Лотин алифбосининг амалдаги версиясида ҳам, таклиф қилинаётган версиясида ҳам [ц] товушини ўз ичига олган неологизмлар масаласи мавҳумлигича қолмоқда. Бу товуш ўзбек тилига рус тили таъсирида кириб келган. Масалан, «цех», «полиция», «цирк». Ўзбек тилида «Ц» ҳарфи мавжуд эмас, шунинг учун унинг ўрнига «S» ёки «TS» ишлатилади. Айрим ҳолларда бу парадоксларга олиб келади. Масалан, лотин тилида «цех» баъзан «sex» деб ёзилади. Инглиз тилида бу сўз жинсий алоқани билдирганлиги сабабли, айрим кишилар бу сўзни атайин грамматик хато билан — «seh» деб ёзади.
«Газета.uz» мухбири [ц] товуши масаласи бўйича изоҳ сўраб, ишчи гуруҳ вакилига мурожаат қилди, бироқ жавоб олмади.
Қайд этиш жоиз, ўзбек лотин ёзувини жорий этиш тўғрисидаги 1993 йилги қонуннинг биринчи таҳририда «С c» ҳарфи айнан «ц» ифодалар эди, «Ч» учун эса «Ç ç» ҳарфи ишлатилган.
Танқидчилар, шунингдек, бюджет харажатларига ҳам ишора қилмоқда, сабаби — янги алифбо киритилгандан сўнг йўл белгилари, реклама баннерлари, пешлавҳалар, дарсликлар, веб-сайтлар ва бошқаларни ўзгартириш керак бўлади. Низомиддин Маҳмудов Kun.uz мухбирининг шу мавзудаги саволига жавоб берар экан, катта харажатларни кутишга ҳожат йўқлиги, чунки ўтиш босқичма-босқич бўлишини қайд этган.
Янги алифбога ўтиш тарафдори бўлган блогер Хушнудбек Худойбердиев
ўз постида дарсликлар ҳар икки-уч йилда бир янгиланишини, паспорт ва ID-карталардан уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар фойдаланиш мумкинлигини таъкидлайди. Купюралар босқичма-босқич ўзгартирилади, эскилари эса истеъмолда қолади. Йўл белгиларини алмаштириш ҳам, унинг фикрича, уларнинг хизмат қилиш муддати билан белгиланиши мумкин.