника университетига йўл олди.

Бир йиллик таълимдан сўнг Толибжон барча ўқиш ва яшаш харажатларини қоплайдиган EDISU стипендияси эгасига айланди. Бакалавриатни битиргач, Туринда қолиб, таҳсилни давом эттирди ва 2021 йили саноат муҳандислиги ва менежменти йўналиши бўйича магистр даражасини олди.

У ҳозирда Италиядаги ўзбекистонлик ёшлар уюшмаси (UzYAI)га ҳам раҳбарлик қилади ва Италия олийгоҳларига ўқишга кириш ниятида бўлган ўзбекистонлик абитуриентларга бепул маслаҳатлар беради.
Талабалар алмашув дастури ҳақида

Ота-онам бир неча чет тилларни билишим, хорижда ўқиш ва яшаш тажрибасига эга бўлишимни истаган. Аммо мактабни тугатгач, чет элга кетиш имкони бўлмади. Шу боис 2015 йили Тошкентдаги Турин политехника университетининг «Машинасозлик ва энергетика» йўналишига ўқишга кирдим.
Милан собори
Университетда ўзимни ижобий томондан кўрсатдим ва бу менга деканатда иш топишимга ёрдам берди. Биринчи йили лабораторияда профессор ассистенти бўлиб ишладим, иккинчи курсдан бошлаб эса биринчи курс талабаларига дарс бера бошладим. Университет раҳбарияти ўқишдаги ютуқларим ва университет ҳаётидаги фаол иштирокимдан хабар топгач, мени Erasmus талабалар алмашув дастури учун танлаб олди.
Европа Иттифоқининг Erasmus дастури талабаларга бир неча ой ёки ҳатто бир йил давомида бошқа мамлакатлардаги университетларда амалиёт ўташ ёки ўқиш имконини беради. Алмашув дастури учун талабани қабул қилувчи ва юборувчи университет ўртасида шартнома тузилади. Талаба хориждаги университетда ўрганадиган фанлар ўз университетида ўқитиладиган фанларга ўхшаш бўлади. Дастур иштирокчисига ҳамма нарса — ўқиш пули, турар жой, авиачипта ва тиббий суғурта тўлаб берилади, ўқиш давомида эса уларга озиқ-овқат, саёҳат ва ҳоказоларни қоплайдиган стипендия ҳам берилади.
2017 йилда университетимиз Италиядаги Турин политехника университети (Politecnico di Torino) билан бирга Erasmus дастурида иштирок этди.

Номзодларга қўйиладиган талаблар қуйидагича эди:

  • Ўз университетингизда камида икки йил ўқиган бўлишингиз керак;
  • Чет тилини билиш камида В2 даражасида бўлиши керак;
  • Академик натижалар яхши бўлиши ва ўқиш бўйича қарздорлик бўлмаслиги керак.
    реклама
    реклама
    Дастур бўйича танлов якунида 10 талаба саралаб олинди. Ҳар бир номзод билан суҳбат ўтказилди. Суҳбатда, жумладан, Италияга боришдан мақсад ҳам сўралди.

    Дастур менга Италия тарихи ва маданиятини янада чуқурроқ ўрганиш, янги тил ўрганиш, келажакда фойдали бўладиган амалий кўникма ва фойдали тажриба орттиришимга ёрдам беради, деб ичимдаги борича айтдим.

    Танлов комиссиясининг дастурга қабул қилиш тўғрисидаги қароридан кейин ҳужжатларни йиғиш бошланди.
    Римдаги Колизей
    Италия университетига ўқишга кириш ҳақида

    Италия университетларида қабулнинг икки тури мавжуд. Ҳар бир йўналиш бўйича атиги 10 талаба қабул қилиниши мумкин бўлган ёпиқ кириш дастурлари асосий танлов мезони сифатида кириш имтиҳонларидан фойдаланади. Кўпинча, бу июль-август ойларида бўлиб ўтади ва билимни синовчи тестлар ҳамда тилни билиш даражаси бўйича суҳбатдан иборат бўлади.
    Очиқ кириш дастурларида эса имтиҳонлар тайёргарлик даражасини баҳолаш мақсадида ўтказилади. Ҳатто паст балл тўплаган абитуриент ҳам танловдан муваффақиятли ўтиши мумкин, аммо бир шарт билан: сиз қўшимча курсларга қатнашингиз зарур. Баъзи университетлар талабаларни таълим ҳужжатлари, резюмелар ёки мотивацион хат ва тавсияномалар асосида ҳам қабул қилади.
    Рўйхатга олиш февралда бошланиб, май охиригача давом этади. Қабул талаблари мутахассислик ва муассаса турига қараб фарқ қилиши мумкин. Масалан, тиббиёт соҳалари учун сиз IMAT ёки TOLC-F имтиҳонидан ўтишингиз керак, иқтисодиёт соҳаси учун TOLC-E, муҳандислик йўналиши учун эса TOLC-I талаб этилади. Қабулнинг аниқ саналари ва ҳужжатлар рўйхатини университет сайтларидан кўрган маъқул.
    Қабул учун ҳужжатлар тўплами
    1
    Ўқишга кириш учун тўлдирилган ариза
    2
    Хорижга чиқиш паспорти нусхаси
    3
    Бакалавр сертификати / Магистрлик дипломи
    Ҳужжат ва баҳоларнинг транскрипти легаллаштирилиши керак. Бунинг учун элчихона орқали апостиль ва баҳоларнинг итальян тилига таржимаси керак.
    4
    DDV гувоҳномаси ёки CIMEA сертификати
    Ҳужжатлар Италияда тан олинади. Уларни элчихонадан олиш мумкин.
    5
    Чет тили сертификати
    Инглиз тилида таълим учун сизга 6.0 баллик IELTS сертификати ва 80−90 баллик TOEFL, итальян тилида таълим олиш учун эса B2 даражасида CILS ёки CELI сертификати керак бўлади.
    6
    Мотивацион хат ва тавсияномалар
    Баъзи дастурлар учун талаб қилинади. Мотивацион хатда сиз нафақат ўқиш, балки мамлакатдаги ҳаётга ҳам қизиқаётганингизни ёзган маъқул. Университет профессори ва иш берувчидан тавсиянома олиш фойдадан холи эмас.
    7
    Ижодий ютуқлардан иборат портфолио
    Бакалаврга кириш учун бунгача жами 12 йил ўқиган бўлишингиз керак — Италияда бу ўрта мактабда ўқиш даврига тенг. Шунинг учун сиз етишмаётган йилни университетдан академик сертификат билан ёки Италиядаги Foundation дастурида ўқиш орқали қоплашингиз керак. Уни ўзингиз киришни режалаштирган университетдан олган маъқул.

    Дастур туфайли сиз тилни билиш даражангизни керакли босқичгача кўтариб олишингиз, охир-оқибат имтиҳонларга яхши тайёрланиб, айрим университетларга имтиҳонсиз киришингиз мумкин. Foudation'га икки марта мурожаат қилиш мумкин: июнь ойи охирида 9 ойлик дастурлар учун ва декабрда 6 ойлик дастурлар учун.

    Магистратурага қабул қилишнинг муҳим шарти: танланган мутахассислик бакалавриат даражаси билан боғлиқ бўлиши керак. Сўнгги йилларда баъзи университетлар нафақат тегишли курсни тугатганлик тўғрисидаги дипломни, балки ўтилган барча фанлар дастурининг тавсифини ҳам талаб қилмоқда.
    Барча ҳужжатлар танланган университет сайти орқали топширилади. Ариза узоқ вақт давомида кўриб чиқилади — бир ойдан уч ойгача. Кейинроқ почта орқали таклифнома юборилади, у билан сиз талаба визасини олиш учун элчихонага борасиз. Виза бир йилга берилади. Яшаш учун рухсатномани келган кунингиздан бошлаб 8 кун ичида олишингиз мумкин.
    Виза олиш учун ҳужжатлар рўйхати
    1
    Тўлдирилган шакл (анкета)
    2
    Хорижга чиқиш паспорти нусхаси
    3
    3,5×4,5 ўлчамдаги иккита рангли фотосурат
    4
    Университетга кирганликни тасдиқловчи ҳужжат
    5
    Таълим ҳужжатлари ва тил сертификати
    6
    Тиббий суғурта
    7
    Тўловга қобил экани тўғрисида банк кўчирма
    Талаба стипендия миқдори ва таълим нархини фақат Италияга келганидан кейингина билиши мумкин бўлгани боис, мамлакат ва университет унинг тўловга қобилиятли эканини тасдиқловчи ҳужжат сўрайди. Университет ота-онанинг даромадини ҳам сўраши мумкин. Ҳисобингизда камида 7 минг доллар миқдорида маблағ бўлиши керак.
    8
    Яшаш жойини тасдиқловчи ҳужжат
    Erasmus дастури ташкилотчилари турар жой топишда ёрдам бермайди, бу иш талабанинг ўзига қолдирилади. Booking.com ва Subito.it сайтларида турар жой топиш ва ижарага олиш мумкин.
    Август охирида виза олдим. 22 сентябрь куни Туринга учиб кетдик ва учинчи курсни Politecnico di Torino'да давом эттира бошладик.
    Туриндаги Валентино қалъаси
    Италия таълим тизими ҳақида

    Италия давлат университетларида ҳар йил учун миқдори 600 евродан 3 минг еврогача ўзгариши мумкин бўлган бадал пули тўлаш керак. Хусусий университетларда эса таълим пуллик — тўлов миқдори 6 минг евродан 20 минг еврогача фарқ қилиши мумкин.

    Италияда бакалавриат Laurea деб аталади. Бунда таълим одатда уч йил давом этади. Ўқув режаси назарий машғулотлар, семинарлар, маърузалар, шунингдек, ўз илмий лойиҳангиз — битирув тезиси устида ишлашдан иборат.

    Магистратура эса Laurea Specialistica деб аталади ва кўп ҳолларда икки йил давом этади. Шунингдек, сиз бу ерда профессионал фаолиятга қаратилган бир йиллик дастурларни ҳам топишингиз мумкин.
    Ўқув йили икки семестрга бўлинган: биринчиси октябрдан январгача, иккинчиси — февралдан июнгача давом этади. Ҳар семестрда талабаларга кўпи билан тўртта фан берилади. Уларнинг ҳар бири тахминан саккизтадан кредит беради. Демак, бир семестрда барча фанлардан талаба 32, бутун ўқув йили учун эса 60 балл тўплаши керак. Бакалавр даражасини олиш учун 180 кредит тўплаш керак. Талаба камида 120 кредит тўплаган тақдирда магистрлик даражасини олиши мумкин.
    Машғулотлар одатда ҳафтада тўрт кун ўтказилади. Жадвал шундай тузилганки, талабалар дарсга соат 9:00 да келади ва 18:00 дан кейин университетни тарк этади. Бир дарс ўртача олти соат давом этади. Дарснинг биринчи қисми назарияга бағишланган бўлса, иккинчи қисми ўтилган материални амалиётда мустаҳкамлашдан иборат. Танаффуснинг бўлиш-бўлмаслиги профессорнинг кайфиятига боғлиқ. Бундай қатъий режимда талабалар келажакдаги кўп соатлик иш тартибига мослашади.

    Бир ўқув йилида учта сессия бўлади. Биринчи имтиҳон биринчи семестр охирида барча тўртта фан бўйича ўтказилади. Агар талаба имтиҳонни ўтказиб юборса ё йиқилса, кейинги имтиҳонда тегишли фанни қайта топшириши мумкин. Агар талаба яна йиқилса, кейинги ўқув йили бошида вазиятни тузатиш учун учинчи имкон берилади. Талабалар тўрт мартагача бепул қайта имтиҳон топшириши мумкин. Йилига икки марта таътил берилади. Мавлуд (Рождество) таътили 20 декабрда бошланади, ёзгиси эса уч ойгача чўзилиши мумкин.
    реклама
    реклама
    Италия таълим тизими бир қанча сабабларга кўра Ўзбекистонникидан устунроқ. Биринчидан, мустақил таълимга, ўз-ўзини бошқариш ва танлов эркинлигига кўпроқ урғу берилади.

    Иккинчидан, сифатли таълим олиш учун тенг молиявий шароитлар яратилган. Университет оиланинг даромад даражасини ҳисобга олади, шунинг учун таълим харажатлари талабанинг қанчалик таъминланганига боғлиқ. Натижада, даромади турлича бўлган одамларда бир хилда олий маълумот олиши имкони пайдо бўлган.

    Учинчидан, университетда ўқиш қулай ва самарали бўлиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Масалан, ўқиш даврида мен кўп вақтимни кутубхонада мутолаа, энг сўнгги технологияларга эга замонавий лабораторияда изланишлар билан ўтказдим.

    Бу омилларнинг барчасини ҳисобга олиб, 2018 йил май ойида мен Туринда қолииб, бакалавриатни шу ерда тугатишга қарор қилдим, чунки бу ерда ўз салоҳиятимни рўёбга чиқариш учун имкониятлар кўпроқ эканини тушуниб тургандим. Ўқишни кўчириш учун мен Тошкентдаги Турин политехника университетининг Италиядаги котибиятига мурожаат қилдим. Улар мени Тошкент филиалидан четлатиш тўғрисидаги аризани тўлдиришимни сўрашди ва бу ҳужжатни Ўзбекистонга юборишди. Бутун жараён икки ҳафтача вақт олди. Энди бепул ўқиш учун стипендия топиб, уни қўлга киритишим керак эди.
    Венеция ва Милан ўртасидаги Гарда кўли
    Стипендиялар ҳақида

    Италиянинг кўплаб университетларида, жумладан, энг нуфузли университетларида ҳам бепул ўқиш мумкин. Кам даромадли 50 мамлакатдан келган келган талабаларга Италия ҳукумати йиллик университет тўловлари, турар жой ва овқатланиш харажатларини қоплайдиган яхшигина стипендия беради. Стипендиатлар бир қатор имтиёзларни ҳам қўлга киритади: жамоат транспорти, диққатга сазовор жойлар ва ҳатто университет ошхоналарида овқатланишга чегирмалар берилади. Асосан аълочи талабалар ёки кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари моддий ёрдам эгасига айланади.
    Оила фаровонлиги даражасини белгилайдиган иккита кўрсаткич мавжуд: ISEE ва ISPE. Биринчиси оила аъзоларининг йиллик умумий даромадини, иккинчиси эса оилага тегишли бўлган кўчмас мулкнинг қийматини кўрсатади. Стипендия ютиб олиш учун керакли ҳужжатларни тўплаш ва ўз вақтида ариза топшириш керак. Мен август ойида EDISU дастурига тўртинчи курс бошланишидан олдин ариза топширгандим.
    Стипендия олиш учун зарур ҳужжатлар рўйхати
    1
    Оила аъзолари ҳақида маълумот
    2
    Яшаш майдонининг ўлчами ва мулкка эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжат
    3
    Оиланинг барча аъзолари банк ҳисобларидан кўчирмалари
    4
    Сўнгги икки йил учун даромадлар тўғрисидаги ҳисобот
    Агар даромад бўлмаса, бу иш билан таъминлаш хизматидан маълумотнома ёрдамида тасдиқланиши керак.
    Стипендия тизими уч даражага бўлинган:
    Ҳукумат стипендияси. Оилавий даромади йилига 24 минг евродан ошмайдиган чет эллик талабаларга ёрдам берадиган энг оммабоп стипендия дастури. Дастурда номзодларнинг фуқаролиги ва ёши бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ. Талабалар университет тўловларидан озод қилиниш билан бирга ётоқхона ҳамда 2500 евро ёки ётоқхонасиз 5000 евро йиллик тўлов ва бироз озиқ-овқат нафақаси олади. Стипендия бир йиллик, аммо келгусида уни яна узайтириш мумкин.

    Регионал стипендия. Италиянинг ҳар бир региони (вилояти)да стипендиялар тақдим этадиган нотижорат ташкилотлар мавжуд. EDISU — улар орасида энг машҳурларидан. У Пьемонт университетларида тўлақонли ўқишга кирган ва ўқиётган талабаларни қўллаб-қувватлайди. Стипендия барча ўқиш ва яшаш харажатларини қоплайди. Ёрдам миқдори талабанинг молиявий аҳволи ва илмий ютуқларига боғлиқ, аммо ўртача 7 минг еврони ташкил қилади. Италия ҳукумати васийлигидаги ER.GO ташкилоти эса Эмилия-Романья вилоятидаги санъат ва мусиқа йўналишида таҳсил олаётган талабаларни қўллаб-қувватлайди.

    Университет стипендияси. Италиядаги деярли барча университетлар чет эллик талабаларга турли стипендиялар таклиф қилади. Молиявий ёрдам тури, унинг қиймати ва давомийлиги университетнинг ўзига боғлиқ. Масалан, Падуа университети бешта стипендия дастурини таклиф қилади. Милан политехника университети 10 минг евро қийматидаги 10 та Platinum стипендияси, 5 минг евролик 56 та Gold стипендияси ва 70 та бепул Silver стипендияси бермоқда. Римдаги Ла Сапиенца университети магистратурага ўқишга кирган ва Италиядан ташқарида бакалавр даражасига эга бўлган иқтидорли талабаларнинг ҳар бирига 4 минг евродан тўлайди. Грант олиш шартлари билан университетларнинг сайтларида танишиш мумкин.
    Талаба таълим нархи ва стипендия миқдори ҳақидаги аниқ маълумотни фақат Италияга келганидан кейин олиши мумкин. Танловда қатнашиш учун тасдиқланган талабалар рўйхати стипендия ташкилотининг сайтида сентябрь-октябрь ойларида — ўқув йили бошида пайдо бўлади.
    Туриндаги Валентино қалъаси
    Италиядаги талабалар ҳаёти ҳақида

    Бу ерга келгач, бошида маданий шок туфайли мослашиш қийин кечди. Мослашиш учун инглизча билишимнинг ўзи кифоя қилмасди, чунки италияликлар бу тилни яхши билмайди. Шундай экан, агар Италияда яшамоқчи бўлсангиз, олдиндан итальян тилини ўрганишга киришиб, уни камида В1 даражасида билиб олганингиз маъқул. Телефон орқали турли масалаларни ҳал қилиш, ҳужжат тўлдириш, жойида ниманидир аниқлаш — буларни итальянчани билмай туриб қилиб бўлмайди.

    Биринчи ҳафта ҳужжатлар сабаб югур-югур кўп бўлади. Келгач, стипендия ва ўқишга чегирмаларни ҳисоблаш учун СТИР, яшаш учун рухсатнома ҳамда ўқишга чегирма ва стипендия эгасига айланиш учун оила даромади даражаси ҳақида маълумотнома олишингиз керак. Бу ишларда менга университетдаги волонтёр талабалар ёрдам берди. Аэропортда кутиб олиб, жойлаштиришди, шаҳарни кўрсатишди ва ҳаммасини тушунтиришди. Шундай экан, бирор қийинчилик бўлса, мурожаат қилиб, ёрдам сўрашдан тортинмаслик керак.
    реклама
    реклама
    Италиядаги баъзи университетлар талабаларни ётоқхона билан таъминлайди. Кўпинча, бу замонавий кампусдаги ошхона, душ ва ҳожатхоналари умумий бўлган 2−4 кишилик хона бўлади. Университет ётоқхонасида яшаш ойига 100 дан 400 еврогача тушади. Аммо фақат ётоқхонага ишониб қолмаслик керак — рақобат кучли ва университет биринчи галда иқтидорли стипендиат-талабаларни турар жой билан таъминлайди.

    Аксарият талабалар хусусий ётоқхоналардан жой олади ёки биргалашиб ижара квартирада яшайди. Улардаги шароит университет ётоқхоналаридан кўра қулайроқ, нархи ҳам кўп юқори эмас — ойига ўртача 250 дан 500 еврогача. Италия шимолида турар-жой ижараси одатда жанубий вилоятларга қараганда қимматроқ.

    Ўқишнинг биринчи йили, тажрибасизлик қилиб, мен ва дўстим ойлик тўлови 1000 евро бўлган квартирада ижарада яшадик. Аммо тўртинчи йилга келиб биз салкам уч баробар арзонроқ — ойига 350 евролик вариантни топдик.
    Италияда талабаларга ҳафтасига 20 соатгача ишлашга рухсат берилади. Катта шаҳарларда мос иш топиш қийин эмас, айниқса, ҳар бир университетда фаолият юритадиган талабаларни ишга жойлаштириш бўйича махсус бўлимга мурожаат қилсангиз. Ўқишнинг охирги йиллари талабалар пул тўланадиган мажбурий амалиёт ёки стажировкадан ўтади.

    Мен магистратурани тамомламай туриб, 2021 йил март ойидан Westport Fuel Systems компаниясида сифат бўйича муҳандис бўлиб ишлай бошладим.
    2021 йил февралида Тошкентдаги Турин политехника университетидан келган бир гуруҳ талабалар билан бирга Италиядаги ўзбекистонликлар ёшлар уюшмаси (UzYAI) лойиҳасини бошладик. Аввалига Италиядаги ватандошларимизга кўнгилли сифатида ёрдам бердик. Кейин Ўзбекистондаги абитуриентларга маслаҳатлар бера бошладик. Хорижий таълим агентликлари қанча пул сўрашини билган ҳолда, биз ахборот ёрдамини мутлақо бепул тақдим этишга қарор қилдик. Бизнинг ёрдамимиз билан 500 дан ортиқ ўзбекистонлик аллақачон Италия университетлари талабасига айланди.

    Ҳар ойда жамиятимиз аъзолари ўқийдиган ва ишлаётган турли шаҳарларда маданий тадбирлар ўтказамиз. Мен ҳозир шу уюшма раҳбариман.
    Чет элда ўқиш менга янги дунёни кашф қилиш имкониятини берди. Биринчи навбатда бепул таълим ва халқаро диплом олдим, шу туфайли яхши иш топдим. Дунёқарашимни кенгайтирган, ҳаётга бўлган қарашимни ўзгартирган дўстлар, танишлар орттирдим, масалан, китобхонликка берилиб кетдим.

    Талабалик йилларим Италиянинг деярли барча шаҳарларида бўлдим, чунки бу ерда саёҳат — ҳаёт тарзи. Талабалар 100 евролик ваучер сотиб олиб, бештагача шаҳарга сафар қилиши мумкин. Ҳостелларда тунаган яхшироқ — унда бир хона 10 евро туради. Харитадаги энг севимли нуқталарим мен учун она шаҳримдек қадрдон бўлиб қолган Турин, тарихий молиявий марказ Флоренция ва замонавий саноат маркази Милан эди. Тўртинчи йили дўстларим билан Европа бўйлаб саёҳатга чиқдик — Швейцария, Германия, Испания, Францияга бордик. Таътилда бир гуруҳ талабалар билан Венгрия, Австрия, Бельгия, Нидерландияда бўлдик.

    Шунингдек, мазали ва хилма-хил таомларни тотиб кўрдим. Италиянинг ҳар бир шаҳри ўзига хос таомига эга. Туринликлар ўзининг оқ виноси ва лазаньяси билан жуда фахрланади. Италиянинг бошқа қисмларида ҳам сиз 30 хил турдаги паста, пицца ва денгиз маҳсулотларидан тайёрланган таомларни тотиб кўришингиз мумкин. Бу ерда одамлар кўчада овқатланишдан кўра уйда таом пиширишни афзал кўради.
    Туриндаги Палаццо Мадама сарой мажмуаси
    Италияда ўқишни истаган ҳар кимга маҳаллий аҳолининг турмуш тарзини «ўзлаштириш»ни тавсия қиламан. Аввало, худди улардек меҳрибон, очиқкўнгил ва хушмуомала бўлишни ўрганинг. Қўрқув ва стереотиплардан воз кечинг, онгингизни ҳамма нарса учун очинг, атрофингиздаги имкониятлар ва истиқболларни кўринг ва доимо ижобий фикрлашга ҳаракат қилинг. Ўқиш ва ишлашдан ташқари мамлакат маданияти ва тарихини ўрганинг, театр ва музейларга боринг, санъат, меъморчилик, мусиқа, таомлар, анъаналарга кўпроқ вақт ажратинг. Ва бу қуёшли ўлкада ҳаётдан завқланинг!
    Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.
    Рус тилидан Назарбек Назаров таржимаси.
    Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz».
    Фотосуратлар Толибжон Олимжоновнинг шахсий архивидан.
    «Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

    Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
    Made on
    Tilda