Милош Форманнинг «Какку уяси узра парвоз» фильми ижтимоий нотенгликка эътибор қаратувчи психологик драмадир. У ҳар кимга аввало инсон сифатида муносабатда бўлиш кераклигини уқтирувчи, руҳий касалликлар шифохонасидаги ақлбовар қилмайдиган воқеаларни очиб берувчи фильм. Аммо менинг энг ёқтирган фильмларим орасида эканлигининг сабаби бугина эмас, ҳамма гап унинг нимкосасида. Фильмда тизимни ўзгартириш, эркка интилиш билан бирга, мустабиднинг стандартларига бўйсунмайдиганларнинг индивидуаллигини йўқотишга уриниш акс этади гўё. Қолаверса, биргина шахс ўзига хослигининг чиқитга чиқарилиши кўпчилик тақдирига таъсир қилиши мумкинлигига ҳам ишора қилинади.
Унда ҳаётга ташналик ва ҳафсаласизлик, интилиш ва қўл силташ ёнма-ён келади. Шифохона — давлат, беморларни эса халқ деб оладиган бўлсак, улар орасида, соғдек кўринганлар аслида нақадар телбалиги, баъзиларга эса, аксинча, телбанамо яшаш маъқуллиги, кимлардир ўзини соқовга солишига гувоҳ бўласиз. Қойилмақом психологик роллари билан маълум Жэк Николсон гавдалантирган қаҳрамон, фильмда дастлаб қоидалар асосида нималарнидир ўзгартирмоқчи бўлади, овоз бериш, муроса йўлларини синаб кўради. Бефойдалигини тушуниб етгач эса бошқача ечим топмоқчи бўлади.
Режиссёр таъбири билан айтганда Совет иттифоқининг метафораси бўлган «психушка»да ҳам Оруэллнинг тилларга достон, ҳаммани кузатиб, назорат қилиб турадиган
«катта оға»си сингари образ — ҳамшира Ратчед бор. У тартиб-қоидаларга бўйсунмайдиганларни, исёнкорларни ёқтирмайди, уларнинг танобини тортиб қўяди. Енгил жазо эмоционал манипуляция, таблетка ва шок терапияси бўлса, олийси тафаккурга ҳужум —
лоботомия, «сабзавотлаштириш»дан иборат бўлади.