Фото: Евгений Сорочин
«Алишер Навоий» метро бекати қандай бунёд этилган?
Фото: Евгений Сорочин
«Алишер Навоий» метро бекати қандай бунёд этилган?
Ҳар йили 9 февралда давлат арбоби, шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг таваллуд куни нишонланади. Ўзбекистонда унинг шарафига ҳайкаллар ўрнатилган, номи кўчаларга ва Тошкент метросидаги бекатлардан бирига қўйилган. «Газета.uz» ушбу бекат қурилиши тарихини унинг меъмори тилидан ҳикоя қилади.
Ҳар йили 9 февралда давлат арбоби, шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг таваллуд куни нишонланади. Ўзбекистонда унинг шарафига ҳайкаллар ўрнатилган, номи кўчаларга ва Тошкент метросидаги бекатлардан бирига қўйилган. «Газета.uz» ушбу бекат қурилиши тарихини унинг меъмори тилидан ҳикоя қилади.
«Алишер Навоий» метро бекати — бу меъморий йўллар, даврлар ва нуқтаи назарлар кесишган бир чорраҳа. Унинг бой шарқона пардозланиши қўшни «Пахтакор» бекатининг қатъий модернизмидан кескин фарқ қилади. Бекатлар дизайнидаги турлича услублар ушбу икки станция орасидаги ўтиш жойида ўзаро тўқнашади. Бу ерда жилосиз мармар устига шоир асарларидан ҳикоя қилувчи оч мовий паннолар ўрнатилган. Эскалатор устида эса улкан нақшинкор геометрик гилам-композиция бор — бу «гилам» «Навоий» бекатига эскалатор орқали тушаётган йўловчиларни қарши олади.
Алоҳида олиб қараганда, «Алишер Навоий» станцияси — бу шарқона унсурлари бор монументал архитектура қоришмаси (симбиози)дир. Станциянинг бутун шифти уч қатор ок-кўк гумбазлар билан безатилган (худди масжид-мадрасалардаги каби). Қуббаси эса бетакрор гулнақшлар билан безатилган. Ҳар бир гумбаз эса аркаларга таяниб туради. Ҳар иккала архитектура иншооти — гумбаз ва аркалар — битта бўйлама ўқда жойлашган. Меъморлар тилида бундай услуб анфилада деб аталади. У гумбаз, устунлар ва аркалар худдики чексизликка қараб кетаётгандек узлуксиз манзара таассуротини уйғотади.
Ушбу станция меъмори — камсуқум Яшнар Мансуров. У бугунги кунда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий санъат ва дизайн институтида дарс беради ва бир неча бекатларини ўзи лойиҳалаштирган Тошкент метрополитенидан ҳар куни фойдаланади. Алишер Навоий таваллуд топган кунда Яшнар Мансуров мутафаккир номи билан аталувчи станция қандай бунёд этилгани ҳақида сўзлаб берди.
Ғоя қандай пайдо бўлганди?
Яшнар Мансуров 1972 йили институтни тамомлаши билан метро қурилишига борган.

«Биз Метролойиҳага йўлланма олгандик. Ҳозирги ёшлардан фарқли ўлароқ, бизда танлов имконияти йўқ эди. Бизни йўлланма асосида ишга жойлаштиришарди. Мен илк кунданоқ метрода ишлаганман. Ишни архитектор сифатида бошлаб, охири лойиҳа бош муҳандиси сифатида тугатганман», — дейди у.

Архитектор учта — «Чилонзор», «Ўзбекистон» ва «Юнусобод» йўналишлари қурилишида қатнашган. Биринчи йўналиш қурилишини Москва тўғридан-тўғри назорат қилган, иккинчи йўналиш бўйича қарорлар эса республика даражасида, хусусан, Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов томонидан тасдиқланган, дея хотирлайди Яшнар ака.
Меъмор станция ва ўтиш йўллари бўйича ишланмаларни тайёрлар, метрополитен линияларини лойиҳалаштиришда қатнашар, мутахассисларни, рассомларни ишга жалб қилиб, жамоавий руҳни мустаҳкамлашга ҳаракат қиларди. Метронинг биринчи, «Чилонзор» йўналиши устида иш олиб борилаётганидаёқ, Яшнар Мансуров ва лойиҳага жалб этилган бошқа мутахассислар «Пахтакор» станциясидан ўтиш мумкин бўлган янги бекатни Алишер Навоийга бағишлашни хоҳлаган.
«Бу ном бир неча сабабларга кўра танланган. Биринчидан, у муҳим, ўтиш бекати. Иккинчидан, жойнинг ўзи ҳам жуда аҳамиятли. Шу атрофда Алишер Навоий музейи ҳам бор эди. Станциядан узоқ бўлмаган жойда Шеърият хиёбони бор эди, у ерга шоир ҳайкали ҳам ўрнатилганди. Худди шу ердан Навоий шоҳ кўчаси ҳам ўтарди», — дея тушунтиради Яшнар Мансуров.
Бекатлар номи ва қиёфасини белгилашда шаҳарсозлар атроф маконни ҳам ҳисобга олишган, дея сўзида давом этади архитектор. Метро станциялари ўзи жойлашган жойга ҳамоҳанг бўлиши, ҳудуднинг табиий бир қисмига айланиб, вақт ўтиши билан шаҳарнинг муҳим мўлжалларидан бирига айланиши керак.
реклама
реклама
Меъморнинг эслашича, «Алишер Навоий» станцияси қурилиши беш йилча давом этган. Унинг айтишича, «Ўзбекистон» йўналишидаги барча станцияларининг қурилиши бир вақтда олиб борилган. Ўтиш бекати 1984 йилда фойдаланишган топширилган. Ўшанда Яшнар Мансуров эндигина 34 ёшга тўлганди. Тошкент метросининг иккинчи линиясини қуриш йўлидаги меҳнатлари учун у СССР Министрлар Совети мукофоти билан тақдирланган, аммо бу мукофот 1992 йилдан сўнг ўз кучини йўқотган.
Бекат қиёфаси
Станция очилганидан бери унда айрим ўзгаришлар бўлган: бир сафар паннолар беўхшов бўялган, қуббалардаги чироқлар эса алмаштирилган. Чироқларнинг алмаштирилиши кичик ўзгаришдан кўриниши мумкин, аммо бу йўловчиларнинг бекатда ўзини қулай ҳис қилишига таъсир қиладиган жиҳат ҳам ҳисобланади.
Қуббалардаги эски чироқлар бекатни майин ва илиқ сарғиш нур билан тўлдириб турарди. У бекат ҳажмини олтин рангига буркаб, худдики бу ердаги бутун архитектурани тилларанг қилиб кўрсатарди.
Бугунги чироқлар таратаётган оқ нур эса бекатнинг ички безакларида қўлланилган кўк рангнинг турли тусланишлари билан қоришиб, маконга кўпроқ сўлғин шифохона руҳини беряпти.
Станциядаги қолган ҳамма нарса Яшнар Мансуров, унинг устози, рассом Чингиз Аҳмаров ҳамда уста ва ҳайкалтарошлар гуруҳи қандай ўйлаган ва қилган бўлса, шундайлигича турибди.

«Алишер Навоий» бекати «Чилонзор» йўналишининг остидан ўтган учун станция ҳажмини гумбазли баланд шифт ҳисобига ошириш имконияти бор эди. 1980 йилларда Ўзбекистонда метрополитенда гумбаз қуриш амалиёти йўқ эди. Шу боис меъмор ўйлаган нарса ўзбекистонлик қурувчилар учун бир синовга айланган.
«Гумбазли иншоотлар — бу маҳаллий меъморчиликдаги мумтоз анъанавий ечимлардан бири. Масжидларда, сардобалардан уни кенг қўллашган. Аммо ер остида гумбаз қуриш ўйланганидан кўра қийинроқ иш бўлиб чиқди. Умуман олганда, аксарият ҳамкасблар бу ғояни қўллаб-қувватлади, аммо қурувчилар бизнинг шароитда бу имконсиз нарса эканини таъкидлади. Улар қандай қилиб ер остида гумбаз қуриш мумкинлигини билишмасди. Мен гумбазли станцияларни ўрганиш учун Москвага йўл олдим. У ердаги ҳамкасблардан чизмаларини сўраб, нусхаларини Ўзбекистонга олиб келдим», — дейди Яшнар Мансуров.
Архитектор натижадан фахрланади. Унинг айтишича, бу ерда босим ҳиссини уйғотмайдиган шифтни яратишга муваффақ бўлинган. Аксинча, у парвоз туйғусини беради. Бунга аркалар қуббаси сезилар-сезилмас ўткир бурчакли қилиб ишлангани, гумбазлар чироқ билан ёритилгани, станция деворлари эса 72 тусли Ғозғон мармари билан қоплангани ҳисобига эришилган.

Шундай қилиб, йўловчилар қаршисида анъанавий метрополитен платформаси қад ростлайди. Аммо улар бошини кўтариши билан гумбазларнинг оқ-кўк «булутлари» ичида жимжимадор шарқона нақшлар суза бошлайди. Оёқ остига назар ташласа, олти қиррали юлдузнинг қалин чизиқларини кўради. Станция поли миллий гиламни эслатади, деб ҳисоблайди Яшнар Мансуров.
Станция номи ва унинг архитектураси ўртасидаги алоқадорлик янада мустаҳкам бўлиши учун рассомлар шамот (ўтга чидамли пиширилган — оловбардош лой, каолин)дан саккизта керамик композиция ишлашга қарор қилган. Бу композициялар устида Яшнар Мансуров ва Чингиз Аҳмаров биргаликда иш олиб борган.
«Чингиз Габдураҳмонович жуда зиёли инсон эди. У ҳар бир янги объектни биз худди талабалар каби ҳимоя қилаётганимиз ҳақида гапирганди. Яъни, биз қилаётган ишимиз масъулиятини яхши англаб турардик, шу боис худди талабалардек ҳаяжонлардик. У ахборотни тўғри етказишни биларди. Станцияни безатиш ишларига таклиф қилишганида у қувониб кетганди. Чингиз Габдураҳмонович бекатни имкон қадар бойитишни хоҳлаганди. Ҳам ғоявий жиҳатдан, ҳам тасвир шакли нуқтаи назаридан. Алишер Навоий сиймосини яратишга киришишдан аввал у мутафаккир ҳаёти ва ижодини биладиган барча етакчи тадқиқотчилар билан суҳбатлашиб чиққанди. Дастлабки режа бўйича «Хамса»га доир суратлар остида асардан шеърлар бўлиши керак эди, аммо якунда биз, ҳар нима бўлганда ҳам, транспорт иншооти қураётганимизни эслатиб, ёзувларни қисқартириб ташлашган. Девордаги тасвирлар йўловчиларни станциянинг асосий функцияларидан чалғитмаслиги кераклигини уқтиришганди», — дея эслайди Яшнар Мансуров.
Чингиз Аҳмаров (кўзойнакда). Яшнар Мансуровнинг шахсий архивидан
«Хамса» — бешлик демак, Навоий ҳам ўз «Хамса»сига бешта достонни киритган. Аммо станциядаги паннолар фақат тўртта асарга бағишланган. Бунда устуворлик «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Садди Искандарий» ва «Сабъаи сайёр»га берилган. Ҳар бир сурат остига, ундаги манзара қайси достондан олинган бўлса, ўша достон номи ёзилган.

Қолган тўрт панно — декоратив. Рассомлар бешинчи — «Ҳайратул-аброр» достонидан платформанинг бадиий элементларида симметрияни сақлаш зарурати сабаб воз кечишга мажбур бўлган. Мазкур декоратив панноларда дастлаб Навоий асарларидан иқтибослар бермоқчи бўлишган. Аммо комиссия бу ташаббусга розилик бермаган, дейди Яшнар Мансуров.
Аммо «Пахтакор» бекатидан ўтиш жойи — вестибюлда шоир хотираси учун галерея ташкил этишга муваффақ бўлинган. Бу ердаги эътиборга молик ишлардан бири — Навоий портрети. Чингиз Аҳмаров бу портретни ҳам, у девор билан қоришиб кетмаслиги учун, платформадаги «Хамса» учун ишланган миниатюралар каби рельефли қилиб тайёрлашни таклиф қилган. Шамотдан фойдаланилгани учун бу ижодий ишлар мустаҳкам чиққан.
Умуман олганда, «Алишер Навоий» станцияси янги меъморий ечимлар учун синов майдончасига айланган. Гумбаз ва аркалардан ташқари, бу ерда Тошкент метроси тарихида биринчи марта кулолчилик усулларидан фойдаланилди. Гумбазлар учун таянч қилиб мадрасалардаги каби деворлар эмас, аркалар ишлатилган.
Шарқона услубнинг монументал ифодаси
Яшнар Мансуров «Алишер Навоий» станциясига бағишланган илмий мақоласида арка ва гумбаз каби меъморий ечимлар Шарқнинг Ўрта асрларга оид анъанавий архитектурасига ишора эканини қайд этиб ўтган эди. Аммо бекат интерьеридаги айрим шарқона услуб компонентлари замонавийлаштирилган, шу боис умумий манзара ўтмишни қўмсаш ҳиссини уйғотмайди.

Бу фикр ғоя ҳукмронлиги шароитида совет архитекторларининг бинолар ҳамда метро каби жамоат ва стратегик жиҳатдан муҳим маконларни лойиҳалаштиришда миллий қадриятларни ифода эта олиш маҳоратини намоён қилади. Шаҳарсозлик ечимларини ҳам кўздан қочирмайдиган ғоявий текширувларга қарамай, архитекторлар жаҳондаги энг чиройли метро станцияларидан бирини бунёд этишга муваффақ бўлган.
Паннолар қораламалари. Яшнар Мансуровнинг шахсий архивидан
«Совет контекстида бу меъморий ечимлар исломий деб қабул қилинмаган, — дейди архитектор. — У илдизи шарқона образларга бориб тақалувчи миллий элементлар сифатида кўрилган. Динга урғу берилмаган. Миллий деса тўғрироқ бўлади».

Бекат интерьерини шарқона мотивлар билан безатиш ғоясига 1980-йилларда адабиёт ва санъатда ўзбек ўзлигини излашга уринишлар ҳам туртки берган. Масалан, Эркин Воҳидов ўзининг машҳур «Ўзбегим» қасидасини ҳам шу даврда эълон қилган эди.
«Албатта, биз эскиликка қараб кетаётганимиз, қандайдир эски ечимлар қайта туғилаётгани ҳақида ҳам танбеҳнамо гаплар бўлган. Масалан, „Замонга мос ишлар қилиш керак", дейишган. Авваллари бундай муҳокамалар ҳар турли комиссиялар доирасида бўлиб ўтарди. Ҳар турли бадиий кенгашлар, топономик комиссиялар бўларди. Номлар олдиндан тасдиқланарди. Биз у ёки бу станция қиёфаси ўша атрофдаги жойга мос келадими, шу каби масалаларни муҳокама қилардик. „Алишер Навоий" мисолида эса мен эски нарсани ҳам янги қиёфада кўрсатиш ҳам янги қарор эканини тушунтириб бергандим», — дея эслайди Яшнар Мансуров.
«Эскича» гумбазлар ва аркаларни безатишда мармардан фойдаланиш ана шундай янгича ечим эди. Айнан шу қурилиш материали сабаб шарқона услуб монументал модернистик ифода топган эди.

«Умуман олганда эса, менинг ишимга нисбатан танқидий қараш бўлмаган», — дея қўшимча қилди архитектор.
Яшнар Мансуровнинг эслашича, «Ўзбекистон» йўналишини фойдаланишга топширганида, уни фавқулодда кўтаринкилик (эйфория) чулғаб олган. Аммо қаттиқ меҳнат ўрнини, шундай ҳолатларда кўпинча кузатилганидек, бўшлиқ эгаллаган. Яшнар Мансуров Тошкент метроси тарихига ва умуман шаҳар қурилишига қўшган ўз ҳиссасини бугун унчалик ҳам ҳис қилмаётгандек.

«Менга шунчаки метро қуриш бахти кулиб боққан, холос», — дея хулоса қилади у.
Матнни Жаҳонгир Азимов тайёрлади.
Фото: Евгений Сорочин.

График материалларга бўлган барча ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли.
«Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.
Made on
Tilda