Қандай қилиб АҚШда бепул ўқиш мумкин?
Абдуазиз Исоқулов ҳикояси
Абдуазиз Исоқулов АҚШ ҳукуматининг ОТМ талабалари учун мўлжалланган энг йирик — Fulbright стипендиясини ютиб олиб, Нью-Йоркдаги Фордҳэм университетининг халқаро ҳуқуқ йўналишига ўқишга кирган. «Хориж дипломи» лойиҳасида у стипендия, Америка таълим тизими ва иш истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.
Абдуазиз Исоқулов АҚШ ҳукуматининг ОТМ талабалари учун мўлжалланган энг йирик — Fulbright стипендиясини ютиб олиб, Нью-Йоркдаги Фордҳэм университетининг халқаро ҳуқуқ йўналишига ўқишга кирган. «Хориж дипломи» лойиҳасида у стипендия, Америка таълим тизими ва иш истиқболлари ҳақида сўзлаб берди.
Хориж дипломи
«Хориж дипломи» — бу дунёнинг турли мамлакатларига ўқишга кетган ўзбекистонлик талабаларнинг ҳикояларидан иборат лойиҳа. Улар университет ва грантлар топиш, имтиҳонларга тайёргарлик кўриш, ҳужжатлар топшириш, хорижда ўқиш ва яшашнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, хориждаги таълимнинг ўз ҳаётларига таъсири ҳақида сўзлаб беради.
Абдуазиз Исоқулов иккита — юриспруденция ва иқтисодиёт йўналишида олий маълумотга эга. У 2018 йили АҚШ ҳукуматининг Fulbright стипендиясини ютиб олган. Бир йил ўтиб, магистратурани шу дастур асосида Нью-Йоркдаги Фордҳэм университетининг Ҳуқуқ мактаби (Fordham University School of Law)да ўқиш учун АҚШга учиб кетган.

Абдуазиз 2023 йили Кардосо Ҳуқуқ мактаби (Cardozo School of Law)га ўқишга кирди ва ҳозир ҳуқуқ фанлари доктори илмий даражасини олишга тайёрланмоқда. У ўзбекистонлик талабаларга ёрдам бериш мақсадида Америкада Legal World and Beyond консалтинг компаниясига асос солган.
Америкага кириш ҳақида

2017 йили Тошкент давлат юридик университетининг Халқаро ҳуқуқ факультетини битириб, Адлия вазирлигида амалиёт ўтадим. Ўзимни меҳнатсевар ва масъулиятли ходим сифатида кўрсата олганим учун, амалиёт якунида мени Ўзбекистоннинг Халқаро ва хорижий ташкилотларда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармасига ишга қабул қилишди. 2018 йил баҳорида делегация аъзоси сифатида биринчи марта АҚШ пойтахти Вашингтондаги Халқаро инвестиция судида бўлдим.
Вашингтон монументи фонида
Икки ой давомида халқаро ҳуқуқшуносларнинг ишини, жумладан суд жараёнларини кузатдим ва халқаро ҳуқуқни нафақат ўз юртимда, балки хорижда ҳам амалга оширадиган мутахассис бўлишни хоҳлашимни англадим. Орзуларимни рўёбга чиқариш учун хориж университетида ўқиб, халқаро диплом олишим керак эди. Америка юридик таълими дунёдаги энг яхшиларидан бири, шунинг учун қайси мамлакатда ўқиш борасида дарҳол бир қарорга келдим.

Американинг нуфузли университетида ўқиш ўша пайтда 60 минг долларга тушарди. Парвозлар, уй-жой ва яшаш харажатлари билан бирга ҳисобласа, йилига 100 мингга яқин пул керак бўларди. Яхшиямки, Америка ҳукумат ва университетлари чет эллик талабаларга харажатларни қоплайдиган миқдорда стипендиялар ажратади. Ҳатто need-based scholarships деб аталадиган алоҳида тоифадаги дастурлар мавжуд — бу турдаги стипендиялар эҳтиёжманд талабаларнинг харажатларини қоплашга йўналтирилган.
реклама
реклама
Дўстларимнинг тажрибаси ва маслаҳати билан Fulbright стипендия дастурини топдим. У Америкага бориб, икки йил магистратурада ўқиш имкониятини беради, энг муҳими — тўлиқ молиялаштирилади ва ойлик стипендияси ҳам бор.

2018 йил май ойида дастурнинг расмий сайти орқали ариза топширдим. Шу билан бирга, жаҳон иқтисодиётини ўрганиш ва иккинчи олий маълумотга эга бўлиш учун, Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ҳам ўқишга кирдим. Fulbright стипендиясини олгач, ТДИУда масофавий таҳсил олдим.
Манхэттен, Нью-Йорк.
Стипендия ҳақида

Fulbright — АҚШ ҳукуматининг энг йирик ва энг нуфузли стипендияси бўлиб, магистратура талабаларига ҳамда бакалавриат бўйича охирги курс талабаларига берилади. Стипендия тиббиётдан ташқари барча таълим йўналишлари учун очиқ ва ғолиб учтагача дастур танлаши мумкин. Ўзбекистонда ҳар йили атиги уч киши «Фулбрайт»ни қўлга киритади — шунда ҳам у камида икки йиллик иш тажрибасига эга ва ариза топшириш вақтида ватанда бўлиши лозим
«Фулбрайт»нинг халқаро стипендиатлари Канзасда
Ушбу стипендия ўқиш, тиббий суғурта, виза, икки томонлама авиачипта ва, зарурат бўлса, TOEFL тести харажатини тўлиқ қоплайди. Агар халқаро имтиҳонда йиқилсангизу, лекин қабул комиссияси сизни барибир маъқул деб топса, имтиҳонни қайта топширишингиз учун сизга пул ҳам тўлаши мумкин. Ўқиш давомида талабалар университет жойлашган штат ва шаҳарга қараб ойига 1600 доллардан 2500 долларгача стипендия олиши мумкин. Менинг ойлик стипендиям 2100 доллар эди.

Номзодлар танлов асосида уч босқичда танланади. Жараён жуда узоқ давом этади, шунинг учун унга бир йил вақтни режалаштирган маъқул.
Биринчи босқич — ариза топшириш. Ҳужжатларни қабул қилиш одатда февраль ойида бошланади ва май ойида тугайди, лекин буни сайтдан текшириб кўришни маслаҳат бераман. Ариза берувчилар рўйхатдан ўтишлари, кўрсатмаларни ўқиб чиқишлари ва онлайн аризани тўлдиришлари керак. Унга инглиз тилига таржима қилинган барча ҳужжатлар илова қилиниши керак.
Қабул қилиш учун ҳужжатлар тўплами
1
Тўлдирилган онлайн ариза шакли
2
Хорижга чиқиш паспорти нусхаси
3
Бакалавр дипломи
Ҳужжат сканердан ўтказилиши ва инглиз тилига таржима қилиниши керак. Дипломдаги баҳолар қабул комиссиясининг қарорига бевосита таъсир қилади.
4
TOEFL ёки GRE/GMAT баллари
Ариза топширишда сертификат талаб қилинмайди. Саралаш босқичидан сўнг тилни билиш имтиҳони ўтказилади. Балл қанча баланд бўлса, стипендия ютиб олиш имконияти ҳам шунчалик юқори бўлади.
5
Мотивацион хат
Номзод ўзининг шахсияти, илмий ютуқлари, ўқишдан кўзлаган мақсадлари ва мотивацияси ҳақида ёзиши керак.
6
Учта тавсиянома
Тавсияномалар университет профессорлари ёки иш берувчилардан бўлиши тавсия этилади.
7
Резюме ёки қисқа таржимаи ҳол
реклама
реклама
Комиссия аризаларни кўриб чиқиб, номзодларнинг 90 фоизгача номзодларни чиқариб ташлайди. Бир ой ўтгач, стипендия қўмитаси инглиз тилида интервью ўтказади. Суҳбат ўртача 20−30 дақиқа давом этади. Саволларнинг аксарияти эссе билан боғлиқ. Бу сизнинг Америкада ўқишга қанчалик иштиёқманд эканингиз ва тўпланган тажрибангизни ватанингизда қандай қўллашни режалаштираётганингизни билиш учун қилинади. Номзодларга қанчалик серқирра экани, амбициялари ва етакчилик салоҳиятидан келиб чиқиб баҳо берилади. Сиз нафақат ўқишга, балки дарсдан ташқари қўшимча машғулотларга ҳам қизиқишингиз керак.

Танловдан ўтганлар якуний босқич — TOEFL имтиҳонига таклиф қилинади. Агар сизда аллақачон сертификат мавжуд бўлса, унда бу имтиҳондан озод қилинасиз. Тилни билиш даражаси олий ўқув юртларининг минимал талабларига тўғри келмайдиган абитуриентлар кейинги босқичга ўтмайди. Айни вақтда, камида қанча балл олиш кераклиги кўрсатилмаган.
Имтиҳон натижаларига кўра, комиссия ҳар бир номзод учун талабларга жавоб берадиган университетни танлайди. Ўқиш жойи бўйича сўровлар инобатга олинади. Шунинг учун ариза топшираётганда номзод ўзи хоҳлаган ОТМни ҳам кўрсатиши керак. Мен АҚШдаги энг яхши университетлардан бири — Fordham University School of Law'ни танладим ва мени ўша университетга жойлаштиришди. Университетни танлашда ўқув дастурлари сифати, иш ҳақи ва битирувчиларнинг иш билан таъминланишига алоҳида эътибор бериш керак.
Интервью жавобларини 2018 йил августида олган бўлсам, 2019 йилнинг июлида Америкага учиб кетдим.
реклама
реклама
Университетга киришдан аввал барча стипендиатларни бир ойга Небраска штатига юборишди. Бу вақт давомида талабалар бир-бири билан танишиб, янги мамлакатга мослашиб олади. У ерда бизни маҳаллий университетлардан бирининг кампусига жойлаштиришди ва АҚШдаги яшаш шароитлари ҳақида маълумот беришди. Бу бир ой мен учун янги танишлар орттириш ва мулоқот қобилиятимни ошириш учун ажойиб имконият бўлди. Нью-Йоркдаги ўқиш эса 12 августдан бошланди.
Атлантика океани бўйида, Майами
Америка таълим тизими ҳақида

Америка таълим тизимининг тузилиши Ўзбекистонникидан кўп ҳам фарқ қилмайди. Бакалавриатда ўқиш тўрт йилча давом этади. Магистратура эса икки йилгача давом этиши мумкин. Аммо таълимнинг мураккаблиги ва жадаллиги анча юқори. Талабалардан нафақат яхши ўқиш, балки мустақил таълим олишга тайёр бўлиш ҳам талаб этилади.
Америка таълим тизимининг асосий устунлиги — фанларни танлаш эркинлиги ва тизимнинг ўзига хос мослашувчанлигидир. Бакалавриатга ҳужжат топшираётганда абитуриентлар асосий мутахассислик (major)ни танлайди, сўнг унга қўшимча курс (minor)ларни қўшади. Иккинчиси асосий касбга фойдали қўшимча бўлиши ёки талабанинг шахсий қизиқишларини акс эттириши мумкин.

Биринчи курс талабалари undeclared major дастури бўйича ўқиши мумкин, бу уларга турли курсларни танлаш имконини беради ва мутахассисликка қарамайди. Иккинчи йилдан бошлаб эса талабалар битта йўналишни танлашлари керак.
Барча университетларда кредит-модул тизими мавжуд бўлиб, унда ҳар бир фан бўйича талабаларга маълум миқдордаги балл (credit hours) берилади. Мавзунинг мураккаблигига қараб, унга 1−4 та кредит берилиши мумкин. Бир семестрда сиз 12 дан 16 гача кредит олишингиз мумкин. Бакалавр даражасини олиш учун камида 120 кредит, магистратура учун 24 кредит йиғиш керак.
реклама
реклама
Ҳар бир университет ўқув йилини турлича ташкил қилади. Аммо аксарият университетларда у икки семестрга бўлинган: август-декабрь ва январь-май. Ўртада қишки ва ёзги таътиллар бор, таътил вақти талабалар ўқиши, амалиёт ўташи ёки ватанига қайтиши мумкин.

Талабалар ўқиш давомида ўзи учун ўзи жадвал тузади, соатлаб маъруза ўрнига семинар ва муҳокамалар ўтказади. Бир фанни бир вақтнинг ўзида бир нечта ўқитувчи ўтиши мумкин, талабалар эса иш вақтига мослашади. Мен биринчи семестрда тўртта фанни олдим ва ҳафтада уч кун университетда ўқидим. Бошқа кунларда талабалар мустақил равишда (self study) ва келгуси дарсларга тайёргарлик кўради.

Университетда танқидий фикрлашни ривожлантириш, фактларни таҳлил қилиш, талабаларнинг шахсий фикрини шакллантиришга алоҳида эътибор берилади. Бу ерда дарсликлардаги материалларни йиғиш ёки кераксиз конспектларни ёзишга мажбурлашмайди. Бу сизга ҳақиқатан ҳам қизиқарли бўлган мавзуларни танлашда кўпроқ эркинлик беради. Ушбу тизим орқали мен аргументларни ижодий равишда тузиш ва суд процессида позицияларни тақдим этиш кўникмаларини ривожлантирдим.

Ўзбекистонда олийгоҳда ўқирканман, давлат университетларида ўқиш амалиётдан ажралиб қолганини пайқагандим. Талабаларнинг университетда олган билимлари ишга жойлашиш учун етарли эмас эди. Талаба ўқув дастурини яхши ўзлаштирган бўлса ҳам, ўқишни тамомлагач, кўпчилик бу билимларни қаерда ва қандай қўллашни билмайди. Ўз навбатида, иш берувчилар ҳам таълим тизимига ишонмайди, шу боис битирувчининг дипломи иш топиш масаласида аксарият ҳолларда бирор ёрдам беролмайди.

Америкада эса, аксинча — назария амалиёт билан бевосита боғлиқ. Ўқув дастури иш берувчилар — давлат ва хусусий сектор вакиллари томонидан битирувчиларга қўйиладиган талабларга асосланган. Талабалар замонавий билимлардан ташқари турли амалий машғулотлар орқали профессионал фаолият давомида жуда асқатадиган фойдали кўникмаларга эга бўлади. Агар номзоднинг баҳолари яхши бўлса, бу унинг ўз соҳасида муваффақият қозонгани ва ишлашга тайёр эканлигидан далолат беради.
Лос-Анжелес
Талабалик ҳақида

Нью-Йорк — ажойиб. Бу дунёнинг турли бурчакларидан келган талабаларни ўзига жалб этадиган энг катта ва энг турфа маданиятли шаҳарлардан бири. Ўқиш нафақат Америка турмуш тарзи билан танишиш, балки бошқа маданият вакиллари ҳақида ҳам кўпроқ маълумот олиш имконини беради. Этник хилма-хиллик туфайли мен жуда тез ва осон мослаша олдим, чунки сиз ҳар қадамда ватандошларни учратишингиз, она тилингизда гаплашишингиз ва миллий таомлардан баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Америкадаги талабалик маданияти ва муҳити хилма-хил. Университетлар ҳудудида боғлар, стадионлар, концерт заллари, кутубхоналар, галереялар ва ҳатто расадхоналар мавжуд. Талабаларда ҳордиқ чиқариш учун спортдан тортиб ижодгача турфа имкониятлар бор.

Аксарият университетларда талабаларнинг юзлаб ташкилотлари ва уларни қизиқишларига қараб бирлаштирувчи клублари мавжуд. Байрамларда талабалар кампусда ёки муассаса ташқарисида норасмий учрашувлар ва кечалар ўтказади. Дам олиш тадбирлари, одатда, бакалавриат талабалари орасида бўлади. Магистратура талабалари стажировка ва касбий руҳдаги тўгаракларга кўпроқ эътибор қаратади.
Америка университетига ўқишга кирганингиз ҳақидаги тасдиқномани олгач, халқаро офис сизга мавжуд турар-жой ҳақида маълумот юборади. Америкадаги чет эллик талабалар учта вариантдан бирини танлашли мумкин: университет ётоқхоналари, оилалар билан бирга туриш ёки ижарага олинган квартира. Биринчи иккита вариант кўпроқ бакалавриат талабалари учун мос. Магистратура талабалари анча улғайган ва мустақил шахслар бўлгани боис, улар одатда алоҳида турар жой ижарага олади.

Бюджетингиздан келиб чиқиб, ижарага хона, студия ёки квартира олишингиз мумкин. Турар-жойни махсус сайтлар ёки университет саҳифаларидан излаган маъқул. Унда бошқа талабалар яшайдиган квартираларнинг хоналари кўрсатилади. Турар жойни танлашда университетга яқинлиги, жамоат транспорти ва атрофида озиқ-овқат дўконлари бор-йўқлигига эътибор бериш керак. Масалан, шаҳар маркази, масалан, Манҳэттендан уй ижарага олишни тавсия қилмаган бўлардим — жуда қиммат. Бу борада Бруклин ва Квинс яхшироқ. Мен хонамни 600 долларга ижарага олганман.
реклама
реклама
Талабаларга ўқиш вақтида ҳафтасига 20 соатгача ишлашга рухсат берилади. Лекин иш ўқишга халал бермаслиги керак. Талабалар дам олиш ва байрам кунлари тўлиқ (ставкада) ишлаши мумкин. Fulbright дастури стипендиатларга иккинчи йилдан бошлаб пули тўланадиган академик тренингларда қатнашишга рухсат беради.
Fulbright қоидаларига кўра, стипендиат ўқишни тамомлагач, ватанига қайтиб, икки йил ишлаб бериши керак. Шу талаб бажарилмагунича, Америкага қайтиб киролмайсиз. Шуни деб 2020 йили White&Case халқаро юридик фирмасидаги ишимдан кетишга мажбур бўлдим. Тошкентга келгач, хусусий юридик фирмага ишга жойлашдим ва MBA даражасини олиш учун Webster University'га ўқишга кирдим. 2022 йили ўқишни тамомлагач, ўз йўналишимни янада ривожлантиришга қарор қилдим ва Америкага докторантурага ҳужжат топширдим.
Мен ҳозирда юридик фанлар доктори даражасини олиш учун Cardozo School of Law'да таҳсил олаяпман. Ўқишни тугатганимдан сўнг мен АҚШда бир йил ишлаш имкониятига эга бўламан. Халқаро компанияларда тажриба орттириш ва билимларимни амалда қўллаш имконияти бўлади. Кейин Ўзбекистонда халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқни ўрганишга ўз ҳиссамни қўшиш учун ватанга қайтиш ниятидаман.
Америкада ўқиш менга соҳанинг энг яхши ўқитувчилари ва мутахассисларидан билим ва кўникмаларни ўрганиш имконини берди. Мен Нью-Йорк ва Вашингтондаги White & Case, Франкфуртдаги Clifford Chance каби юридик фирмаларда, Женевадаги Жаҳон савдо ташкилоти ишлашга муваффақ бўлдим. Нью-Йоркда орттирган тажрибам туфайли мен Legal World and Beyond консалтинг компаниясига асос солдим. У бўлажак талабаларга Америка университетларига киришда ва кейинчалик ишга жойлашишда ёрдам беради.
Чикагодаги Мичиган-Авеню кўпригидан кўринадиган манзара
Чет элга чиқмоқчи бўлганларга мустақил яшашни ўрганишни маслаҳат берган бўлардим. Чет элда сиз кутилмаган қийинчиликларга дуч келасиз. Ўзбекистонда бирор кутилмаган қийинчиликка дуч келсангиз, мисол учун, қариндош ёки дўстлар ёрдамига таянишингиз мумкин, аммо чет элда сизга ҳеч ким ёрдам бермайди. Шундай экан, сиз турли ҳаётий вазиятларга — у хоҳ уй-жой топиш билан боғлиқ муаммо бўлсин, хоҳ университет талабларини бажаришга улгурмаслик — ҳаммасига тайёр бўлишингиз керак. Келажагингиз учун фақат ва фақат ўзингиз жавобгар эканингизни унутманг.
Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.
Рус тилидан Назарбек Назаров таржимаси.
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Фотосуратлар Абдуазиз Исоқуловнинг шахсий архивидан.
«Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda